Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:55

Коронавирус инфекциясининг олти тури аниқланди


Британиялик олимлар беморлардаги COVID-19 инфекциясини қайд этувчи илова ёрдамида тўпланган маълумотларни ўрганиб чиқиб, коронавирус инфекциясининг ўзига хос аломатларга эга олти тури борлигини аниқлади.

Тадқиқотни ўтказган Қироллик коллежи ходимлари инфекция турлари билан касаллик қандай кечиши ва шифохонага ётқизилган бемор сунъий нафас олдириш мосламасига уланиши эҳтимоли ўртасида боғлиқлик борлигини кузатдилар.

Тадқиқот натижалари пандемиянинг келажакдаги тўлқинларида шифокорларга қайси беморлар энг катта хавф остида эканлигини ва шифохонага ётқизилиши керак бўлишини башорат қилишда қўл келиши мумкин.

Тадқиқотга етакчилик қилган олимларнинг бири доктор Клер Стивз:

- Агар беморларнинг беш кундан кейинги аҳволини башорат қила олсангиз, уларга ёрдам кўрсатишни ҳамда қондаги кислород ва шакар миқдорини кузатиш, улар етарлича суюқлик ичишини таъминлаш каби дастлабки интервенцияларни бошлашингиз мумкин, - деди.

Илова ёрдамида беморларда йўтал, юқори тана ҳарорати ва ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши каби энг муҳим уч аломатдан ташқари бош оғриши, мушаклар оғриши, чарчоқ, ич кетиши, эсанкираш, иштаҳа йўқолиши ҳамда нафас олишга қийналиш каби аломатлар кузатилаётгани қайд этилган.

Турли беморларда турли аломатлар қайд этилган: айримларда касаллик гриппга ўхшаш аломатлар ёки аллергия билан кечган бўлса, бошқаларда ўткир аломатлар пайдо бўлган ва натижада бемор нобуд бўлган.

Тадқиқот натижалари 16 июнь куни онлайн эълон қилинди. Унинг натижаларини тадқиқотга алоқаси бўлмаган олимлар тақриз қилгани йўқ. Мақолада COVID-19 инфекциясининг қуйидаги олти тури ёритилди:

1. Гриппга ўхшаш ва юқори тана ҳароратисиз: касалликнинг мазкур турига чалинган беморда инфекция бош оғриши, ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши, мушаклар оғриши, йўтал, томоқ оғриши, кўкрак оғриши билан кечади, аммо тана ҳарорати кўтарилмайди.

2. Гриппга ўхшаш ва юқори тана ҳарорати билан: бош оғриши, ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши, йўтал, томоқ оғриши, овоз хириллаб қолиши, юқори тана ҳарорати ва иштаҳа йўқолиши кузатилади.

3. Ошқозон-ичак тракти: бош оғриши, ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши, иштаҳа йўқолиши, ич кетиши, томоқ оғриши, кўкрак оғриши билан кечади, аммо йўтал кузатилмайди.

4. Биринчи даражали ўткир (чарчоқ билан): бош оғриши, ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши, йўтал, юқори тана ҳарорати, хириллаб қолиш, кўкрак оғриши, чарчоқ билан кечади.

5. Иккинчи даражали ўткир (эсанкираш билан): эсанкираш, бош оғриши, ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши, иштаҳа йўқолиши, йўтал, юқори тана ҳарорати, хириллаб қолиш, кўкрак оғриши, чарчоқ, мушаклар оғриши каби аломатлар кузатилади.

6. Учинчи даражали ўткир (қорин ва нафас олиш йўллари касалланади): бош оғриши, ҳид билиш қобилиятининг йўқолиши, иштаҳа йўқолиши, йўтал, юқори тана ҳарорати, хириллаб қолиш, томоқ оғриши, кўкрак оғриши, қувватсизлик, эсанкираш, мушаклар оғриши, нафас олишга қийналиш, ич кетиши ҳамда қорин бўшлиғи оғриши каби аломатлар билан кечади.

Тадқиқот муаллифларига кўра, инфекциянинг 4,5 – 6- даражадаги типларига чалинган беморларнинг шифохонага ётқизилиш эҳтимоли ҳамда вентиляторга уланиш эҳтимоли юқори эканлиги аниқланган.

XS
SM
MD
LG