Линклар

Шошилинч хабар
09 август 2020, Тошкент вақти: 08:00

Бош инфекционист: вақтида муолажа ололмай жигар циррозидан ўлганлар сони COVID-19никидан 10 бараварга кўпроқ


Ўзбекистон бош инфекционисти мамлакатдаги аксар шифохоналар, тиббиёт марказлари COVID-19 беморларига ажратилгани ортидан, бошқа оғир ва сурункали касалликка чалинган беморлар муолажасиз қолиб кетаётганидан хавотир билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти Эркин Мусабоевга кўра, сўнгги 4 ой ичида жигар циррозидан вафот этган беморлар сони COVID-19 касаллигидан ўлганлар сонидан 10 бараварга кўп бўлиши мумкин.

Вирусология илмий-тадқиқот институти директори ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти Эркин Мусабоев Gazeta.uz Интернет нашрига интервью берди.

Интервьюда мутахассис коронавирус қурбонлари сони кескин орта бошлагани, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва COVID-19 беморларини уйида даволаш тизимига ўтилаётганига изоҳ берди.

Э. Мусабоевга кўра, Вирусология илмий-тадқиқот институти касалхонасида йилиги 3000 га яқин жигар циррози билан оғриган беморлар даволанади.

Шулардан тахминан минг нафари шифохона сўнгги 4 ойда карантинга ёпилгани учун муолажа ололмай қолган:

- Ўртача 1000 нафар бемор шу пайт давомида даволана олмади. Мен тахмин қилишимча, шу вақт ичида 200 га яқин бемор COVID-19 дан эмас, балки цирроздан вафот этди. Тушуняпсизми?

Агар биз коронавирус билан оғриган барча беморларни қабул қилишни давом эттирсак, кейинги босқичда кардиология марказини ёпиш керак бўлади, бу эса даҳшат. Қанчадан-қанча беморлар COVID-19 дан эмас, балки юрак хуружидан вафот этишади.

Кейин биз яна қандайдир бошқа клиникани ёпамиз, туғруқхонани ёпамиз, шароитлар кескин ёмонлашади, кейин эса шунчаки туғруқ пайтида ўлишни бошлашади. Айнан шу ҳодиса Италияда ва бошқа мамлакатларда содир бўлган — бу соғлиқни сақлаш тизимининг фалажланиши.

Шунингдек, бош инфекционист касаллик аломатлари бўлмаган ёки енгил бўлган коронавирус беморларининг 5 июлдан уйида даволанишга ўтилгани сабабларига ҳам изоҳ берди:

- Ҳа, беморлар унчалик кўп бўлмаган даврда, биз клиникаларни ёпиб бўлса ҳам даволаш ишларини олиб бордик. Яна бизнинг Вирусология илмий-тадқиқот институтидаги клиникамизнинг мисолида — мамлакатда 25 киши коронавирусдан вафот этган бўлса, сизга айтганимдек, жигар циррозидан, тўлиқ даволана олмаганлиги сабабли вафот этганлар сони — 10 баравар кўпроқ. Шифохона бошқа тоифадаги касалларни қабул қилаверса, шунақа бўлади. Булар COVID-19 пандемиясининг билвосита қурбонлари дейилади. Сиз журналист сифатида бу ҳақда айтишингиз керак.

Бош инфекционист Э. Мусабоев дунёнинг ҳеч бир жойида беморлар 100% касалхонага ётқизилмаган, деб урғулади.

Мусабоевга кўра, Ўзбекистонда ўлим ҳолатларининг маълум бир даражада ўсиши кузатилиши мумкин:

- Касаллик жуда ҳийлали ва айёр — у асоратларсиз тарзда кечади, кейин бирдан икки томонлама пневмония бошланади, бу ҳар доим ҳам яхши якунланмайди. Албатта, бемор шифохонанинг назорати остида даволанса бу унинг учун яхшироқдир. Лекин ҳозир бизнинг мутахассисларимиз миллий даволаниш протоколини ишлаб чиқишди, шифокорларимизни тайёрлашди ва уйда даволанаётган коронавирус беморларига қўнғироқ қилиш орқали тўғри текширув алгоритмини тузишди. Асосий асоратлар бор, агар улар пайдо бўлса, тез ёрдам чақиришингиз ва ушбу беморни касалхонага олиб боришингиз керак.

Вирусология илмий-тадқиқот институти директори ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош инфекционисти Эркин Мусабоевнинг Gazeta.uz Интернет нашрига берган интервьюси билан тўлиқ қўйида танишишингиз мумкин:

5 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда инфекцияга чалинганлар сони камида 9829 нафар, тузалганлар 6425 дан ошди, 32 бемор вафот этди.

​Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 3373 нафар бемор шифохоналарда қолмоқда, улардан 15 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ маълумотларни Озодликнинг жонли блогида кузатишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG