Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 05:44

Қозоғистонда болалар уйларида яшаётган ногирон болаларнинг ачинарли қисмати


Қозоғистонда тақрибан 1 700 нафар ақлий имконияти чекланган бола махсус интернат-уйларда яшайди.

Ҳукумат бошқарувидаги болалар уйларига сафар қилган ҳуқуқшунос Айгул Шакибаева Озодлик билан суҳбатда улардаги даҳшатли шароитлар ҳақида сўзлаб берди.

- Болаларда ўз исмлари йўқ, бунинг ўрнига уларнинг ётоқлари ва кийимларига рақам ёзиб қўйишган - деди Шакибаева.

Шакибаева «Иманалиев номидаги имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш комиссияси»га етакчилик қилади.Унга кўра, алоҳида эҳтиёжли болалар учун мўлжалланган муассасаларда яшовчи болаларнинг ўз жиҳоз ва кийимлари деярли умуман йўқ¸ уларнинг ҳамма нарсаси¸ҳатто ич кийимлари ҳам ўртада.

Шакибаева 2019 йилда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Нур-Султондаги офиси ҳамда Қозоғистон инсон ҳуқуқлари Омбудсмани қўллови билан бир гуруҳ мутахассис билан 20 та алоҳида эҳтиёжли болалар яшайдиган марказга борди.

- Исталган вилоятда ногирон болалар палаталарига кирар экансиз, даҳшатли манзарани кўрасиз. Болаларга психотроп дори беришади. Болаларнинг тиллари осилиб қолган, кўзлари аланг-жаланг бўлаётганига гувоҳ бўлиш мумкин, - дея сўзини давом эттирди фаол.

Шакибаеванинг бу гаплари Human Rights Watch (HRW) ташкилоти хулосаларига мос келади.

Қозоғистон расмийлари эса ҳукумат алоҳида эҳтиёжли болалар учун мўлжалланган муассасаларга жиддий қарашини айтиб келади.

Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда кейинги йилларда ногиронлар уйларида тиббий ва ижтимоий қаровни яхшилаш, ишчилар малакасини ва маошини ошириш учун муайян чоралар кўрилганини таъкидлади.

Қозоғистондаги аксар ота-она ногирон туғилган боласидан воз кечади.

Кўп ҳолатларда янги туғилган чақалоқ ногирон эканлиги маълум бўлганидан кейин, она туғруқхонани тарк этишдан олдин ундан воз кечади.

Мамлакатда соғлом болаларни боқиб олишни истайдиганлар кўп, аммо ногирон болаларни камдан-кам ҳолатда боқиб олишади.

Ота-онаси воз кечган болаларни туғруқхонадан болалар уйларига юборишади. Бола тўрт ёшга тўлганидан кейин, уни алоҳида эҳтиёжли шахслар учун мўлжалланган марказларга ўтказишади.

Қозоғистонлик шифокор ва ота-оналар ногирон болани катта қилиш масъулияти оилалар бузилишига сабаб бўлишини айтади.

Шакибаева буни ўз бошидан кечирган. Фаолнинг ўғли 10 йил олдин Даун синдроми билан туғилган¸ кўп ўтмай эри ташлаб кетган.

Фаол айни дамда фарзандини якка ўзи катта қилмоқда. Шунингдек у вақтини давлатга қарашли ногиронлар уйларида яшовчи болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сарфлайди.

Шакибаева ҳукумат ҳамда жамоатчиликни ногирон бола туғилган оилаларни қўллашга чорлаб келади.

Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири ўринбосари Ерлан Аукенов Озодлик билан суҳбатда кейинги йилларда мамлакат бўйлаб кундузи ногирон болалар бориши мумкин бўлган 72 да махсус марказ қурилганини айтди.

Бундай марказларда¸ унинг айтишича¸ болалар билан психиатр, логопед, психотерапевт ва бошқа мутахассислар шуғулланади.

Қозоғистоннинг ҳар бир вилоятида камида битта ногирон болалар маркази бор. Аммо кўп ҳолатларда улар вилоят пойтахтидан олисда жойлашган.

Масалан, Шарқий Қозоғистон вилоятида ногирон болалар уйи Аяғоз шаҳрида жойлашган бўлиб, вилоят пойтахтидан у ерга поездда 12 соатда етиш мумкин.

Қозоғистондаги кўплаб етимхона иморати ташқаридан қараганда замонавий, яхши таъмирланган. Аммо Шакибаева иморат ичига киргандан кейин¸ вазиятнинг аслида ўта ачинарли ва оғир экани намоëн бўлишини айтади.

Фаолнинг сўзларига кўра, «агрессив» деб кўрилувчи болаларга ўз хоналарини тарк этишга изн берилмайди.

Айрим марказларда ишчилар болалар қўлларини боғлаб қўяди. Уларнинг сўзларига кўра, болалар ўзларига шикаст етказмасликлари учун шундай чора кўрилади. Айрим марказларда эса оғир касал болалар кечаю кундуз ётоқда ётади.

Аммо айрим марказларда агрессив болаларга енгига қўлқоп тикилган кийим бериб, улар ўзларига шикаст етказиши олди олинмоқда.

Баъзи болалар уйлари ходимлари эса ётоққа михланиб қолган болалар қуёшни кўриши учун уларнинг ётоқларига ғилдирак ўрнатган ва онда-сонда уларни тоза ҳавога олиб чиқади.

Шакибаева камида олтита болалар уйида агрессив хулқ-атворга эга ногирон болаларга психотроп дорилар берилишини аниқлаганини айтади. Фаол бундай марказларга дори ўрнига зиёни камроқ методлардан фойдаланишни тавсия қилиб келади.

Шакибаева, шунингдек, болалар уйлари ишчилари энг аввало болаларни ўзларини агрессив тутишига нима мажбурлаётганини аниқлаши кераклигини айтади.

- Бу болалар сўзлай олмагани учун, уларни нима безовта қилаётганини айта олмайдилар. Балки тишлари оғрияпти. Болалар ўз муаммоларини тушунтира олмаганлари, бошқалар уларни тушунмаётгани учун ўзларини агрессив тутадилар. Психотроп дорилар ечим эмас.

Фаол бундай дорилар боланинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатишини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, ногирон болалар тез-тез ёмон муносабат ва зўравонлик қурбони ҳам бўлишади.

HRW ташкилоти 2019 йилда эълон қилинган ҳисоботига кўра, Қозоғистонда болалар уйлари ходимлари болаларни тинчлантириш учун психотроп дорилардан фойдаланади. Одатда бундай дорилар шизофрения, уйқусизлик ва қаттиқ оғриқдан азият чекаётганларга берилади.

HRW ҳисоботида, шунингдек, ногирон болалар эътиборсизлик ва зўравонлик қурбони бўлаётгани ҳамда улар ўз оилалари ва жамиятдан ажратиб қўйилгани айтилди.

Ногирон болалар уйларида улғайган ўсмирлар ходимлар ўзларини кўп ҳолатларда ургани ва ишлашга мажбурлаганини айтади. Айрим ҳолатларда ишчилар болаларнинг бошини деворга урган, ёшроқ болалар таглигини алмаштиришга мажбурлашган.

Аукенов ногиронлар уйларида болаларга бўлган муносабат ҳақидаги саволга жавобан вазирлик мунтазам равишда текширув ўтказишини айтди. Унинг сўзларига кўра, сўнгги 4,5 йил ичида 2500 текширув ўтказилган.

Аукенов ўнлаб муассасада қоидабузарликлар аниқлангани, натижада марказ ишчилари жаримага тортилганини айтди.

XS
SM
MD
LG