Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2020, Тошкент вақти: 09:54

Амурдаги газ заводида содир бўлган исёнда иштирок этганликда айбланаётган 11 ўзбекистонлик ҳибсга олинди


Ўзбек ишчиларини ҳибсга олишга ОМОН, Росгвардия ва ФСБ махсус кучлари ташланди

Россия Тергов қўмитасининг Амур вилояти бўйича бошқармаси маҳаллий газни қайта ишлаш заводи қурилишида исён кўтарган ўзбекистонлик ишчилардан 11 нафарини қўлга олганини хабар қилди.

Ҳибсга олинганлар оммавий тартибсизликда иштирок этишда ва корхонага моддий зарар келтирганликда айбланмоқда.

Тармоқда пайдо бўлаётган хабарларда тартибсизликларга пудратчининг патент тўловлари эвазига иш ҳақи ушлаб қолингани сабаб бўлгани айтилмоқда. Амур вилоят прокуратурасига кўра, ишчилардан 14 миллион рубль ноқонуний ушлаб қолинган.

Тергов қўмитаси: "Тартибсизликда айбланиб 11 киши ушланди"

Амур вилоят Тергов бошқармаси Свободний туманидаги Renaissance Heavy Industries ширкатининг вақтинчалик вахта шаҳарчасида 13 июль куни кўтарилган оммавий тартибсизликларни уюштирганликда айблаб 11 ўзбек муҳожирини қўлга олганини расман эълон қилди.

Тергов қўмитаси сайтида 20 июль куни пайдо бўлган хабардан маълум бўлишича, ўзбекистонлик ишчилар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 212- моддаси, 2-қисми бўйича (“Оммавий тартибсизликларда иштирок этиш”) айбланмоқда.

2020 йилнинг 13 июлида Амур газни қайта ишлаш комплексининг Свободний шаҳарчасидаги қурилиш майдончасидаги офис бинолари, дўконлар ва алоқа воситалари салонларини вайрон қилишда энг фаол қатнашган 11 шахс ҳибс этилди. Тергов маълумотларига кўра, ишчиларга ўз вақтида иш ҳақини бермаслик факти аниқланмаган, тартибсизликларга Ўзбекистон Республикаси гражданлари ва пудратчи ташкилот раҳбарияти ўртасида ишчи патентлар учун ҳаражатларни қоплаш масаласида келиб чиққан можаро сабаб бўлган”, дейилади хабарда.

Амур вилоят прокуратураси: "Ишчилардан 14 миллион рубль ноқонуний ушлаб қолинган"

Мазкур ҳолат юзасидан Амур вилоят прокуратураси ҳам Жиноят кодекси 213-моддаси 2-қисми ("Безорилик") асосида иш очгани айтилмоқда.

Аммо, ўзбек ишчилари сўзларича, оммавий тартибсизликлар патентга тўланган пулни қайтариб олиш бўйича ишчилар ва пудратчи ташкилот раҳбарияти орасидаги зиддият асосида келиб чиққан.

14 июль куни Амур вилоят прокуратураси Renaissance Heavy Industries ширкати “Газпром”нинг хорижлик вахта ишчиларидан жами ҳисобда 14 миллион рубль ноқонуний тарзда ушлаб қолинганини тасдиқлади. Пудратчи прокурорларга бу пуллар муҳожирларнинг патент тўлови ҳисобига ушлаб қолинганини тушунтирган.

"Ваҳоланки, шартнома асосида у бундай қилишга ҳаққи бўлмаган. Renaissance Heavy Industriesга нисбан иккита маъмурий иш очилди. Ишчилар олдидаги қарз 15 июлгача тўланишига ваъда берилди", дея хабар қилди вилоят прокуратураси.

Завод ишчилари:"Патент тўловлари деб ойликларимиз ушлаб қолинган"

Baza Telegram-канали эса ўз манбаларига таяниб, аксар ишчиларга турли баҳоналар билан 3 ой давомида иш ҳақи тўланмасдан келганини хабар қилди.

Озодлик билан аноним тарзда суҳбатлашган завод ишчиларидан бири тўполон патент тўловларига ушлаб қолинган иш ҳақи масаласида келиб чиққанини тасдиқлади. У ҳозирда бошланиб кетган тергов-суриштирув давомида кўплаб ўзбек ишчилари бу масалада изоҳ беришдан тийилиб тургани, чунки ўнлаб мигрантлар ишдан бўшатилганини айтди. Суҳбатдош заводда 17 минг мигрант ишлаётгани ва уларнинг аксари Ўзбекистондан келганини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик олдинроқ хабар қилганидек, 13 июль куни ижтимоий тармоқларда махсус кийим-бошдаги ўнлаб киши тош отаётгани ва офислардаги жиҳозларни синдираётгани тасвирлан видеоёзувларда тарқатилди. Ёзувлардан бирида ОМОН келиб, йиғилганларни тарқатиб юборгани акс этган. Бошқа бир ёзувда эса Росгвардия вакиллари жунбушга келган муҳожирлардан қочаётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасининг Владивостокдаги Бош консули Рустам Исмоилов ҳам ҳодисани ўрганиш ва ўзбекистонликлар ҳуқуқини ҳимоя қилишни таъминлаш учун Амур вилоятига йўл олгани айтилган эди. Рустам Исмоилов Амур вилоят губернатори Василий Орлов , заводда ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар билан учрашгани маълум қилинди.

Амур Газни қайта ишлаш заводи Амур вилоятининг Свободний шаҳарчаси яқинида Газпром ширкати томонидан қурилмоқда.

Газпром “Сила Сибири-1” газ қувури орқали Сибирдан ташиётган газни бу заводда қайта ишлашга мўлжаллаётгани маълум. Путин маъмуриятининг кўз-кўз қилган “Шарқий газ дастури” (ШГД) асосида амалга оширилаётган бу лойиҳа 2025 йилда ишга туширилиши режалаштирилган.

Амур ГҚЗси лоийҳасига кўра, заводда йилига 42 млрд м3 таббий газ, гелий, метан, этан, пропан, бутан, пентан фракциялари ишлаб чиқарилади.

XS
SM
MD
LG