Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 21:01

Андижонда “Ўқувчи рейди” – таътилдаги ўқитувчиларга карантинда кўчада юрган болаларни “овлаш” буюрилди


Андижон туманидаги рейд боласи кўчада "бемақсад" юргани аниқланган ота-оналарни жаримага тортишни кўзда тутган.
Андижон туманидаги рейд боласи кўчада "бемақсад" юргани аниқланган ота-оналарни жаримага тортишни кўзда тутган.

Андижон вилоят, Андижон туманидаги 55 та мактаб раҳбарига қонуний меҳнат таътилида бўлган ўқитувчиларни ҳар кун кўчага чиқариб¸ "бемақсад юрган" болаларни ушлатиш буюрилди.

Telegram мессенжери орқали мактабларнинг маънавият ишлари бўйича ўринбосарларига 15 июль куни юборилган буйруқнинг Озодликка юборилган нусхасида “Ўқувчи рейди” давомида тўпланган ахборот ва суратларнинг ИИБга топширилиши айтилган.

Туман ХТБ бошлиғи муовини Дониëр Раҳмонов буйруқни Telegram орқали ўзи юборганини, ташаббус ҳам ўзиники эканини билдирди.

Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси мутасаддиларидан бири Озодликка бундай "рейдларнинг йўқлиги"ни айтиб¸ бўлган тақдирда¸ айниқса¸жорий карантин даврида "ноқонуний” бўлишини айтди.

“Ўқувчи рейди”

15 июль куни Андижон туманидаги мактаб раҳбарларига юборилган Telegram хабарида туман Халқ таълими бўлими мудир ўринбосари Дониëр Раҳмонов “Ўқувчи рейди” бошланганини ëзади.

(Имло хатолари кўп, тиниш белгиларисиз ëзилган буйруқ мазмуни тушунарли бўлиши учун айрим ўринлари тузатиб кўчирилди. Оригинал матн суратда – таҳр.)

Бугун Ўқувчи рейдини ўтказиб соат 12:00 га ахбороти ва 2 дона расм РАЯНОга олиб келинг. Эшикни олдида ўзим қабул қилиб оламан. Барча мактабларникини жамлаб туман ИИБ(га) ахборот киргизаман. Профилактика инспекторини ҳам ўзилар билан олиб юрсанги(з) мақсадга мувофиқ бўлади. Уларни ҳам огоҳлантиришган. Айтилган вақтидан кеч қолманг”¸ дейилади 67 кишилик гуруҳга ташланган буйруқда.

Андижон туман ХТБ мудири ўринбосари Дониëр Раҳмонов томонидан мактабларнинг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосарларига Telegram мессенжери орқали юборилган буйруқ.
Андижон туман ХТБ мудири ўринбосари Дониëр Раҳмонов томонидан мактабларнинг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосарларига Telegram мессенжери орқали юборилган буйруқ.

Озодликка бу буйруқ суратини юборган андижонлик ўқитувчининг айтишича¸ мазкур гуруҳ аъзолари асосан тумандаги 55 та мактабнинг маънавият ишлари бўйича директор ўринбосарлари ва ХТБнинг айни йўналиш учун масъули Раҳмонов одатда уларга буйруқ ва кўрсатмаларни Telegram орқали юбориб келади.

Бу буйруқни бугун¸ 15 июль куни ташлади. Деярли ҳаммамиз қонуний меҳнат таътилидамиз. Бунинг устига¸ карантин қоидалари ўқитувчига ҳам тегишли. 45 даража иссиқда ҳар бир мактаб маънавият бўйича отпускада юрган ўқитувчисини эрталабки соат 9 да белгиланган ҳудудга чиқариб¸ дўкон¸ кўча-кўйда юрган ўқувчиларни ушлаши керак эмиш. Уларни расмга олиб¸ маълумотнома ëзиб¸ кейин ота-онаси билан тушунтириш ўтказиш керакмиш. Ëзги таътилда бола учун ўқитувчи эмас¸ ота-онаси масъулку¸ ўқитувчини бировларнинг боласига қўриқчи қилиб қўйишга нима ҳаққи бор? Андижон туманида Ўзбекистон қонунчилиги ишламай қолган. Бўлмаса¸ бу қайси қонунчиликда бор? Мажбурий меҳнатнинг янги-янгисини ўйлаб топишга уста бизникилар”¸ деди эҳтимолий таъқибдан чўчиб¸ Озодлик билан шахси сир қолишни сўраб гаплашган андижонлик ўқитувчилардан бири.

Андижон туман таълим тизимидаги мутасаддилардан яна бирига кўра¸ Дониëр Раҳмонов маънавият бўйича масъулларга ҳар бир ҳудуд участка нозири билан биргаликда боласи “кўчада бемақсад юрган ота-оналар”га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси бўйича акт тузишни ҳам буюрган.

“Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик” деб номланган 47-модда¸ агар шундай ҳуқуқбузарлик содир этилди¸ деб топилган тақдирда¸ ота-оналарга базавий ҳисоблаш миқдорининг (223 000 сўм) иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга асос бўлади.

"Бунақа ноқонуний ташаббус билан туман ва вилоят раҳбарларига ëқишга ҳаракат қилишаяпти. Биласизку¸ бизнинг ҳокимларга шунақа югурдаклар ëқади"¸ деб изоҳлади Андижон туманидаги "Ўқувчи рейди"ни маҳаллий ўқитувчилардан яна бири.

“Ўқувчи рейди” ташаббусчиси ким?

Озодлик Андижон туманида 15 июлда бошланиши буюрилган “Ўқувчи рейди”нинг қайси қонуний асосда ўтказилаëтгани¸ унинг бирламчи ташаббусчиси қайси идора ëки ваколатли шахс эканига ойдинлик киритиш мақсадида Андижон туман ХТБ мудири ўринбосари Дониëр Раҳмоновнинг ўзи билан боғланди.

Раҳмонов 15 июль куни Telegram мессенжери орқали тумандаги барча мактабнинг маънавият ишлари бўйича ўринбосарларига “Ўқувчи рейди” бошлаш ҳақида буйруқ юборганини тан олди.

Мулозимга кўра¸ бу буйруқ ташаббусчиси унинг ўзидир.

- Ҳозир яна карантин қоидалари кучайтирилди. Лекин ҳар кун ўқувчиларнинг кўчада юрганига¸ катта синф ўқувчиларининг бозор ва дўконларда ишлаëтганига гувоҳ бўлганим учун¸ болаларимиз соғлиғини асрайлик¸ деган маънода шундай топшириқ бердим.

Ўз буйруқ-топшириғида ИИБга ахборот бериш¸ участка нозирлари билан бирга юриш ва уларнинг бундай топшириқдан хабари борлигини ëзган Раҳмонов¸ Озодлик билан суҳбатда ўзига ИИБдан қандайдир топшириқ бўлганини инкор қилди.

-Менга на ИИБ¸ на ҳокимиятдан ҳеч ким ўқитувчиларни кўчага чиқаргин¸ деб буйруқ бермади. Буни ўз ташаббусим билан юбордим.

Ўзбекистон Меҳнат қонунчилиги¸ қолаверса¸ карантин қоидаларига зид равишда таътилда юрган ўқитувчиларга қайси қонуний асос ëки қайси ваколати доирасида бундай буйруқ бергани ҳақидаги саволга Дониëр Раҳмонов “хатоликка йўл қўйгани”ни айтиш билан жавоб қилди.

- Ҳозироқ бу топшириққа отбой бераман. Ваколатимда бундай буйруқ бериш йўқ. Лекин болаларимизни ўйлаб¸ шундай қилсак яхши бўлади¸ деб ўйлабман¸ деди 55 та мактабдаги маънавият вазиятига масъул бўлган Дониëр Раҳмонов.

Андижон вилоят ХТБсининг “Ўқувчи рейди” ташаббусидан “хабари йўқ”!

Озодлик Андижон туманида 15 июль куни бошланган “Ўқувчи рейди”нинг вилоят кўламига ëйилган-ëйилмагани¸ унинг Ўзбекистон қонунчилигига қанчалик мос келишига муносабат сўраб¸ Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси билан боғланди.

Бошқарма бошлиғининг маънавият масалалари бўйича ўринбосари нафақат Андижон вилояти¸ балки Андижон туманида “Ўқувчи рейди” деган амалиëт бошлаш ҳақида буйруқ берилганини “мутлақо ëлғон хабар” деб атади.

Бундай бўлиши мумкин эмас. Кимдир сизларга ëлғон хабар юборган. Ҳозир ҳамма жойда карантин¸ уйдан чиқмаслик ўқитувчиларга ҳам тегишли. Вилоятда¸ хоссатан Андижон туманида бундай нарса йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”¸ деди вилоят мулозими.

Ўзбекистонда ўқитувчиларни ҳокимият¸ ички ишлар¸ МИБ¸ солиқ идоралари каби тизимлар ишини қилишга мажбурлаш йиллардан бери мавжуд муаммо.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўқитувчиларни таълим доирасига кирмайдиган ишларга мажбурлаш оқибатида таълим сифатининг ўта оғир аҳволга тушгани ҳақида тез-тез гапириб келади.

Аммо кейинги чиқишларида вазир ўқитувчиларни турли кўринишдаги мажбурий меҳнатга жалб қилинишини "уч йил олдин" ги тарих сифатида тилга олмоқда.

Хусусан¸ жорий йилнинг 7 июнь куни Халқаро Пресс-клуб Фарғонада ўтказган махсус матбуот йиғинида Шерматов¸ Фарғона вилоятидаги вазиятга тўхталиб¸ шундай деган эди.

Мана, ўқитувчилар билан гаплашдим — Фарғона вилоятида ўқитувчи уч йил олдин йилнинг 12 ойидан 6 ойида далада бўлган. Пахтада бўлган, чопиқда бўлган, бошқа ишларда... Фараз қилинг, ўқитувчи 6 ой далада бўлса, кўча супуришда бўлса, ташрифларда биринчи балогардон ўқитувчи бўлса, қанақа таълим сифати ҳақида гапириш мумкин?”

Халқ таълими вазирлиги сайтида келтирилган расмий статистикага кўра¸ 2019 ўқув йилида Ўзбекистондаги 9942 та умумий ўрта таълим мактабида жами 444 788 нафар ўқитувчи 6 119 440 нафар болага таълим бериш билан шуғулланган.

XS
SM
MD
LG