Линклар

Шошилинч хабар
05 август 2020, Тошкент вақти: 01:01

Тошкентда иситмаси борларга "Тез ёрдам" келмаяпти. Бир хусусий клиника COVID-19 учун тест ўтказишни тўхтатди (ВИДЕО)


Тошкент шаҳрида жамоат жойида COVID-19 инфекциясидан сақланиш учун қўйилган эслатма

Тошкентда тана ҳарорати кўтарилган беморларни "Тез ёрдам" хизматлари қабул қилмаётгани тўғрисида иситмалаётган беморлар ва уларнинг яқинларидан хабарлар кела бошлади.

Беморлардан фақат "1003" хизматига ёки ўз поликлиникаси орқали Санитария-эпидемиология агентлиги бўлинмалари (СЭС) махсус гуруҳларига буюртма бериш сўралмоқда.

Беморлардан олинган маълумотларни Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларидаги бир неча оилавий поликлиникалар врачлари тасдиқлади.

Айни пайтда Тошкентда COVID-19 учун тест ўтказаётган 4 хусусий клиникадан бири таҳлил намуналарини қабул қилишни номаълум муддатга тўхтатгани маълум бўлди.

3 кундан буён иситмалаётганини айтган тошкентлик беморнинг Озодликка айтишича, у пойтахтдаги пуллик ва бепул тиббиёт муассасаларининг "Тез ёрдам" хизматларига бирма-бир қўнғироқ қилиб чиққан. Аммо, бир марта ҳам "Тез ёрдам" машинаси келмаган:

- Иситмалаётганларни қабул қилмаймиз, деб очиқдан очиқ айтяпти. Поликлиника орқали СЭСни чақиринг, деяпти. СЭСга телефон қилсам, кутинг одамларимиз етмаяпти, деб очиқдан-очиқ айтяпти. Тест тизимлари етишмаяпти экан. Кутишни истамасак, хусусийларга бориб топширишимиз мумкин экан. Шаҳарда 4 та клиника қабул қиляпти. Уларда ҳам навбат, баъзиларида 1 ҳафтага чўзилган навбат. Нима бўлаётганини тушунолмай қолдим, деди исмини сир сақлашни сўраган бемор.

Айтишича, у куни кеча Swiss Lab хусусий клиникасига бориб, бир амаллаб тест топширган, натижасини кутмоқда.

Исмини сир сақлаган яна бир пойтахтликка кўра, унинг ёши 62дан ошган онаси бир неча кундан буён иситмаламоқда, уларнинг ҳам уйига "Тез ёрдам" хизмати келмаган:

"2 кундан бери телефон қиламан. Давлатни "Тез ёрдам"игаям қилдим, хусусийга ҳам қилдим. "Иситма бўлса биз бормаймиз, СЭСга қилинг. СЭСни кутинг" дейишяпти".

Натижада у ҳам, касал бўлиб қолган кекса онасини хусусий клиникалардан бирига олиб бориб, навбат кутиб, коронавирус учун тест топширтирган, у ҳам натижасини кутмоқда. Айтишича, тест натижаси 2-3 кунда чиқиши айтилган.

Озодлик Тошкентнинг бу беморлар истиқомат қиладиган Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларидаги бир неча оилавий поликлиникаларга мурожаат қилди.

Олинган жавобларга кўра, ўзида COVID-19 инфекцияси симптомларини сезганини айтган беморлардан мурожаатлар фақат телефон орқали қабул қилинмоқда ва яшаб турган манзилига қарашли СЭС хизматларига узатилмоқда.

"Беморлар уйидан чиқмасин, иложи бўлса. Биз олинган маълумотларни сразу СЭСга берамиз, у ердан махсус группа бориб текширади. Ҳозир СЭСлар етишолмаяпти, нима қилишсин энди! Кутиш керак, сабр қилиш керак. Иссиғи жуда кўтарилиб кетса, иссиқ туширадиган дориларни ичиб, кўпроқ суюқлик ичиб, озгина сабр қилиб туриши керак, аҳволни кўриб турибсизлар", деди Олмазор туманидаги поликликалардан бирининг ўзини таништирмаган ходими.

Санитария-эпидемиология агентлиги Олмазор туман бўлими ҳам коронавирус аломатларидан шикоят қилган беморлар фақат поликлиникалар буюртмаси асосида қабул қилинаётганини тасдиқлади.

Санитария-эпидемиология агентлиги ва поликлиникалар ходимлари билан мулоқотлардан тушунилишича, сўнгги кунларда коронавирусга тест топшириш истагида бўлган ёки бу инфекцияга чалинганидан шикоят қилиб мурожаат қилаётганлар сони кескин ошиб бормоқда.

Касаллик тарқалиши олдини олиш мақсадида мурожаатларни фақат поликлиникаларга телефон қўнғироқлари орқали қабул қилиш ва СЭС бўлинмалари орқали қайд этиш тартиби йўлга қўйилган.

Айни пайтда, ҳар икки муассаса ходимлари мурожаат қилаётганлар маълум муддат кутишга мажбур бўлишини очиқ тан олмоқда.

Кутишни истамаганлар эса хусусий клиникаларга бориб, тест топшириши мумкинлиги айтилди. Аммо, бу ҳолда хасталанган киши коронавирусни тарқатиши мумкин.

Тошкентда коронавирус учун таҳлил ўтказаётган хусусий - Swiss Lab клиникаcи эса 9 июлдан бошлаб, коронавирус учун тест таҳлиллари ўтказишни номаълум муддатга тўхтатгани маълум бўлди.

"Раҳбарият шундай қарорга келди. 9 июль эрталабдан коронавирус учун тест ўтказишни тўхтатдик. Кеча тест топширганлар натижасини бугун оқшом олишлари мумкин", деди клиника ходими.

Ходим бунинг сабабларини очиқламади. Айтишича, бу клиникада COVID-19 учун 1 марта тест ўтказиш нархи 330 минг сўмдир.

Коронавирус учун тест ўтказаётгани айтилган - VITROS DIAGNOSTICS, AKFA Medline хусусий клиникалари телефон рақамлари эса муттасил банд бўлмоқда. Ваҳоланки, бу клиникаларга телефон орқали боғланиш қийин экани, тест учун таҳлил топширишни истаганларнинг навбатлари ҳам узунлигини тошкентлик беморлар ҳам айтмоқда.

Сўнгги кунларда Тошкентда коронавирус аломатлари билан оғрий бошлаган ва "Тез ёрдам" хизматини кунлаб кутаётганлардан Озодликка мурожаатлар келиши кўпайди.

Бу мурожаатлар ортидан Озодлик мухбири 6 июль куни Санитария-эпидемиология осойишталиги агентлигининг Чилонзор тумани бўлинмаси раҳбари Гулноза Мирзаева билан гаплашган эди.

Ўшанда СЭС мулозими, белгиланган тартибга биноан, ўзида коронавирус инфекцияси аломатлари: иситма, йўтал, ҳолсизлик, бурун оқиши ва ҳоказо белгиларни сезганлар "Тез ёрдам" хизматида ажратилган 1003-рақами орқали ёки яшаш манзили орқали рўйхатга олинган поликлиникасига мурожаат қилиши кераклигини айтганди.

Мирзаева, беморлар сони кундан-кунга ошиб бораётганини таъкидлаган ва биргина унинг 3 та хизмат машинаси бўлган бўлинмасига кунига ўртача 50-70 та атрофида мурожаат тушаётганини билдирган эди.

8 июль куни эса Ўзбекистон Коронавирусга қарши кураш штаби вакили Ҳабибула Оқилов, мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳоллари кескин ортиб кетгани ва Соғлиқни сақлаш тизими фалаж ҳолига яқинлашиб қолганини тан олди:

Биз шу кунгача мана шу аҳволда ушлаб турдик, лекин ҳозир эплолмаяпмиз, кучимиз тугади. Ҳолат шунақаки, агар ҳозир тез кунда чоралар кўрмасак, эртага бошқариб бўлмайдиган коллапсга келиб қоламиз, ана унда биз ҳам, халқимиз ҳам жуда тушкунликка тушиб қолади. Шунинг олдини олиш учун айтяпмиз. Агар ҳозир шуни қилиб олмасак, эртага 400 бўлади, индинга 500 бўлади. Кунига мингтадан қўшилганда, соғлиқни сақлаш тизимимиз ўлади”, деди Ҳ. Оқилов.

Коронавирусга қарши кураш штаби вакили: Кунига минг нафардан бемор қўшилганда, соғлиқни сақлаш тизимимиз ўлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 9 июль соат 17:00да берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 11 447 нафарни ташкил этмоқда.

Мамлакат бўйлаб 4 минг 316 коронавирус беморлари шифохоналарда қолмоқда.

Бошқа тафсилотларни Озодликнинг жонли блогида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG