Линклар

Шошилинч хабар
14 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:35

Халқаро хабарлар

Ўшнинг собиқ мэри Мирзақматов суди бошқа кунга қолдирилди

Мелис Мирзақматов (2013 йили олинган сурат).
Мелис Мирзақматов (2013 йили олинган сурат).

Қирғизистон Олий суди Ўш шаҳри собиқ мэри Мелис Мирзақматов иши бўйича маҳкамани қолдирди. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, суднинг қолдирилишига Мирзақматов адвокатининг саломатлиги ёмонлашгани туфайли маҳкамага келмагани сабаб бўлган. Суднинг кейинги мажлиси 6 майга белгиланган.

Мирзақматовга нисбатан жиноят иши 2014 йили очилганди. У Ўшдаги осма кўприк қурилиши чоғида давлатга 30 миллион сўмлик (қарийб ярим млн АҚШ доллари) миқдорида зарар етказганликда гумонланган. Собиқ мэр ўша пайтда Қирғизистонни тарк этган, шундан сўнг у халқаро қидирувга берилган.

2015 йили Ўш шаҳар суди Мелис Мирзақматовни мол-мулкини мусодара қилиш билан биргаликда 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида сиртдан ҳукм чиқарган. Кейинчалик бу иш Ўш вилоят судида ҳам кўрилган, вилоят суди ҳам шаҳар суди қарорини ўз кучида қолдирган.

Мирзақматовнинг адвокатлари шу йил январида Қирғизистон Олий судига кассация тартибида шикоят аризаси киритиб, қуйи инстанциялар ҳукмларини бекор қилишни сўрагандилар.

Мелис Мирзақматов 2010 йилги қонли воқеалар чоғида Ўш мэри лавозимида ишлаган.

Кун янгиликлари

Москвада қирғиз дипломатининг уйини полиция босди

Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси биноси
Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси биноси

Москвада Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси Манас Жолдошбековнинг квартирасига полиция бостириб кирган. Дипломатнинг ҳамкасбларига кўра, полиция ходимлари ўзларини тажовузкор тутишган.

“ВЧК-ОГПУ” телеграм-каналининг аниқлик киритишича, полициячилар эшикни бузиб киришган. Полиция вакиллари ўз ташрифларидан мақсад ҳужжат текшириш эканини айтишиб, уларга дипломатик паспортлар кўрсатилганидан кейин ҳам миграция қайдига қўйилганига оид ҳужжат тақдим этишни талаб қилишган.

Полиция босқинига оид маълумотни Қирғизистон парламенти депутати Дастан Бекешев тасдиқлаган. “Агар элчихона ходимларига шунақа муомала қилишаётган бўлса, иммунитетга эга бўлмаган фуқароларга қанақа ҳунарлар кўрсатишларини тасаввур ҳам қилолмайман”, дея қўшимча қилган депутат.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия расмийларига расмий нота топширган. 12 апрель куни Қирғизистон ТИВ Консуллик департаментида Россия элчихонаси консул-маслаҳатчиси Андрей Бурьев билан учрашув бўлиб ўтгган.

“Учрашув давомида Қирғизистон томонидан 1961 йилги “Дипломатик алоқалар тўғрисида”ги Вена конвенцияси моддаларини қўпол равишда бузган РФ ички ишлар органлари ходимларининг Москвадаги Қирғизистон элчихонаси маслаҳатчиси оила аъзоларига нисбатан хатти-ҳаракатлари юзасидан ташвиш изҳор қилинди”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Бурьев Россия расмийлари нохуш ҳодиса юзасидан текширув ўтказишларини билдирган.

Россияда ишлаётган Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари фуқаролари маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан кутилмаган текширувларга дучор қилиниши аввал ҳам кўп кузатилган.

Мигрантларни текширувдан ўтказиш 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” кўнгилочар марказида содир бўлган терактдан кейин янада кучайиб кетган. Ўшандаги ҳужумда, расмий маълумотларга кўра, 144 киши қурбон бўлган, ўнлаб одам эса бедарак йўқолгани айтилмоқда.

Ҳодиса ортидан теракт моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган ва бу иш доирасида тергов бевосита теракт ижрочиси деб ҳисоблаётганлар дохил 10 нафардан зиёд одам ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганларнинг кўпчилиги Марказий Осиё минтақасидан бўлган шахслардир.

Тожик-афғон чегарасида етти контрабандачи ўлдирилди

Афғонистоннинг Таҳор вилоятида яшовчи манбалар Тожикистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан ўтишга уринган етти нафар афғонистонлик тожик чегарачилари томонидан ўлдирилганини маълум қилишди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

“Ҳашти субҳ” нашри қайдича, ҳодиса 9 апрель тунида тожик-афғон чегарасининг Чоҳоб туманида жойлашган участкасида содир бўлган.

Бу маълумот Тожикистон томонидан ҳам, Афғонистон томонидан ҳам ҳали расман тасдиқлангани йўқ.

“Ҳашти субҳ” нашрининг ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, ўлдирилганлар Таҳор ва Бадахшон вилоятлари турғунлари бўлган. Улар наркотик контрабандаси билан шуғуллангани тахмин қилинмоқда. Улардан иккиси Таҳор вилоятининг Чоҳоб туманида дафн қилинган.

“Ўлдирилганларнинг шахси ҳали аниқланганича йўқ”, дея қайд этган “Ҳашти субҳ. Бу нашр янгилик ва репортажлари билан ўз аудиторияси ишончини қозонган, бироқ чегарадаги ҳодисага оид хабарни ҳали мустақил манбалар воситасида тасдиқлатиш имкони бўлган эмас.

Афғонистондан Тожикистонга гиёҳванд моддалар олиб ўтилиши расмий Душанбе хавотирига сабаб бўладиган муаммолардан бири бўлиб ҳисобланади. Мамлакат расмийлари Афғонистонда толиблар ҳокимият тепасига келганларидан буён Тожикистонга наркотик контрабандаси оқими кўпайганини иддао қилишади.

Ўз навбатида, толиблар 2023 йилда наркотик савдоси тақиқлангани ортидан Афғонистонда афюн экиладиган майдонлар 95 фоизга қисқарганини билдириб келишмоқда.

Тожикистоннинг Афғонистон билан Панж дарёси ажратиб туради, бироқ икки мамлакат чегараси бўйлаб наркотик контрабандачилари томонидан фойдаланиб келинадиган ўтиш қийин бўлган участкалар кўп.

Тожикистон Наркотиклар ноқонуний айланмасига қарши кураш агентлиги маълумотига кўра, 2023 йилда Тожикистонда 5 минг тоннага яқин гиёҳванд модда мусодара этилган, наркотикнинг катта қисми (2 тонна 731 килограмми) Афғонистонга чегарадош Хатлон вилоятида қўлга туширилган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Исроилга борди

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Майкл Курилла
АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари Майкл Курилла

АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Майкл Курилла Эрон хавфига қарши кўрилаётган чораларни мувофиқлаштириш учун 11 апрель куни Исроилга борган. RFI хабарига кўра, ўз сафари чоғида америкалик генералнинг Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ва ЦАХАЛ (Исроил армияси) офицерлари билан учрашиши кутилмоқда.

АҚШ президенти Жо Байден 10 апрель куни яна бир бор Исроилни “оғишмай” дастаклашини урғулаган. Байден Япония бош вазири Фумио Кисида билан чоршанба куни Оқ уйда ўтказилган қўшма матбуот анжумани чоғида Эрон “Исроилга жиддий зарба бериш билан таҳдид қилаётгани”ни тасдиқлаган.

Исроил томонидан 1 апрель куни уюштирилган ҳужум оқибатида Дамашқда Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ўлдирилган эди. Эрон олий руҳонийси Али Хоманаий “сионистик режим жазоланиши”ни бир неча бор таъкидлаган.

Эрон таҳдиди манзарасида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ЦАХАЛ ҳарбий-ҳаво кучлари ҳаво базасига бориб, “Бизга ким ҳужум қилса, биз унга зарба берамиз. Биз Исроил хавфсизлигини ҳам мудофаа, ҳам ҳужум билан таъминлаймиз”, дея билдирган.

Исроилдаги манбалар 10 апрель оқшомида АҚШнинг Яқин Шарқдаги элчиси Бретт Макгурк Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Ироқ ташқи ишлар вазирларига қўнғироқ қилиб, улардан Исроил билан зиддиятни кучайтиришдан тийилиш талабини Эронга етказишни сўрагани ҳақида маълумот тарқатишган.

Аввалроқ АҚШ разведкасига яқин бўлган аноним манба Bloomberg агентлигига масала Эроннинг Исроилга ҳужум қилиб-қилмаслигида эмас, бу ишнинг қачон амалга ошишида қолганини маълум қилган.

Таранглик кучайиб бораётгани туфайли Германиянинг Lufthansa авиаширкати 10 апрель куни Теҳронга парвозлар тўхтатилишини эълон қилган.

ФТБ раҳбари: АҚШда “Крокус”даги терактга ўхшаш ҳужум хавфи бор

АҚШ Федерал тергов бюроси раҳбари Кристофер Рэй
АҚШ Федерал тергов бюроси раҳбари Кристофер Рэй

АҚШ Федерал тергов бюроси ўтган ойда Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида кўплаб томошабин ўлимига сабаб бўлганга ўхшаш мувофиқлаштирилган террор ҳужуми эҳтимолидан хавотирда. Бу ҳақда Федерал тергов бюроси директори Кристофер Рэйнинг АҚШ Конгресси қуйи палатаси қўмитасида 12 апрель куни тингланажак ҳисоботи матнида айтилган.

“Ҳуқуқ-тартибот органларидаги бутун фаолиятим давомида бир вақтнинг ўзида миллий ва жамоат хавфсизлиги учун бу қадар кўп хавф-хатар юзага келган вақтни эслашим қийин”, дея урғулаган Рэй.

Қўшма Штатлар расмийлари Исроил ва ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) ўртасидаги уруш қабатида кучайган кайфият билан боғлиқ равишда аҳолида одам ёки кичик гуруҳ томонидан уюштирилажак муҳтамал ҳужум хавфидан анчадан бери хавотирланиб келишади, деб ёзган “Америка овози”. Бироқ Рэй ҳисоботи матнида “Крокус”даги терактга ўхшаш ҳужумдан тобора кучайиб бораётган хавотирлар ҳақида сўз боради. Мазкур теракт учун жавобгарликни “Ислом давлати” террор гуруҳининг Афғонистондаги бўлинмаси – “Вилояти Хуросон” ўз зиммасига олган эди.

“Америка овози” қайдича, Рэйнинг мақсади қонун чиқарувчиларни гумонланувчилар устидан кузатув дастури муддатини узайтиришга ишонтиришдир. Мазкур дастур муддати жорий ойда тугайди. Дастурдаги айрим ўзгартишларга 11 апрель куни Вакиллар палатасида эътироз билдирилган эди. Ҳар икки палатадан бўлган депутатлардан бир қанчаси таклиф қилинган чора-тадбирлар ҳукуматнинг бу соҳадаги ваколатларини етарли даражада чекламаслигини иддао қилишмоқда.

Жорий йилнинг 22 март куни автоматлар билан қуролланган бир неча одам “Пикник” рок гуруҳи концерти бўлиши кутилаётган Москва четидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига бостириб киришиб, у ерга йиғилган томошабинларни ўққа тутган ва кейин залга ўт қўйган эди. Юзага келган кучли ёнғин натижасида бино томи ўпирилиб тушган. Сўнгги маълумотларга кўра, мазкур теракт чоғида 144 киши ҳалок бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” террор гуруҳи ўз зиммасига олган. АҚШ ва Ғарбдаги бошқа давлатлар бу тахминни ҳақиқатга энг яқин деб ҳисоблайдилар.

Россия расмийлари концерт залидаги терактга Украина алоқадор бўлиши мумкин, деган фикрда. Киев буни қатъиян рад этмоқда.

Еттинчи март куни АҚШнинг Россиядаги элчихонаси Москвада террор хуружлари хавфи борлигидан огоҳлантирган. Ўша пайтда ҳужум “яқин икки сутка ичида” амалга оширилиши мумкинлиги қайд этилиб, америкалик фуқароларга одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормаслик тавсия этилганди. Кейинроқ яна бошқа бир неча мамлакат ҳам ўз фуқаролари учун АҚШ элчихонасиникига ўхшаш огоҳлантирув тарқатган.

Ғазо секторида ҲАМАС лидерининг уч ўғли ўлдирилди

Исмоил Ҳания
Исмоил Ҳания

Фаластин ва араб нашрлари 10 апрель куни Ғазо секторида Исроил зарбалари оқибатида ҲАМАС радикал гуруҳи (АҚШ ва Европада террор ташкилоти деб тан олинган) раҳбари Исмоил Ҳаниянинг уч ўғли ва бир неча набираси ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатишди. Бу маълумот Исроил армияси ва хавфсизлик хизмати матбуот хизматлари томонидан ҳам тасдиқланган.

ЦАХАЛ (Исроил армияси) қайдича, Амир Ҳания ҲАМАС ҳарбий қаноти эскадрони командири бўлган. Унинг икки туғишгани Муҳаммад ва Ҳозим Ҳаниялар ҳам гуруҳ командирлари бўлишган.

Исмоил Ҳания ўғиллари ва набиралари ўлимига оид хабарни тасдиқлаган. ҲАМАС раҳбари уларни “шаҳид” деб атаган ҳамда фарзандларининг қони “халқимиздан бўлган исталган бир одамнинг қонидан қимматлироқ эмас”, дея қўшимча қилган.

У “Ал-Жазира” медиакомпаниясига яқинларининг ўлими ҲАМАС раҳбариятини ўз режаларидан чекинишга, жумладан Исроил билан оташкесим тўғрисидаги музокараларга нисбатан ўз позициясини ўзгартиришга мажбур қилолмаслигини билдирган.

62 ёшли Ҳаниянинг 13 нафар фарзанди бор. ҲАМАС раҳбарининг ўзи Ғазо секторида яшамайди, унинг асосий истиқоматгоҳи Қатар давлатидир.

Ўтган йил 7 октябрида ҲАМАС гуруҳининг Исроил жанубига ҳужумидан сўнг ЦАХАЛ (Исроил армияси) Ғазо секторида кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаган. Фаластинликлар ҳужум чоғида 1200 чоғли одам ҳалок бўлган, 200 дан зиёд исроиллик ва хорижлик гаровга олиниб, Ғазога олиб чиқиб кетилган.

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроил армияси томонидан ўтказилган амалиёт чоғида 30 мингдан зиёд фаластинлик ўлдирилган, уларнинг аксариятини аёллар ва болалар ташкил этади. Бу маълумотлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланган эмас.

Филадельфиядаги отишмада бир неча киши яраланди

Отишма туфайли тўхтаб қолган Ҳайит байрами иштирокчилари, Филадельфия, 2024 йил 10 апрели
Отишма туфайли тўхтаб қолган Ҳайит байрами иштирокчилари, Филадельфия, 2024 йил 10 апрели

Филадельфия полицияси Рамазон ойи тугаши муносабати билан шаҳарда ташкил этилган байрамда чиққан отишмада уч киши яраланганини билдирди. Расмий маълумотларга кўра, жами 30 тача ўқ отилган.

Маҳаллий нашрлар 10 апрель куни тушдан кейин Филадельфиянинг шарқий қисмида бир неча киши ўқотар қуролдан жароҳат олгани ҳақида хабар қилишган. Жумладан, 22 ёшли эркак қорнидан жароҳат олган. Яраланганлардан яна бири ўсмир бўлиб чиққан, у икки қўлига ўқ теккан ҳолда воқеа жойига яқин бўлган клиникага олиб келинган.

Полиция уч эркак, бир аёл ва полициячи томонидан яраланган 15 яшар ўсмирни қўлга олган. Воқеа жойида полиция томонидан бешта ўқотар қурол мусодара қилинган.

Байрамда иштирок этган аёл журналистларга отишма чоғида талотўп юзага келгани ва оиласини қидириш чоғида кўнглини даҳшатли қўрқув чулғаб олганини айтган.

“Филадельфияда ўққа тутилиш хавфисиз ҳатто кўчада ҳам бирор байрамни нишонлай олмаслигингиз ачинарли”, деган у.

FOX29 телеканали хабарига кўра, ўқотар қуролдан фойдаланган ҳолда содир этилган ҳужум юзасидан тергов давом этмоқда.

Толибон тожикистонлик икки фуқаро ушланганини маълум қилди

Сирожиддин Давлатов ва Самеъжон Файзов
Сирожиддин Давлатов ва Самеъжон Файзов

Афғонистоннинг Al Mirsaad нашри “Ислом давлати” жангарилари экани тахмин қилинган ва Покистондаги террорчиларни тайёрлаш лагерига етиб олишни режалаган

икки нафар тожикистонлик йигитнинг сўроқ видеосини ёйинлади.

Нашр 9 апрель куни Х ( собиқ Twitter) тармоғидаги ўз саҳифаси орқали тарқатган видеода сўроқ қилинган икки йигит Тожикистон фуқаролари эканини, Россияда бўлган пайтларида ИД сафига қўшилиб, Афғонистонга йўлланганларини айтишган.

“Сўроқ чоғида қўлга олинган икковлон Россиянинг Владимир вилоятида ишлаб юрган пайтларида Telegram орқали ИД сафига жалб қилинганларини маълум қилишди”, дея қайд этган нашр.

Йигитлардан бири ўзини Восеъ туманидан бўлган 21 ёшли Сирожиддин Давлатов, яна бири эса кўлоблик 21 ёшли Самеъжон Файзов дея таништирган. Айни пайтда видео анчагина таҳрир қилингани сезилиб турибди.

Сўроқ пайтида улар онлайн-кураторлар ўзларига аниқ кўрсатмалар берганини эътироф этишган: улар Туркия ва Эрон орқали Афғонистонга боришлари, у ердан эса тайёргарликларини тамомлаш учун Покистоннинг Белужистон вилояти маркази бўлган Кветтага ўтишлари керак бўлганини айтишган. Нашр Кветтадаги тайёргарликлари якунланганидан кейин улар қатор террор хуружларини содир этиш учун Эронга кетишлари режаланганини, бироқ Кветта йўлида “улар толиблар томонидан ҳибсга олингани”ни қайд этган.

Афтидан, Толибон ИД билан аёвсиз кураш олиб борилаётганини ташвиқ қилмоқчи, бироқ хабардор манбалар бу икки гуруҳ тиғиз ҳамкорлик қилишда давом этаётганини иддао қилишмоқда.

Видеокамера қаршисида сўзлаётган икки йигитнинг қачон қўлга олингани номаълум, бироқ, Al Mirsaad маълумотига кўра, ҳозирда улар Толибон қўлида асир сифатида ушлаб турилибди.

Душанбе расмийлари ва икки йигитнинг яқинлари бу видеога қандай муносабат билдиргани ҳақида маълумот йўқ.

Тожикистон расмийлари маълумотига кўра, 2014 йилдан бери ИДнинг Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги сафларига юзлаб тожикистонлик бориб қўшилган, уларнинг анчагинаси ўтган йиллар давомида Яқин Шарқда бўлиб ўтган жангларда ўлдирилган, бошқалари эса бедарак йўқолган. Душанбе қайдича, тожикистонлик фуқароларнинг кўпчилиги Россияда ишлаб юрган пайтларида “Ислом давлати” сафига жалб қилинади.

Қрим яқинида Россия ҳарбий вертолёти ҳалокатга учради

Ми-24 вертолёти (иллюстратив сурат)
Ми-24 вертолёти (иллюстратив сурат)

Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яриморолининг ғарбий соҳилига яқин жойда Ми-24 русумли ҳарбий вертолёт қулаб тушган.

Россия Мудофаа вазирлигининг дастлабки маълумотига мувофиқ, авиаҳалокат техник сабабга кўра содир бўлган.

Россия нашрлари хабарига кўра, авиаҳалокат режадаги парвоз чоғида Москва вақти билан тонгги соат 6 ларда рўй берган, вертолёт қулаган жойда қидирув-қутқарув хизмати ходимлари иш олиб бормоқда.

Ми-24 экипажининг тақдири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

АҚШ “Касперский лабораторияси” маҳсулотларини тақиқламоқчи

Евгений Касперский (архив сурати)
Евгений Касперский (архив сурати)

Жо Байден маъмурияти АҚШ ширкатлари ва фуқароларига “Касперский лабораторияси” (“Лаборатория Касперского”) АЖнинг дастурий таъминотидан фойдаланишни ман қилиш ниятида. Бу ҳақда CNN телеканали АҚШ расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр манбаларига кўра, АҚШ Савдо вазирлиги Россия ширкати ва америкалик харидорлар ўртасидаги муайян транзакцияларни тақиқлаш бўйича дастлабки қарорни қабул қилган.

Қўшма Штатлардаги давлат муассасаларига “Касперский лабораторияси” маҳсулотларидан фойдаланишга тақиқ мазкур фирманинг Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) билан ҳамкорлик қилаётганига оид гумон асосида 2017 йилда жорий этилган. “Касперский лабораторияси”нинг оммабоп антивирус дастурларини АҚШда тақиқлашга оид қарор Қўшма Штатлар ҳукумати томонидан аввалда мисли кўрилмаган қадам бўлади.

Бундай қарорнинг асосий сабабларидан бири АҚШнинг критик инфратузилмаси хавфсизлиги борасидаги хавотирлар бўлиб ҳисобланади, дейишган CNN суҳбатдошлари. Қарор лойиҳасида ўтган йили чиқарилган антивирус дастури эслатилган. Вазирлик тақиқ тўғрисида якуний қарор ҳали қабул қилганича йўқ. Агар бундай қарор қабул қилинса, Россия фирмасида қарор устидан судга шикоят қилиш имконияти бўлади.

“Касперский лабораторияси” антивирус дастурий таъминотини ишлаб чиқарувчилар орасида дунёдаги етакчи фирмалардан бири бўлиб ҳисобланади. Унинг асосчиси Евгений Касперский СССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) Олий мактабининг техник факультети битирувчисидир. АҚШ нашрларининг ёзишича, 2015 йили россиялик ҳакерлар “Касперский лабораторияси” дастури ёрдамида АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг махфий файлларини ўғирлаган бўлишлари мумкин. Россия фирмаси бу айбловларни рад этган.

АҚШ Савдо вазирлиги ва “Касперский лабораторияси” вакиллари бу маълумот юзасидан изоҳ беришдан бош тортишган.

Арманистонда Украинадаги урушга боришни истамаган россиялик қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Арманистоннинг Гюмри шаҳрида Россия ҳарбий полицияси ўз ватанида Украинада жанг қилишдан бош тортган дезертир ўлароқ қидирувга берилмиш россиялик Анатолий Шчетининни қўлга олган.

ОАВ хабарларига кўра, Шчетининни Россия йўллашга ҳозирланмоқдалар. Айни пайтда у Россиянинг 102-ҳарбий базаси ҳудудида тутиб турилибди.

Хельсинки фуқаровий ассамблеяси инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Арманистон бўлими баёнотига мувофиқ, Шчетининнинг ўғирланиши Арманистон қонунларининг бузилиши бўлиб ҳисобланади.

Ҳуқуқ фаоллари россияликнинг Арманистондан олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш, уни озод қилиш ҳамда уни қўлга олганларни жавобгарликка тортиш илтимоси билан мамлакат Бош прокуратураси ва ИИВга мурожаат қилишган.

Маҳаллий нашрлар бу Арманистон ҳудудида россиялик фуқароларнинг ўғирланиши билан боғлиқ биринчи нохуш ҳодиса эмаслигини қайд этишмоқда. Ўтган йил охирида Россия армиясидан қочган ва Украина босқинида иштирок этмаслик учун Арманистонга кўчиб ўтган Дмитрий Сетраков қўлга олинганди.

Ўша пайтда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия ҳарбий полицияси хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб атаган бўлишига қарамасдан, Сетраков мамлакатдан олиб чиқиб кетилган, унинг кейинги тақдири ҳақида эса ҳеч қандай маълумот йўқ.

Апрель ойи бошида Хельсинки фуқаровий ассамблеяси Арманистонда ўз мамлакатини сиёсий сабабларга кўра тарк этган россияликлар орқасидан кузатув олиб борилаётгани ҳақида маълумот тарқатган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, уларга мурожаат қилган россияликлар ўзларини Россия ҳарбий кийимини кийган одамлар “очиқдан-очиқ таъқиб қилаётганлари”дан шикоят қилишган. Озодликнинг арман хизмати қайдича, таъқиб қилувчилар улардан “хонадонларида кимлар яшаётгани ҳақида маълумот олиш”га тиришишган.

Италияда ИДга алоқадор кўрилган тожикистонлик қўлга олинди

Италиялик полициячилар (иллюстратив сурат)
Италиялик полициячилар (иллюстратив сурат)

Италияда “Ислом давлати” гуруҳига (дунёдаги кўплаб давлатларда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган) аъзолик гумони билан Тожикистоннинг 32 ёшли фуқароси Илҳом Сайраҳмонзода қўлга олинган. Бу ҳақда ANSA агентлиги хабар қилди.

Сайраҳмонзода бошқа киши номига олинган ҳужжат билан Ҳолландиянинг Эйндховен шаҳридан учиб келганидан кейин Фьюмичино аэропортида ушланган. Полиция ходимлари унинг бармоқ изларини олишганида улар, хабарларга кўра, Тожикистон сўрови бўйича Интерпол қидираётган эркакка оид маълумот билан бир хил чиққан.

Агентлик қайдича, полиция ходимлари Сайраҳмонзодани биров кутиб-кутмаётганини аниқлаш учун унинг орқасидан кузатиб боришган. Бироқ уни ҳеч ким кутмаётган эди, у Римга кетадиган поездга ўтиришни режалаётган бўлган. Тожикистонликнинг ёнида бошқа чипта бўлмагани учун журналистлар Рим унинг борар манзили, деган қарорга келишган.

Полиция ходимлари унинг ёнидаги мобил телефони ва икки мингга яқин евро миқдорида нақд пулини олиб қўйишган.

Италия полицияси маълумотига кўра, Сайраҳмонзода 2014 йили Сурияга бориб, “Ислом давлати”га қўшилиб, гуруҳнинг фаол аъзосига айланган. Ўша пайтдан бери у қидирувда бўлган, бироқ унинг ёнида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Украина фуқароси сохта паспорти бўлгани учун уни ҳеч ким қўлга олган эмас.

ОАВ ёзишича, Илҳом Сайраҳмонзода аввалроқ Украинада ноқонуний қурол-аслаҳа айланмасида айбланиб судланган, 2023 йилнинг июль ойида эса у Бельгияда қўлга олинган, бироқ кейин қўйиб юборилган.

“Ислом давлати” гуруҳи аввалроқ Футбол бўйича чемпионлар лигаси ўйинларида терактлар уюштириш билан таҳдид қилган эди. ИД вакиллари ёйинлаган суратда “Уларнинг ҳаммасини ўлдириш керак” деган ёзувни ҳамда чорак финал ўйинлари бўлиб ўтадиган тўртта ўйингоҳ (“Эмирейтс”, “Парк де Пренс", "Метрополитано" ва "Сантьяго Бернабеу стадионлари) номларини кўриш мумкин. Marca газетаси хавфсизлик хизматлари бу борада тегишли маълумотга эга эканлари ҳақида ёзган.

Вильнюсда Россия элчихонасига ўт қўйишда гумонланган шахс ушланди

Вильнюсдаги Россия элчихонаси биноси
Вильнюсдаги Россия элчихонаси биноси

Вильнюс шаҳрида Россия элчихонасига ҳужумда гумонланаётган шахс қўлга олинди, дея хабар қилди Delfi нашри.

Элчихона биносига икки марта Молотов коктейли отилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Delfi нашри қайдича, гумонланувчи 1974 йилда туғилган шахс бўлиб, у аввалда ҳам ўз хатти-ҳаракатлари билан “полиция диққатини ўзига тортган” – бунга оид бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари жамият учун хавфли шаклда мол-мулкка зарар етказганлик бўйича тергов ўтказмоқдалар. Мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган шахс жаримага тортилиши, озодлиги чекланиши, ҳибсга олиниши ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

7 ва 8 апрель кунлари номаълум шахс Россиянинг Литвадаги элчихонаси биносига ичига ёнувчан суюқлик қуйилган шишаларни отган, натижада бино деворига шикаст етказган эди.

Ғазодаги оташкесимга қадар Туркия Исроилга экспортни чеклайди

Ғазо сектори ҳудудидаги Хон Юнус шаҳри, 2024 йил 7 апрели
Ғазо сектори ҳудудидаги Хон Юнус шаҳри, 2024 йил 7 апрели

Ғазо секторида оташкесим эълон қилинмагунича, Туркия Исроилга бир қатор товарлар экспортини чеклаб қўяди. Бу ҳақда Reuters агентлиги Туркия Савдо вазирлиги баёнотига таянган ҳолда хабар қилди.

Чекловлар темир, мармар, пўлат, цемент, алюминий, ғишт, ўғит, қурилиш жиҳозлари, авиация ёқилғиси ва бошқалар дохил 54 та турли тоифадаги товарларга дахлдор бўлади.

Вазирлик баёнотида бундай чора Исроил Анқаранинг Ғазо секторига ҳаводан инсонпарварлик ёрдами ташлашда иштирок этишга оид илтимосини рад этганидан кейин қабул қилингани айтилган. Чекловлар 9 апрелдан эътиборан кучга киради.

“Бу қарор Исроил томони, халқаро ҳуқуқдан келиб чиқувчи ўз мажбуриятларига мувофиқ равишда, Ғазо секторида оташкесим эълон қилмагунича ҳамда Ғазо секторига етарли даражадаги инсонпарварлик ёрдамининг тўсиқсиз етказилишига йўл бермагунича амалда қолаверади”, дейилган хабарномада.

Туркия экспортчилар ассамблеяси томонидан тарқатилган маълумотларга мувофиқ, ўтган йил 7 октябридан буён Исроил билан савдо-сотиқ сусайган бўлса-да, 2024 йили Исроилга экспорт ҳар ой ошиб бораверган ва март ойига келиб 423,2 миллион долларни ташкил қилган.

Туркия ўтган йил 7 октябрида ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) Исроилга ҳужумидан сўнг ЦАХАЛ (Исроил армияси) томонидан Ғазо секторида бошлатилган амалиётни қоралаб чиққан.

Reuters қайдича, ўтган 6 ой мобайнида Анқара Исроил билан тижорий алоқалар юритишни давом эттираверган, бу эса мамлакат ичкарисида салбий муносабатни юзага келтирган. Ўтган шанба куни полиция Истанбулда Исроил билан савдо алоқаларини тўхтатишни талаб қилган ўнлаб норозини қўлга олган.

Озарбайжонда мухолифат фаоли 6 йилга қамалди

Элбаи Керимли
Элбаи Керимли

Боку суди мухолифатдаги Озарбайжон халқ жабҳаси партиясининг 20 яшар фаоли Элбаи Керимлини йирик миқдорда наркотик ноқонуний айланмасига оид иш бўйича олти йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳажда “Кавказский узел” ва Turan нашрлари хабар қилишди.

Судланувчининг адвокати Немат Керимлига кўра, ҳимояси остида бўлган шахс уни қўлга олган полициячилар гувоҳлиги асосида қамалган. Адвокат иддаосича, Элбаи Керимли куч ишлатар тузилмалар ходимлари босими остида иқрорлик кўрсатмаси берган.

“Кавказский узел” нашрининг ёзишича, суд адвокатнинг полициячилардан Керимлида гиёҳванд модда борлиги ҳақида кимдан маълумот олингани ҳақида сўраш ва нима учун тергов Керимлининг мижозлари ва унга банг моддаси етказиб бериб турганларни аниқламаганига ойдинлик киритиш каби илтимосномаларини рад этган.

Элбаи Керимлининг ўзи судда айбига иқрор бўлмаган. Керимлига кўра, у сиёсий сабабларга кўра – 2023 йил августида Озарбайжон собиқ президенти Ҳайдар Алиевнинг ҳайкалига “Сталин” сўзини ёзиб қўйгани учун ҳибсга олинган.

Мухолифат фаоли 2023 йилнинг август ойида қўлга олинган, октябрь ойида эса унинг ҳибсга олингани эълон қилинган. Декабрь ойида Керимли ноқонуний таъқиб қилинаётганига қарши норозилик ўлароқ тергов ҳибсхонасида очлик эълон қилган эди.

Жорий йилнинг апрель ойи бошида Бокудаги суд мухолифатдаги Озарбайжон халқ жабҳаси партиясининг (ОХЖП) яна бир фаоли Элхан Алиевни фирибгарлик ва ҳужжатларни сохталаштиришда айблаб, беш йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Айни пайтда ОХЖПнинг 11 нафар фаоли турли айбловлар билан ҳибсхонада тутиб турилибди. Уларнинг ҳаммаси сиёсий сабабга кўра, жумладан ижтимоий тармоқларда Озарбайжон расмийлари ҳақида танқидий шарҳлар қолдирганлик ва норозилик чиқишларида иштирок этганлик учун таъқиб этилаётганини иддао қилишмоқда.

Учинчи апрель куни ОХЖП Озарбайжон расмийларининг режим танқидчиларига қарши олиб борилаётган қатағон сиёсатини қоралаб чиқди ва халқаро ҳамжамиятни сиёсий сабабга кўра ҳибсга олишларга алоқадор бўлган озарбайжонлик мулозим ва куч ишлатар тузилмалар ходимларига нисбатан санкциялар жорий этишга чақирди.

Ўз навбатида, Озарбайжон Ички ишлар вазирлиги сиёсий фаоллар “конкрет фактлар асосида” қўлга олинаётганини билдирмоқда.

Қоҳирада Исроил ва ҲАМАС музокаралари барбод бўлди

АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс
АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс

Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ, ЕИ ва Британияда террор ташкилоти деб топилган) Исроилнинг оташкесимга оид таклифини қабул қилишдан бош тортди, дея хабар қилди Reuters агентлиги мухбири 8 апрель оқшомида Қоҳирадан.

Миср пойтахтида бўлиб ўтган музокараларда ҲАМАС билан Исроил ўртасида битим тузилиши кутилаётганди.

Сулҳ шарти икки асосий банддан иборат бўлган: ўтган йил 7 октябрида ҲАМАСнинг Исроил ҳудудига ҳужуми чоғида гаровга олинган шахсларни озод қилиш эвазига Исроил томонидан ўт очишнинг тўхтатилиши.

Фаластин томони расмий вакилининг Исроил тарафидан таклиф этилган шартларни қабул қилишдан бош тортилиши ҳақидаги сўзидан кейин Исроил ҳукумати раҳбари Бинямин Нетаняҳу Рафаҳ шаҳрига бостириб кириш амалиётини бошлаш муддати белгиланишини билдирган. Reuters қайдича, бу шаҳар охирги ойларда Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатлардан қочган фаластинликлар учун “сўнгги бошпана”га айланган эди.

Ўтган якшанба Исроил ва ҲАМАС Мисрга ўз делегацияларини йўллашган. Қоҳирадаги музокараларга қатарлик ва мисрлик воситачилар ҳам етиб боришган. Музокараларда иштирок этиш учун Мисрга АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уильям Бёрнс ҳам борган.

Исроил қўшинларининг Ғазо сектори жанубий ҳудудларидан олиб чиқилганининг эртаси куни бўлмиш 8 апрель куни Нетаняҳу ўзига Қоҳирада бўлиб ўтган музокаралар бўйича тафсилотли ҳисобот берилганини айтган.

Биз мақсадимизга эришиш учун мунтазам ишлаяпмиз. Энг аввало, бу гаровдаги барча кишиларимизни озод қилиш ва ҲАМАС устидан тўлиқ ғалаба қозонишга эришишдир”, деган Нетаняҳу Қуддус шаҳрида.

У “мазкур ғалаба Рафаҳ шаҳрига кириб, у ерда бўлган террорчилар батальонларини йўқ қилишни талаб қилади”, дея билдирган. “Бу иш амалга ошириладиган сана ҳам белгиланган” деган Исроил бош вазири мазкур санани очиқлаган эмас.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG