Линклар

Шошилинч хабар
07 август 2020, Тошкент вақти: 20:27

Қорақалпоғистонда экини сувсиз қолган аҳоли магистрал йўлни 5 соатга тўсиб қўйди (ВИДЕО)


А-380 магистрал йўлининг Беруний туманидан ўтадиган кесимида юзлаб машина беш соат тўхтаб қолди

Қорақалпоғистон республикаси, Беруний туманидаги Абай, Қуролпо, Олтинсой овулларининг қарийб беш юз нафар аҳолиси 20 июль куни туман ҳудудидан ўтадиган А-380 магистрал йўлини 5 соатга тўсиб қўйди.

Аҳоли бу билан туман ҳокимига қарашли шолизорларга сув берилиб, аҳолининг томорқаси эса, қовжираб қолаётганига норозилик билдирди.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, 20 июль куни соат 15 да туман ҳокими воқеа жойига етиб келган ва аҳоли билан музокарадан сўнг, сув берилишини ваъда қилган.

20 июль кечга бориб, аҳоли томорқаларига сув очилган.

Туман ҳокими Атабек Сапарбаев туманда сув тақчиллигини тан олар экан, унга қарашли шолипоялар борлигини инкор қилди.

Экини сувсиз қолган берунийликлар ҳокимдан норози бўлиб йўлни тўсди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:41 0:00

Воқеа жойидан видео олиб, Озодликка тақдим қилган берунийлик тадбиркор Қосимбой Ботировнинг айтишича, экинлари сувсизликдан қовжираб бораётган аҳоли ўз талабини ҳокимга етказиш мақсадида магистрал автомобил йўлини тўсишга мажбур бўлган:

Абай, Қуролпо, Олтинсой ОФЙлардан 500дан ортиқ одам чиқди.

- Ҳоким ўзининг шолисига сув очиб, халқнинг экинларига сув бермай қўйди. Халқнинг бошқа чораси қолмади. Кеча эрталабдан улар стихияли равишда Россияга олиб борувчи катта йўлга чиқиб, соат 11 ларда йўлни тўсиб қўйди. Абай, Қуролпо, Олтинсой ОФЙлардан 500дан ортиқ одам чиқди.

Қосимбой Ботировнинг айтишича, одамлар ҳоким сувни ўзига қарашли минг гектар ердаги шолини суғоришга ташлаганига норозилик билдирган:

Ҳоким ўзига тегишли шолини қариндош уруғлари номига эктирган.

- Одамлар ҳоким ўзига минг гектардан ортиқ ерга шоли эктириб қўйганини айтишди. Одамларнинг гапига кўра, ҳоким ўзига тегишли шолини қариндош -уруғлари номига эктирган. Барча сув шолига ташлангани учун аҳолига сув берилмаган ва халқ йўлни ёпишга мажбур бўлган.

Тадбиркорга кўра, туман ҳокими Атабек Сапарбаев воқеа содир бўлган жойга соат 15дан ўтганда келган:

- Ҳоким келиб халқ билан учрашди, сув беришга ваъда берди, кейин соат тўртларга яқин аҳоли йўлни очди.

Бу вақтда икки томондан юзлаб машина тиқилиб қолди.

Кечга бориб ҳоким насосларни қўштириб, аҳолининг томорқасига сув бера бошлади. Бу вақтда икки томондан юзлаб машина тиқилиб қолди.

Беруний тумани ҳокими Атабек Сапарбаев Озодлик билан суҳбатда, туманда бу йил сув тақсимотида муаммо борлигини айтди:

Бир-иккита ғаламислар халқни провокация қилганда.

- Ҳозир вегетация даврида бизда сув ҳаммага етмайди. Кўп сув далага етгунча тупроққа сингиб кетади. Амударёдан 25 километрдан етиб келгунча, бир нечта фермердан ўтади. Ўн кун олдин у жойга сув берилган эди. Бир-иккита ғаламислар халқни провокация қилганда! Кеча эрталаб сувни беринглар бу ёққа деб кетган эдим. Сув берилган, лекин бирданига етиб келмаган. Кеча халқ билан учрашдим, ҳаммасини тушунтирдим, халқ тушуниб тарқалди.

Атабек Сапарбаев унинг қариндошлари ва яқин одамлари минг гектардан ортиқ шоли эккан, деган иддаоларга муносабат билдирар экан, шундай деди:

- Мен ҳам асли берунийликман. Мисол учун синфдошим бор, қариндошларим бор. Истаган одамни фойдасига буриб қўйиши мумкин. Мана кузда шоли ўрилганда, ўша иддао қилганлар хирмон бошида турса, кимга қанча эканлигини кўрса, факт билан гаплашган маъқул. Туманда мени танишларим, туққан-туғишганларим бор, ўшалар шоли экса, мен уларга қўй экма, мен ишлаяпман, ҳокимман деб айта олмайманку?! Бир ярим йил давомида Нукусдан ҳам, Тошкентдан ҳам келиб текширишди, лекин ҳеч нарса чиқмади. Мен халқимга хизмат қиляпман, холос.

Ўзбекистонда ижтимоий муаммоларни маҳаллий ҳокимлар ҳал қилмагандан сўнг аҳоли автомобиль йўлини тўсиш ҳолатлари учраб туради.

Жумладан, 9 декабрь куни Хоразм вилояти, Шовот тумани, Чиғатой қишлоғининг бир гуруҳ аёллари туман ҳокимлиги биноси олдидаги йўлни бир неча соатга тўсиб қўйган эди.

Ўтган йилнинг 1 декабрь куни Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани Бўстон шаҳарчаси аҳолиси газ йўқлигидан норозилик билдириб, Ўзбекистон кўчасини бир неча соатга тўсиб қўйганди.

2019 йилнинг 26 июлида Хоразм вилоят, Урганч туман, Ашхобод кўчасида истиқомат қилган минглаб одам 26 июль куни кечаси Урганч-Ҳазорасп автомобиль йўлини тўсди. Одамлар ҳокимлик уйи бузилганларга товон пулини бермаётганига, қурилиш материаллари нархи ҳаддан ортиқ ошиб кетганига норозилик билдирган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG