Линклар

Шошилинч хабар
26 сентябр 2022, Тошкент вақти: 16:52

Ўзбекистон хабарлари

Бош прокуратура Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон сўровига кўра қўлга олинганини тасдиқлади

Бош прокуратура Бобомурод Абдуллаев қўлга олинганидан беш кун ўтиб расмий маълумот берди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 13 август куни Қирғизистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқароси Бобомурод Абдуллаевнинг ҳибсга олинганлиги юзасидан маълумот берди.

“Ўзбекистон Республикасининг сўровига асосан, 22.01.1993 йилдаги “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Б.Абдуллаев Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Ҳозирги кунда унинг Ўзбекистон Республикасига экстрадиция қилиниши масаласи ҳал қилинмоқда”,-дейилади расмий билдирувда.

Бобомурод Абдуллаев қўлга олинганидан беш кун ўтиб тарқатилган бу расмий хабарда журналистга қандай айблар қўйилаётгани ёки қандай жиноятларда гумонланаётгани тўғрисида бирорта маълумот берилмаган.

Журналист Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинган эди.

Бобомурод Абдуллаевнинг Бишкекда ҳибсга олингани хабари чиқиши ортидан бир гуруҳ нуфузли халқаро ташкилотлар қирғиз ҳукуматига мурожаат қилиб¸ уни зудлик билан озод этишни сўради.

Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now ва Norwegian Helsinki Committee (NHC) гуруҳларининг қўшма баëнотида Абдуллаевга қўйилаëтган айбларнинг “уюштирилан”и¸ у Ўзбекистонга экстрадиция қилинган тақдирда уни қийноқ ва 20 йилгача қамоқ жазоси кутаëтгани айтилган.

Кун янгиликлари

ЎМИ мусулмонларнинг Россия-Украина урушида қатнашиши “шаръан жоиз эмас”лигини урғулади

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази ижтимоий тармоқларда “Россия ва Украина каби уруш кечаётган ерларда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларни турли ваъдалар билан урушга тарғиб қилиш ҳолатлари” кузатилаётганига эътибор қаратди.

ЎМИ баёнотига мувофиқ, мусулмон кишининг “ўз ватанини ҳимоя қилишдан бошқа ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши шаръан жоиз бўлмайди”.

“Бу каби фитналарга аралашиш шаръан ҳаром ҳисобланади. Қолаверса, амалдаги қонунчилигимизда ҳам хорижий мамлакатларнинг ҳарбий тузилмалари, ноконуний диний ташкилотлар ва террорчи гуруҳлар таркибига аъзо бўлиш таъқиқланган”, дейилган ЎМИ Фатво маркази баёнотида ўзбекистонлик мусулмонлар “турли алдамчи тарғиботларга учмасликка, фитналардан йироқ бўлишга даъват” этилган.

Норов Нью-Йоркда бўлиб ўтган “C5+1” йиғилишида қатнашди

Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг "C5+1"форматидаги йиғилишидан лавҳа, Нью-Йорк, 2022 йил 22 сентябри (mfa.uz фотоси)

БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида 2022 йилнинг 22 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг “C5+1”форматидаги йиғилиши бўлиб ўтди.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбир давомида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва вакиллари томонларни қизиқтирган йўналишлардаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганлар, минтақанинг барқарор иқтисодий тараққиётини таъминлаш мақсадида “C5+1” форматида савдо ва сармоявий алоқаларни кенгайтириш йўллари тўғрисида фикр алмашганлар.

“Ўзбекистон делегацияси раҳбари, ташқи ишлар вазири Владимир Норов ўз нутқида “C5+1” муҳим мулоқот механизми бўлиб, унинг доирасидаги ҳамкорлик самарадорлигини ошириш борасида маълум ютуқларга эришилганини қайд этди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, томонлар “C5+1” доирасида юқори ва эксперт даражаларида яқин мулоқотни давом эттириш, шунингдек амалий натижаларга эришишга қаратилган аниқ чораларни кўриш бўйича келишиб олганлар.

“C5+1” гуруҳи учрашувлари 2015 йилдан бери ўтказиб келинади. Гуруҳнинг илк учрашуви Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди.

UZCARD Ўзбекистонда Россиянинг “Мир” карталарига хизмат кўрсатилмаётганини билдирди

Жорий йилнинг 23 сентябридан Ўзбекистонда халқаро банклар томонидан чиқарилган “Мир” карталарига хизмат кўрсатиш вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақда билдирган UZCARD умумреспублика процессинг маркази буни “техник ва профилактик ишлар олиб борилаётгани” билан изоҳлаган. “Мир” карталарига хизмат кўрсатиш қачондан тикланиши ҳозирча маълум эмас.

Айни пайтда UZCARD вакиллари РБК нашрига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Мир” карталарига хизмат кўрсатиш ҳали ҳам давом этаётганини таъкидлашган.

Аввалроқ АҚШ Молия вазирлиги огоҳлантируви манзарасида Туркия, Қозоғистон ва Вьетнамдаги бир неча банк “Мир” картасига хизмат кўрсатиш бўйича чеклов жорий қилишган.

Мирзиёев газ экспорт қилинмаётганини айтди. Рақамлар бунинг аксини кўрсатмоқда

Статистиканинг билдиришича, 8 ой ичида Ўзбекистон 645,9 миллиард долларлик газ сотган.

22 сентябрь куни Тошкент вилояти фаоллари билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон газ ва пахта экспортини тўхтатгани тўғрисида гапириб ўтди.

“Ҳозир эса пахтани ҳам, газни ҳам экспорт қилмаяпмиз. Ҳатто газни четдан сотиб ҳам оляпмиз. Сабаби, саноатимиз ривожланяпти. Ана шундай икки асосий маҳсулот четга сотилмаса ҳам экспортимиз ҳажми 2016 йилга нисбатан 5-6 баробар ошди”, – деб иқтибос келтирди президент сўзларидан Kun.uz.

Ўзбекистон Статистика қўмитасининг 2022 йилнинг январидан-августигача ўтган 8 ой учун берган ҳисоботида эса 645,9 миллион долларлик газ сотилгани, бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирганда 60,9 фоизга кўплиги қайд этилган. Шу билан бир қаторда газ импорти 35,9 фоизга камайиб, 76,2 миллион долларни ташкил қилган.

Аввалроқ Озодлик радиоси Хитой Божхона бош бошқармасининг 20 июлдаги ҳисоботига таянган ҳолда Ўзбекистон 2022 йилнинг олти ойида Хитойга 404 миллион долларлик табиий газ сотгани тўғрисида хабар берган эди.

Хитой томонининг расман билдиришича, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробарга кўпдир.

Хитой Божхона бош бошқармаси ҳисоботида Ўзбекистон Хитойга энг кўп газ сотувчи беш давлатдан бири бўлиб қолаётгани қайд этилган. Биринчи ўринда олти ойда Хитойга 4,5 миллиард доллар газ сотган Туркманистон бормоқда. Ундан кейинги ўринларни эса Россия, Мьянма, Қозоғистон ва Ўзбекистон эгаллади.

Очиқ манбалардаги маълумотларга қараганда, Ўзбекистон ўзи қазиб олаётган газнинг камида 10 фоизини Хитойга сотмоқда.

Ўзбекистон ички истеъмол талаби кучайгани ортидан 2022 йил бошида Хитойга газ экспортини тўхтатганди. Аммо май ойидан бошлаб яна Хитойга газ экспорти қайта тикланган.

“Ўзтрансгаз” раҳбари Беҳзод Норматов 28 июнь куни Ўзбекистон 2025−2026 йилларга бориб хорижга газ сотишнинг бутунлай тўхтатиши мумкинлиги тўғрисида билдирган эди. Буни у газга бўлган ички талабнинг ошиб бораётгани билан изоҳлаган.

Ўзбекистон аҳолиси ҳар йилги куз-қиш мавсумида газ ва электр таъминоти тақчиллигига дучор бўлаётгани халқаро матбуотда, жумладан, Озодлик радиосида ёритиб келинади.

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. Аммо ўтган вақт ичида вазият ижобий томонга ўзгармаган.

Президент Мирзиёев Тошкент вилояти ҳоким лавозимига Зойир Мирзаевни таклиф қилди

Зойир Мирзаев бир йилдан бери Тошкент вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи эди.

22 сентябрь куни эрталаб Нурафшон шаҳрига ташриф қилган президент Шавкат Мирзиёев Зойир Мирзаевни Тошкент вилоят ҳокими лавозимига таклиф қилди.

“Мен Тошкент вилояти ҳокимлигига Зойир Мирзаев номзодини таклиф қилар эканман, ҳозир ҳам шу вазифани бажара оладиган номзод бўлса кўриб чиқишга тайёрман”,-деб иқтибос келтирди "Кун уз" президентнинг Тошкент вилояти кенгаши навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқидан.

Мирзаев 2021 йилнинг 18 ноябрида Тошкент вилоятига ҳокими вазифасини бажарувчи қилиб тайинланганди.

2018 йилда бош вазир ўринбосари - агросаноат, озиқ-овқат ва халқ истеъмол моллари мажмуаси раҳбари бўлиб ишлаган пайтида Мирзаев Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ҳокимият мулозим ва фермерларни ариқдаги совуқ сувга тушириб, бир неча фермерни тош кўтаришга мажбурлаб, хўрлагач, лавозимидан олинган эди.

Тармоқларда шов-шув бўлган ўша ҳодисадан кейин 2018 йил 7 ноябрдан Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган, 2019 йил октябридан 2021 йил 18 ноябргача Қашқадарё вилоятига ҳокимлик қилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси: хориж армиясига ёлланганлар 10 йилгача қамалади (ВИДЕО)

Бош прокуратура биноси.

Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрь куни Украинадаги уруш фонида мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилиши ортидан Ўзбекистон Бош прокуратураси ўзбекистонлик мигрантларни хориж армиясига ёлланганлар 10 йилгача қамалишидан огоҳлантирди.

Бош прокуратуранинг билдиришича, Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

“Шунга кўра, чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимиздан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз”,-дейлади Бош прокуратура билдирувида.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси фуқароларни ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирган эди. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги эса Россиядаги Ўзбекистон фуқароларидан рухсат берилмаган оммавий намойишларда иштирок этмасликни сўради.

21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилган эди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарлик доирасида захирадаги 300 минг киши армияга чақирилишини билдирди.

Шундан сўнг Россиянинг кўплаб шаҳарларида сафарбарликка қарши норозилик намойишлари ўтказилди. ОВД-инфонинг билдиришича, 21 сентябрь куни 38 та шаҳарда ўтган норозилик намойишларида иштирок этган 1300 дан ортиқ киши қўлга олинди.

Шарҳсиз лавҳа: Россияда урушга қарши намойишларда юзлаб одам ҳибсга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:12 0:00

Ташқи миграция агентлигиги Россиядаги ўзбекистонликларни митингларга чиқмасликка чақирди

Россиядаги норозилик намойишларидан бири (архив сурати)

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда юрган ўзбекистонликлардан Россия ҳудудида “давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишлар”да иштирок этмасликни, одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўради.

“Бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин”, дейилган агентлик хабарномасида.

Аввалроқ ““Весна” ҳаракати президент Владимир Путин томонидан эълон қилинган қисман сафарбарликка қарши “Нет могилизации” (“Йўқолсин қабрга тиқилиш”) деб номланган бутунроссия норозилик намойиши бошлашини эълон қилган эди. Фаоллар одамларни 21 сентябрь куни соат 19:00 да Россия шаҳарларидаги марказий кўчаларга чиқишга чақиришган.

Жиззахлик йигитни “гей”ликда гумонлаб “самосуд” қилганларга 10 кун ўтиб жиноят иши очилди (ВИДЕО)

"Самосуд" видеосидан кадр.

Жиззахлик йигитни “гей”ликда гумонлаб “самосуд” қилганларга нисбатан орадан ўн кун ўтиб жиноят иши очилди.

Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизматининг расман билдиришича, “самосуд” қилганларга нисбатан 20 сентябрь куни Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми “б, г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Жиззахда самосуд” сарлавҳали видео тарқалган эди. Видеода уч-тўрт киши бир йигитни ўртага олиб сўроқ қилаётгани, уни “гей”ликда айблаётгани ва кейин калтаклаганларини кўриш мумкин.

“Самосуд” чилар йигитни ўлдириш, далага кўмиб юбориш, Жиззах шаҳрига олиб бориб сазойи қилиш билан таҳдид этишган.

“Бор гап” расмий каналининг ёзишича, бу воқеа Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани “Қулама” МФЙда бўлгани айтилмоқда.

Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизмати эса воқеа сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида содир этилгани, 10 сентябрь куни фуқаро Т.З., Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилганини билдирди.

Расман билдирилишича, Т.З., ўз аризасида танишлари Э.О., И.Д., ва Н.Ш.,лар унинг муқаддам “ижтимоий тармоқ орқали юборган расмини ўзаро муҳокама қилиш учун чақириб, турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб-тепиб, тан жароҳати етказганлиги ва ушбу жараённи видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатганлиги сабабли қонуний чора кўришни сўраган”.

Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизмати жиноят иши нега орадан ўн кун ўтиб, видео ижтимоий тармоқларда тарқаб кетганидан сўнг очилгани юзасидан бирор тушунтириш бермади.

Ўзбекистонда “самосуд”лар тез-тез содир бўлиб турадиган воқеадир. Бундан аввал Жиззахда ўқувчи қизлар ҳижобли қизни самосуд қилгани тўғрисида ҳам видео тарқалган эди. Озодлик ўз вақтида бу каби “самосуд”лар тўғрисида қатор мақола ва хабарларни эълон қилган.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги оилавий зўравонлик ва “самосуд”лар ҳолатлари кўплигидан ташвиш билдириб келадилар.

Калтак еган келин, муштумзўр она ва "самосуд"лар – ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги вазиятдан ташвишда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:37 0:00

Ўзбекистон ипотека ва бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 650 миллион доллар қарз олмоқчи

Ўзбекистон йил охиригача Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан иккита лойиҳани амалга ошириш учун 650 миллион долларлик шартномани имзолайди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг билдиришича, бу борада бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва ОТБ вице-президенти Брюс Госпер ўртасида бўлиб ўтган видеомулоқот чоғида келишувга эришилди.

Расман билдирилишича, банкдан олинадиган 650 миллион доллар ипотека бозори ва бюджетни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Ўзбекистон ҳукуматига қарашли “Очиқ бюджет” лойиҳасидаги маълумотларга ишонилса, 2022 йилнинг шу кунигача бюджет камомади 15 миллиард сўмга яқинлаб қолган. Мазкур лойиҳадаги рақамларда қайд этилишича, 2020 йилда бюджет камомади 2,5 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил этган эди.

Айни пайтда Ўзбекистон ОТБ билан ҳамкорликда инфраструктуравий қурилиш, энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ ҳўжалигига оид умумий қиймати 3,7 миллиард доллар бўлган 24 та лойиҳани амалга оширмоқда.

2022-2024 йиллар оралиғида эса ОТБ Ўзбекистонда умумий қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган 27 лойиҳани амалга ошириши кутилмоқда.

2021 йил якунларига қараганда ОТБ Ўзбекистоннинг асосий кредиторига айланган. 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон давлат қарзининг 5,2 миллиард доллари ёки 19,7 фоизи ОТБ ҳиссасига тўғри келади.

Олий Мажлис Сенатининг 4 август куни бўлиб ўтган йиғилишида сўзга чиққан молия вазирининг ўринбосари Одилжон Исақов бугунги кунда давлат қарзи 25,9 миллиард долларга (бундан 23,2 миллиард доллари ташқи қарз) етганини айтганди.

Ўзбекистон Марказий банки шу йил июнь ойи охирида ёйинлаган ҳисоботида 2022 йил 1 апрель ҳолатига мамлакатнинг умумий ташқи қарзи 38 миллиард 845 миллионни ташкил этгани, бунинг 23 миллиард 400 минг доллари давлат ҳиссасига, 15,5 миллиард долларга яқини эа хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини очиқлаган эди.

Politico: АҚШ Афғонистондан олиб чиқилган ҳарбий учоқларни Ўзбекистон ва Тожикистонга бермоқчи

АҚШ Афғонистондаги террорчиликка қарши курашда ёрдам эвазига Ўзбекистон билан Тожикистонга қарийб 50 та ҳарбий учоқ ва вертолётни ўтказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Politico нашри бу борадаги музокаралардан хабардор манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр қайдича, бу ерда гап «Толибон» вакиллари Кобулни эгаллаб олганидан кейин афғонистонлик пилотлар Ўзбекистон ва Тожикистонга учиб келган C-208 учоқлари, A-29 Super Tucano енгил ҳужумчи учоқлари, Ми-17, Ми-25 ва UH-60 Black Hawk вертолётлари ҳақида бормоқда.

Эндиликда АҚШ террорчиликка қарши кураш ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларни теранлаштиришга оид норасмий келишув эвазига учоқларнинг бир қисмини Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматига топшириш имкониятини ўрганмоқда.

Узоқ муддатли истиқболда мазкур келишув Тошкент ва Душанбе билан разведка маълумотларини алмашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ёки Афғонистондаги террор фаолиятини назорат қилиш учун бу икки мамлакатда минтақавий база ўлароқ қўшин ва учоқларни жойлаштириш кабиларни ўз ичига олиши мумкин. Бироқ нашр манбалари муҳтамал вариантлардан энг мақбули сифатида бу шартнома Афғонистондаги террор тармоқлари тўғрисида Ўзбекистон ва Тожикистонда бўлган маълумотлардан фойдаланишга оид бўлиши мумкинлигини айтишган.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон транспорт йўлаги бўйлаб биринчи тажриба поезди йўлга чиқди

Поезд сўнгги темир йўл станциясига икки кун ичида етиб бориши режалаштирилган.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон транспорт йўлаги орқали Қашқар-Ўш-Андижон-Ғалаба-Ҳайратон темир йўл йўналиши бўйлаб биринчи тажриба поезди йўлга чиқди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати 19 сентябрь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, 12 та 40 футлик контейнер юкланган поезд Ўш темир йўл станциясида шакллантирилган. Хитойнинг Қашқар шаҳридан Ўшгача юклар автомашиналарда олиб келинган.

Озиқ-овқат, маиший техника ва халқ хўжалиги молларидан иборат бўлган юк Ўш станциясида Ўзбекистонга тегишли фиттинг платформаларига ортилган. Юк “Ўзбекистон темир йўллари” орқали Афғонистоннинг Мозори Шариф станциясига етказиб берилади. Поезд сўнгги темир йўл станциясига икки кун ичида етиб бориши режалаштирилган.

Ўзбекистон мазкур йўлак орқали ўз ҳудудидан юк ташиш учун 70 фоизли, бошқа давлатлар эса 50 фоизли чегиримларни берган. Бу йўналиш орқали Афғонистонга йилига 4 мингдан кўпроқ контейнерда юк етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Озодлик Самарқандда ШҲТ саммити доирасида 14 сентябрь куни “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши (Қирғизистон ҳудудида) лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзолангани тўғрисида хабар берганди.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тез орада бошланишини тасдиқлашган. Мазкур темир йўлни қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида кўтарилган, аммо ҳанузгача амалга ошмай қолмоқда.

Ўзбекистон олтин-валюта захираси 2021 йил апрелидаги миқдор даражасида камайди

Марказий банк жаҳон бозорида олтин баҳосининг тушиб кетгани оқибатида захира миқдори ҳам камайишда давом этаётганини билдирди.

Ўзбекистон олтин-валюта захираси 1 сентябрь ҳолатига кўра 34 079,9 миллиард долларни ташкил қилди. Бу эса ўтган ойдаги кўрсаткичдан 527 миллион долларга оздир. Марказий банк ҳисоботида белгиланишича, олтин-валюта захирасининг камайиши кетма-кетига икки ойдан бери давом этмоқда. Айни пайтда захира 2021 йилнинг 1 апрелидаги миқдор даражасигача тушиб кетган.

Марказий банк жаҳон бозорида олтин баҳосининг тушиб кетгани оқибатида захира миқдори ҳам камайишда давом этаётганини билдирди.

Олтин-валюта захирасида олтин миқдори 9,3 тоннага кўпайган ва 382,6 тоннага етган. Бу 2021 йилнинг сентябридаги кўрсаткичдан сўнг иккинчи рекорддир. Бироқ олтин баҳосининг пастлиги сабабли унинг қиймати 76,7 миллион долларга камайган ва 21 миллиард долларни ташкил қилган.

Хорижий валюталардаги захира 433 миллион долларга камайди ва ҳозирда 12 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда олтин-валюта захираси тўғрисида расман 2017 йилнинг ноябридан эълон қилина бошланган эди. Ўшанда Ўзбекистон олтин-валюта захираси миқдори 26 миллиард доллар экани айтилган.

Мирзиёев туризм масаласида сусткашлик қилган Қашқадарё ҳокимини ҳайфсан берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистоннинг Қашқадарё вилоятида четдан келган сайёҳлар учун кўрсатилган хизматлар жуда паст даражада бўлиб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби туманларида туризм хизматлари умуман кўрсатилмаган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан 19 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Мирзиёев Жиззах, Навоий, Сирдарё, Наманган ва Сурхондарёда ҳам хорижий туристларга хизмат кўрсатишдан тушумлар қолган ҳудудлардан анча орқада эканига, айниқса Шеробод, Олтинсой, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Гулистон, Янгийўл, Хива туманларида туризм хизматлари умуман кўрсатилмаганига эътибор қаратган.

Видеоселекторда туризм соҳасида ишларни етарли даражада ташкил этмагани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовга ҳайфсан берилган, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Касби, Косонсой, Тўрақўрғон, Арнасой, Кармана, Ургут, Шеробод, Олтинсой, Гулистон, Янгийўл, Хива туманлари ҳокимлари бугун ишдан олиниб, ўзгариш қилиш учун уларга уч ой синов муддати берилиши урғуланган.

Сардоба иши бўйича яна 29 киши судланди

Сардоба тошқини ортидан очилган жиноят иши доирасида яна 29 киши судланди.

Kun.uz ўз манбасига таянган ҳолда судланувчиларнинг барчаси Жиноят кодексининг 167- (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209- (мансаб сохтакорлиги), 243- (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) моддалари билан айбдор деб топилганини ёзди.

Уч судланувчи - "Ўзтемирйўлқурилишмонтаж" бош директори ўринбосари М.Х. 10 йил 3 ойга, Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси бўлими бошлиғи Ф.Д. 122 миллион 650 минг сўм жаримага тортилган ҳолда 5 йилга, "UzGip" МЧЖ бўлими бошлиғи С.Р. 133,8 миллион сўм жаримага тортилган ҳолда 5 йилга қамалди.

Қолган судланувчилар турли миқдорда жаримага тортилган ва уларга озодликни чеклаш жазоси белгиланган. Бундан ташқари, судланувчилардан давлат даромади ҳисобига жами 115 миллиард 811 миллион сўм ундирилади.

Сардоба иши юзасидан дастлабки жиноят иши ўтган йилнинг 10 майида Олий судда ёпиқ тарзда кўриб чиқилган ва 17 кишига ҳукм ўқилганди.

Прокуратура Фарғона вилоятидаги боғчада ўнлаб тарбияланувчи заҳарланганини тасдиқлади

Жорий йилнинг 14 сентябрь оқшомида Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани тиббиёт бирлашмасига 39-боғчада тарбияланаётган 8 нафар вояга етмаган бола алиментар диарея ташхиси билан ётқизилган. Бу ҳақда маълум қилган Фарғона вилоят прокуратурасига кўра, айни пайтда беморларнинг умумий ҳолати қониқарли.

Хабарномада 15 сентябрь куни мазкур боғчанинг 33 нафар тарбияланувчиси тиббий кўрикдан ўтказилгани, улардан 20 нафари кузатув остида шифохонада қолдирилиб, 13 нафарига уйига жавоб беригани айтилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтиариқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, экпертиза текшируви учун тегишли намуналар олиниб, суд-тиббий экспертизалари тайинланган”, дейилган вилоят прокуратураси хабарномасида.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG