Линклар

Шошилинч хабар
10 июл 2020, Тошкент вақти: 08:58

Коронавирусдан “комага тушган” меҳмонхоналарни ҳукумат фоизсиз ссудалар билан “тирилтирмоқчи”


Коронавирус тарқалгани Тошкент шаҳридаги “Нурзиё” оилавий меҳмон уйи эгасига қўл келди: мартнинг охирида кетиши керак бўлган украиналик меҳмон, чегаралар ёпилиб қолгани учун, яна бир ой қолиб яшашга мажбур бўлди.

Бироқ украиналик меҳмон майнинг бошида кетганидан буён, “Нурзиё”да меҳмон йўқ. Бошқа оилавий меҳмон уйлари, каттароқ меҳмонхоналар ҳам, баъзи истисноларни инобатга олмаганда, бўш турибди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мулозимининг Озодликка билдиришича, давлат раҳбарининг туризмни ривожлантиришга оид сўнгги қарорида оилавий меҳмон уйларини ҳам қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган.

Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи 42 яшар Фарҳод отасидан қолган уйнинг иккита хонасини “Нурзиё” оилавий меҳмон уйи”га ўтган йили айлантирган. Айтишича, у меҳмон уйини чет эллик меҳмонлар талабига жавоб берадиган даражада жиҳозлаш учун уч минг доллар сарфлаган.

Озодлик мухбири Фарҳод билан аввалига мижоз сифатида гаплашди. “Нурзиё”нинг эгаси келаси шанба-якшанба учун меҳмонхонаси бўшлигини, икки киши – эр-хотинни бир кеча-кундузга 350 мингга қўйиши мумкинлигини, бу пул эвазига нонушта ҳам берилишини билдирди.

Суҳбат давомидан маълум бўлишича, “Нурзиё” май бошида украиналик меҳмони кетганидан буён бўш, яқин бир неча ойга буюртма ҳам йўқ.

Фарҳод билан ёзиб олинган қуйидаги суҳбатда у солиқчиларнинг "меҳмон келадими-йўқми - бундан қатъи назар ўзингга ойлик ёзиб солиқ тўла, деган мантиқсиз талаблари”дан хайрон қолишини, бизнесини бошлаганидан буён иши бир марта судгача ҳам етиб улгурганини айтиб беради.

"Нурзиё" оилавий меҳмон уйи эгаси Фарҳод билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:03 0:00
Бевосита линк

Жиззах вилоят Зомин туманидаги меҳмон уйларидан бирида бир кеча тунаш+нонушта, уй маъмурининг айтишича, 200 минг сўм туради. Қарийб 10 йилдан буён ишлаётган бу меҳмонхона (маъмур меҳмонхона номини келтирмасликни сўради) оилавий меҳмон уйидан (10 кишигача меҳмон қабул қиладиган уй “оилавий меҳмон уйи”дир) каттароқ – икки қаватли бинода 18 та ўрин бор.

“Карантин даврида умуман ёпиқ турдик. Шу бугун биттагина меҳмоним бор. Иш бошлашга рухсат олганимизга эндигина икки кун бўлди. Меҳмон кўпайиб қолар деб умид қилиб турибмиз” деди Зоминдаги меҳмонхона маъмури.

Тошкент вилоят, Бўстонлиқ туман, Чимён қишлоғидаги “Небеса” меҳмонхонаси Зоминдаги меҳмонхонадан каттароқ, қимматроқ, мижозлари ҳам кўпроқ эканлиги маълум бўлди. Меҳмонхона маъмурининг айтишича, икки кишилик ярим- люкс хона бегим кунларда 1 млн 200 минг сўм, дам олиш кунларида 1 млн 500 сўм туради. Агар меҳмон камида уч кун турадиган бўлса, у бу пул эвазига уч маҳал овқатланиши мумкин.

Маъмурининг айтишича, меҳмонхона карантин даврида ёпиқ турди ва барча текширувлардан ўтгач, 1 июндан қайта очилди.

“Бегим кунларда 10 -15 киши бўлади. Сўнгги дам олиш кунларида, шанбадан якшанбага ўтар кечаси меҳмонхонамиз тўлди” деди маъмур. Меҳмонхонада жами қанча жой борлигини айтгиси келмаган маъмур меҳмонлар кўплигини Чимённинг тошкентликлар ёзда салқинлайдиган ҳудуд эканлигини билан изоҳлади.

Ўзбекистон Республикаси президенти 19 июнда “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорда, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мулозими Акбар Икромовнинг Озодликка билдиришича, мақоламиз қаҳрамони Фарҳод ва у каби оилавий меҳмон уйи очганлар учун ҳам янгилик бор.

“Оилавий меҳмон уйи эгаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига тегишли ҳужжатларни илова қилиб, мурожаат қилса, ҳар бир жой учун энг кам иш ҳақининг (223 000 сўм) 50 баравари миқдорида фоизсиз ссуда олиши мумкин”.

Туризм қўмитаси мулозимининг бу гапидан кейин "Нурзиё" оилавий меҳмон уйи эгаси Фарҳод билан яна боғландик. Янгиликни Озодликдан эшитгач, Фарҳод "Яхши гап. Қани мен суриштириб кўрайчи, агар шарти яхши бўлса, оламан, нега олмас эканман?" деди.

Президент 19 июнда имзолаган қарорда агар чет эллик сайёҳ коронавирус инфекциясини юқтириб олса, унга 3000 АҚШ доллари миқдорида компенсация пули берилиши айтилган.

Қарорнинг худди шу жиҳати у имзоланганидан бери ўтган уч кунда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Натижада Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов президент қарорини изоҳлашга мажбур бўлди. Президент қарори пандемия даврида сайёҳларни жалб қилиш учун қабул қилинган “PR юриш” эканини айтаркан, қўмита раиси бундай деди:

"Ўзбекистонга келиб коронавирус юқтириб олган сайёҳларга 3 минг доллар миқдорида компенсация тўлаб берилишига изоҳ беришдан олдин битта нарсани - туризм энг аввало PR эканини эслатиб ўтмоқчиман. Яъни Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини бутун дунёда тарғибот қилишимиз керак. Шу маънода президент қарорида кўзда тутилган бу тадбир аслида ўзига хос "PR юриш" эди. Ҳозирги вақтда дунёда сайёҳларни жалб қилиш учун Ўзбекистон томонидан кўрилган ушбу чора жуда катта резонансга сабаб бўлмоқда, халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда. Демак, Ўзбекистонни PR қилиш учун қўйилган ушбу қадам ўзининг натижаларини бера бошлади".

XS
SM
MD
LG