Линклар

Шошилинч хабар
06 август 2020, Тошкент вақти: 12:07

Ўзбекистон хабарлари

Қашқадарёда коронавирусдан биринчи одам ўлди. Ўзбекистон бўйича 27-бемор вафот этди

Бемор узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида яшовчи 64 ёшли С.Ҳ., Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 27-бемор бўлди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 июлга ўтар кечаси хабар берди.

Хабарда айтилишича, С.Ҳ., шу йилнинг 7 июнь куни Тошкент вилояти Янгийул туманига бориб, 12 июнь куни Тошкент-Қарши тезюрар поездида уйига қайтган. 15 июнь куни тана ҳарорати кўтарилган ва у узоқ вақт уй шароитида даволаниб келган.

“Бемор (эркак киши) бундан аввал, охирги 5 йил давомида қандли диабетнинг оғир кечиши ташхиси билан диспансер назоратида туриб, даволаниб юрган”, -дейилади расмий билдирувда.

29 июнь куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли шифокорга кеч мурожаат қилгач, Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимига икки томонлама ўткир пневмония оғир даражаси, юрак ва нафас етишмовчилиги ва қандли диабет оғир кечиши ташхиси билан ётқизилган.

“Мутахассислар томонидан стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, -деб билдирди вазирлик.

Кун янгиликлари

Коронавирусдан яна икки бемор вафот этди. Ўлганлар сони 173 кишига етди

Айни пайтда коронавирус юққан 18 783 нафар бемор соғайди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 6 август соат 10:00 ҳолатига кўра, 28 069 нафарни ташкил этмоқда. Бу 5 август соат 23:30даги ҳолатдан 276 кишига кўпдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, янги касалланиш ҳолатларининг 147 нафари Тошкент шаҳрида, 129 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Шу билан бирга, Мирзо Улуғбек туманида яшаган 48 ёшли К.Н., (эркак) ҳамда Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли М.М., (аёл) коронавирусдан вафот этди.

Айни пайтда коронавирус юққан 18 783 нафар бемор соғайди ва соғайиш кўрсаткичи 67 фоизни ташкил қилди.

Ҳозирда касалхоналарда 9 113 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 799 нафари оғир, 228 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Яна бир хусусий бандлик агентлиги директори қамоққа олинди

Меҳнат мигрантлари - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан олинган сурат.

“International Job Organization – xususiy bandlik agentligi” раҳбари қамоққа олинди. Бу ҳақда 5 август куни ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Расмий билдирувда хусусий агентлик рбарига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани билдирилган.

Агентлик раҳбари 1993 йилда Қирғизистонда туғилган Ш.А., бўлиб, у “International Job Organization – xususiy bandlik agentligi”орқали одамларни Кореяга ва Европага ишга жўнатишни ваъда қилган. Агентликнинг барча вилоятларда ўз бўлимлари бўлган.

Бироқ 132 нафар фуқаронинг ҳар биридан 45 миллиондан олган агентлик раҳбари ўз ваъдасини бажармаган. Тергов департаменитининг билдиришича, у жами алдов йўли билан фуқаролардан олинган 5 миллиард 600 миллион сўм пулни ноқонуний ўзлаштирган.

Хабарда айтилишича, жиноят иши 26 июнда Тергов департаменти иш юритувига олинган.

2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.

Ҳолливудда Лола Каримовага тегишли учта уй деярли 19 миллион долларга сотилмоқда

Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев.

Ҳолливуд тепалигидаги Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевга тегишли учта вилла сотувга қўйилди.

Variety нашрининг билдиришича, бу учта вилланинг умумий қиймати 18 миллион 900 минг долларни ташкил этади.

Нашр АҚШнинг Калифорния штати Лос-Анжелоес шаҳридаги бу уйларнинг майдони 3277дан 4429 квадрат футгача эканини, нархлари эса 6 миллиондан 6,5 миллионгача эканини ҳам ёзган.

Хабарда айтилишича, Лола Каримова-Тиллаева ва Тимур Тиллаев бу уч виллани 2014 йилда 16 миллион 100 минг долларга сотиб олган. Бироқ оила бу уйларда яшамаган ва ижарага берган.

“Тиллаев ва Кармова Беверли-Хиллздаги дабдабали уйда яшайди. Бу маҳобатли уйнинг майдони 48 минг квадрат футни ташкил қилади ва уни жуфтлик 2013 йилда 33 миллион сўмга сотиб олган”, - дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, бу уй ҳам Каримова-Тиллаев жуфтлигининг энг қиммат кўчмас мулки ҳисобланмайди.

“Оила Беверли-Хиллз, Париж ва Швейцария оралиғида яшайди. Женева кўчаларидан бирида уларнинг 47 миллион долларга сотиб олган уйлари бор”,-деб ёзди нашр.

“Алишер Навоий ҳайкалини таҳқирлаган” ёшлар 5 суткага қамалди

Алишер Навоийга Беларус пойтахти Минскда ўрнатилган ёдгорлик.

Навоий вилоятида Алишер Навоий ҳайкали ва шоирга нисбатан таҳқирловчи масхараомуз гапларни гапирган ҳамда бу видеони ижтимоий тармоқларга тарқатган икки киши 5 суткага қамалди.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, Навоийда яшовчи 20 ёшли икки йигит янги оёқ кийим сотиб олиб Алишер Навоий ҳайкали олдида рақсга тушган. Шундан сўнг улардан бири “Навоий ҳайкалига юзланиб “Маска қани, бобой” дея ҳайкалга ҳурматсизлик қилади. Унинг “раққос” шериги эса бу гапга мириқиб кулади”.

Видео ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Навоий шаҳар маъмурий судида ўтган жараёнда видео муаллифлари С.С., ва Ж.Я., тасвир 25 март куни суратга олинганини айтишиб, ўз қилмишларидан афсусда эканликларини таъкидлашган.

“Суднинг қарорига кўра, уларга Маъмурий жавобгарлик кодексининг 54-моддаси 1-қисмига (Карантинли шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш) асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробарида жарима жазоси ҳамда 183-моддага (Майда безорилик) асосан 5 сутка миқдорида маъмурий қамоқ жазоси тайинланди”,- дейилади хабарда.

Молия вазирлиги коронавирусга қарши курашга сарфланган пул миқдорини эълон қилди

Тиббиёт ходимларига 15 миллиард 763 миллион сўм тўлаб берилган.

Молия вазирлигининг билдиришича, жорий йилнинг 4 августига қадар коронавирусга қарши кураш тадбирларига жами 2 триллион 599 миллиард 900 миллион сўм сарфланди.

Вазирлик ҳисоботида қайд этилишича, биргина 3 ва 4 август кунлари коронавирусга қарши кураш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт ходимларига 15 миллиард 763 миллион сўм тўлаб берилган.

Бундан ташқари 4 август куни Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий марказларига коронавируснинг олдини олиш чоралари учуна 1 триллион 303 миллиард 700 миллион сўм ажратилди.

927 нафари тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 7 миллиард сўм қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланди.

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони 171 кишига етди

5 август куни Ўзбекистонда 746 ҳолатда касаллик қайд этилган.

Ўзбекистонда 5 август куни Тошкент шаҳрида 3 нафар, Қашқадарё, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Бу ҳақда 6 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 171 кишига етди. Уларнинг асосий қисми – 108 нафари пойтахт Тошкентдадир.

5 август куни Ўзбекистонда 746 ҳолатда касаллик қайд этилган. Уларнинг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган. 732 нафар бемор эса соғайди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 27 793 нафар бемордан 18 783 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 67 фоизни ташкил этмоқда.

Бош прокуратура Сирдарёда қурувчилар 2,5 миллиард сўмни талон-торож қилганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятидаги кўп қаватли уйлар қурилишида 2 миллиард 482 миллион сўм миқдорида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Газета.уз нашрига Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиннов маълум қилган.

Мулозимга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва “S.S.” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Оқолтин тумани “Кўркам диёр” массивида битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 949 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Шунингдек, “Y.N” МЧЖ томонидан массивдаги битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 586 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва “S.М.” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Ховос тумани “Ховос маркази” массивида битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 947 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари ва жамият раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани қайд этилган.

Шу йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий ҳисоб-китобга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. Ҳодиса ортидан зарар кўрган туманларда расмийлар буюртмаси билан бир қанча кўп қаватли уйлар қурила бошлаганди.

Ўттиз кишилик тўйларни карантиндан кейин ҳам давом эттириш таклиф қилинмоқда

Ўзбекистонда 30 кишилик тўйларни карантин чекловлари олиб ташланганидан кейин ҳам давом эттириш таклиф қилинди. Бунга оид петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқларда “яшил” ҳудудларда 30 кишилик тўйларни ўтказишга рухсат берилганини гувоҳи бўлмоқдамиз. Кўпчилик тўйлардаги бундай чегара карантиндан кейин ҳам сақланиб қолишини хоҳламоқда”, деб ёзган петиция муаллифи Жавлонбек Нурматов.

Муаллиф шу важдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорида белгиланган тўйларга 200 кишидан ортиқ меҳмон чақирмаслик ҳақидаги қоидани “30 кишилик” деб ўзгартиришни таклиф қилган.

Тўй қиламан деб қарзга ботиб, эртаси куни куёв бола ёки унинг отасининг хорижга кетаётганлик ҳолатлари ҳам кам эмас”лигини урғулаган Ж. Нурматов ҳатто “бунинг ортидан жиддий касалликлар орттириб олинаётган ҳолатлар ҳам мавжуд”лигини қўшимча қилади.

Муаллиф фикрича, Абдулла Авлонийнинг юз йил олдин ёзиб қолдирган “Ўзбек халқини тўй балосидан қутқаринг” деган сўзлари бугунги кун учун ҳам айни ҳақиқатдир.

Шу тўйга аталган пулларга ёшларни уй-жой билан таъминлашга, оиласининг молиявий аҳволини яхшилашга, таълим олишига шароит яратиб берсак, қанчалик бахтиёр оилани тузган бўламиз. Қанчадан-қанча оилалар иқтисодий аҳволи туфайли ҳозир тўй қила олмаяпти. Менимча, 30 кишилик тўйни доимий қилиш вақти келди”, деб ёзган петиция муаллифи.

Риштонда ўзбек-тожик “Дўстлик уйи” очилди

Риштонда очилган ўзбек-тожик "Дўстлик уйи" (Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати фотоси).

Фарғона вилоятининг Риштон туманида ўзбек-тожик “Дўстлик уйи”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Маросимда иштирок этганлар ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ўлароқ Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий байтларидан ширу-шакар услубида намуналар ўқиганлар.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса “бу ер мушоиралар, учрашувлар, маърифий суҳбатлар ўтказиладиган маънавият марказига айланиши лозим”лигини урғулаган.

“Дўстлик уйи” шарқона услубдаги ёғоч ўймакорлигининг энг гўзал намуналари бўлган устун ва шифтлар, ганч деворлар ва сопол кошинлар билан безатилгани айтилмоқда.

Тошкент шаҳрига 10 минг гектардан зиёд ер қўшилади, шаҳардан вилоятга 1000 гектар ер ўтказиб берилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Тошкент, 2020 йил 5 августи.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳридан пойтахт вилоятига 1010 гектар, вилоятдан пойтахтга эса 10196 гектар ер майдони ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур таклиф Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга 5 август куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг ўзаро чегарадош бўлган туманлари ҳудудларини ўзгартириш бўйича тайёрланган лойиҳалар тақдимоти чоғида билдирилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев таклифларни маъқуллаб, Тошкент шаҳрининг Бош режасини қайта кўриб чиқиш, шаҳарга қўшимча берилаётган ер майдонларига уйлар, саноат корхоналари, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилма объектларини оқилона жойлаштириш, энг асосийси, аҳолига қулай шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

Мутасадди раҳбарларга мазкур масалалар юзасидан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қисқа муддатда тайёрлаб, маҳаллий кенгашлар ва Олий Мажлисга кўриб чиқиш учун киритиш бўйича топшириқ берилган.

Тожикистонда рўй берган зилзила таъсири Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида ҳис этилди

Жорий йилнинг 5 август куни Тошкент вақти билан 13:18 да Тожикистон ҳудудида зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Ер силкинишининг эпимаркази Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан жанубий-шарқий йўналиш бўйича 181 километр нарида бўлган.

Зилзила кучи Наманган ва Фарғонада 4 балл, Тошкент, Андижон, Гулистон ва Жиззахда 3 балл, Самарқанд, Термиз, Қарши ва Навоийда 2 баллга тенг бўлган.

Шу куни Тошкент вақти билан 14:32 да Фарғона водийси вилоятларида яна бир ер силкиниши қайд этилган. Зилзила кучи Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида 2 баллга тенг бўлган, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ер силкиниши кузатилмаган.

Ижтимоий нафақаларни олиш тартиби жўнлашади

2020 йилнинг 1 сентябридан ижтимоий нафақаларни тайинлаш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва уларни тайинлаш тартиб-таомиллари босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими воситасида амалга оширилади. Бу ҳақда, “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумотига кўра, президентнинг “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида баён қилинган.

Қайд этилишича, кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжмандлик даражасини объектив баҳолаш, қарорларни қабул қилишда субъектив ёндашувни бартараф этиш тизимни жорий этишнинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Қарор билан 2021 йил 1 январидан бошлаб давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини тақдим этишда фуқаролардан талаб этилмайдиган ҳужжатлар ва маълумотлар рўйхати тасдиқланган.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилганлик тўғрисида маълумотнома ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этилади ва 12 ой давомида амал қилади.

Мазкур ахборот тизими 2019 йил 1 октябридан бери тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилоятида ишлатиб келиняпти.

Газета.уз нашрининг ёзишича, тизим сентябрь ойидан Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида, октябрь ойидан Бухоро, Навоий, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида, ноябрь ойидан Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида, декабрь ойидан эса Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ишга тушади.

Қирғизистон қамоқдан қочган икки ўзбекистонликни ушлашга ёрдам берди

Қўлга олинган қочоқлар Ўзбекистон ички ишлар органларига топширилган.

Қирғиз чегарачилари Ўзбекистонда қамоқдан қочиб, мамлакатни тарк этишга уринган икки маҳкумни қўлга олишда ёрдамлашди. Бу ҳақда 5 август куни Қирғизистон Чегара хизмати маълум қилди.

Расмий хабарда айтилишича, чегарани бузиб ўтишга ҳаракат қилаётган пайтда қўлга олинган қочоқлар Ўзбекистон ички ишлар органларига топширилган.

Маълум қилинишича, ҳодиса Жалолобод вилояти Олабуқа тумани Белсўғот қишлоғи яқинида юз берган. Қирғиз чегарачилари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган амалиёт пайтида 24 ва 29 ёшдаги икки ўзбекистонлик қўлга олинган.

Расмий билдирувда таъкидланишича, бунга қадар Ўзбекистон томони Тошкент вилояти Зангиота туманидаги қамоқдан икки маҳкум қочиб кетгани тўғрисида Қирғизистонни огоҳлантирган.

Коронавирусга чалинганлар сони 27,5 мингга яқинлашди

Ҳозирда касалхоналарда 9 096 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 5 август соат 10:30 ҳолатига кўра, 27 314 нафарни ташкил этмоқда. Бу сўнгги 12 соатда беморлар сони 267 нафарга кўпайганини англатади.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 125 нафари Тошкент вилоятида, 84 нафари Тошкент шаҳрида, 39 нафари Бухоро вилоятида, 12 нафари Қашқадарё вилоятида ҳамда 7 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий хабарида.

Сўнгги 12 соатда Тошкент вилояти Тошкент туманида яшаган 70 ёшли А.М., (эркак) ҳамда Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшаган 51 ёшли А.Л., (эркак), жами 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган 18 051 нафар бемор (66 фоиз) соғайган.

Ҳозирда касалхоналарда 9 096 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 619 нафари оғир, 208 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Андижонда 18 ёшли йигит 30 ёшли эркакни уриб ўлдирди

О.Н., гумон қилинувчи тариқасида ҳибсга олинган.

Андижонда 18 ёшли йигит севган қизига гап отган 30 ёшли эркакни уриб ўлдирди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Хабарда айтилишича, 18 ёшли О.Н., 25 июль куни соат 22:30 да Асака тумани Қипчоқ МФЙ ҳудудида ўзининг яхши кўрган қизига гап отганлиги учун 30 ёшли Ж.Ў., билан ўзаро жанжаллашиб қолган.

Шундан сўнг О.Н., қўлидаги темир бўлаги билан Ж.Ў., нинг бош қисмига уриб, тан жароҳати етказган. Натижада Ж.Ў., оғир тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан Ж.Ў., жорий йилнинг 27 июль куни шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. О.Н., гумон қилинувчи тариқасида ҳибсга олинган.

Коронавирусдан ўлганлар сони 165 нафарга етди

Вафот этганларнинг асосий қисми Тошкент шаҳридан.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 4 август соат 23:30 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган беморлардан яна олти нафари вафот этди.

Вафот этганларнинг 4 нафари Тошкент шаҳридан. Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 1 нафардан, коронавирусга чалинган бемор жон берди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 165 нафарга етди.

Коронавирусдан ўлганлар сони бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти етакчилик қилмоқда.

Шу кунгача Тошкент шаҳрида 105 нафар, Тошкент вилоятида 15 нафар, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё вилоятларида 6 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида 5 нафардан, Навоий вилоятида 4 нафар, Самарқанд вилоятида 3 нафар, Андижон ва Сирдарё вилоятларида 2 нафардан, Фарғона ва Хоразм вилоятларида 1 нафардан бемор вафот этган.

Ҳукумат коронавирусга қарши вакцина сотиб олиш имкониятларини ўрганади

Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши хабар қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 агустда ўтган видеоселектор йиғилишида Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга хориж давлатларидан коронавирусга қарши вакцинани сотиб олиш имкониятларини ўрганиб чиқишни топширди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, йиғилишда Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия, Россия фармацевтика компаниялари яқин вақт ичида вакцина ишлаб чиқаришни бошлаши ҳақида хабар қилинаётгани таъкидланган.

“Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга бир ҳафта муддатда етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, вакцинани харид қилиш ва мамлакатимиз аҳолиси вакцинациясини амалга ошириш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш топшириғи берилди”,- дейилади хабарда.

Йиғилишда маълум қилинишича, Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш юзасидан қўшимча чоралар кўрилди. Жумладан, охирги 20 кунда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилди ва қарийб 65 мингтага етказилди.

Жойларга қўшимча равишда қарийб 800 та тез тиббий ёрдам машиналари етказиб берилди. Қўшимча 4 мингта нафас бериш ускуналари (ЎСВ, портатив сунъий нафас бериш аппарати, кислород концентратори) олиб келиниб, уларнинг сони 6,5 мингтага етди.

2,5 яшар болани дўппослаб ўлдирган Миллий гвардия зобити 19 йилга озодликдан маҳрум этилди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда Миллий гвардия зобити хотинининг жияни бўлган 2,5 яшар болани ваҳшийларча дўппослаб ўлдирган. Бу ҳақда xabar.uz нашри ёзиб чиқди.

Маълумотларга кўра, болакайнинг Тошкент вилоятида яшаган онаси уни пойтахтда истиқомат қиладиган опасига ташлаб, пул топиш учун Туркияга кетган. Опанинг Миллий гвардияда ишлайдиган ва доим ичиб юрадиган эри, айтилишича, хотинини ва унинг жиянини муттасил калтаклаб келган. У бир куни яна ичиб келиб, хотинини калтаклай бошлаган. Аёл яшириниб олгач, зобит болакайга ташланиб, уни дўппослай бошлаган. Калтаклаш асносида бола жон таслим қилган.

Боланинг ўлганини билган Миллий гвардия зобити хотинига жиянининг “зинадан йиқилиб, тили тортилиб ўлгани” ҳақида гап тарқатишни буюриб, унга таҳдид қилган.

Аёл жиянининг жасадини олиб, туғилган қишлоғига кетган. Болакайнинг яқинлари мурдани кўмишга ўлим гувоҳномаси олиш учун шифокорга мурожаат қилганлар. Мурдани кўрган қишлоқ фельдшери унинг “тили тортилиб ўлгани”га шубҳа билдирган. Шундан сўнг болакайнинг бувиси ички ишлар органига қўнғироқ қилган.

Вазиятга орган ходимлари аралашгач, болакайнинг мурдаси экспертизага юборилган. Экспертлар эса бола тили тортилиб эмас, етказилган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганини тасдиқлаган. Иш судга оширилган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисмининг “в, ж” бандлари (ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан ўлдириш) ҳамда 110-моддаси 2-қисмининг “а, в” бандлари (вояга етмаган болани муттасил равишда қийнаб, дўппослаш) билан айблов қўйилган зобитнинг иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўрилган. Айбловлар судда тасдиғини топгани важидан судланувчи 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Пандемия бошидан буён Афғонистон ва Покистонга 14 тоннадан зиёд ловия экспорт қилинди

Жорий йил бошидан бери Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали вилоятдан жами 29,4 миллион АҚШ долларлик 20 минг тоннадан ортиқ ловия маҳсулотлари хорижга экспорт қилинган. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги вилоят божхона бошқармасидаги ўз манбаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, экспорт қилинган ловиянинг асосий харидорлари Покистон ва Афғонистон давлатлари бўлиб ҳисобланади.

Пандемия бошланган 2020 йилнинг март ойидан шу кунга қадар Афғонистон ва Покистон давлатларига 24,2 миллион АҚШ долларлик 14,1 минг тонна ловия экспорт қилинган.

Бу икки давлатга жорий йил бошидан бери Сурхондарё вилоятидан 9,4 миллион АҚШ долларлик мош ва 2,2 миллион АҚШ долларлик нўхат маҳсулотлари ҳам сотилгани айтилмоқда.

Бухоро аэропортини 20 йилдан зиёд бошқарган Тоҳир Баҳронов коронавирусдан вафот этди

Т. Баҳронов раҳбарлик қилган Бухоро аэропорти 2017 йили МДҲда "энг яхши аэропорт", деб топилганди.

Бухоро халқаро аэропорти директори, собиқ сенатор Тоҳир Баҳронов 61 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги маълумот тарқатди.

Газета.уз нашрига кўра, мулозим коронавирус инфекциясини юқтириб олгани ортидан вафот этган.

Тоҳир Баҳронов 1959 йил 21 апрелида Бухоро шаҳрида таваллуд топган. 1986 йили Бухоро давлат педагогика институти, 1996 йилда эса Санкт-Петербург фуқаро авиацияси академиясини сиртдан ўқиб тугатган.

У 1997 йилдан бери “Бухоро халқаро аэропорти” давлат унитар корхонасини бошқариб келаётган эди. 2017 йили у раҳбарлик қилган аэропорт МДҲ ҳудудидаги "энг яхши аэропорт", деб топилганди.

Т. Баҳронов Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати (1999−2004), Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати (2014−2019), Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси (2014−2019) сифатида фаолият кўрсатган.

Статистикани ривожлантириш бўйича миллий стратегия тасдиқланди

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 2020-2025 йилларда мамлакат статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегиясини тасдиқлади.

“Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида Давстатқўмнинг расмий статистикани шакллантириш билан боғлиқ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда амалга ошириши белгиланган.

Унда статистика органларининг қонуний фаолиятига, шу жумладан, расмий статистика ҳисоботлари ва кузатувларини ўтказиш ҳамда уларни нашр қилиш ва эълон қилиш жараёнларига ҳар қандай аралашишга йўл қўйилмаслиги урғуланган.

Ҳужжатда миллий стратегиянинг Жаҳон банки кўмагида ишлаб чиқилгани урғуланиб, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланган.

Миллий статистика тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари ўлароқ қуйидаги белгиланган:

  • статистика органларини талаб юқори бўлган, сифатли ва ишончли маълумотларни шакллантиришга, статистика маълумотларининг шаффофлиги ва ошкоралигини оширишга қаратилган профессионал мустақил хизматга айлантириш;
  • статистика соҳасида ягона сиёсатни амалга оширишга қаратилган ваколат ва мажбуриятларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгашининг тўлиқ фаолият кўрсатишини таъминлаш;
  • илғор ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда статистика ахборотларини йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш, нашр этиш ва сақлаш бўйича яхлит тизимни ташкил этиш;
  • расмий статистикани ишлаб чиқариш, тарқатиш ва мувофиқлаштириш мақсадида мамлакатнинг бутун миллий статистика тизими доирасида қўлланиладиган услубий асослар ва бошқарув тамойилларини такомиллаштириш;
  • идоравий маълумотлар базаларини ягона маълумотларни бошқариш тизимига интеграция қилиш орқали кузатувларни босқичма-босқич оптималлаштириш ва респондентлардан ҳисобот топшириш юкини камайтириш;
  • статистика маълумотларидан фойдаланувчилар билан самарали ҳамкорлик сиёсатини йўлга қўйиш ва мавжуд статистика маълумотлари тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш орқали фойдаланувчиларнинг статистика ахборотларига бўлган ишончини ошириш ва б.

Қарор билан Давлат статистика қўмитасига бошқа расмий статистика ишлаб чиқарувчиларнинг статистика методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш ва аудит натижаларига кўра, вазирлик ва идораларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ҳамда кузатувларни ўтказиш, расмий статистика материалларини шакллантириш ва таҳлилларни амалга ошириш мақсадида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро электрон боғланиш ҳуқуқлари берилган.

Шунингдек, қўмита ҳузурида ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланадиган Жамоатчилик кенгаши фаолият юритиши қайд этилган. Унинг зиммасига қўмита фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифларни ва фойдаланувчиларнинг расмий статистика маълумотларига бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, статистика маълумотларининг шаффофлиги, ошкоралиги ва қулайлигини оширишни таъминлаш, Давстатқўм томонидан долзарб, сифатли ва ишончли статистиканинг шакллантирилишига кўмаклашиш ва бошқа вазифалар юклатилган.

Жамоатчилик кенгашига НҲТ, тадбиркорлар, олимлар, журналистлар ҳамда маҳаллий ва хорижлик экспертлар жалб этилиши айтилмоқда.

Тошкентда кучсиз ер силкиниши кузатилди

Жорий йилнинг 4 август куни Тошкент вақти билан 02:59 да Қозоғистонда зилзила рўй берган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълум қилди.

Зилзила эпимаркази Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан шимолий-шарқий йўналиш бўйича 59 километр нарида бўлган. Ер силкиниши кучи Тошкент шаҳрида 3 баллни ташкил этган.

Шу куни Тошкент вақти билан 08:31 да Тожикистонда ҳам зилзила содир бўлган. Бироқ бу зилзила, Сейсмопрогностик мониторинг маркази маълумотига кўра, Ўзбекистон ҳудудида сезилган эмас.

Россиянинг икки шаҳридан Самарқандга 500 дан зиёд ўзбекистонлик қайтарилди

Сўнгги бир ой ичида ўттиздан ортиқ чартер рейс билан 8 мингга яқин ўзбекистонлик ватанига қайтарилган.

Самарқанд аэропортида 3 август куни Россиянинг Қозон ва Екатеринбург шаҳарларидан учиб келган 501 нафар ўзбекистонлик кутиб олинди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports ширкати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ўзбекистонликлар Қозон ва Екатеринбургдан 3 та чартер рейс билан келтирилган.

“Барча йўловчилар Махсус комиссия белгилаган тартиб-қоидаларга асосан Самарқанд шаҳридаги карантин маркази (Кимёгарлар шаҳарчаси) ҳудудига олиб кетилди”, дейилади ширкат хабарномасида.

Йўловчиларга хизмат кўрсатишда пандемия тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чоралар қўлланилгани айтилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати хориждаги ватандошларни олиб келиш учун 2- 16 август кунлари 24 та чартер рейс уюштираётгани ҳақида хабар қилган эдик.

Маълумотларга кўра, сўнгги бир ой ичида ўттиздан ортиқ чартер рейс орқали 8 мингга яқин, чегара постлари орқали 20 мингдан ортиқ фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган. Хориждан қайтганларнинг кўпчилигида касаллик аниқланган.

Тошкентда 20 ёшли йигит банкоматдан 10,5 миллион сўм ўғирлади

Ўғри Қўйлиқ бозорига ўрнатилган банкомат олдида "фаолият юритган".

Тошкентда 10 кун ичида 7 одамнинг пластик картасидан ўн миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган 20 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, 20 ёшли И.М., “Қўйлиқ деҳқон бозори” ҳудудидаги банкомат олдида 29 май кунидан 09 июнгача пулни нақдлаштириш мақсадида келган одамларга пулни ечиб олишда ёрдам таклиф қилган.

У мижозларнинг пластик карталарини олиб, пулларни нақдлаштириш жараёнида, пластик картага уланиш «SMS» хабарномасини ўзининг уяли телефон рақамига яширинча ўрнатган. Шунингдек, у пластик карта рақами ва кодини уяли алоқа воситасига сақлаб олган.

Шундан сўнг у жами 7 нафар фуқаронинг пластик картаси ҳисобида мавжуд бўлган жами 10 миллион 497 минг 410 сўм пулни банкоматдан ечиб олган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида, И.М., айбланувчи тариқасида жалб қилинган ва лозим бўлган эҳтиёт чораси танланган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан тегишлилиги бўйча судга юборилган”, -дейилади хабарда.

Зангиотада коронавирусга чалинган яна икки бемор вафот этди

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4 августда билдиришича, Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 80 ёшли бемор О.А.,ва Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшаган 41 ёшли бемор Ф.Т., Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида вафот этди.

Ҳар иккала беморга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони расман 161 нафарга етди. Бироқ мустақил манбалар ўлим ҳолатлари расмий статистикада кўрсатилган рақамлардан анча юқори эканини айтиб келаётган эдилар.

3 август куни АОКАда ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов Ўзбекистонда коронавирусдан ўлаётганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча кўпроқ экани ҳақида гапирган эди. Унга кўра, бунга коронавирусдан ўлганлар рўйхатига пневмониядан ўлганлар киритилмаётгани сабаб бўлмоқда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG