Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 20:52

SpaceX Россиянинг коинотга парвозлар бўйича монополиясига чек қўйди


Америкалик астронавтлар Даг Херли ва Роберт Бенкен SpaceX ширкатининг Crew Dragon фазовий кемасида тарихий парвозга ҳозирлик кўрмоқда.

Америкалик астронавтлар Даг Херли ва Роберт Бенкен SpaceX ширкатининг Crew Dragon фазовий кемасида тарихий парвозга ҳозирлик кўрар экан, «Союз» ракеталарини бошқарувчи Россия ширкати GK Launch Services вазиятни хавотир билан кузатмоқда.

2011 йилдан бери фазогирлар Халқаро фазо станциясига фақат Россиянинг «Союз» ракеталари бортида чиқариб келинади. NASA ўзининг Space Shuttle дастурини 2011 йилда тўхтатиб қўйган.

NASA ва SpaceX 27 май куни кечқурун учирилиши мўлжалланган Falcon 9 ракетаси парвозини об-ҳаво шароити тўғри келмагани боис 30 майга қолдирилди.

27 май куни бутун дунё эътибори SpaceX парвозига қаратилар экан, GK Launch Services Twitterда «Бир йил олдин шу куни “Союз-2” парвоз қилганидан 14 сония ўтиб, унга чақмоқ урилди. Миссия зиён кўрмади», деб ёзди.

Twitterда 1 500 обуначига эга GK Launch Services ширкатининг ушбу твити эътибордан четда қолиши мумкин эди, аммо SpaceX парвози чақмоқ ҳақидаги хавотирлар туфайли бекор қилингани туфайли рус ширкатининг твити қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

GK Launch Services тивити Россиядаги ҳукумат расмийлари, телебошловчилар ҳамда оддий фазо шинавандаларининг Америкадаги хусусий ширкатнинг фазогир учириш режасига бўлган муносабатини ўзида акс эттирди, дейиш мумкин. Тадбиркор Илон Маск асос солган ширкат Россиянинг фазо соҳасидаги монополиясини тугатиши мумкинлиги россияликларни бир вақтнинг ўзида ҳайратга ва хавотирга солмоқда.

2011 йилдан бери Москва америкалик астронавтларни Халқаро фазо станциясига «Союз» ракеталари бортида катта ҳақ эвазига учириб келади. SpaceX парвози муваффақиятли ўтса, Россия мўмай даромад манбасидан маҳрум бўлиши мумкин.

Қолаверса, SpaceX ширкати Shuttle дастурини давом эттирибгина қолмай, совет ва Россия ширкатлари ролини чеклаб, фазони ҳам капиталист бозорга айлантирмоқчи.

2014 йилда АҚШ ҳукумати SpaceX ва Boeing хусусий ширкатлари билан 6,8 миллиард доллар қийматга эга шартномаларни имзолади. АҚШ Россиянинг «Союз» ракетасидаги ўрнини яна саккиз йилга узайтириш учун май ойида имзолаган шартнома бошқа узайтирилмаслиги мумкин.

Мутахассислар SpaceX миссияси муваффақиятли ўтса, бу ҳолат Россияни ўз фазо саноатини ислоҳ қилишга ва ривожлантиришга ундашини айтмоқда.

Россиянинг фазо саноати 1991 йилдан бери ҳукумат томонидан оз маблағ ажратилаётгани ҳамда техникаси эскириб қолгани учун қатор муаммоларга дучор бўлиб келади. Бугунга келиб NASAнинг бир йиллик бюджети «Роскосмос»нинг 10 йиллик харажатларига тенгдир. 2015 йилда «Роскосмос» директори Дмитирй Рогозин Россия фазо саноати бўҳронга юз тутганини айтиб, уни тубдан ислоҳ қилишни ваъда қилди.

Мутахассисларнинг айтишича, SpaceX миссияси муваффақиятли якунладими, йўқми, Россия фазо соҳасидаги муҳим ўрнини сақлаб қолади. Халқаро шартномаларга биноан хорижлик фазогирлар Россиянинг «Союз» ракеталарида парвоз қилишда давом этади.

SpaceX ширкати ракетаси 27 май куни режа бўйича учмаганини Россия телеканаллари мамнунлик билан ёритди. Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов эса «Звезда» телеканалига берган интервьюда:

- Америкаликлар НАТО ва ҳамкорлари ёрдамида фазони ҳарбий фаолият сферасига ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги тўқнашувлар майдонига айлантиришга уринмоқда, - деди.

SpaceX тез суратда ўсаётгани туфайли «Роскосмос»нинг оғир ракеталар бозоридаги улуши икки йил ичида 15 фоиздан 6 фоизга тушиб қолди. Шу сабаб «Роскосмос» SpaceX ширкатини танқид қилиб, унга ҳасад қилаётгани ҳайратланарли ҳолат эмас.

Рогозин 26 май куни берган радиоинтервюсида:

- Ҳаммасини сиқилган муштга тўплашимиз керак. Сиқилган ягона мушт билангина ғарбий ҳамкорларимиз яратаётган агрессив рақобатни енга оламиз, - деди.

XS
SM
MD
LG