Линклар

Шошилинч хабар
11 август 2020, Тошкент вақти: 20:20

Вазир ўқитувчиларни таътилга чиқарди; маҳаллий тизимлар уларни ишлатиш йўлларини қидирмоқда (Янгиланди)


16 мартдан Ўзбекистон мактаблари коронавирус боис ëпилди.

Ўзбекистонда коронавирус тарқаши олдини олиш мақсадида ўқувчи ва ўқитувчиларга камида икки ҳафталик таътил берилди.

Озодликка келаëтган хабарларга кўра¸ маҳаллий ҳокимият тизимлари таътилга чиқарилганига қарамай¸ ўқитувчиларни таълим дастурига алоқадор бўлмаган ишларга мажбурламоқда.

Андижонлик ўқитувчиларга кўра¸ улар Андижонда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ташаббуси билан ташкил этилиши белгиланган мактабдан ташқари ўқув марказлари очишга¸ Марғилонда ИИБ буйруғи билан тунги навбатчиликка¸ Наманганнинг айрим туманларида эса¸ уйма-уй юриб ота-оналар билан суҳбатлашишга жалб қилинмоқда.

Бундай хабарларга муносабат билдиришни сўраб Халқ таълими вазирлиги мулозимларига Telegram орқали юборилган сўровга кун давомида жавоб бўлмади.

“Ҳокимликка ўқитувчининг таътилда ўтириши ëқмаяпти”

Озодлик билан 18 март куни гаплашган андижонлик айрим ўқитувчилар¸ Халқ таълими вазири томонидан таътилга чиқарилган ўқитувчиларга ҳокимлик вакиллари топшириқ беришда давом этаëтганини билдирди.

Ўқитувчига бевосита Халқ таълими вазирлиги томонидан берилаëтган топшириқлар ўринли ва уларга эътирозимиз йўқ. Лекин ҳокимликнинг бизга берадиган топшириқлари жонга теккан. Булар коронавирусниям¸ карантинниям тушунишмаяпти. Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бу йил 11 синфни битирадиганлар учун касб-ҳунар ўргатиш учун ўқув марказлари тузиш ташаббуси билан чиққан эди. Бошида¸ бу мажбурий дейилмаган эди. Шу ҳафтадан ўқиш марказлари иш бошлаши керак эди. Избоскан ҳокимлиги Халқ таълими бўлимига босим қилиб¸ таътилга чиқарилган ўқитувчиларни ишга чиқариш ва ўқув марказларини тайëрлашни буюрган. Болалар таътилда¸ ўқитувчи таътилда¸ атрофда карантин¸ булар ҳокимга бажардик¸ деган ҳисоб бериш учун 100 фоиз мажбурийликка ўтишган"¸ дейди шахси сир қолишини сўраган избосканлик ўқитувчи.

Ушбу мақола эълон қилингани эртасига Избоскан туман Халқ таълими бўлими мутасаддилари бу хабарга муносабат билдирди.

Озодликка юборилган расмий жавобда¸ жумладан шундай ëзилган:

"Избоскан туман хокимлиги томонидан халқ таълимига хеч кандай тазъйиқ , босим ўтказилмаётгани ёки мажбурият юклатилмаётгани,11-синф ўкувчиларига ўкув курсларида ўкишлари учун шароит яратишда мактаб ўқитувчиларидан фойдаланилмаганлиги,хокимликка бу юзасидан хеч қандай хисобот берилмаганлиги, буни бажаришдахеч киммажбур килинмаганлиги, мактабда хозирги кунда мактабдиректори,ўкув ишлар бўйича директор ўринбосари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, мактаб рухшунослари мехнат таътилида эмаслиги¸ улар билан ишлар ташкил қилинаётганлигива мактаб директорлари томонидан таътил вақтида ўқитувчиларни ишга жалб қилмаслик,ортикчавазифалар юкламаслик мазмунида кафолат хатлари олинганлиги тўғрисида маълум қиламан". (имло аслига кўра қолдирилди -таҳр.)

ИИБ тунги навбатчиликни коронавирус пайтида ҳам бекор қилмади

Озодликка Марғилондан боғланган ўқитувчилардан бири¸ туман ИИБ босими остида ўқитувчилар тунги навбатчиликка мажбурланаëтганини хабар қилди.

Мустақиллик¸ Янги йил ва Наврўз пайтида тунги навбатчилик деган нарса Каримов давридан бери бор. Фарғонанинг бошқа туманларидаги ҳамкасбларим билан гаплашсам¸ улар бу нарсанинг коронавирус учун тўхтатилганини билдирди. Лекин Марғилон ИИБ шаҳардаги 30 дан ошиқ мактабнинг таътилга чиқарилган ўқитувчиларига навбатчилик қиласан¸ деяпти. Икки ҳафталик график тузилган¸ ўша бўйича давом этади¸ дейилаяпти. Мактабда на ўқувчи¸ на ўқитувчи бўлмаса¸ қоровул бўлса¸ яна таътилдаги ўқитувчини тунда мактаб қўриқлатишда қандай мантиқ борлигини билолмаяпмиз”¸ дейди марғилонлик ўқитувчи.

Озодлик Марғилон шаҳар ИИБ билан 18 март куни боғлана олмади.

Коронавирусга қарамай¸ ўқитувчилар уйма-уй юрди

Озодликка Тошкент ва Намангандан боғланган ўқитувчилар¸ 17 март куни ўзларининг уйма-уй юриб¸ ўқитувчилар ва ота-оналар билан суҳбатлашиб чиққани билдирди.

Таътил 18 дан бошланди¸ 17 март ўқитувчиларга иш куни эди. Шундай бўлсада¸ коронавирус пайтида синф раҳбарларини уйма-уй юришга мажбурлаш нотўғри иш бўлди. Шахсан ўзим 12 та хонадонга кириб чиқдим. Коронавирус пайтида нима қилиш¸ масофавий таълим ҳақида ота-она ва болаларга тушунтириш беришимиз сўралди. Бунақа уйма-уй юришда касал тарқатиш ëки юқтириш эҳтимоли баландлигини маҳаллий раҳбарлар тушунмаяпти”¸ дейди наманганлик ўқитувчи.

Интернет суст районларда онлайн дарси тайëрлаш сўралмоқда

Озодликка ўқитувчиларга Наманган халқ таълими мулозими томонидан тарқатилган Telegram видеохабарини жўнатган бошқа бир наманганлик ўқитувчи¸ уни маҳаллий амалдорларнинг фавқулодда ҳолат пайтида ўзини кўрсатиш учун "қоғозбозлик пойгасига берилган старт"и деб баҳолади.

"Онлайн дарс тайёрлаб, каналга жойлаб, скриншот килиб, печат қилиб олиб борилмоқда. Халқ таълими вазирлиги умумий битта дарслик тайёрлагани эриняптими билмайман. Интернет зўр бўлса онлайн дарс ўтса бўлади. Интернет жуда пастку! Қишлоқ жойларда ҳаммадаям интернет йўқ¸ Телеграм йўқ. Видеода вилоят таълим мутасаддиси, шу тартибда ишланглар деяпти тумандаги метод раҳбарларига. Қилган ишингни тўплам қилиб чиқариб кел дейди. Яна ҚОҒОЗБОЗЛИК¸ КАРАНТИН ПАЙТИДА. Бу ерда муаммо, мутахассис бўлмаган одамдан видео дарслик тайёрлаш сўралмоқда. Видео дарслик тайёрлаш учун ҳеч бўлмаса озгина кўникма керакку!” дейди Намангандан хабар юборган бошқа бир ўқитувчи.

Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистонда “коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида” мамлакатдаги барча умумтаълим мактаб ўқувчилари учун 16 март кунидан таътил эълон қилди.

17 мартда эса, Таълим вазири Шерзод Шерматов 18 мартдан ўқитувчиларнинг ҳам камида икки ҳафталик пул тўланадиган таътилга чиқишини эълон қилди.

17 март кунги матбуот анжуманида Шерматов¸ таътил давомида мактабларда фақат директорлар, улар ўринбосарлари, психолог, фаррош ва қоровуллар ишини давом эттиришини таъкидлади.

Вазирлик сайтида эълон қилинган расмий хабарда¸"истисно тариқасида, таълим муассасалари ва ташкилотларида навбатдан ташқари белгиланадиган таътил кунлари ҳар йилги асосий меҳнат таътилининг давомийлигини тегишли муддатга қисқартириш ҳисобига қопланиши" билдирилди.

18 март куни Озодлик гаплашган ўқитувчилар¸ ўзларининг ҳозирги таътил пулининг 48 кунлик ëзги таътилдан чегириб қолинишидан огоҳлантирилаëтганини маълум қилди.

Шарҳларни кўринг (1)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG