Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:31

Қирғизистон суди: Ҳукумат Асқаровнинг ҳуқуқларини топтамаган


Азимжон Асқаров 2010 йилги июнь воқеасида тартибсизликларни уюштиришда айбланган.
Азимжон Асқаров 2010 йилги июнь воқеасида тартибсизликларни уюштиришда айбланган.

Бишкек шаҳар маъмурий суди “ҳукумат Асқаровнинг ҳуқуқларини поймол қилмаган”, деган қарорга келди.

Бунинг ортидан 15 июнь куни Қирғизистон Олий суди Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг қирғиз ҳукуматига қарши аризасини кўриб чиқиш тўхтатилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Олий суднинг расмий хабарида билдирилишича, Бишкек шаҳар маъмурий суди, Асқаровга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан келиб чиқаётган баҳсларга “ҳукумат маъмурий орган сифатида жавобгар эмас”, деган хулосага келган.

Адвокатлар позицияси

Азимжон Асқаров адвокати Валерьян Вахитов маъмурий суднинг мазкур қарорини “нотўғри”, деб ҳисоблайди. Адвокат бу масалада Олий суд берган изоҳдан сўнг Асқаров иши юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тегишли ҳужжатларни тайёрлаётганини айтди:

“Мазур қарор ноқонуний. Биз бу бўйича Бирлашган Миддатлар Ташкилотига қайта мурожаат қиламиз. 70га кирган оқсоқолни умрбод қамоқда қолдиришга асос йўқ. Олий суд қонунга амал қилиши керак. Асқаровга нисбатан ҳукм адолатсиз ва ноқонуний”.

Жалолободдаги “Справедливость” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти юристи Ўткир Жабборов фикрича, қонун бўйича, ҳукумат маъмурий орган сифатида суд олдида жавоб бериши керак.

“Фуқаровий кодекснинг 61-моддасида “Ҳукумат ижро ҳокимиятининг асоси ҳисобланади. Шу сабабли у жавобгар сифатида судда сўроқ беради”, деб ёзилиб турибди. Мен Олий суд билдирувига тушунмадим”, - деди Жабборов.

Асқаровнинг жамоатчи ҳимоячиси, “Бир дунё – Қирғизистон” ташкилоти раҳбари Тўлейқан Исмаилова Қирғизистон халқаро шартномалар асосидаги мажбуриятларини бажармаётганини айтар экан, “суд, ҳукумат ҳимоячисига айланиб қолди”, деган фикрни билдирмоқда:

“Суд мустақил ҳокимият сифатида қарор чиқариши керак. Ҳукумат эса, халқаро шартномалар ва Конституцияда белгилаб берилган мажбуриятларини бажармаяпти. Суд бунга кўз юмиб, ҳукуматни ёқлаб, унинг айтганинигина бажаряпти”, -деди Исмаилова.

БМТ ва Халқаро ташкилотлар позицияси

2016 йили БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Асқаров қамоқда қийноққа солингани, тиббий ва адолатли суд билан таъминланиш ҳуқуқидан маҳрум этилганини эътироф этган. БМТ Қирғизистон ҳукумати Асқаровни қамоқдан озод этиши кераклиги тўғрисида қарор чиқарган.

Асқаров “қирғиз ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таклифларини эътиборга олмаяпти”, деб Бишкек судига арзланган эди.

Халқаро ташкилотлар Асқаровга нисбатан қўйилган давога рози бўлмай, унинг бегуноҳ қамоқда сақланаётганига ишонилишини айтиб келадилар.

8 май куни АҚШнинг қатор сенаторлари Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековни сиёсий мотивлар асосида қамалган маҳбусларни қамоқдан озод этишга чақирган эди. Сенаторлар Азимжон Асқаров ишига ҳам эътибор қаратишган.

19 май куни Европа парламенти депутатлари Қирғизистон ҳукуматини умрбод қамалган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни қамоқдан озод қилишга чақирди.

Омбудсмен позицияси

Омбудсмен Тўқўн Мамитов Азимжан Асқаров ишининг қайта кўриб чиқилиши учун қилган ҳаракатлари самарасиз бўлганини айтди.

“Асқаров ишини қайта кўриб чиқинглар деб қанча мактуб юбордик. Ҳуқуқ ҳимоячилар мактубларини ҳам ташидик. “Халқаро ташкилотлар мурожаат қиляпти экан, энди қонунни анча-мунча бузиб қўяверинглар”, ҳам дедик. Қўлимиздан фақат шугина келар экан”, - деди Мамитов.

Қирғизистон ҳукумати позицияси

Азимжон Асқаров масаласи 2012 йилда президент Атамбаевнинг Германияга қилган сафари доирасида Германия канцлери Ангела Меркел ҳамда 2013 йилнинг сентябрида Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари билан ўтган учрашувлари чоғида ҳам кўтарилган.

Ўшанда президент Алмазбек Атамбаев Азимжон Асқаровни оқлаш учун ҳеч қандай сабаблар мавжуд эмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

Азимжон Асқаровга 2015 йили АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топширилган. Шундан сўнг Бишкек ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

Ўшдаги 2010 йилги миллатлараро низо ташкилотчиларидан бири сифатида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган этник ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг рафиқаси Ҳадича Асқарова 2018 йилнинг апрелида Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековга мактуб йўллаган.

Ҳадича Асқарова ўз мактубида Азимжон Асқаров сохталаштирилган жиноят иши бўйича айбланиб, қамоқда бегуноҳ ўтиргани ҳақида ёзган. Лекин амалдаги президент Сўўрўнбай Жээнбеков Асқаров масаласи юзасидан ўз позициясини шу кунгача очиқ билдирмаган.

Асқаров қандай айблов билан қамалди?

Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туман суди Азимжон Асқаровни 2010 йилги июнь воқеасида оммавий тартибсизликларни уюштириш ва одам ўлдиришда айбдор деган ҳулосага келган.

Ўша йилнинг 15 сентябрида Асқаров умрбод қамоққа ҳукм қилинган.

Чуй вилоят суди 2017 йилнинг 24 январида мазкур ҳукмни ўз кучида қолдирган. Асқаров ишини қайта кўриб чиққан Олий суд ҳам аввалги инстанциянинг қарорини ўзгартирмаган.

XS
SM
MD
LG