Линклар

Шошилинч хабар
20 октябр 2020, Тошкент вақти: 03:07

Ҳоким касалхона қурамиз деб, 2 гектар саримсоқпиёзни буздирди. Касалхона қурилмади, деҳқон куйди (ВИДЕО)


Деҳқоннинг саримсоғи шунча бўлганда буздириб ташланган. Сурат Дилёр Аҳмаджоновнинг даласида олинган.

Тошкент вилоят, Зангиота туманида яшайдиган деҳқон Дилёр Аҳмаджонов 27 март куни туман ҳокимлиги буздириб ташлаган 2,1 гектар саримсоқпиёзи учун товон пулини ололмаяпти.

Бу ҳақда Озодликка арз қилган деҳқон Дилёр Аҳмаджоновнинг айтишича, у “Тошкент Агросаноат МЧЖ” билан қонуний шартнома тузган, бироқ туман ҳокими Абдуваҳоб Тамикаев у саримсоқпиёз эккан ерда коронавирус юқтирганлар даволанадиган касалхона қурилишини айтиб эканни буздирган ва ҳокимлик товон пули тўлайди, деб ваъда берган.

Деҳқоннинг айтишича, унинг ерида на касалхона қурилди, на товон пули берилди.

Дилёр Аҳмаджонов меҳнатидан ташқари 74 миллион сўмга куйиб қолганини иддао қилмоқда.

Зангиота туман ҳокимлигидан бу масалага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Зангиота туман ҳокими деҳқоннинг саримсоқ пиёзини буздирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:06 0:00

Зангиоталик 35 яшар деҳқон Дилёр Аҳмаджоновнинг айтишича, 2,1 гектардаги у қарийб олти ой парваришлаган саримсоқпиёз туман ҳокимининг қистови билан буздириб ташланган:

- Ўн йилдан буён бу ерга чорва озуқаси бўйича экин экардим. 2017 йилда президентнинг саримсоқпиёз экспортини кўпайтириш ҳақида қарори чиқди, ўшандан кейин ҳамма ташкилот бу экинни эка бошлади. “Тошкент Агросаноат МЧЖ” ҳам мен билан шартнома тузиб уч йилдан бери саримсоқ экиб келардим. Бу йил ҳам МЧЖ билан шартнома тузганман. 22 март куни Зангиота туманида коронавирусга касалхона қуриладиган бўлди. Сени еринг ҳам бузилади, бу ерга касалхона қурилади деб, ҳоким келди. Мен меҳнатим ва харажатимни ким тўлаб беради, деб қаршилик қилдим. Ҳоким 15 майдан кейин туман ҳокимлиги зарарингизни тўла қоплаб беради, бу президентнинг қарори, деди. Агар касалхона учун керак бўлса майли, деб розилик бердим. 28 март куни бульдозер олиб келиб, экинзорни текислаб ташлашди.

Дилёр Аҳмаджоновнинг“Тошкент Агросаноат МЧЖ” билан тузган шартномаси
Дилёр Аҳмаджоновнинг“Тошкент Агросаноат МЧЖ” билан тузган шартномаси

Дилёр Аҳмаджоновнинг айтишича, ҳокимлик ўз ваъдасида турмаган:

“Кейин акт қилиб берамиз деб ваъда берганди. Бир неча кундан сўнг далолатнома тузиб олиб келишди, унда туман ҳокими ўринбосари ва яна тўрт мулозимнинг имзоси бор. Аммо 15 май куни ҳокимнинг олдига борсам, у мени қабул қилмаяпти. Ҳеч ким мен билан учрашишни хоҳламаяпти. Президент девонига борсам, у ер ҳам карантин, порталга икки марта ёздим, жавоб йўқ”.

Саримсоқ майдонининг бузилганлиги ҳақида далолатнома
Саримсоқ майдонининг бузилганлиги ҳақида далолатнома

Деҳқон меҳнатидан ташқари 74 миллион сўмга куйиб қолганини айтади:

- Бола-чақам билан вагонда ётиб ишладим, олти ойлик меҳнатим самараси бўлган саримсоқнинг етилишига яна бир ой керак эди. Лекин ҳоким шошириб, буздириб ташлади. Увол бўлди. Борини териб ол, дейишди. Ўша кунлари карантин қаттиқ, улгуржи Қўйлиқ деҳқон бозори ҳам ишламас эди. Қўлимиздан келганча териб олдик, лекин ҳеч қаерга сотолмадик. Вагонимиз олдида шундай чириб кетди. Лекин энг ачинарлиси, мени еримга ҳеч нарса қурилмади. Ҳозир ҳам текислаб ташланганча ётибди.

Деҳқон даласига бульдозер солинган пайт.
Деҳқон даласига бульдозер солинган пайт.

Озодлик деҳқоннинг бу иддаоларига муносабат олиш мақсадида, Зангиота тумани ҳокимлигининг сайтида кўрсатилган рақамга кун давомида бир неча бор қўнғироқ қилди. Аммо телефон гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Экинзор бузилгани ҳақидаги далолатномага имзо чеккан туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ҳамидилло Абдисаломов эса Озодлик қўнғироқларига жавоб бермай, ўчириб қўяверди.

XS
SM
MD
LG