Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 20:10

Врачлар: Covid-19га қарши кураш стратегияси нотўғрилигидан соғлиқни сақлаш тизими ҳолдан тойиб қолди


Ўзбекистонлик тиббиёт ходими COVID-19 тести учун олинган намуналар билан ишламоқда,

Ўзбекистонлик шифокорлар COVID-19 инфекцияси учун ҳануз таҳлил топширолмагани ва шу аҳволда коронавирус юқтириб олгани гумон қилинган ёки бошқа беморлар билан мулоқотда ҳимоясиз ишлаётганини айтмоқда.

Озодлик гаплашган врачларга кўра, инфекция ёйилиши олдини олиш учун врач ва ҳамширалар ҳимоясини бугуноқ кучайтириш, уларга ёрдам берадиган кичик тиббиёт ходимлари сафини кенгайтириш зарур.

Врачлар хавотирига кўра, коронавирусга тест олиш тизимини Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги (СЭОА) ваколатидан чиқариб, таҳлил олишга ваколатли муассасаларни кўпайтириш, натижага кўра, беморларни уйида даволаш чораларини кучайтириш лозим.

Озодлик, COVID-19 инфекцияси ёйилиб бораётган бир пайтда, унга қарши юзма-юз курашаётган бир неча шифокорнинг аҳволига оид таҳлил ва таклифларини жамлади.

(Эслатма: Ўзбекистонлик шифокорларнинг аксари, ўз раҳбарияти томонидан COVID-19 эпидемияси билан боғлиқ маълумотларни жамоатчиликка очиқламаслик ҳақида кўрсатма олгани боис, исми очиқланмаслигини сўрамоқда. Шу боис, Озодлик гаплашган шифокорларнинг исми, аниқ иш манзили очиқланмаётир)

Пульмонолог: вирус йўлидаги биринчи тўсиқ - қуйи бўғин тиббиёт ходимларини кўпайтириш лозим!

Тошкент вилоятида ишлайдиган пульмонолог врачнинг айтишича, шу кунда коронавирусни юқтириб олгани аниқланган ёки юқтириб олгани гумон қилинган хасталар билан ишлайдиган кичик тиббиёт ходимлари, ҳамширалар, фельдшерлар ва умумий амалиёт шифокорлари етишмаётир.

Врачга кўра, иситмадан азоб чекиб, уйида тиббий ёрдамсиз қолиб кетган хасталарга илк ёрдам - уларнинг ҳарорати, қон босимини ўлчаш ва тест учун суртма олишдан бошланади.

Врачнинг таъкидлашича, айнан шу илк босқичга масъул бўлган - оилавий поликлиника ва СЭОМ ходимлари жуда оз, бори ҳам ҳануз етарли даражада ҳимояланмаган.

"Аҳоли биринчи борадиган жой қаер? Поликлиника. Кўп поликлиникаларда ковидга подозрение бўлган беморларни қабул қилиб оладиган ходимлар - кичик тиббиёт ходимлари ва ҳамширалар етишмаяпти, врачлар касал ёки ёзги таътилда. Тошкентдаги кўп поликлиникалар 70 фоиз, баъзилари 50 фоиз ходим билан ишлаяпти. Ўзи аввал ҳам уларда тиббий ходимлари етарли бўлмаган. Ҳозир энди жуда камайди. Кейин иш бошидан нотўғри ташкил қилинди - айнан шу ходимлари ҳимоя қилинмади. Ҳозир ҳам иш нотўғри қилиняпти - вирусни юқтириб олганлар доктор излаб, даъво излаб поликлиникага боряпти - вирусни шу ходимларга юқтиряпти, улар ҳалиям етарли даражада ҳимояланмаган", деди тошкентлик пульмонолог.

Шифокорга кўра, вирус тарқалишини тўхтатадиган иккинчи жиддий бўғин - коронавирус учун тест таҳлиллари билан ишлайдиган СЭОА ташкилотлари ҳам қарийб ярим қувват билан ишламоқда:

"СЭОА тизими 50 фоизга чарчаган, десам бўлади. Ходимларининг кўпига вирус юқиб бўлди. Аслида асосий муаммо шу ерда: вирусни аниқлаб, уни изоляция қиладиган тизим ярим қувватга тушиб қолган. Зудлик билан одамлардан суртма олиб, лабораторияга етказадиган ходимлар ва лабораторияларни кўпайтириш керак. Тестни олиш, натижасини тасдиқлаб бериш ҳафталаб чўзилмаслиги керак. Бунинг учун тест олиш ва натижасини тасдиқлашни СЭОАнинг монополиясидан чиқариш керак".

Бу пульмонологнинг Озодликка айтишича, беморларнинг аҳволини тезда аниқлаб, натижга кўра ажратиб, даволайдиган марказларни фақат Тошкентда эмас, вилоятларда ҳам очиш керак.

"Мана ҳозир Тошкент шаҳрида шунақа марказлар очилди. "Тез ёрдам"га телефон қилиши билан бемор олиб келиняпти, ўша ерда аҳволини аниқлаб, изоляцияга олиняпти, вирус йўқ бўлса, бошқа касалхоналарга юбориляпти. Фақат бу марказлар қуввати ҳали жуда оз. Вилоят ва туман марказларида ҳам, СЭОАга қараб ўтирмасдан, тестни олиб, натижасини тезда чиқариб, беморларни тезда тақсимлайдиган марказларни очиш керак, қанча тез бўлса, шунча яхши. Чунки, ҳозир мана ўткир респиратор касалликлар тарқала бошлади. Пневмония қўшилди. Ичкетар кўпайди болалар орасида. Улар ҳам тез ёрдамсиз қолиб кетмаслиги керак."

Бу врачнинг кузатувича, Тошкент вилоятида пневмонияга чалинаётган беморлар кўпайиб бормоқда. Врач, гарчи коронавирус аниқланмаётган бўлсада, бу касалликни ҳам COVID-19 инфекцияси қўзғамоқда, деган хулосада эканини таъкидлади.

Терапевт: врач ва ҳамширалардан ҳалигача тест олинмади!

Фарғона вилоятининг Тожикистонга чегарадош туманидаги тиббиёт бирлашмасида терапевт бўлиб ишлайдиган шифокорнинг айтишича, у ҳанузгача COVID-19 инфекцияси учун тест топширмаган.

"Бизнинг туманда 220-240 атрофида врач бор. Кимдир ўз ихтиёри билан вилоят маркази ёки Тошкентга бориб, тест топширган бўлса бордир, лекин биздан ҳалигача тест олингани йўқ. Биз ҳар куни аҳоли билан мулоқотдамиз. Биринчи навбатда, тиббиёт ходимларининг ўзи ташувчи бўлиб қолмаслиги керак".

Врачнинг айтишича, у ишлайдиган туманда 115 минг атрофида аҳоли бор ва агар аҳвол оғирлашса, шифокор ҳамда бошқа тиббиёт ходимлари етишмаслиги мумкин.

"Ҳозирча бизда тиббиёт ходимлари етади. Ҳамма тиббиёт ходимлари COVID-19 инфекциясини даволаш методикаси бўйича онлайн курс оляпти. Лекин, агар Тошкент вилоятидаги аҳвол бизга келиб қолса, бизда ҳам ходимлар етишмовчилиги бошланади. Чунки, битта врач битта беморга ўртача ярим соат сарфлайди. Агар чақириққа чиқса, 1 соатам кетади - озда".

Бу врачдан олинган рақамлардан келиб чиқилса, 115 минг аҳолиси бўлган туманда 220 нафар врач бор - тахминан, 500 кишига 1 врач тўғри келмоқда.

ССВ берган сўнгги расмий рақам - 2018 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига ўртача 23 шифокор тўғри келади.

Қиёс учун: ҳар 10 минг киши учун Қирғизистонда 22, Қозоғистонда 40, Грузияда 78 шифокор тўғри келади. Ҳар 10 минг киши учун 23-22 нафар шифокор кўрсаткичи Европа давлатларидаги ҳозирги ўртача кўрсаткичдан 1 ярим 2 баробарга оздир.

Шунингдек, бу врач карантин чораларини кучайтирилган ҳолда ушлаб туриш керак, деб таъкидлади:

"Бизда ҳали аҳоли орасида касаллик ўчоқлари йўқ, ҳисоби. Ҳозирча коронавирус жуда кенг ёйилиб кетмади. Лекин, Тошкент вилоятидан келганлар ҳисобига, мана охирги ҳафталарда кўпайиб қолди ҳолатлар. Шунинг учун, ҳозир карантинни кучайтириш керак. Аҳолини ўзини яккалаш тизимига ўтказиш керак".

"Тез ёрдам" врачи: СЭОА бўлимларида етишмаётган тест тизимларини хусусий клиникалар қаердан олмоқда?

Тошкент вилоятидаги "Тез ёрдам" хизматида 8 йил врач бўлиб ишлаганини айтган шифокорга кўра, яна бир жиддий функционал хато - COVID-19 инфекциясини аниқлаш тизимига жалб қилинган хусусий клиникалар ишининг нотўғри ташкил қилинганидир.

Врач биринчи навбатда хусусий секторда бемалол етишаётган тест тизимлари нега ССВ лабораторияларида етишмаётир, деган саволни ўртага ташлади:

- Мен учун шу саволнинг жавоби қизиқ. Оиламдан 4 киши коронавирусга чалиндик, мен ҳам касал бўлдим. 5 июлда тест топширдик. 20 июлда СЭС ходимлари келиб: "Таҳлиллар яроқсиз бўлиб чиқди", деб яна тест олиб кетди. 27 куни жавоб келди - позитив - бизда коронавирус аниқланди. 22 кундан кейин билдик. Хусусийга борсангиз, 1 кунда натижаси чиқади. Нима учун система бундай йўлга қўйилган? Бу жуда нотўғри ечим.

Шунингдек, бу врач хусусий клиникалар коронавирус юқтиргани гумон қилинган кишиларнинг уйига бормаслигига эътибор қаратди:

- СЭС сизни текшириши учун сиз уни ҳафталаб уйда кутасиз. Сабаби - вирусни кўчада юқтирмаслигингиз керак. Хусусий лаборатория текшириши учун хаста одам ўзи бориши керак. Сабаби - улар ҳаётини хавфга қўйиб, уйингизга келмайди. Қани бу ерда мантиқ? Шунақа оддий мантиқсиз қадамлар - бугунги аҳволга сабаб бўлди. Аслида ҳаммаси оддий бўлиши керак.

Бу врачнинг таъкидлашича, коронавирусга қарши кураш доирасида ССВ кўрган шундай хато чора-тадбирлар, биринчи навбатда, ССВ тизимидаги қуйи бўғин шифокорлари ва ходимларининг ўзини хавф остида қолдирган ва ҳануз бу хавф мавжуд.

Бу врач ҳам илк босқичда коронавирусни аниқлаш ва касалларни тўғри тақсимлаб, дарҳол даволашга киришиш лозим, деб хулоса қилди.

Қуйида бу врач билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:25 0:00
Бевосита линк

27 июль соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 20 952 нафарга етди, тузалганлар 11 245 нафар, 119 бемор вафот этган. Аммо, норасмий манбалар, асл рақамлар бундан баландлигини қайд этмоқда.

Ўзбекистонда карантин 15 августгача узайтирилди, мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда. Оммавий тадбирлар тақиқланган.

Дунёда вирусдан ўлганлар 649 минг, юқтирганлар 16 млн 284 мингдан ошди: АҚШ (4,234 млн.), Бразилия (2,419 млн.), Россия (818 минг), Қозоғистон (83 минг), Қирғизистон (33 минг), Тожикистон (7 минг), Туркманистон (0).

Бошқа маълумотларни қуйидаги жонли блогда ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG