Линклар

Шошилинч хабар
15 август 2020, Тошкент вақти: 03:50

Озодлик Украина шарқида тузилган шафқатсиз «ҳарбий трибуналлар» аъзолари шахсини аниқлади


Игорь Стрелков деган лақаб билан танилган собиқ рус разведка зобити Игорь Гиркин.

Озодлик радиоси Украина шарқидаги Словянск шаҳрида бир неча «ҳарбий трибунал» ўтказиб, «айбдор деб топилганларни» қатл этган тўққиз кишининг еттитаси шахсини аниқлашга муваффақ бўлди.

Озодликка келиб тушган ҳужжатлардан бир неча шахснинг тақдирини Игорь Стрелков деган лақаб билан танилган собиқ рус разведка зобити Игорь Гиркин асос солган трибуналлар ҳал қилганини кўрсатади. «Айбланувчилар» совет диктатори Иосиф Сталин Иккинчи жаҳон уруши йилларида жорий этган қонун асосида «жавобгарликка тортилган».

Озодлик суриштирувига Гиркиннинг Словянск шаҳридаги хавфсизлик бўлими иморатидаги офисидан олинган ҳужжатлар, очиқ манбалардаги нашрларга таянган ҳолда ўтказилган тадқиқотлар ҳамда зўравонлик қурбони бўлгани иддао қилинган шахслар, гувоҳлар ҳамда қурбонларнинг оила аъзолари билан ўтказилган интервьюлар асос бўлди.

Гиркин билан трибуналларда ўтирган шахсларнинг бири Москвадаги ташкилот орқали Россия президенти Владимир Путиннинг энг яқин ҳамкорларидан бири, Кремлнинг Украина бўйича сиёсатини шакллантиришда муҳим роль ўйнаган Владислав Сурковга алоқадор эканлиги маълум бўлди.

Украина шарқидаги тўқнашувларда Гиркин россияпараст айирмачиларнинг муҳим қўмондони бўлган. 2014 йилнинг апрелида бошланган тўқнашувларда бугунга қадар 13 200 дан ошиқ киши ҳалок бўлди.

Украина ҳукумати Гиркьинни Россия ҳукуматининг жосуси деб атаб, уни уруш жиноятларига қўл уришда айбламоқда. Гиркин 2014 йилнинг августида қўмондонликни тўхтатган. Ўша пайтда у тўқнашувлар давомида жароҳат олгани хабар қилинган эди.

Гиркин Нидерландия терговчилари 2014 йилнинг 17 июлида Украина шарқидаги қишлоқ жойда Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH17 рейси учоғи уриб туширилишига алоқадорликда айблаётган тўрт шахснинг биридир.

Халқаро жиноят тергови гуруҳи MH17 рейси учоғи Россиянинг 53-зенит-ракета бригадасига қарашли «ер-ҳаво» таснифидаги «Бук» ракетаси билан уриб туширилган ва Россияга орқа қилувчи айирмачилар назоратидаги ҳудуддан учирилган, деган хулосага келди. Фожиада 298 нафар одам нобуд бўлди. Қурбон бўлганлар орасида 193 нафар Нидерландия фуқароси, шунингдек, 43 нафар малайзиялик ва 38 нафар австралиялик бор эди.

Озодлик Украина шарқида айирмачилар тузган ҳарбий трибуналлар ҳақидаги қўлга киритган янги маълумотлар Россия ҳамда Москва аскар, қурол-аслаҳа ва маблағ билан таъминлаб келаётган айирмачиларга қарши уруш жиноятлари ишлари учун қўшимча далил бўлди.

Расмий Киев Украинадаги судлар ҳамда Европа инсон ҳуқуқлари суди ҳамда Халқаро жиноят суди орқали Россия ҳукумати ва айирмачиларни жавобгарликка тортиш учун курашиб келади.

XS
SM
MD
LG