Линклар

Шошилинч хабар
07 июл 2022, Тошкент вақти: 15:23

Ўзбекистон хабарлари

Қашқадарёда синтетик ёнилғи заводи қурилишида ишлаётган 100 дан зиёд одам коронавирусга чалинди

Қашқадарё вилояти Ғузор туманида барпо этилаётган ва синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Uzbekistan GTL” заводи қурилишида ишлаётган қурувчилардан 127 нафарининг COVID-19 инфекциясига чалинган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилган.

Аввалроқ уларнинг коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли карантинга олингани билдирилганди.

Бошқарма қайдича, айни пайтда завод қурилиши ҳудудида инфекция тарқалишининг олдини олиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилмоқда.

Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда қатор завод ва йирик корхоналар фаолияти тўхтатилган эмас.

Бир ой муқаддам Ўзбекистондаги заводлардан бирида ишлаётган ходимлар Озодликка карантин чоғида уйга бормасдан, корхона омборхонасида ётиб ишлашга мажбур қилинаётганларини айтишганди.

Шанба ва якшанба кунларини ҳам қўшиб икки юз одам 15 кун подряд ишлаймиз. Эрталаб 8 дан кечки 8 гача ишлаймиз. Баъзида кунига 12 соатдан ҳам ошади. Меҳнат кодексига кўра, иш ҳафтаси 40 соатдан ошмаслиги керак. Ётиб қолишимиз смена деб қаралса¸ кейинги куни иш куни бошлангунга қадар 12 соат дам берилиши керак. Лекин, ундай бўлмаяпти”, деганди жумладан Андижондаги "UZ DONG YANG CO" корхонаси ишчиси.

Кун янгиликлари

Туҳмат қилишда айбланган журналист маҳкамада Алламжоновдан кечирим сўради

Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов.

6 июль куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари судида “Uzmetronom” сайти асосчиси Сергей Ежковнинг иши кўриб чиқилди. Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжоновга туҳмат қилишда айбланаётган журналист маҳкамада жабрланувчидан кечирим сўради. Бу ҳақда “Uzmetronom” сайти хабар берди.

Аввалроқ К.Алламжонов С.Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига ариза берган. Гап шундаки, жорий йил 21 ва 23 февраль кунлари “Uzmetronom” сайтида “Бриллиантовый мальчик” ва “Слив с дальним прицелом” сарлавҳали мақолалар (ҳозир ўчирилган) эълон қилган. Унда К.Алламжонов 4,2 млн долларли тилла тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга алоқадор экани айтилган.

“Ежков билан шахсан таниш эмасман, лекин 2016 йилга қадар одамлар орасида у гўёки айрим махсус хизматларнинг буюртмаларини бажариб келган, маълум шахсларнинг обрўсига путур етказиш қуроли сифатида ишлатиб келинган деган гаплар юради. Бу гап-сўзларнинг рост ёки ёлғонлигини билмайман, бу сафар ҳам буюртма бор ёки йўқ эканини энди тергов аниқлайди”, деб ёзган эди Алламжонов жорий йил апрель ойида.

“Xabar.uz” сайтига кўра, 66 ёшли С.Ежков мақоласи бўйича Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги экспертиза хулосасини берган.

Қайд этилишича, суд мажлисида жабрланувчи ва судланувчи сайтда чоп этилган мақолалар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирган. Хусусан, “Uzmetronom” асосчиси тегишли далилларсиз материални эълон қилганидан афсусда эканини билдирган ва жабрланувчидан кечирим сўраган.

Алламжонов мақсади журналистни жазолаш эмас, балки ҳақ эканини исботлаш бўлгани, шунга кўра аризасини қайтариб олишини айтган. Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ҳар қандай баҳс кўчада, “подвал”ларда эмас, судда ҳал қилиниши кераклигини урғулаган.

Маҳкама якунида Алламжонов Ежковга “Алламжонов айбдор” китобини дастхат билан совға қилган.

Ўзбекистон жаҳонда уран қазиб чиқариш бўйича 5-ўринни сақлаб қолмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон 2021 йилда ҳам 2019 ва 2020 йилда бўлгани каби 3500 тонна уран қазиб олди. Бутунжаҳон ядро ассоциацияси – WNAнинг билдиришича, бу билан Ўзбекистон уран қазиб олиш бўйича жаҳонда 5-ўринни сақлаб қолмоқда.

WNA жадвалидан маълум бўлишича, Ўзбекистон 2012 -2015 йилларда 2400 тонна ва ундан озроқ уран қазиб олган. 2016 йилдан бошлаб уран қазиш деярли 1000 тоннага кўпайган ва 2019 йилга келиб 3500 тоннани ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг ўзида уран қайта ишланмайди, шунинг учун у тўлиғича экспорт қилинади. Ўзбекистонда 132 минг тонна уран захираси мавжуд бўлиб, бу дунё захирасининг 2 фоизини ташкил қилади. Уран захираси бўйича Ўзбекистон жаҳонда 11-ўринда туради.

Президент Шавкат Мирзиёев шу йил 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантиришга оид лойиҳалар тақдимотида Ўзбекистонда 2022-2026 йилларда 8 та янги уран кони очилиши режалаштирилаётганини билдирган эди.

Уран қазиш бўйича 2021 йилда 1-ўринни Қозоғистон (21 минг 819 тонна), 2-ўринни Австралия (4 минг 192 тонна), 3- ўринни Намибия (5 минг 753 тонна) ва 4-ўринни Канада (4 минг 693 тонна) эгаллаган.

Андижон вилоятида 37 киши “нонбургер”дан заҳарланди, прокуратура жиноят иши очди

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги FRESH FOOD 2020 овқатланиш шохобчасида 37 киши “нонбургер”дан заҳарланган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати маълумотига кўра, 6 июль куни туш пайтидан бошлаб фуқаролар Қўрғонтепа тумани юқумли касалликлар шифохонасига кўнгил айниши, қусиш, бош оғриғи ва ич кетиши шикоятлари билан мурожаат қилишган.

Соат 23.00 га бориб мурожаатчилар сони 37 нафарга етган. Уларга “Ўткир гастроэнтерит” ташхиси қўйилган. Беморлардан 17 нафари касалхонада муолажа олмоқда, тиббий кузатувга олинган 20 кишига эса уйга кетишга рухсат берилган.

“Касалликка сабаб бўлган омилларни аниқлаш мақсадида FRESH FOOD 2020 оилавий корхонасига қарашли овқатланиш шохобчасида эпидемиологик суруштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилган Санэпидхизмат хабарномасида мазкур корхонага тегишли учта шохобча фаолияти шу куннинг ўзида вақтинча тўхтатилгани қўшимча қилинган.

Андижон вилояти прокуратураси қайдича, Қўрғонтепадаги заҳарланиш ҳодисаси ортидан 7 июнь куни туман прокуратураси мамлакат Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

ТИВ Қорақалпоғистонда ой бошида Интернет алоқаси чеклангани сабабини очиқлади

Қорақалпоғистондаги норозилик чиқишларин ортидан Нукусга ташланган хавфсизлик кучлари (Kun.uz фотоси)

Ўзбекистон расмийлари июль ойи бошида Қорақалпоғистон ҳудудида “Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур” бўлганларини эътироф этишди.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 6 июль оқшомида тарқатилган баёнотда айтилишича, бу қадамга расмий Тошкентни “душман кайфиятдаги кучлар популистик шиорларни ниқоб қилиб олган ҳолда, уяли алоқа ва Интернет орқали сохта янгиликларни тарқатиб, фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уринган”и туртган.

ТИВ баёнотида Нукус шаҳрида 1-2 июль кунлари рўй берган норозилик чиқишлари “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тизими, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига путур етказишга уриниш” ўлароқ таърифланган.

“Конституциявий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамасига киритилган таклифларга қарши норозилик баҳонасида бир гуруҳ тажовузкор шахслар томонидан давлат ҳокимияти органлари биноларини зўравонлик, отишма ва куч ишлатиш орқали эгаллаб олишга ҳаракатлар ташкил этилди. Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлар тинч, ягона, демократик мамлакатда айирмачилик, беқарорлик ва бўлинишни қўзғатишга қаратилган олдиндан режалаштирилган саботаждан яққол далолат берди”, дея урғуланган баёнотда.

ТИВ иддаосича, ўша кунлари Жўқорғи Кенгес (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга уринишлар кузатилган.

“Бундан ташқари, ҳужумлар пайтида 107 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жиддий тан жароҳати олган, жумладан уларнинг 23 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Давлат органларининг жами 270 нафар ходими турли даражадаги тан жароҳатлар олдилар”, дейилган баёнотда.

Ўзбек дипломатлари фикрича, “тартибсизликлар иштирокчиларининг ваҳшийлиги одамларнинг онгини манипуляция қилган бир гуруҳ шахсларнинг провокацион ҳаракатлари натижаси бўлиб, фуқароларнинг тинч намойишлари сифатида таснифланиши жоиз эмас”.

Нукус воқеалари чоғида 18 киши вафот этгани эслатилган баёнотда “тажовузлар фаол иштирокчиларининг кўпчилиги гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмол қилган шахслардан иборат” бўлгани такрорланган.

Баёнотда “инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг иштирокчиси сифатида Ўзбекистон шаффоф, мустақил ва холис тергов тамойилларига тўлиқ риоя этиш, шунингдек, тегишли тартиб-қоидалар ҳамда адолатли суд кафолатини таъминлаш тарафдори” экани, тергов натижалари тегишли халқаро ташкилотларга етказилиши таъкидланган.

ТИВ қайдича, бугунги кунда Қорақалпоғистонда мобил алоқа тўлиқ фаолият юритмоқда, озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нонвойхоналар, банклар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектлар фаолият кўрсатмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида барча оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотларни “Қорақалпоғистондаги воқеаларга холисона ёндашиш, турли ишончсиз манбаларга таяниб, бир томонлама ва шошилинч хулоса қилмаслик, асоссиз баёнотлар эълон қилмаслик”ни сўраган ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамият билан очиқ мулоқот, шу жумладан инсоннинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорлик тарафдори бўлиб қолаётганига ишонтиришга уринган.

Аввалроқ қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда демократик тамойиллар устувор кўриладиган давлатлар ўзбекистонлик расмийларни Қорақалпоғистондаги воқеаларни текширишда ўз халқаро мажбуриятларига риоя қилиш, бу борада холис, ишончга сазовор ва шаффоф тергов ўтказишга чақиришган эди.

Толибон вакили: Ўзбекистон ҳудудига снаряд отган шахслар қидирилмоқда

Ўзбек-афғон чегараси (архив сурати)

Толибон ҳаракати томонидан шакллантирилган ҳукумат вакиллари Афғонистондан Ўзбекистонга снаряд отган шахсларни ҳибсга олиш ва жазолаш учун қидиряпти. Бу ҳақда Толибон сўзчиси Забиҳулло Мужоҳид Твиттердаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Унинг иддаосича, Афғонистондан Ўзбекистонга ракета отилиши икки дўст мамлакат ўртасида ишончсизлик муҳитини яратишни истаган қабиҳ ниятли доиралар ишидир.

Шу йилнинг 5 июль куни соат 16:20 ларда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрига Афғонистон ҳудудидан 5 та снаряд учиб келгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига мувофиқ, “снарядлар тушганда портлашлар содир бўлмаган, бунинг натижасида инсон қурбонлари ва вайронагарчиликлар кузатилмаган”.

Қорақалпоғистон диндорлари ҳайит намозини ўқий олмаслиги мумкин

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси мамлакат ҳудудларида Қурбон ҳайити намозини ўқиш вақтларини эълон қилди. Ўзбекистонда 9 июль куни Қурбон ҳайити нишонланади.

Мусулмонлар диниий идораси эълон қилган жадвалга асосан, "Қорақалпоғистон Республикасида ҳайит намози соат 06:05 да ўқилади".

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририга қарши оммавий норозилик намойишлари юз берган Қорақалпоғистонда 3 июль куни соат 00:01 дан 2022 йил 2 август куни соат 00:00 га қадар фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Президент фармонига асосан "Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат амал қилиш даврида соат 21:00 дан соат 7:00 га қадар комендантлик соати жорий этилди".

Коронавирус пандемияси эълон қилинган 2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистонда, минтақанинг бошқа давлатларда бўлгани каби, Қурбон ҳайити намози ўқилмаган эди. Ўшанда Ўзбекистон муфтияти Уламолар кенгаши ҳайит намози ўрнига қуёш чиққандан сўнг 4 ракатли Зуҳо намозини ўқишни тавсия қилганди.

Мусулмонлар диний идораси жадвалига асосан мамлакат ҳудудларида ҳайит намози қуйидаги вақтларда ўқилади:

Андижон вилояти — 05:05;
Бухоро вилояти — 05:35;
Жиззах вилояти — 05:20;
Навоий вилояти — 05:30;
Наманган вилояти — 05:05;
Самарқанд вилояти — 05:25;
Сирдарё вилояти — 05:20;
Сурхондарё вилояти — 05:25;
Тошкент вилояти — 05:15;
Тошкент шаҳри — 05:20;
Фарғона вилояти — 05:05;
Хоразм вилояти — 06:00;
Қашқадарё вилояти — 05:30;
Қорақолпоғистон Республикаси — 06:05.

БМТ Ўзбекистонни Нукус воқеаларини холис ва шаффоф тергов қилишга чақирди

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Мишель Бачелет.

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистон мухториятида содир этилган воқеаларни тезкор равишда холис ва шаффоф тергов қилишга чақирди.

БМТ расмий сайтида Нукусдаги тартибсизликлар пайтида 18 киши ҳалок бўлгани, 243 киши яралангани, улардан 94 нафари оғир аҳволда экани Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан тасдиқлангани қайд этилди.

“Ҳалок бўлганларнинг шахси ҳозирча аниқланмади. Дастлабки маълумотларга қараганда, улар ўқотар қуроллардан ҳалок бўлган, жумладан, уларнинг бошларига ўқ отилган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси жабрланганлар сони бундан кўпроқ бўлиши мумкин деб ҳисоблайди”,-дейилади баёнотда.

“Бизда мавжуд маълумотлар жиддий зўравонликлар, жумладан, одам ўлдириш ҳолатлари содир этилганиан гувоҳлик бермоқда ва бу бизни жуда ташвишга солмоқда. Мен ҳукуматни босиқ бўлишга чақираман”,-деди Мишель Бачелет.

Олий комиссар “жиноий ҳаракатларни содир этганлар, жумладан, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг қонунни бузган ходимларига нисбатан тезкор ҳолис ва мустақил тергов” ўтказиш зарур деб ҳисоблайди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси Нукус воқеаларида камида 500 киши қўлга олинганини ва улардан бирига “ҳокимиятни босиб олиш ва конституциявий тузимни ўзгартириш” моддаси асосида айблов билдирилганини, бу модда асосида у 20 йилга қамалиши мумкинлигидан ҳавотир билдирди.

Бачелет: “Одамлар ўз ҳуқуқларидан фойдалангани учун жиноий жавобгарликка тортилмаслиги шарт”, деб баёнот берди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари Олий комиссари Ўзбекистон Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар пакти иштирокчиси эканини, мазкур ҳужжатга асосан инсон ўз фикрини эркин ирод қилиш, тинч йиғилишлар ва жамият ҳаётида ишитрок этиш ҳуқуқига эга эканини эслатиб ўтди.

Мишель Бачелет Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда зудликда интернет алоқани тиклашга чақирди.

Ўзбекистон 2020 йилда ўз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланган эди. Женевада жойлашган БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши инсон ҳуқуқлари бузилишларига эътибор қаратади ва алоҳида давлатлардаги вазият ва муаммоларни мониторинг қилувчи махсус гуруҳларга эга.

АҚШ расмий Тошкентни Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан “ишончга сазовор ва шаффоф” текширув ўтказишга чақирди

Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган норозилик чиқишидан лавҳа, Нукус, 2022 йил 1 июли

Қўшма Штатлар Қорақалпоғистонда яқинда бўлиб ўтган воқеалар юзасидан хавотир билдириб, томонларни бу тарангликни тинч йўл билан ҳал қилиш ва зўравонликдан тийилишга чақирди. Бунга оид баёнот АҚШ Давлат департаменти томонидан тарқатилди.

Баёнотда июль ойи бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган ҳодисалар чоғида ҳалок бўлганларнинг оиласига таъзия изҳор қилиниб, жароҳатланганларга ҳамдардлик билдирилган.

“Биз Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларни амалга оширишга оид саъй-ҳаракатларини дастаклаймиз. Биз расмийларни, Ўзбекистон томонидан олинган халқаро масъулият ва мажбуриятларга мувофиқ равишда, тинч йиғилишлар ва фикрни эркин ифодалаш дохил барча тамал ҳуқуқларни ҳимоя қилишга чақирамиз”, дейилган Давлат департаменти баёнотида.

Шунингдек, Вашингтон вакиллари Ўзбекистон расмийларини ҳалқаро ҳуқуқий меъёрлар ва илғор амалиётга риоя қилган ҳолда зўравонлик ҳолатлари бўйича тўлиқ, ишончга сазовор ва шаффоф текширув ўтказишга чақиришган.

Баёнотда АҚШ Ўзбекистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини оғишмай дастаклаши урғуланган.

ИИВ Тошкентда “Ҳизбут-Таҳрир”га алоқадор шахслар қўлга олинганини иддао қилди

Тошкентда қўлга олингани айтилаётган "ҳизбчилар" (ИИВ фотоси)

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда фаолияти тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” экстремистик ташкилотига алоқадор бўлган ҳамда Тошкентнинг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида истиқомат қилиб келган шахслар қўлга олингани ҳақида маълумот тарқатди. Вазирлик қўлга олинган шахслар сони ҳамда амалиёт ўтказилган санани очиқлаган эмас.

ИИВ қайдича, “ушбу жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси бўлган И.А. 10 нафардан ортиқ синфдошини Telegram иловасида ташкил қилган “Чойхона” ва “Иймонлашайлик” номли виртуал гуруҳларга қўшиб, тақиқланган материалларни тарқатиб келган”. Хабарномада И.А. яқинлари ва кўплаб танишларини “ҳизбчилар” сафига киришга даъват қилиб, Интернет орқали экстремистик мазмундаги аудио ва видео материалларни тарқатиб келгани, гуруҳ аъзолари эса мазкур материаллар билан танишиб, “Ҳизб ут-Таҳрир” фаолиятини қўллаб-қувватлаб келишгани даъво қилинган.

Вазирлик иддаосича, гуруҳ фаолияти айни пайтда Польшада истиқомат қилувчи “Маҳмуд Абдулмўмин” тахаллусли қирғизистонлик 42 ёшли Маҳмуджон Холдаров томонидан бошқариб келинган.

ИИВ ҳозирда қўлга олинган шахсларга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Ташқи ишлар вазири ЕИга Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррелга Қорақалпоғистондаги бугунги вазият юзасидан маълумот берди.

Вазирликнинг расман билдиришича, Норов Боррел билан 4 июль куни телефон орқали мулоқот қилган. “Европа томонига Қорақалпоғистондаги мавжуд вазият, вазиятни беқарорлаштиришга йўл қўймаслик, минтақада тинчлик, осойишталик ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди”,-дейилади расмий билдирувда.

Бундан ташқари мулоқот доирасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида томонларни қизиқтирган соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

4 июль куни Европа кенгаши президенти Шарль Мишель президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали Қорақалпоғистондаги вазиятни муҳокама қилгани хабар қилинганди.

Шу куни Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирди.

HRW: Қорақалпоғистондаги воқеалар Мирзиёев ҳукумати учун синов бўлади

“Қорақалпоғистонда 18 киши ҳалок бўлиб, 240 дан ошиқ одам жароҳатланган ғалаёнлар очиқ ва мустақил текширилиши керак”, деб баёнот берди Human Rights Watch (HRW) халқаро ташкилоти.

Ташкилотнинг минтақавий директори Ҳю Уилямс: “Ўзбекистон ҳукумати эндиги жараёнларга қандай ёндашиши президент Шавкат Мирзиёев учун синов. Мамлакат қанчалик олға силжиганини ҳукумат инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини нақадар ҳурмат қилишидан билиб оламиз",- деб айтган.

HRW баёнотида Нукусдаги тартибсизликлар ва тўқнашувлар тафсилотлари ноаниқ қолаётганига, жумладан, ҳукумат мазкур минтақада интернет алоқасини узиб қўйгани сабаб бўлаётгани қайд этилади.

“Бундан ташқари воқеаларни ёритган журналистлар қўлга олингани ва таъқиб қилинаётгани тўғрисида маълумотлар мавжуд”, - дейилади баёнотда.

Ташкилот, шунингдек, Ўзбекистонда мустақил суд тизими йўқлигини, куч ишлатар тузилмаларда эса маҳбусларни қийноқларга солиш ҳолатлари кенг тарқалгани ва бундай ҳолатлар камдан кам ҳолатлардагина тергов қилинишини таъкидлайди

HRW Ўзбекистон ҳукуматини Қорақалпоғистонда интернет алоқасини зудликда тиклашга, журналистларни таъқиб қилишни тўхтатишга чақирган.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон расмийларини Нукусдаги воқеалар юзасидан холис тергов ўтказишга чақирган эди.

Аввалроқ Озодлик Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақиргани ҳақида хабар қилган.

Қорақалпоғистонда Ўзбекистон конституциясига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартишларга қарши оммавий норозилик чиқишлари 1 июль куни бошланиб, 2 июль оқшомида хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиши ортидан поёнига етган. Ўзбекистон расмийлари маълумотига кўра, тартибсизликлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Толибон делегациясини қабул қилди

Учрашувда икки томонлама савдо айланмасини кўпайтириш масаласи ҳам муҳокама этилди.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов 4 июль куни Толибон ҳукуматининг саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизийни қабул қилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг билдиришича, учрашувда икки томонлама савдо айланмасини кўпайтириш ва икки мамлакат ҳудудлари орқали юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича биргаликда таклифларни тайёрлашга келишилди.

Бундан ташқари “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” транс-афғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш чора - тадбирлари кўриб чиқилди. Жорий йил июль ойининг иккинчи ярмида темир йўл йўналиши бўйлаб дала тадқиқотларини ташкил этишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон томони афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттириш ва Афғонистон билан устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди”, -дейилади расмий хабарда.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимиятни босиб олган Толибон ҳукумати билан ҳамкорлик қилиб келаётган жаҳондаги бармоқ билан санарли давлатлардан биридир. Толибон ҳукумати шу кунгача халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган эмас.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентда 25-26 июль кунлари 20 дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар иштирокида Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилишини маълум қилган эди.

AI Ўзбекистон расмийларини Нукусдаги воқеалар юзасидан холис тергов ўтказишга чақирди

Ўзбекистон расмийлари Нукусда айнан нима содир бўлганини зудлик билан очиқлаб, норозиларга қарши куч қўлланилиши юзасидан холис, мустақил ва диққат билан текширув ўтказишлари ҳамда айбдорларга нисбатан адолатли судловни таъминлашлари шарт. Бу ҳақда Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Мари Стразерс билдирди.

“Биз Ўзбекистон расмийлари мустақил овозларни бўғиш ва ахборот тарқалишига тўсқинлик қилиш (жумладан фавқулодда ҳолат тартибини эълон қилиш орқали) бўйича ўзининг одатдаги тактикасини қўллаётганидан хавотирдамиз. Нукусда интернет ва мобил алоқанинг ўчириб қўйилиши дунё аҳлининг ҳордиқ кунлари нималар содир бўлганини билишига халақит бермоқда. Биз расмийларга қарши танқидий кайфиятда бўлган ҳуқуқ фаоллари қўлга олингани, уларга қийноқ ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турлари хавф солаётгани ҳақида хабарлар олдик, бироқ ахборот қамали бу маълумотларни мустақил текшириш имкониятини деярли йўққа чиқармоқда”, деган Мари Стразерс.

Қорақалпоғистонда Ўзбекистон конституциясига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартишларга қарши оммавий норозилик чиқишлари 1 июль куни бошланиб, 2 июль оқшомида хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиши ортидан поёнига етган. Ўзбекистон расмийлари маълумотига кўра, тартибсизликлар чоғида 18 киши қурбон бўлган, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.

Аввалроқ Озодлик Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақиргани ҳақида хабар қилган эди.

ЕИ Нукус воқеаларини мустақил тергов қилишга чақирди

Нукусдаги норозилар.

Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда рўй берган қонли воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирди.

Ташкилот баёнотида Ўзбекистон халқаро мажбуриятларига биноан фундаментал инсон ҳуқуқлари, хусусан сўз эркинлиги ва йиғилиш эркинлигини таъминлашга чақирилган:

«Биз таклиф этилган конституциявий ўзгаришларга нисбатан жамоатчилик хавотирларига президент Мирзиёев томонидан тезкор реакция билдирилганини олқишлаймиз. Барча томонларни низо кескинлашиши ва зўравонликлар давом этишининг олдини олиш мақсадида ўз ҳаракатларида вазминликка чорлаймиз».

4 июль куни Европа кенгаши Президенти Шарль Мишель президент Шавкат Мирзиёев билан телефон мулоқоти пайти Нукусдаги тартибсизликларни бузғунчи кучлар томонидан уюштирилган дея баҳолаган. Бу ҳақда president.uz хабар қилди:

«Қорақалпоғистондаги вазиятнинг баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди. Шарль Мишель жиноий унсурлар томонидан уюштирилган тартибсизликлар натижасида қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради».

Суҳбат чоғида Марказий Осиё минтақасида юзага келаётган вазият ҳамда ЕИ тузилмалари билан кўп томонлама мулоқотнинг даражасини янада юксалтириш юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Россия: Нукус воқеалари Ўзбекистон ички иши. Минтақа президентлари Мирзиёевни қўллади

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги тартибсизликларга муносабат билдираркан, буни Ўзбекистоннинг ички иши дея атади:

"Ўзбекистон бизнинг иттифоқчимиз, у дўст мамлакат, у бизнинг жуда муҳим ҳамкоримиз. Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳамма нарса шу давлатнинг ички ишидир ҳамда республика раҳбариятининг фаол ҳаракатлари билан мавжуд муаммолар ҳал қилинишига шубҳамиз йўқ”.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Ижроия қўмитаси ҳам 1 июлда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Ташкилот конституцияга зид кўринишлар ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринишларни қоралаб, барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни сақлаш тарафдори эканини билдирган.

4 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан алоҳида-алоҳида телефон орқали мулоқот қилди.

Рresident.uz сайти маълумотига кўра, мулоқотларда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Тоқаев «Қорақалпоғистонда қонунга зид хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади», дея хабар қилди расмий нашр.

Рresident.uz хабарига кўра, Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG