Линклар

Шошилинч хабар
06 август 2020, Тошкент вақти: 12:17

Кузатувчилар: Россияда референдум "мисли кўрилмаган" қонунбузарликлар билан ўтди


Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бир ҳафтага чўзилган референдумда сайловчиларнинг 77,92 фоизи конституцияга ўзгартириш киритишни қўллаб, 21,26 фоиз сайловчи эса қарши овоз берган. Референдумда сайловчиларнинг 68 фоизи қатнашган.

Россияда 1 июлда конституцияга ўзгартиш киритиш юзасидан ўтказилган референдум якунланди. Россия конституциясига киритиладиган ўзгартишлар президент Владимир Путинга 2036 йилгача ҳокимият тепасида қолиш имконини беради.

Референдум натижаси эълон қилинган кун Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков аҳоли Путинга ишонч билдирганини таъкидлади.

Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бир ҳафтага чўзилган референдумда сайловчиларнинг 77,92 фоизи конституцияга ўзгартириш киритишни қўллаб, 21,26 фоиз сайловчи эса қарши овоз берган. Референдумда сайловчиларнинг 68 фоизи қатнашган.

Песков эълон қилган билдирувда «Бунчалик кўп одам қатнашишини ҳамда бунчалик кўп одам [ўзгаришларни] қўллашини башорат қила олмагандик», дейилди.

Бошқа Россия расмийлари ҳам ўз қўлловини изҳор қилди. Хабарларга кўра, Россия давлат думаси матбуот котиби Вячеслав Володин «Путинга бўлган ишонч масаласида ўтказилган референдум давлат раҳбари учун ғалаба билан якунланди», деган.

Москва мэри Сергей Собянин эса «аҳолини Россия президенти атрофида бирлаштирган референдумни» олқишлади.

Кремль танқидчилари референдум бўлиб ўтганидан кейин постфактум Путинга бўлган ишонч референдуми ўлароқ тасвирланаётганидан лол қолди. Таклиф қилинган 200 га яқин ўзгартиришлар ҳақида расмий матбуотда кенг маълумот берилди, аммо Путин исми тилга олинмади.

Аслида энг муҳим ўзгаришларнинг бири Путинга аввалги президентлик муддатларини «бекор қилиш» имконини беришга қаратилган эди. Ўзбекистон конституциясида бир шахснинг икки муддатдан ортиқ президентликка сайланиши тақиқланганига қарамай, мамлакатнинг илк президенти Ислом Каримов ҳам айнан шундай усул билан 1991 йилдан то ўлимига қадар 25 йил президентликда қолишга муваффақ бўлган.

Танқидчилар, шунингдек, Россиядаги референдумда қатнашган сайловчилар сони ҳақидаги расмий маълумотни ҳам шубҳа остига олишди.

Мухолифатчи Алексей Навальний:

- Янгиланган натижалар сохта ва улкан ёлғон. Уларнинг Россия фуқаролари фикрига ҳеч қандай алоқаси йўқ, - деди.

Референдум давомида қонунбузарликлар содир этилгани ҳақида иддаолар урчиди. Улар орасида сайловларни ўрганиб келаётган тадқиқотчи Сергей Шпилькин танқиди эътиборга лойиқдир. Шпилькин Марказий сайлов комиссияси тарқатган маълумотларни сайлов участкаларидан олинган ҳисоботлар билан таққослаб, таҳлил қилиб келади.

2018 йилги сайлов давомида Шпилькин кўплаб сайлов участкасидан олинган сайловчилар иштироки фоизларига доир рақамлари 0 ёки 5 билан тугаганини айтиб, 10 миллионга яқин овоз сохталаштирилганини хулоса қилган эди. Шпилькиннинг ҳисобларига кўра, бу сафар мисли кўрилмаган 22,4 миллион сайлов қоғози сохталаштирилган.

Бу орада фаоллар Москва ва Санкт-Петербургда овоз бериб чиққанлар орасида ўтказган сўровлар конституцион ўзгаришларга қарши овоз берганлар сони уни қўллаб овоз берганлар сонидан кўп эканлигини кўрсатди. Аммо фаоллар сўровномасида ўз фикрини изҳор қилишга рози бўлган сайловчиларгина қатнашди.

Референдум бошиданоқ муаммоларга дучор бўлиб келади. Сайлов давомида аҳоли автомобиллар юкхоналари устида, тўхтаб турган автобусларда, ҳатто дарахт тўнкаларида овоз бериши мумкин бўлди. Бу ҳолатлар акс этган сон-саноқсиз суратлар ижтимоий тармоқларда улашилди.

1 июль куни референдум ҳали тугамасидан сайлов комиссияси дастлабки натижаларни эълон қила бошлади. Аслида бу ҳолат миллий сайлов қонунларига зид эканлиги айтилди.

Исроилда яшаётган россиялик аёл эса уч марта – бир марта Тель-Авив шаҳрида, бир марта Хайфа шаҳрида, бир марта онлайн овоз бера олганини билдирди. Москва сайлов участкасида эса расмийлар овоз бергани борган маҳаллий турғун ва унинг фарзандларига аллақачон овоз беришганини маълум қилишди. Аслида эса уларнинг бирортаси ҳали овоз бермаган бўлган.

Сайловда қатнашганлар орасида лотереялар ўтказилди, шаҳарларда катта қилиб «ҲА» деб ёзилган баннерлар илинди. Сайлов участкасидаги қонунбузарликларни қайд этмоқчи бўлган камида бир нафар журналистни полиция куч ишлатиб қўлга олди.

Референдум шунчаки қуруқ расмиятчилик бўлганини кўрсатувчи далиллар ҳам кўп. Овоз бериш бошланишидан икки ҳафта олдин Москвада конституциянинг ўзгартиришлар аллақачон киритилган нусхаси сотувга чиқди.

Сайлов тугаганидан кейин бир кун ўтиб, сайловларни кузатувчи «Голос» гуруҳи референдум кескин танқид қилинган ҳисоботни эълон қилди. Хусусан, гуруҳ ҳисоботида сайлов қоғозлари сохталаштирилгани ҳамда натижалар олдиндан белгилангани эътироф этилди.

Ташкилот референдумда «мисли кўрилмаган» даражада қонунбузарликлар содир этилганини айтиб, референдум Россия тарихидан «халқ суверенитетига қилинган ҳужум» ўлароқ ўрин олишини хулоса қилди.

XS
SM
MD
LG