Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2020, Тошкент вақти: 11:20

Ўзбекистон хабарлари

Straus House раҳбари 9 йилга қамалди

"Straus house" таъсисчиси Иброҳим Исроилов 2019 йил 27 сентябрь куни ҳибсга олинганди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судланувчилар Straus House МЧЖ муассиси Иброҳим Исроилов, директор А. Махмуталиев, директор ўринбосари Д. Қутпиддинов бош ҳисобчи О.Саидовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилган.

Суд ҳукмига мувофиқ, И. Исроилов Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир қанча моддаси билан айбдор деб топилган ва узил-кесил ўташ учун 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

ЖКнинг 4 моддаси бўйича айбдор топилган А. Махмуталиев 7 йилга, Д. Қутпиддинов эса 8 йил 5 ой 26 кун муддатга озодликдан маҳрум этилган, О. Саидовга эса 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Судланувчилар И. Исроилов, А. Махмуталиев, Д. Қутпиддинов ва О. Саидовлардан тегишли тартибда давлат фойдасига 222 миллион 386 минг 43 сўм ундирилиши белгиланган.

Шунингдек, И. Исроиловдан “EZOZ MAX” ва “СFS MAX” МЧЖларнинг фаолияти юзасидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши қайд этилган.

Жиноят иши юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг АТИБ “Ипотека банк” Меҳнат филиали ҳисоб-рақамида сақланаётган ҳамда хатланган Покистон Ислом Республикасининг “Chemikals & Marbels Lahore Pakistan” компаниясига туяқуш жўжаларини сотиб олиш мақсадида шартномага асосан кўчирилган 1 миллиард 854 миллион сўм миқдоридаги пуллар тегишли тартибда етказилган моддий зарарларни қоплашга пропорционал тартибда қаратилиши белгиланган.

И. Исроилов 27 февраль кунги маҳкамада Исроилов журналистларга интервью бериб, тергов жараёнида терговчилар ундан 1 миллион АҚШ доллари талаб қилгани, тазйиқ ўтказганини иддао қилганди.

Тергов гуруҳи бу иддаоларни туҳмат дея атаб, бунинг учун Исроилов қонун олдида жавоб беришини маълум қилишган.

Ўзбекистондаги етакчи интернет нашрларида ўзини “ëш миллиардер” ва “йирик ишбилармон” сифатида тақдим этиб келган Иброҳим Исроилов Жанубий Африкадан туяқуш импорт қилиб, Ўзбекистонда туяқушчиликни ривожлантириш, бу иш билан шуғулланувчиларни бой қилишни ваъда қилган эди.

Туяқуш пулини олдиндан тўлашни талаб қилган “Straus House”га ишониб¸ миллионлаб сўм бериб на туяқуш¸ на пулини ололмаганлар ширкат раҳбарларини жазолаш талаби билан давлат идораларига гуруҳ бўлиб шикоят қилган.

Хусусан¸ ўтган йил 8 октябрида бу ширкат чув туширган 30 га яқин фермер Ўзбекистон президенти Халқ қабулхонаси олдида тўпланиб¸ туяқуш жўжалари учун тўланган миллионлаб сўм пулларини қайтаришда ëрдам сўраган эди.

И. Исроиловга оид бўлган "E'zoz Max" хусусий бандлик агентлиги ҳам, иддаоларга кўра, одамларни БААнинг еттита йирик шаҳрига ойига 5 минг долларлик маошли ишга юбориш ваъдаси билан ҳар биридан 799 минг сўм миқдорида ҳақ олган, аммо ваъда қилинган муддат якунига етганига қарамай, ҳеч кимни ишга юбормаган.​

Кун янгиликлари

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев тирик эканини билдирди

Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг ўлдириб кетилгани тўғрисидаги хабарлар ёлғон эканини билдирди.

“Бўлаётган ҳавотирли қўнғироқларни инобатга олиб, мен билан ҳаммаси жойида эканлиги ва ҳеч ким жонимга қасд қилмаганлигини маълум қилмоқчиман.Умид қиламанки, бундан кейин ҳам ҳеч ким бундай қилмайди”,-деб ёзди депутат ўз Телеграм каналида.

Расул Кушербаев асоссиз ҳавотирларнинг олдини олиш мақсадида барча блогерлардан ахборот тайёрлаш ва тарқатишда ахборотнинг мазмуни, матни ва тасвирлари бир бирига мос бўлишига эътибор қаратишга чақирган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда айрим блогерлар Расул Кушербаевнинг жонига қасд қилингани тўғрисидаги хабарларни тарқатгани кузатилган эди.

Расул Кушербаев Ўзбекистондаги воқеаларга ижтимоий тармоқлар ва матбуотда фаол муносабат билдириб келади.

Давлат мулклари, жумладан, газета, нашриёт ва журналлар хусусий секторга сотилади

Давлат активларини сотиб олувчилар мулк ҳаққини бўлиб тўлаши мумкин.

Адлия вазирлигининг билдиришича, “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

Мазкур фармонга асосан 32 та йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари трансформация қилинади. 15 та давлат кўчмас мулк объектлари хусусий секторга сотилади.

Бундан ташқари 274 та давлат улушлари бор корхона, 109 та газета, нашриёт ва журналлар, 26 та ахборот технологиялари корхоналари ва компьютер хизматлари кўрсатиш марказлари, 27 та хусусий сектор ривожланган соҳадаги тиббиёт муассасалари, 12 та ёғ-мой саноати корхоналари, 31 та виночилик тармоғи ва шароб савдо корхоналари тўлиқлигича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилиши белгиланди.

Давлат активларини сотиб олувчилар тўловларни қонунчиликда белгиланган тартибда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти асосида амалга ошириши мумкин бўлади.

Коронавирусга чалинганлар сони 66 мингга яқинлашди

27 октябрь куни коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир сутка ичида 277 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан 27 октябрь ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 65 944 нафарга етди.

Хабарда таъкидланишича, беморлардан 63 165 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 223 нафар бемордан 274 нафари оғир, 74 нафари эса ўта оғир аҳволда.

27 октябрь куни коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этиб, жами кўрсаткич 556 нафарга етди.

Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида Ўзбекистон консулхонаси очилди

Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳрида 27 октябрь куни Ўзбекистон Бош консулхонасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.

Мазкур Бош консулхона округига Гуандун, Фуцзянь, Хунань, Хайнань провинциялари ҳамда Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном тумани киради.

Консулхона очилиш маросимида йирик саноат, молия ва транспорт маркази бўлган Гуанчжоу шаҳри минтақалараро алоқаларни ривожлантириш, савдо, иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари сингари ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг мустаҳкамланишида жуда муҳим ўрин тутиши қайд этилган.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳам ўтказилган.

Мирзиёев Туркия мудофаа вазири билан ҳарбий ҳамкорлик масаласини муҳокама қилди

Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акар (ўнгдан иккинчи) Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қабулида (president.uz фотоси).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни Тошкентга ташриф буюрган Туркия мудофаа вазири Ҳулуси Акарни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Ш. Мирзиёев қабул чоғида туркиялик меҳмонни самимий қутлаб, “кўп асрлик дўстлик ва биродарлик ришталарига асосланган ҳамда кейинги уч йилда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган Ўзбекистон-Туркия стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан” қайд этган.

Ўз навбатида Ҳулуси Акар Ўзбекистон президентига туркиялик ҳамкасбининг эзгу тилакларини етказган.

Учрашувда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари кўриб чиқилган ҳамда кейинги йилларда мудофаа соҳасида амалга оширилган қўшма тадбирлар якунлари сарҳисоб қилинган.

Ўзбекистон ва Туркия мудофаа идоралари ўртасида ўрнатилаётган амалий ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари сифатида ҳарбий кадрларни ўқитиш бўйича дастурларни амалга ошириш, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, қўшин бўлинмаларини тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш белгиланган. Шунингдек, минтақадаги замонавий хатарлар ва хавфсизликка таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

The Muslim 500: Муфтий Усмонхон Алимов яна жаҳоннинг энг нуфузли 500 мусулмони рўйхатида

Ўзбекистон бош муфтийси Усмонхон Алимов.

Уммондаги Қироллик Исломий стратегик тадқиқотлар маркази томонидан 2009 йилдан бери эълон қилиб келинаётган “Жаҳондаги энг нуфузли 500 мусулмон” рўйхатидан Ўзбекистон бош муфтийси Усмонхон Алимов бу йил ҳам жой олди. У мазкур рўйхатга ўн биринчи марта киритилмоқда.

The Muslim 500”нинг бу йилги рейтингида биринчи ўринни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эгаллаган. Ўтган йили президент Эрдўғон мазкур рўйхатда 6-ўринда эди.

Дунёдаги нуфузли мусулмонлар рўйхатида иккинчи ўринга Саудий Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз, учинчига эса Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Али Хоманаий қўйилган.

Жаҳондаги нуфузли 500 нафар мусулмон қаторида бу йил Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон ва Чеченистон президентлари ҳам саналган, бироқ Ўзбекистон президенти номи рўйхатга қўшилган эмас.

“Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” ходимлари ёппасига ишдан бўшатилмоқда

“Хоразм шакар” заводи.

Ўзбекистондаги икки йирик шакар ишлаб чиқарувчи - “Ангрен шакар” ва “Хоразм шакар” заводлари шу кунда ўз ходимларини ёппасига ишдан бўшата бошлаган. Бу ҳақда ЎзА "Ангрен шакар" МЧЖ матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, ҳозиргача 130 нафардан зиёд ходим ишдан бўшатилган. Маълумотларга кўра, йил охиригача икки завод деярли барча ишчисини ишдан бўшатишни мўлжаллаган. Бунинг натижасида 2 мингдан зиёд ходим ишсиз ва даромадсиз қолиши мумкин.

Бразилиядан импорт қилинадиган шакарқамишга қарам бўлган бу иккала корхона шу йил 4 июлидан бошлаб “хомашë таъминотидаги узилиш" важидан ишлаб чиқаришни тўхтатган эди.

Шакар заводи ишчилари Ўзбекистон президентининг 3 апрелдаги фармони билан тайëр шакар импортининг йил охиригача барча бож ва солиқлардан озод этилгани, импорт хомашëга эса бундай имтиëз берилмагани ўзларини касод қилганини айтиб келмоқда.

Шакар бозоридаги вазиятдан яхши хабардор мулозим эса Озодлик билан суҳбатда бу ҳужжат ортида янги шакар монополистлари ва уларнинг лоббичилари турганини иддао қилганди.

9 ойда қарийб $110 млнлик автомобил экспорт, қарийб $350 млнлик импорт қилинди

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистондан хорижга 108,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги 11 минг 135 дона енгил автомобил экспорт қилинган.

Давлат статистика қўмитаси мулозимлари маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,1 миллион АҚШ долларига ёки 47,9 фоизга кўпдир.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни энг кўп Қозоғистон (8 985 дона) сотиб олган. Қозоғистондан ташқари (91,7 миллион АҚШ доллари) ўзбек автомобиллари Озарбайжон (6,2 миллион доллар), Украина (5,7 миллион доллар), Россия (2,2 миллион доллар), Тожикистон (1,1 миллион доллар) ва бошқа давлатларга (1,3 миллион доллар) экспорт қилинган.

Айни пайтда, Давстатқўм қайдича, 2020 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонга 349,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги 20 минг 482 дона енгил автомобил импорт қилинган.

Кейинги икки йил давомида электр нархини оширмаслик режалаштирилди

Ўзбекистонда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори.

Ўзбекистонда 2021-2022 йилларда электр энергияси нархи оширилмаслиги кутилмоқда. Бу ҳақда“Ўзбекистон 24” телеканали 26 октябрь куни «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раиси Улуғбек Мустафоевга таянган ҳолда хабар берди.

«Президентимиз 2021-2022 йилларда электр энергияси тарифларини оширмасликни бош масала қилиб қўйдилар», - деб билдирди Улуғбек Мустафоев.

Унга кўра, энергетика тизимини модернизация ва реконструкция қилиш тарифларни ошириш орқали эмас, балки таннархни пасайтириш ҳисобига амалга оширилади.

26 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилгани хабар қилинган эди.

Йиғилишда президент бугунги кунда Ўзбекистонда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори эканини қайд этган.

Ўртача ойлик иш ҳақи ўсишдан тўхтади - Статистика қўмитаси

Январь—сентябрь ойларида ўртача маоши 1 миллиондан кўп бўлганлар 40 минг кишига кўпайди.

Ўзбекистонда ўртача ойлик маоши 1 миллион ва 5,5 миллион сўмдан кўп бўлганлар сони кўпайди, бироқ ойлик иш ҳақи деярли ўсишдан тўхтади. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг навбатдаги ҳисоботида маълум қилинди.

Январь—сентябрь ойларида ўртача маоши 1 миллиондан кўп бўлганлар 40 минг кишига кўпайди ва 1 миллон 770 минг кишини ташкил қилди.

2019 йилда 5,5 миллион ва ундан кўп ойлик оладиганлар сони 184 858 кишини ташкил қилган бўлса, 2020 йилнинг 9 ойида улар сони 239 553 кишига етди.

Юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг 41,5 фоизи 1,3 миллион сўмдан 2 миллион сўмгача ойлик олган. Ишчи-ходиларнинг 15,4 фоизига 2 миллиондан 2,7 миллион сўмгача ўртача ойлик тўланган.

Ишчи-ходимларнинг 17,5 фоизига эса 679,3 минг сўмдан 1,3 миллион сўмгача номинал иш ҳақи ҳисобланган.

Ўтган тўққиз ой ичида ўртача иш ҳақининг ўсиши 2019 йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли даражада пасайган.

Жорий йилнинг 9 ойида деярли 20 мингта оила ажрашди

Энг кўп ажралишлар Тошкент шаҳрида кузатилган.

Январь-сентябрь ойлари оралиғида Ўзбекистонда 19 970 та никоҳ бекор қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Маълумотда таъкидланишича, 2019 йилда 23 600та ажралиш қайд этилган эди. Жорий йилда ажралишлар сони ўтган йилга нисбатан 3630тага кам бўлган.

Ажрашганларнинг 49,8 фоизи фарзандсиз бўлгани сабали никоҳларини бекор қилган. Ажрашган оилаларнинг 29,6 фоизи бир фарзандли ва 20,6 фоизи икки ва ундан ортиқ фарзандли бўлган.

Энг кўп ажралишлар Тошкент шаҳрида, Сирдарё, Андижон, Навоий ва Тошкент вилоятларида қайд этилган.

Энг кам ажралишлар эса Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида кузатилган.

Айни пайтда январь-сентябрь ойларида 184 минг никоҳ қайд этилган. Бу 2019 йилга нисбатан 11 200тага оздир.

Коронавирусдан ўлганлар сони 550дан ошди

26 октябрь куни мамлакатда 279 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 261 нафар бемор тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, сўнгги бир сутка давомида коронавирусга чалинган 3 нафар бемор вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони расман камида 552 нафарга етди.

26 октябрь куни мамлакатда 279 ҳолатда касаллик қайд этилди ва 261 нафар бемор тузалди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 65 667 нафар бемордан 62 876 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 239 нафар бемордан 276 нафари оғир, 75 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Мирзиёев электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори эканини эътироф этди

Бугунги кунда Ўзбекистонда электр станцияларининг эскирганлик даражаси 50 фоиздан юқори. Бундан ташқари, эски қувватларда ёқилғи сарфи янги буғ-газ қурилмаларига нисбатан 2 баравар зиёд. Бу ҳақда 26 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда айтилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда электр таъминоти бўйича модернизация ишларини давом эттириш, лекин буни олдингидек давлат кафолати ҳисобига эмас, балки хусусий капитални жалб қилиш орқали амалга ошириш зарурлиги қайд этилган.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Иссиқлик электр станциялари” ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятларида молиявий ҳисоботларни жаҳон стандартлари асосида тайёрлаш тизимига ўтиш кераклиги таъкидланган.

Қайд этилишича, бу халқаро кредит рейтинги олиш, келгусида еврооблигациялар чиқаришда муҳим омил бўлади. Мутасаддиларга шу мақсадлардан келиб чиқиб, мазкур 4 та компаниянинг уч йиллик молиявий модели ва бизнес режаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Трансформация жараёнларига кўмаклашиш учун корхоналар бошқарувига ва кузатув кенгашларига чет эллик мутахассислар жалб қилиниши бўйича кўрсатмалар берилган.

“Ҳозирда электр энергияси улгуржи бозори қоидалари белгиланмагани сабабли инвесторлар билан энергияни қатъий нархларда харид қилиш бўйича узоқ муддатли шартномалар имзоланмоқда. Бундай ёндашув келгусида рақобатнинг чекланишига олиб келиши мумкин. Шу боис электр энергияси рақобатли бозорига ўтиш босқичлари ва қоидаларини белгиловчи ҳужжат ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди”, дейилади президент матбуот хизмати хабарномасида.

Йиғилишда соҳага илғор технологияларни кенг жорий этиш, “рақамли трансформация”ни амалга ошириш бўйича ҳам топшириқлар берилган.

Ўзбекистонда қиш мавсуми яқинлашиши билан электр таъминотида муаммолар кўпайгани кузатилади. Бу каби муаммолар бўйича Озодлик таҳририятига ҳар йили қишлоқ жойлардан айниқса кўп шикоят тушади.

Бўстон туманининг сўконғич ҳокимасига огоҳлантириш берилди

Бўстон тумани ҳокимаси Садбархон Мамитова.

Андижон вилояти ҳокимлиги фермерларни ҳақорат қилган Бўстон тумани ҳокимаси Садбархон Мамитовага огоҳлантириш берган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, ҳокимлик ижтимоий тармоқларда тарқалган ва Бўстон тумани раҳбарига оидлиги айтилган аудиоёзувни ўрганиб чиққан, унинг ҳақиқатан ҳам С. Мамитовага тегишли экани аниқланган.

Мазкур аудиоёзувда Бўстон тумани ҳокимаси фермерлардан соя топширишни талаб қилиб, уларни “мараз, ифлос” деб сўкканига гувоҳ бўлиш мумкин. Бу борада маҳаллий журналистларга изоҳ берган С. Мамитова бу ҳолатни коронавирусга чалиниб, икки ҳафта касалхонада даволангани, касалликдан кейин стрессга тушгани билан изоҳлашга уринган ва қилган ишидан афсусда эканини билдирган.

Бўстон туманида соя ўсимлигини етиштириш ва уни йиғиб-териб олишда сусткашлик қилаётган ҳамда ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараётган фермерларнинг фаолияти туман ҳокимининг эътирозига сабаб бўлганини урғулаган Андижон вилояти ҳокимлиги айни пайтда тарқалган аудиоёзув учун С. Мамитовага вилоят ҳокимлиги томонидан “огоҳлантириш” берилганлигини маълум қилган.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги гўшт нархи ошиб кетиши сабабларини очиқлади

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ёйинланган “Инфляция даражаси ҳақида умумий маълумот”да (2020 йил сентябрь ойи) Ўзбекистонда гўшт нархининг ошиб кетишига сабаб бўлган омилларни санаб ўтилди.

Қайд этилишича, сентябрь ойида гўшт маҳсулотларининг нархи 3,8 фоизга ошган. Қўй гўшти 5,7 фоизга, мол гўшти 5–5,4 фоиз оралиғида, қийма 4,2 фоизга, колбаса 1,8 – 1,9 фоиз оралиғида, балиқ ва балиқ консервалари ўртача 0,5 фоизга, парранда гўшти ва гўшт маҳсулотлари 0,3 фоизга қимматлаган.

Вазирлик вакилларига кўра, гўшт маҳсулотлари нархлари ўсишига асосан уч омил сабаб бўлган:

- ем-хашак базаси учун хом ашё, ҳусусан, пахта хомашёси, пўстлоқ ва ем аралашмаси захираларининг мавсумий камайиши. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотларнинг биржа нархларининг мос равишда 17%, 21% ва 27%га ошишига олиб келган;

- Қозоғистон томонидан экспорт чекловлари туфайли қорамол импортини қисқариши. Мисол учун, 2020 йилнинг 8 ой натижасига кўра, мамлакатда 25 минг бош йирик ва 12,5 мин бош майда қорамол импорт қилинган. 2019 йилнинг 8 ойлик натижаларига кўра, мазкур кўрсаткичлар мос равишда 146 минг ва 258 минг бош қорамолни ташкил қилган;

- 2020 йилнинг август ойи ўрталарида карантин чекловларининг олиб ташланганидан сўнг фаолиятини тиклаган оммавий овқатланиш корхоналарининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабининг ошиши.

Ҳисоботда жорий йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 1840 минг тонна (тирик вазнда) гўшт ишлаб чиқарилгани (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 фоизга кўпроқ), бу давр мобайнида 14 минг тонна мол гўшти ва 20 минг тонна товуқ гўшти импорт қилингани айтилган.

Мамлакатда гўшт маҳсулотлари нархининг ўсиши, ҳисобот муаллифларига кўра, нафақат ташқи омиллар, балки ички бозорлардаги тартибга солиниш механизмларининг самарасизлиги туфайли юзага келган, дейиш мумкин.

“Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш даражасининг камтарона ўсишига қарамасдан, гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражасини таъминлаш учун озуқа базасининг ривожланмаганлиги билан боғлиқ”, дейилади вазирлик ҳисоботида.

Ўн икки ҳафтадан бери ошиб келаётган долларнинг расмий курси эртадан қарийб 12 сўмга пасаяди

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 27 октябридан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 11 сўм 88 тийинга арзонлаб, 10 минг 359 сўм 88 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта доллар курси 7 сўм 28 тийинга қимматлаб, 10 минг 371 сўм 76 тийин бўлган эди). Ўтган ҳафтагача Ўзбекистонда АҚШ валютаси расмий курси кетма-кетига 12 ҳафта ошиб борган.

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 132 сўм 15 тийинга ошиб, 12 минг 285 сўм 78 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 101 сўм 33 тийинга пасайиб, 12 минг 153 сўм 63 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Хитойдан келаётган йиллик инвестиция ҳажмини $5 млрдга етказиш масаласи муҳокама қилинди

Келажак 5 йил ичида Хитойдан Ўзбекистонга олиб кирилаётган йиллик инвестициялар ҳажмини 5 миллиард долларга, Корея Республикасидан эса 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда куни кеча инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосарлари А.Воитов ва Л.Кудратов раҳбарлигида Хитой ва Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросига бағишланиб ўтказилган муҳокамада айтилган.

Тадбир чоғида 2025 йилга бориб Ўзбекистондан Хитойга амалга ошириладиган йиллик экспорт ҳажми камида 3 млрд долларни, Корея Республикасига эса камида 800 млн долларни ташкил этиши кераклиги урғуланган.

Видеоконференция шаклида ўтказилган муҳокамада вазирликлар, идоралар ва тармоқ бирлашмаларининг биринчи шахслари иштирок этган.

Унда хитойлик ва кореялик ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш ва уларни амалга ошириш таҳлил қилинган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, муҳокама чоғида ҳозирги вақтда амалга ошириш жадвалидан ортда қолаётган бир қатор лойиҳалар кўриб чиқилган ҳамда муаммоларни бартараф этишнинг аниқ муддатлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий жавобгарлик белгиланган ҳолда мавжуд масалаларни ҳал қилиш алгоритмлари ишлаб чиқилган.

Видеоконференция якунида мутасадди раҳбарларга барча қўшма лойиҳаларни ўрганиш, уларни жадал, сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга қаратилган янгиланган “Йўл хариталари”ни тайёрлаш, шунингдек, келгуси йил учун янги истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш бўйича қўшимча манзилли топшириқлар берилган.

Халқ таълими вазири хароба синф хонаси тўғрисидаги видеога муносабат билдирди (ВИДЕО)

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ижтимоий тармоқлар, жумладан, Озодлик радиоси Инстаграм каналида тарқалган ва кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган Чироқчидаги мактаб видеосига муносабат билдирди.

«Дарё» нашрининг билдиришича, 24 октябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманидан сўнг журналистларга интервью берган Шерзод Шерматов Ўзбекистонда камида 300 та мактаб филиали мана шундай ачинарли аҳволда эканини айтган.

“Айни пайтда мамлакатимизда 1170 та мактаб филиаллари бор. Таҳлил қилиб кўрсак, мавжуд филиалларда тизимдаги ўқувчиларнинг бир фоизи таҳсил олмоқда. Тахминан, 300 та филиал қўлбола усулда қурилган, яъни аҳолининг ўзи қуриб олган, таъмирланмаган. Ўша қишлоқларда аҳоли сони ҳам оз, у ерларда сув, йўл, электр муаммолари ҳам бор. Лекин доим мактаб филиаллари муҳокама қилинади. Ота-оналар фарзандини узоқ масофадаги мактабга юборгиси келмайди, йўл ҳам жуда узоқ. Бу сингари муаммоларга марказлашган комплекс асосида ёндашиш керак”,-деб айтган вазир ўз сўзида давом этар экан “олис ва тоғли ҳудудлардаги мактаб филиалларини таъмирлаш ёки фаолиятини тугатиш маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида” эканини таъкидлаган.

Шерзод Шерматов мактабларга 2018 йилгача инвестиция киритлмаганини, мактабларга яқин икки йилдан бери эътибор қаратила бошланганини ҳам айтган.

“Шунча йил қилинмаган ишни икки йилда амалга ошириб бўлмайди”,-деб хулоса қилган вазир.

Бир неча кун аввал Озодликнинг инстаграм саҳифасига Чироқчи туманидаги 61-мактаб экани айтилган видео жойлаштирилган эди. Видеода ўқувчилар аҳволи ачинарли бўлган синф хонасида дарс ўтаётганлари акс этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги карантин чоралари кучайтирилиши тўғрисидаги хабарларни инкор қилди

Шу кунгача коронавирусдан расман камида 550 одам вафот этди.

Соғиқни сақлаш вазирлиги 1 ноябрдан карантин чоралари кучайтирилиши ҳақидаги хабарлар ёлғон эканини билдирди.

“Ижтимоий тармоқларда шу йилнинг 1 ноябридан карантин чоралари кучайтирилиши ҳақида асоссиз ахборотлар тарқалмоқда. Эслатиб ўтамиз, бу каби ёлғон хабарлар орқали аҳоли орасида ваҳима қўзғашга уринишларга тегишли тартибда жавобгарлик кўзда тутилган”,-дейилади расмий билдирувда.

Ўзбекистонда коронавирус туфайли март ойида жорий этилган карантин чоралари 15 августдан бошлаб босқичма-босқич бекор қилина бошланган эди.

2020 йил 26 октябрь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 65 480 нафарни ташкил этмоқда. Беморлардан 62 615 нафари соғайган.

Шу кунгача коронавирусдан расман камида 550 одам вафот этди.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида 26 октябрь куни эрталаб ер силкинди

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг республика марказининг билдиришича, 26 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 08:10да Тожикистон-Қирғизистон чегарасида ер силкиниши содир бўлди.

Ер силкиниши эпицентри Тошкент шаҳридан жанубий-шарқий йўналиш бўйича 292 километр узоқликда бўлган.

Ер силкиниши Тошкент, Гулистон, Жиззаҳ ва Самарқандда 2 балл, Наманган ва Андижонда 3 балл, Фарғонада 4 балл кучланишда сезилди.

Ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақлари 2024 йилгача босқичма-босқич оширилади

Синф раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга оширилиши назарда тутилган.

Юқори натижаларга эришган педагогларнинг ойлик маоши 2024 йилга қадар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача босқичма-босқич оширилади. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маълум қилди.

Вазир таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини ривожлантиш масаласида қабул қилиниши кутилаётган президент фармони лойиҳаси ҳақида гапирган.

Фармон лойиҳасида ўқитувчиларнинг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача, синф раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга оширилиши назарда тутилган.

Методистларларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.

Битирувчиларининг ОТМларга ўқишга кириш кўрсаткичлари юқори бўлган умумтаълим муассасалари раҳбар ходимлари рағбатлантирилади. Халқаро фан олимпиадалари ғолибларнинг ўқитувчиларига тўғридан тўғри олий малака тоифаси берилади.

Шунингдек, халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармалари ташкил этилади.

Коронавирусга чалинганлар сони 65 мингдан ошди

Даволанаётган 2 224 нафар бемордан 279 нафари оғир, 76 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 26 октябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида Ўзбекистонда 286 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан 25 октябрь ҳолатига кўра, коронавирус юққанлар сони 65 388 нафарга етди.

25 октябрь куни коронавирусга чалинган 4 нафар бемор вафот этиб, жами кўрсаткич 549 нафарга етди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 65 388 нафар бемордан 62 615 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 224 нафар бемордан 279 нафари оғир, 76 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Бир йил давомида камида 14та хусусий олийгоҳ ташкил қилинади

Ўзбекистонда 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий таълим ташкилоти ташкил қилинади.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилаётган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Узоқбой Бегимқулов маълум қилди.

Расмий хабарда очиладиган хусусий олийгоҳлар сони аниқ келтирилмаган.

Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда 12 та вилоятда камида биттадан ташкил қилинса, бир йил ичида мамлакатда камида 14та хусусий ОТМ очилиши мумкин.

Ўзбекистонда хусусий олийгоҳларга рухсат берилиши хабари бундан икки йил аввал пайдо бўлганди.

Ўзбекистон ҳам PayPal тизимига ўтишни режаламоқда

Марказий Осиёда PayPal пул ўтказиш тизимига уланмаган ягона давлат – Ўзбекистон ҳам ушбу тизимга ўтиш ҳаракатларини бошлади.

Бу ҳақда 24 октябрь куни маҳаллий журналистлар билан учрашган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов маълум қилди.

Вазир Содиқовга кўра, ҳозирда Ўзбекистон Марказий банки PayPal ширкати билан музокара олиб бормоқда.

Вазир Содиқов келажакда PayPal тизими билан рақобатга киришадиган миллий пул ўтказиш тизими жорий қилиниши ҳам режаланганини таъкидлади.

2018 йилда расмийлар PayPal тизимининг Ўзбекистонда ишламаслигини амалдаги қонунлар жисмоний шахсларга пулларни хорижий валютада сақлашга рухсат бермаслиги билан изоҳлаган.

Ўтган йилнинг октябрида қонунчиликка ўзгартириш киритилиб, хорижда ҳисоб рақам очишга рухсат берилди.

Президент қарори билан Мудофаа вазирлигига қарашли Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди

COVID-19 инфекциясини жиловлаш амалиëтларига Ўзбекистон қуролли қўшинлари сафарбар қилинган.

Ўзбекистон президенти 22 октябрь куни “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор имзолади.

24 октябрь куни расмий матбуотда чоп этилган қарорга мувофиқ, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети негизида Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди.

Қарорда ëзилишича¸ Академиянинг асосий вазифаси қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайëрлашдан иборат бўлади.

Айни пайтда Академия биологик таҳдидларга тезкор жавоб қайтара оладиган самарали тизимни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича изланишлар олиб боришга масъул бўлади.

Давлат олий ҳарбий таълим муассасаси бўлган мазкур Академияда таҳсил олиш учун 2021/2022 ўқув йилидан номзодлар медицина олийгоҳларининг даволаш факультетларининг 5- босқичини ва тиббий-профилактика факультетларининг 4-босқичини энг юқори натижалар билан тамомлаган талабалар орасидан Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади.

Қарорга кўра¸ Академиянинг бакалавриат босқичини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган диплом ҳамда ҳарбий интернатурани тамомлагач, “тиббий хизмат катта лейтенанти” ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик берилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.

Айни қарорга кўра, Академияда юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ҳарбий тиббиёт илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Қарорга мувофиқ Академия таъминоти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG