Линклар

Шошилинч хабар
07 август 2020, Тошкент вақти: 19:52

Беларус президенти сайлови арафасида журналистларга босим кучаймоқда


Минскда, Брест ва Гомель шаҳарларида юзлаб одам қўлга олинди ва ҳужумларга учради. Улар Озодлик радиосининг беш нафар мухбири ҳам бор.

Беларусда жорий ҳафтада мамлакат бўйлаб содир бўлган норозилик акцияларини ёритган камида 17 нафар матбуот ходими қўлга олинди. Фаоллар ҳамда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ОАВ ходимлари қўлга олинганини кейинги ойга белгиланган президент сайлови арафасида олиб борилаётган репрессия кампанияси ўлароқ баҳоламоқда.

14 июль куни Беларус Марказий сайлов комиссияси бир неча мухолифатчининг сайловда президентликка номзод сифатида қатнашиш тўғрисидаги аризасини қабул қилишдан бош тортди. Натижада мамлакат бўйлаб норозилик акциялари бошланиб кетди.

14-15 июль кунлари пойтахт Минскда ҳамда Брест ва Гомель шаҳарларида юзлаб одам қўлга олинди ва ҳужумларга учради. Улар Озодлик радиосининг беш нафар мухбири ҳам бор.

16 июль куни қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Беларусь расмийларини матбуот ходимларига «босим ўтказиш, қўлга олиш ва айблов қўйишни» бас қилишга чақирди.

Ташкилот билдирувида «Беларусь расмийлари сайлов бироз бўлса-да легитим кўрилишини истасалар, журналистларни қўлга олишни ва уларни жавобгарликка тортишни тўхтатишлари керак», дейилади.

Беларусда содир бўлаётган ҳодисаларни АҚШ ва Европа Иттифоқи танқид қилди. Кейинги йилларда Америка ва ЕИ Беларусда инсон ҳуқуқлари мунтазам равишда топталиб келинаётгани учун жорий қилинган санкцияларни юмшатган эди.

9 августга белгиланган сайловда 6-марта ўз номзодлигини кўрсатган жорий президент Аляксандр Лукашенка ғарб давлатлари танқидларини менсимай келади.

15 июль куни полиция Озодлик мухбири Антон Трафимовични қўлга олиб, калтаклади. Бунинг ортидан полиция ходимлари бурни синган мухбирни полиция автомобилига тиз чўккалатиб, кишанлаб қўйди. Пировардида полиция бўлимига олиб кетилган Трафимович ҳеч бир изоҳсиз қўйиб юборилди.

Ундан бир кун олдин Озодлик мухбирлари Алесь Пилецкий ҳамда Андрей Рабчик Марказий сайлов комиссияси қарорига бағишланган жонли эфир давомида полиция томонидан қўлга олинди ва бир неча соатдан кейин қўйиб юборилди.

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти вазифасини бажарувчи Дейзи Синделар билдирув эълон қилиб, «Ҳамкасбларимизга жонли эфир давом ҳужум қилингани ҳукумат мамлакатдаги ҳодисалар ёритилиши ҳамда аҳолига ишончли хабар етиб боришини тўхтатишга уринаётганига ҳеч қандай шубҳа қолдирмайди», деди.

Жорий йил Лукашенка учун мушкул бўлиши кутилмоқда. Беларусь коронавирусга чалиниш энг кўп қайд этилган Европа давлатларидан биридир. Жон Хопкинс университети маълумотига кўра, бугунга қадар мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони 65 мингдан ошиб кетди.

Лукашенка коронавирусни оммавий психоз дея таърифлаб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларини писанд қилмай келади. БМТ ва ғарб давлатлари эътирозларига қарамай, мамлакатда кейинги ойларда юзлаб фаол ва блогер қўлга олинди ва норозилик акциялари кескин куч ишлатиб бостирилди.

Ўтган ойда расмийлар рухсат берилмаган акцияларга қатнашган камида 14 нафар журналистни қўлга олди. Май ойида эса мухолифат номзодлари фаолиятини ёритган беш нафар журналист қўлга олинган эди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Беларус расмийларини репрессияни тўхтатиб, аҳолининг фундаментал эркинликларини ҳурмат қилишга чақирди.

XS
SM
MD
LG