Линклар

Шошилинч хабар
05 октябр 2024, Тошкент вақти: 17:11

Фермер: буғдой тўкилиб увол бўляпти, лекин ўришга рухсат йўқ!


Пахтачилик фермернинг ўрилмай ташлаб кетган буғдойи.
Пахтачилик фермернинг ўрилмай ташлаб кетган буғдойи.

Самарқанд вилоят, Пахтачи тумани фермерлари давлатга ғалла сотиш режасини ортиғи билан бажариб қўйган бўлса-да, режадан ортиқ ўзларига қолган буғдойни ўриб ололмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишларича, туман ғалла режаси бажарилганидан сўнг, ҳокимининг буйруғи билан комбайнларнинг аксарияти бошқа туманларга сафарбар қилинган. МТПларда қолган 2-3та комбайнга ҳам ўришга рухсат берилмаяпти.

МТП раиси шундай ҳолат борлигини тасдқилар экан, бунинг сабабини “катталар билади”, деди.

Туман ҳокими Музаффар Ҳамдамов Озодлик билан бу масалада гаплашишни истамади.

Озодликка пахтачилик фермерлар юборган мактубда шундай деб ёзилган:

Пишиб етилган ғаллани вақтида ўрмасак гектаридан камида 10 центнер ғалла нобуд бўлади.

“Самарқанд вилояти, Пахтачи туманидан ёзмоқдамиз. Пахтачилик фермерлар ғалла планини ошиғи билан бажардик, аммо пландан ташқари ғалламизни ўриб олишга ҳали ҳам рухсат берилмаяпти. Пишиб етилган ғаллани вақтида ўрмасак гектаридан камида 10 центнер ғалла нобуд бўлади. Ахир ғалла халқимиз ризқику. Бундан ташқари пандемия даврида тезроқ иккинчи экин ишларини бошлаш жуда муҳимдир. Ҳозир бир кун ҳам деҳқон учун кечиктириб бўлмас палладир”.

“Шамси Назаров МТП” ҳудудидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, ғалла ерга тўкилиб увол бўляпти:

Тахминимча ярим ҳосилимизни йўқотиб бўлдик.

“Буғдойни ўриб топширдик, режани тўлдиришимиз билан комбайнлар ишни тўхтатиб даладан чиқиб кетди. Қолган буғдой қолиб кетди. Ғалла пишиб кетган, эшилиб кетган. Икки ҳафта бўлди саратон иссиғида тўкилиб кетяпти. Тахминимча ярим ҳосилимизни йўқотиб бўлдик. Бу қолган ғалла, кечаю кундуз тинмай меҳнат қилган сувчининг ҳақи, қўллари қавариб кетган деҳқоннинг ҳақи, нега бизнинг ўз ҳақимизни ўриб олгани қўйишмайди?”

Фермернинг айтишича, туманда ғалла режаси бажарилганидан сўнг, барча комбайнлар бошқа, ғалла кечроқ пишадиган туманларга сафарбар этилган:

Наҳотки Каримов давридан қолган бу аҳмоқгарчиликка ҳалиям баҳрам берилмаса.

“Ҳамма фермернинг режадан орттирган буғдойи қолиб кетди. МТПда 2-3та комбайн қолган, лекин шунга ҳам рухсат бермаяпти. Ичимиз ачийди, ерга нон тўкиляпти, элнинг ризқику бу. Наҳотки Каримов давридан қолган бу аҳмоқгарчиликка ҳалиям баҳрам берилмаса. Ҳокимлар фақат ўзини ўйлайди, халқ билан сариқ чақачалик иши йўқ”

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермер ҳам қарийб ўн гектардаги буғдойи ўрилмай исроф бўлаётганини айтади:

Қарийб йигирма нафар ишчиларим кўзи мўлтираб ҳар куни сўрайди.

“Майдоннинг қоқ ўртасида ғаллам қолган. Уни ўриб ҳам ололмаяпмиз, сомонини ҳам қилолмаяпмиз. Бу ёқдан эса ҳокимлик иккинчи экинни тезроқ экинглар, дейди. Мош экиб, кам таъминланганларга бўлиб беринг деган эди. Буғдойни ўрмай туриб қандай қилиб иккинчи экинни экамиз. Қарийб йигирма нафар ишчиларим кўзи мўлтираб ҳар куни сўрайди. Чунки бу уларнинг ризқи, уларнинг меҳнати. Туман прокурори сектор раҳбаримиз бўлади. У одам ҳам миқ этмайди, чунки уларнинг қорни тўқ”.

“Шамси Назаров МТП” раҳбари Ҳакимали Раҳматов Озодликка комбайнлар бошқа туманларга олиб кетилганини тасдиқлади ва бунинг сабабини икки жумла гап билан изоҳлади:

“Катталар билади!”

Пахтачи тумани ҳокими Музаффар Ҳамдамов Озодлик билан суҳбатда буғдой режаси бажарилганини фахр билан гапирди, аммо фермерларнинг муаммолари ҳақида гап очилиши билан алоқани узиб қўйди. Ҳоким Озодликнинг бошқа қўнғироқларига жавоб бермади.

Ўзбекистонда фермерларнинг режадан орттирган буғдойини ўриб бермаслик, баъзи ҳолларда режадан ортганини ҳам давлат ҳисобига ўриб олиш ҳолатлари Шавкат Мирзиёев Бош вазир бўлиб ишлаган йилларда ҳам, президентлик даврида ҳам кузатилган.

XS
SM
MD
LG