Линклар

Шошилинч хабар
26 октябр 2020, Тошкент вақти: 17:08

OzodDayjest: Юлдуз Усмонова яна “запрет”га тушди


Юлдуз Усмонова Шавкат Мирзиёевни табриклаш тадбирида (Qalampir.uz фотосурати).

Зулфия мукофотини қўлга киритишда сохтагарчилик кузатилмоқда. Қашқадарёда тадбиркордан “тўёна” олган солиқчи жавобгарликка тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Зулфия мукофотини олиш учун пулга шеър ёздириш ҳолатлари кузатилмоқда

Жамиятда илм-маърифатга интилиш, муайян мутахассислик ёки касб-ҳунар сир-асрорларини пухта эгаллашни эмас, балки Зулфия мукофотига сазовор бўлишни бош мақсад қилган тоифадаги қизлар сафи кенгайиб бормоқда (“Ишонч” газетаси, 2 июнь).

Мукофот ортидаги имтиёзга эришиш илинжида номдорроқ ижодкорларга пулга шеър ёздириш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Қайд этилишича, ушбу мукофот билан тақдирланганларнинг барчаси ҳам низомда назарда тутилган талабларга жавоб бермайди.

Газета мукофот низомини (ҳайъат таркибини ҳам) мутлақо ўзгартириш, хусусан, комиссияга номзоднинг ўзи ҳужжат йиғиб топшириш тизимидан бутунлай воз кечишни таклиф этган.

“Рост-да, чиндан ҳам рағбатга, эътирофга арзийдиган иқтидор эгаси нега энди “Менга мукофот беринг!” дея югуриб юриши керак? Боз устига, ҳужжат топшириш тартиб-таомиллари шу қадар мураккаб ҳамда икир-чикирлари кўпки, қуйи босқичдан то республика миқёсига қадар “эсон-омон” етиб олишнинг ўзи номзоддан анчагина оворагарчилик ҳамда вақт талаб қилади”, - деб ёзади газета.

Таъкидланишича, иқтидорларни комиссиянинг ўзи саралаб рағбатлантириши лозим.

Қашқадарёда тадбиркордан “тўёна” олган солиқчи жавобгарликка тортилди

Қашқадарё вилояти Китоб тумани давлат солиқ тизимидан 1999 йилдан бери ишлаб келган участка инспектор Ислом Ашуров порахўрлик учун жазога тортилди (“Ҳуқуқ” газетаси, 2020 йил 21-сон).

Бу ҳақда туман прокурори Тоғмурод Муродов хабар қилган. Қайд этилишича, солиқ ходими тўй бошлаб қўйганини айтиб, ўзига бириктирилган ҳудудда ғишт ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркор О.Тошевдан пора талаб қилган. Бунинг эвазига тадбиркорнинг бизнесида ёрдам ваъда қилган. Солиқ инспектори “тўёна” олаётган пайтда ушланган. Пора миқдори очиқланмаган. Қайд этилишича, нафсини тия олмаган солиқ инспекторига 3,6 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Матбуот хабарига кўра, жорий ҳафта прокуратура ҳузуридаги департамент томонидан Андижон тумани давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи Ж.Қ.га нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилди. ДСИ бўлим бошлиғи жисмоний шахслардан олинган даромад солиғининг ортиқчасини қайтариш юзасидан сохта хулосалар тузиб, 106,7 млн сўм маблағни қариндоши У.Қ. ва туман ДСИ ходими Р.О. номларига очилган пластик карталарга ўтказиб ўзлаштирган.

Юлдуз Усмонова яна “запрет”га тушди

Ўзбекистондаги телеканалларда таниқли хонанда Юлдуз Усмонованинг қўшиқ ва клипларига норасмий тақиқ ўрнатилди (www.qalampir.uz, 29 май).

Qalampir.uz нашрига кўра, хонанда клипларига тақиқ ўрнатилишига унинг мамлакат ички ишлар органлари ходимларига қаратилган ҳақоратомуз чиқиши сабаб бўлган.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров у раҳбарлик қилаётган ташкилот томонидан Усмонованинг қўшиқ ва клипларига нисбатан тақиқ қўйилмаганини билдирган.

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова бундан аввал ҳам бир неча бор тақиққа тушган эди. Буларнинг энг сўнггиси 11 йил давом этган. 2006 йилда Усмонованинг давлат тадбирларида иштирокига чек қўйилган. 2007 йилдаги концерт дастуридан кейин “Халқлар дўстлиги” санъат саройининг эшиклари ҳам ёпилган. Шундан сўнг у фаолиятини Туркияда давом эттирган. 2016 йил 5 декабрь куни Юлдуз Усмоновага қўйилган тақиқлар олиб ташланди.

Эслатиб ўтамиз, Ю.Усмонова 3 май куни Instagram’да жонли эфирда ички ишлар ходимларини ишламаётганга чиқариб, “падарлаънати бўлдиларинг” деган эди. Бунинг ортидан ИИВ кескин баёнот билан чиқди. Бир ойча аввал Олий суд Юлдуз Усмонованинг хатти-ҳаракати маъмурий судда кўрилишини маълум қилган эди. Суд нега ҳалигача бўлиб ўтмагани расман очиқланмади.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG