Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:07

Бош прокурор: "Тез ёрдам"ни 15 дақиқада борадиган қиламиз! "Тез ёрдам"ларнинг бу ваъдани бажаришга кўзи етмаяпти


"Тез ёрдам" хизмати машинаси, июнь, 2020, Тошкент
"Тез ёрдам" хизмати машинаси, июнь, 2020, Тошкент

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев бундан буён 103 рақамига телефон қилинганида, банд бўлмайди ва “Тез ёрдам” хизматларининг узоғи билан 15 дақиқада етиб бориши таъминланади, деб ваъда қилди.

Президент 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия вазияти бўйича қилган селектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш тизимини танқид қилди. Йиғилишда Шошилинч тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб тушиш қийинлашиб кетгани, “Тез ёрдам” хизматлари кеч қолаётгани айтилди.

Тошкент шаҳридаги “Тез ёрдам” хизматлари эса, бугунги пандемия шароитида, Бош прокурор берган ваъдани бажариш учун қўшимча ходим, ресурснинг ўзи кифоя қилмаслигини айтмоқдалар.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги Шошилинч Тез тиббий ёрдам шохобчасидан олинган маълумотга кўра, бир кунда 600 тага қадар чақириқ тушмоқда ва бунча чақириққа 19 та машина хизмат кўрсатмоқда:

“Кечи билан 15 минутда етиб бориш мумкин, агар бизда бўш машина бўлса! Лекин, бизда бўш машина деярли бўлмайди. Ҳозир 600 та чақириқ ўртача – бир кунда! Кейин, машина бўлгандаям, ҳозир аксар шифохоналар ёпилган, машиналаримиз ярим соатлаб юриб, бошқа шифохоналарга олиб бораяпти беморларни. Шунинг учун “Тез ёрдам”ларимиз 1 соатлаб кеч қолиб кетаётган пайтлари ҳам бўлаяпти”, деди ушбу шохобчанинг навбатчи ходими.

Тошкентнинг бошқа бир неча туманларидаги “Тез ёрдам” хизматлари ҳам ҳозирда аҳолидан чақириқ кўпайгани, аммо беморларни қабул қиладиган шифохоналарнинг камайгани уларнинг ишини оғирлаштириб қўйганини айтмоқда.

Аксар шифохоналар фақат коронавирус беморларига ажратилгани, яна бир нечаси эса карантинга ёпилгани боис, бошқа касалликларга чалинган беморларни даволайдиган шифохона ўринлари ва ходимлари сон кескин камайгани кузатилмоқда.

Жумладан, Олмазор туманидаги шохобчалардан биридан олинган маълумотга кўра, шу кунда иситмадан шикоят қилаётган беморлар кўпайган:

“Ҳар доим ёзда бўладиган касалларимиз бор – терлаб келиб, музлатгичдан муздай сувни олиб ичиб қўйганлар, кондиционер тагида ухлаб қоладиганлар бўлади. Буни орқасида ангина бўлади, шамоллайди. Ич кетар кўпайган. Ёш болалар кўп оғрийди ёзда. Буларнинг устига ковиддан иситма қилаётганлар ҳам бор. Ҳозир чақириқ роса кўпайган. Қўрққанидан телефон қилиб чақирадиганларам кўп. “Тез ёрдам” борса, бутун уй иситмалаб ётган бўлади. Биз қўлимиздан келгани ошириб қилаяпмиз ҳозир. Лекин билмадим, 15 минутдан кеч қолмайдиган қилиш мумкинми -йўқми?!”

Пойтахтдаги Шошилинч Тез ёрдам хизматлари ходимларидан олинган маълумотларга кўра, COVID-19 эпидемияси кузатила бошлаганидан буён ходимлар ва тиббий ресурслар етишмовчилиги фавқулодда ошган. Бундан ташқари, сўнгги ҳафталарда касалликка чалинган ёки карантинга олинган ходимлар сони ҳам кўпаймоқда.

Шу боис, сўнгги пайтларда, Тошкентда тез ёрдам хизматлари кеч қолаётгани, айрим ҳолларда суткалаб кеч қолаётгани ҳақида Озодликка ҳам шикоятлар келиши кўпайган.

15 июль кунги селектор йиғилишида президент пандемия пайтида айнан Тошкент шаҳри ва вилоятидаги аҳволни кескин танқид қилди ва хусусан, “Тез ёрдам” рақамларига қўнғроқ қилиб тушиб бўлмаслиги, хизматларнинг кеч қолаётгани ҳақидаги аҳоли шикоятлари ҳақли экани ҳақида гапирди.

“Вирус юқтирганлар сони пойтахтда 4 минг 92 тани ва Тошкент вилоятида 1 минг 498 тани ташкил этмоқда. Бу бутун мамлакат бўйича касалларнинг 40 фоизи деганидир. Тошкент шаҳрида коронавирусдан ўлим сони ҳам кескин кўпайиб, 45 тага етган. Президент бундай ачинарли ҳолатлар аҳолининг ҳақли шикоят ва эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади”, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Йиғилишда президент, бу муаммоларни ҳал қилиш учун Республика махсус комиссиясига бу икки ҳудудда барча вазирлик ва идоралар, йирик тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат 24 соат ишлайдиган штаблар ташкил қилишга кўрсатма берди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги поликлиникалар ҳузуридаги мобил гуруҳлар сонини уч баробар кўпайтириш вазифасини юклади.

Бу йиғилишдан сўнг Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг маълум қилишича, безовта бўлаётган фуқаролар "103" рақамига мурожаат қилганида бандлик ҳолатига йўл қўймаслик ҳақида унинг идорасига махсус топшириқ берилган:

"Бундан буён ҳар бир фуқаромиз "103"га мурожаат қилганда, бандлик ҳолатлари, айниқса узоқ вақт банд бўлиш ҳолатларига мутлақо чек қўйилади. Иккинчи топшириқ – тез тиббий ёрдам хизматини яна кучайтириш. Бу борада тегишли малакали тиббиёт ходимлари, тиббий техника воситалари ва транспорт воситаларини янада кўпайтириш, аҳолига қулай тез ёрдам кўрсатиш вазифаси олдимизга қўйилди. Бундан буён 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда зудлик билан тез тиббий ёрдам автомашиналари тегишли ходимлар билан етиб бориши тўлиқ таъминланади", дейилади Бош прокуратура Телеграм саҳифасида эълон қилинган баёнотда.

Яъни, Н. Йўлдошев баёнотидан тушунилишича, Тошкент шаҳри ва вилояти, шунингдек, поликлиникаларидаги тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизматлари устидан махсус назорат прокуратурага ўтказилган.

Тошкент шаҳридаги оилавий полклиникалардан бирининг бош шифокори, шундай оғир шароитда, уларнинг устидан прокуратура назорати ўрнатилишига конкрет қандай муносабат билдиришга ҳайронлигини очиқ тан олди:

“Бир тарафдан назоратни қаттиқ ушлагани яхши, тиббиётчилар ҳушёр туради. Лекин, бошқа тарафдан ҳозирги шароитда тиббиёт ходимлари шундоқ ҳам 24 соат ишлаб етишолмаяптику?! Мени поликлиникам 30 минг аҳолига хизмат қилади, 1 та машина билан. Ҳозир COVID-19 енгил кечаётган беморларни тўлиқ бизга беришган. Кунига камида 40та чақириқ тушади. Кўпчилиги иситма, уларни уйига бориб хизмат қилиш керак. Хўп, 1 та машина билан биз қандай етишамиз?! Бунинг устига охирги бир ойда 6 та ходимим коронавирус бўлди, яна 3 таси бугундан уйида карантинда. Машина бўлса ҳам, врачларим йўқ. Мен қандай етишаман?!” дейди бош шифокор.

Исмини ошкор қилмаётганимиз шифокор 15 июль кунги селекторда уларга юкланган яна бир вазифани бажариш жуда оғирлигини тилга олди:

“Йиғилишда поликлиникалардаги мобил гуруҳлар сонини 3 баробарга кўпайтирилсин, дейилди а? Лекин, қўшимча ресурс биланмас, ҳозирги бори билан кўпайтирилсин, деди. Мен мобил группани бир амаллаб кўпайтирганим билан машина бўлмаса, қандай боришади? Транспорт йўқ шаҳарда. Мени поликлиникам қарайдиган маҳаллалар радиуси 5 километр. Пиёда боришяпти баъзи шифокорларимиз, аҳволи оғир доимий касалларимизнинг уйига, ўзингиз ўйланг! Шу кунгачаям роса катта нагрузка остида ишлаётган эдик. Энди камида прокуратура назорат қилади, деб дўқлаб туришса?! Хуллас, жуда жуда ҳайронман”.

Ўзбекистондаги “Тез ёрдам” хизматлари Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказига (ШЁКРИМ) бириктирилган.

ССВ расмий сайтида келтирилишича, ШЁКРИМ тизимида Республика илмий Маркази бош идораси, Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятдаги филиаллар (уларнинг ҳаммаси 13 тани ташкил этади) фаолият юритади.

Бундан ташқари, мамлакат бўйлаб 173 та аҳоли пунктида “103” рақами билан Шошлинч тез тиббий ёрдам шохобчалари бор. Шунингдек, “03” рақами орқали хизмат кўрсатадиган 189 та станцияга бириктирилган 1985 та тез ёрдам кўрсатиш бригадаси, шунингдек санитар авиация гуруҳи бор.

Расмий манбаларга кўра, Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига 23 нафар шифокор тўғри келади.

XS
SM
MD
LG