Линклар

Шошилинч хабар
11 август 2020, Тошкент вақти: 14:06

Беларусда 100 дан ошиқ мухолифат тарафдори ва воқеани ёритаётган журналистлар қўлга олинди


Минскда қўлга олинганлар, 19 июнь, 2020

Беларусда полиция пойтахт Минск ва бошқа шаҳарларда мухолифат акциясига чиққан 100 дан ошиқ шахсни қўлга олди.

Аввалроқ мамлакат президенти Александр Лукашенка мамлакатда тўнтариш уриниши олди олинганини иддао қилган эди.

Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенка 9 августга белгиланган сайловда 6 марта президентликка номзод бўлади.

19 июнь куни Минскда юзлаб одам кўчага норозилик акциясига чиқди. Полиция тез орада уларни тарқатди, айримларни, жумладан, матбуот вакилларини қўлга олди.

Ҳодисани жонли эфирда ёритаётган Озодлик мухбири Александра Динко ҳамда унинг оператори Андрей Рабчик ҳам қўлга олинди.

Озодликнинг амалдаги президенти Дейзи Синделар журналистлар қўлга олинганини «мустақил матбуотга ҳамда Беларус фуқароларининг ўз мамлакатларидаги муҳим ҳодисалар ҳақида маълумот олиш ҳуқуқларига қилинган тўғридан-тўғри ҳужум» дея қоралади.

Хабарларга кўра, 19 июнь куни Минскда Интернет алоқаси бир неча соат давомида ишламаган. Могилёв шаҳрида полиция намойишчиларни қўрқитгани, Гомель шаҳрида эса намойишчиларга уларнинг акцияси ноқонуний эканлиги айтилган хабар қилинди.

«Вясна» нодавлат ташкилотининг маълум қилишича, 19 июнь куни Беларус бўйлаб 140 нафар одам қўлга олинган.

Ўша куни Лукашенка «Шарқ ва Ғарбдаги кучлари Беларусни беқарорлаштиришга уринаётганини», уларнинг «ниқоби очилганини» таъкидлади.

Лукашенканинг бу шарҳларидан аввалроқ президентлик сайловида рақиби бўлиши кутилаётган, кўпчилик қўлловига эга Виктар Бабарика қўлга олинган, натижада Минскда кўплаб одам норозилик акциясига чиққан эди.

Россиянинг «Гапзпром» ширкати ва «Газпромбанк» банкига тегишли «Белгазпромбанк»нинг 20 йиллик етакчиси Бабарика молиявий жиноятларда гумонланиб қўлга олинди. Бабариканинг сайлов кампаниясига етакчилик қилиб келаётган ўғли ҳам қўлга олинди.

15 июнь куни Беларусь расмийлари банк бошқарувини қўлга олиб, унинг ўндан ошиқ ишчисини ҳибсга олди.

19 июнь куни Европа Иттифоқи Беларусни зудлик билан Бабарика ва унинг ўғлини қўйиб юборишга ва қонун устуворлигини таъминлашга чорлади. Европа Иттифоқи ташқи сиёсати матбуот котиби Петер Стано «Ҳар қандай тергов бетараф ва сиёсий босимсиз ўтиши кераклигини» таъкидлади.

Минскдаги АҚШ элчихонаси эса Лукашенка ҳукуматини халқаро мажбуриятларини бажаришга ҳамда аҳолининг фундаментал эркинликларини ҳурмат қилишга чорлади.

Аҳолиси тақрибан 9,5 миллион бўлган Беларус коронавирусга чалиниш энг кўп қайд этилган Европа давлатларидан биридир. Лукашенка коронавирусни оммавий психоз дея таърифлаб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига писанд қилмай келади.

Жорий йил Лукашенка учун мушкул бўлиши кутилмоқда. Жаҳон банки ҳисобларига кўра, бу йил пандемия туфайли Беларус иқтисоди 4 фоизга қисқаради.

Норасмий онлайн сўровлар эса Лукашенканинг рейтинги атиги 3 фоиз эканлигини кўрсатди.

Лукашенка рақиби Бабариканинг сайлов кампанияси бугунга қадар 435 минг имзо тўплагани айтилмоқда. Бу президентликка номзодлар тўплаши керак бўлган минимал имзо сонидан тўрт баробарга кўпдир.

XS
SM
MD
LG