Линклар

Шошилинч хабар
30 сентябр 2020, Тошкент вақти: 12:38

Ўзбекистон хабарлари

Тошкент шаҳрида коронавирусдан шу кунгача 140 киши вафот этди

Ўзбекистон бўйича коронавирусдан расман 215 киши вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 13 август соат 17:00да билдиришича, ярим кун давомида Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшаган 59 ёшли Х.А. (аёл) ҳамда Юнусобод туманида яшаган 62 ёшли Н.И. (аёл) коронавирусдан вафот этди.

Бу билан Тошкент шаҳрида коронавирусдан вафот этганлар сони расман 140 кишини, Ўзбекистон бўйича эса 215 кишини ташкил қилди.

Вазирлик 13 август соат 10:00да Шайхонтоҳур туманида яшаган 63 ёшли Д.А. (аёл) ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 66 ёшли Х.Э. (аёл) коронавирусдан вафот этганини билдирган эди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 13 август соат 17:00 ҳолатига кўра, 33 093 нафарни ташкил этмоқда.

Тузалган беморлар сони 26 270 нафарга етди. Касалхоналарда 6 608 нафар бемор даволанмоқда.

Кун янгиликлари

Волгоградда тўпланиб қолган ўзбекистонлик муҳожирлар ватанига етказилди

Волжский шаҳар маъмурияти ташаббуси билан вокзалда бошпанасиз қолган ўзбекистонлик муҳожирлар қурилиши ҳали битмаган масжидга жойлаштирилган эди.

Россиянинг Волгоград вилояти Волжск туманида тўпланиб қолган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг 800 нафари 29 сентябрь куни Приволжск темир йўли поезди билан Тошкентга жўнатилди. Бу ҳақда ТАСС Приволжск темир йўли расмий вакилига таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтлишича, 25 сентябрь куни ҳам бу ердан 900 нафар ўзбекистонлик ватанига жўнатилган. Волжск-Тошкент йўналиши бўйича навбатдаги темир йўл қатнови 1 октябрга режалаштирилган.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистонга қайтолмай тўпланиб қолган муҳожирлар Волжскдаги мусулмон маданий оқартув марказида бошпана топган эдилар. Озодлик бу ҳақда 29 сентябрда хабар берган эди.

“Ҳозир марказда Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси қолди. Шаҳар ҳокимияти, меҳр-мурувват ташкилотлари, барча диндаги бефарқ бўлмаган одамлар уларни овқат билан таъминлашга кўмак кўрсатди. Марказга каравотлар ва матраслар олиб келинди. Айни пайтда биз ватанига қайтмоқчи бўлган одамларнинг янги гуруҳини кутиб олишга тайёрмиз. Уларнинг сони қанча бўлади, улар қачон келишади-бу фақат эртага билинади”,-деб айтган Волгоград вилояти муфтийси Абдулла Хожи.

Аввалроқ “Ўзбекистон темир йўллари” махсус поезди 27 сентябрь куни Россиянинг Самара вилояти Кинель аҳоли пунктида тўпланиб қолган ўзбекистонликларнинг охирги қисмини ватанига олиб кетгани хабар қилинганди.

Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган. Аммо чегаралар ёпиқлиги сабаб, улар чегараолди ҳудудларида тўпланиб қолишган.

Биргина сентябрь ойида Самара вилоятидан самолёт ва поездларда 6 мингдан ортиқ ўзбекистонлик юртига жўнатилган.

Май ойидан бери Самара вилоятидан Ўзбекистонга 10 мингга яқин ўзбекистонлик қайтарилган.

Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган муҳожирлар учун Москвадан вилоятларга рейслар ташкил қилинди

Новосибирскнинг Толмачево аэропортидан Ўзбекистонга қайтаётган муҳожирлар. 2020 йил 23 май.

Uzbekistan Airways Москвадан Ўзбекистон вилоятларига репатриация қатновларини амалга оширади. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Расмий маълумотда билдирилишича, 5 октябрдан 10 октябргача Москва шаҳри Внуково аэропортидан Андижон, Урганч, Бухоро, Термиз, Самарқанд, Фарғона, Наманган шаҳарларига авиарейслар ташкил қилинди.

Қуйидаги йўналишларда репатриация қатновларини амалга оширишни режалаштирмоқда (парвоз соатлари маҳаллий вақт билан кўрсатилган):

5 октябрь

HY3622 Москва – Андижон 09:40/15:55

HY3616 Москва – Урганч 21:40/03:15

6 октябрь

HY3608 Москва – Бухоро 08:10/14:05

HY3610 Москва – Термиз 21:00/03:15

7 октябрь

HY3606 Москва – Самарқанд 09:20/15:20

HY3616 Москва – Урганч 20:35/02:10

8 октябрь

HY3628 Москва – Фарғона 07:05/13:20

HY3628 Москва – Самарқанд 21:00/03:00

9 октябрь

HY3622 Москва – Андижон 08:50/15:05

HY3608 Москва – Бухоро 20:50/02:45

10 октябрь

HY3620 Москва – Наманган 07:50/14:10

Вазирликнинг билдиришича, ушбу қатновлардан фақат COVID-19 ПЗР – тестининг (манфий натижаси ҳақидаги маълумотномага эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари фойдаланиши мумкин. ПЗР тести қатновдан 72 соат олдин амалга оширилиши керак. ПЗР маълумотномаси бўлмаган йўловчилар авиакомпания қатновларига қўйилмайди.

Коронавирусга чалинганлардан 261 нафари оғир аҳволда

29 сентябрь куни мамлакатда 476 ҳолатда касаллик қайд этилди.

Касалхоналарда коронавирусдан даволанаётган 2 918 нафар бемордан 587 нафари оғир, 261 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бу ҳақда 30 сентябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик сўнгги бир сутка ичида коронавирусга чалинган 5 нафар бемор вафот этиб, жами кўрсаткич расман 466 нафарга етганини ҳам билдирди.

29 сентябрь куни мамлакатда 476 ҳолатда касаллик қайд этилди, 504 нафар бемор тузалди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 56 354 нафар бемордан 52 970 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда.

ОТМларда 1-курс талабалари учун танишув дарслари 12 октябрдан бошланади

Бу йил ОТМга кирмоқчи бўлган абитуриентлар кириш тестларини очиқ ҳавода топширганлар.

Жорий ўқув йилида олий таълим муассасаларининг 1-курсига қабул қилинган талабалар учун дарслар 12 октябрдан бошланади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Aбдували Холиқов 29 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

“2020/21 ўқув йилини масофавий тарзда бошладик. Биринчи курс ўқувчилари билан ҳам ўқув йили масофавий тарзда бошланади. Фарқли томони – режамизга кўра, биринчи курсга тавсия этилган талабаларнинг ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилиб бўлинганидан кейин, 12 октябрдан бошлаб, олий таълим муассасаларида 3 кундан 2 ҳафтагача танишув дарслари ташкил қилинади”, дея иқтибос келтиради А. Холиқов сўзларидан Кун.уз нашри.

Қайд этилишича, талабалар ётоқхоналарга жойлаштирилмайди. Узоқ ҳудудлардан Тошкентдаги ОТМларга ўқишга кирган талабалар учун ўша ҳудуддаги ОТМнинг моддий техник-базасидан фойдаланган ҳолда ҳудуддаги ёшларни йиғиб, танишув дарслари ташкил этилади.

Вазирлик мулозимининг билдиришича, Тошкент шаҳридаги ОТМларнинг профессор-ўқитувчилари узоқ ҳудудларга бориб, танишув дарсларини ташкил қилади. Танишув дарслари кунига 2 парадан ортиқ бўлмаган ва карантин талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказилади. Паралар орасида 10 дақиқалик танаффус бўлиб, талабалар аудиторияни ўзгартирмайди.

Бош вазир Абдулла Арипов Тожикистон президентининг қабулида бўлди

Душанбе шаҳри кўчаларидаги Ўзбекистон ва Тожикистон байроқлари.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 29 сентябрь куни Душанбега хизмат сафари билан борган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди. Бу ҳақда давлатга қарашли “Ховар” ахборот агентлиги хабар берди.

Учрашувда томонлар Тожикистон билан Ўзбекистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболи, келажакда уларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилганлар.

Тожикистон президенти икки қўшни давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада кучайтириш учун олий ва юқори даражаларда доимий сиёсий мулоқотни сақлаб туриш муҳимлигини таъкидлаган.

Коронавирус пандемияси шароитида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича долзарб муаммоларни муҳокама қилиш чоғида Э. Раҳмон фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонлик дўстларга барча учун оғир бўлган пайтларда Тожикистонга кўрсатган инсонпарварлик ёрдами учун яна бир бор ташаккур изҳор этган.

Тожикистон президенти билан учрашишдан аввалроқ А.Арипов сешанба куни мезбон ҳамкасби Қ. Расулзода билан биргаликда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Душанбеда ўтказилган ҳукуматлараро комиссиясининг еттинчи йиғилишида иштирок этган эди.

Мазкур йиғилишда, Тожикистон нашрлари хабарларига кўра, икки қўшни мамлакат учун муҳим бўлган саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва фан, соғлиқни сақлаш, савдо-сотиқ, инвестициялар, энергетика, божхона, экспорт-импорт, маданият ҳамда транспорт соҳалари бўйича масалалар муҳокама қилинган, муайян келишувларга эришилган.

Эмомали Раҳмон Ўзбекистон бош вазири билан учрашув чоғида мазкур ҳукуматлараро комиссияси иши натижалари ҳам томонлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига кўмакчи бўлишига ишонч билдирган.

Бу Ўзбекистон расмий делегациясининг коронавирус пандемияси бошланганидан бери Тожикистонга илк сафаридир.

Хонобод шаҳрининг пневмонияга чалинган ҳокими оламдан ўтди

Иллюстратив сурат.

Андижон вилояти Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев пневмониядан вафот этди. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Ўн кун муқаддам маҳаллий нашрлар Андижон вилоятида қатор туман ҳокимлари, жумладан Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов, Пахтаобод тумани ҳокими Махсуджон Бозоров ва Олтинкўл тумани ҳокими Назиржон Ўринбоев пневмониядан даволанаётгани, улар орасида Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев ҳам борлиги ҳақида хабар қилган эдилар.

ЖССТ тавсияларига қарамай, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳамда COVID-19 юқиши натижасида юзага келган пневмонияга чалиниш ҳолатларини яхлит статистик маълумотлар кўринишида бирлаштириш шу пайтгача амалга ошган эмас. Шу важдан пневмонияга чалинганлар ва бу касалликдан вафот этганларга оид рақамлар расмий статистикада акс этаётгани йўқ.

“Юксалиш” ҳаракати 29 сентябрь кунги ўз баёнотида коронавирус инфекцияси бўйича расмийлар томонидан эълон қилинаётган статистикага ишонч йўқолаётганини инобатга олиб, Республика махсус комиссияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигини Ўзбекистонда COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазият тўғрисида фуқароларни тўлиқ ва холис ахборот билан таъминлаб бориш, хусусан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг аниқ кўрсаткичлари ва ўчоқлари, уйда даволанаётган одамлар, вафот этганлар сони кўрсатилган кунлик батафсил ҳисоботларни эълон қилиб бориш, COVID-19 юқиши натижасида келиб чиққан пневмония ҳолатларини ва коронавирус инфекциясини яхлит статистик маълумотлар кўринишида бирлаштириш, шу жумладан пневмонияни юқтирган ва унинг оқибатида вафот этганлар сонини тақдим этиш, Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоларининг тўлиқ рўйхатини жамоатчиликка тақдим этиш, фуқароларни эпидемиологик вазият ҳақида хабардор қилишга қаратилган брифинг ва матбуот анжуманларида вазирлик ва идоралар раҳбарияти даражасидаги ваколатли шахслар, Республика махсус комиссияси аъзоларининг иштирок этишини таъминлашга чақирган.

Тошкентликларнинг сувдан қарзи 124 млрд сўмга етгани иддао қилинди

Тошкент шаҳри аҳолисининг биргина ичимлик сувидан қарздорлиги шу кунда 124 миллиардга етган. Бу ҳақда “Тошкент шаҳар сув таъминоти” корхонаси Фейсбукдаги ўз саҳифаси орқали маълумот тарқатди.

Корхона вакилларига кўра, қарздорликнинг бу тарзда ўсишига карантин чекловлари туфайли аҳолининг тўлов қобилияти чеклангани, кўп йиллардан буён аҳолидан ичимлик суви тўловларининг ўз вақтида ундирилмагани ва бошқа омиллар сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” аҳолининг ичимлик сувидан қарздорлигини йил сўнгига қадар қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан. Унга кўра, тизимдаги барча мутасаддилар ушбу саъй-ҳаракатга сафарбар этилган.

Корхона пойтахт аҳолисини сув таъминоти хизмати учун ҳақни ўз вақтида тўлашга чақирган.

ТИВ Россия-Қозоғистон чегараси 1 октябрдан очилишига оид маълумотларни рад этди

Россия-Қозоғистон чегараси томон ҳаракатлаётган муҳожирларнинг машиналари.

Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1 октябридан очилиши ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали ватанга қайтишлари мумкинлиги ҳақида сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда тарқалаётган хабарлар ёлғон. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тезкор штабининг 29 сентябрь куни ёйинланган ахборотида айтилган.

Вазирлик йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар шахсий автомобилларида Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида турли эълонлар тарқатаётганига ҳам эътибор қаратган.

Ўзбекистонликлардан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликни сўраган ТИВ Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолиши ҳақида маълум қилган.

Хабарномада ҳозирда Ўзбекистонга қайтиш истагидаги фуқаролар учун авиа, темир йўл ва автобус чартер қатновлари ташкил этилаётгани, ушбу рейсларга чипталар онлайн тарзда сотилаётгани урғуланади.

Коронавирус инфекцияси юқиш эҳтимолидан огоҳлантирган вазирлик Россия ҳудудида бўлган ўзбекистонликлардан жойларда тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўймасликни сўраган.

ТИВ ахборотида қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Қозон ва Ростов-Дон шаҳарларидаги бош консулхоналари маълумотларига асосан, 2020 йил 29 сентябрь ҳолатига кўра, Самара вилоятининг “Кинель”, Ростов вилоятининг “Первомайская” ва “Лихая” темир йўл станциялари яқинида ўзбекистонликларнинг тўпланиши кузатилмаяпти. Тўпланган барча фуқаролар автобус рейслари ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг махсус поездлари орқали ватанга қайтарилган. Шу муносабат билан ушбу станциялар яқинидаги махсус вақтинчалик лагерлар айни пайтда ёпилган.

Президент имзолаган қонун билан маҳаллий ҳокимликларнинг ваколати чекланди

Ўзбекистонда президент томонидан 28 сентябрь куни имзоланган қонун билан маҳаллий ижроия ҳокимият органларининг айрим ваколатлари бекор қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

“Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги мазкур қонунга мувофиқ, маҳаллий ҳокимият идораларининг фаолияти сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналарнинг технология, ўрмон-мелиорация ва агротехника, гидротехника, санитария-техника тадбирларини ўтказишлари учун келишиш лозимлигига оид, корхоналар ва ташкилотларга қуйидаги масалаларда ёзма кўрсатмалар бериш, сув тошқинларининг, сув босиши ва зах босишининг, соҳиллар, ҳимоя дамбалари ва бошқа иншоотлар бузилиб кетишининг, ерларнинг ботқоқланиши ва шўрланишининг, тупроқ эрозиясининг, жарлар, ўпирилишлар юзага келишининг, сел оқимларининг ва сувлар етказадиган бошқа зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга оширишга оид ҳамда аҳолининг ичимлик, маиший ва бошқа эҳтиёжлари учун мўлжалланган сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилишга оид ваколатлари бекор қилинди.

Шу билан бирга, қонун билан маҳаллий ижроия ҳокимият органларининг қуйидаги ваколатлари чиқарилган:

  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш билан ҳокимларнинг маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган қарорлар қабул қилиш ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган айрим қоидаларни белгилаш ваколати;
  • “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, ҳокимларнинг атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг йўл қўйиладиган нормативларини бузиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш ваколати;
  • “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун рухсатнома бериш ваколати;
  • “Ўрмон тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати.

Ўзбекистон коронавирусга қарши Хитой вакцинасини ҳамкорликда синашга келишиб олди

“Ўзбекистон ҳукумати Хитойнинг иккита компанияси билан коронавирусга қарши вакциналар синовининг сўнгги босқичларини ўтказиш бўйича битимлар имзолади”,- деб хабар берди 29 сентябрь куни “Газета уз”.

Хабарда айтилишича, Инновацион ривожлантириш вазирлиги Sinopharm ва Zhifei Longcom билан бу борадаги шартномаларни имзолади.

25 сентябрь куни Халқаро пресс-клуб йиғилишида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон коронавирусга қарши вакцинанинг охирги-учинчи синови якунланганидан сўнг коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни режалаштираётганини билдирган.

«Хитойнинг иккита компанияси вакциналарини Ўзбекистонга жалб қилиш ва [ушбу дори воситаларининг] клиник синовларининг учинчи босқичида иштирок этиш [режалаштирилмоқда]. Сўнгра ўзимизда ушбу вакциналарни ишлаб чиқариш масаласи кўтарилади, бу эса импортнинг қисқаришига олиб келади, бундан ташқари биз уларни қўшни мамлакатларга экспорт қилишимиз мумкин бўлади», — деб иқтибос келтирган Баҳодир Юсупалиев сўзларидан нашр.

Унга кўра, Ўзбекистон Россия ширкатларига ҳам Россия вакцинасини ҳамкорликда синовдан ўтказишни таклиф қилган. Бугунги кунда бу масалада Россия томонининг жавоби кутилмоқда.

25 сентябрь куни Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси Ўзбекистонга коронавирусга қарши 35 миллион доза «Спутник V» вакцинасини жўнатиш тўғрисида Laxisam фармацевтика ширкати билан шартнома имзолангани тўғрисида билдирган эди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон мувофиқлаштириш ва назорат органлари рухсати олинганидан сўнг 2020 йилда республикага 10 миллион доза, 2021 йилда эса 25 миллион доза вакцина жўнатилади.

Коронавирусга чалинганлар сони 56 мингдан ошди

Айни пайтда беморлардан 52 466 нафари тузалди ва соғайиш даражаси 94 фоизга етди.

Ўзбекистонда 29 сентябрь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 28 сентябрь соат 23:30дагига нисбатан 190 нафарга кўпайиб, 56 кишини ташкил этди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 120 нафари Тошкент шаҳрида, 30 нафари Наманган вилоятида, 12 нафари Андижон вилоятида, 10 нафари Қорақалпоғистон Республикасида, 8 нафари Қашқадарё вилоятида, 6 нафари Фарғона вилоятида, 4 нафари Сурхондарё вилоятида аниқланган.

Шу билан бирга, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди ва ўлганлар сони 463 кишига етди.

Айни пайтда беморлардан 52 466 нафари тузалди ва соғайиш даражаси 94 фоизга етди.

Ҳозирда касалхоналарда 3 139 нафар бемор даволанмоқда.

Хивада ҳар икки йилда бир марта "Лазги" халқаро рақс фестивали ўтказилади

Хивада 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта 25-30 апрель кунлари “Лазги” халқаро рақс фестивали ва унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Президент Шавкат Мирзиёев бу борадаги қарорни 28 сентябрь куни имзолади.

Қарорга асосан, Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул орган этиб белгиланди.

Бундан ташқари Ташқи ишлар вазирлиги 2022 йил 1 февралга қадар фестиваль ва унинг доирасида ўтказиладиган “Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этадиган “рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантириши” зарур.

Президент Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Хоразм вилояти ҳокимлигига фестивални ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказиш чораларини кўришни ҳам топширган.

Аввалроқ президентнинг Хоразмда “Лазги” академиясини ташкил қилиш тўғрисидаги қарори ҳам эълон қилинганди.

Жорий йилнинг 13 март куни Урганч шаҳрида ўтказилган фаоллар йиғинида президент Шавкат Мирзиëев Хоразмда лазги бўйича халқаро фестиваль ўтказишни таклиф этган эди.

2019 йилнинг декабрида ЮНЕСКО Хоразм “Лазги”сини Ўзбекистон маданий меросининг унсури сифатида жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритган.

“Лазги”ни номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш ҳақидаги қарор 2019 йил 12 декабрь куни Колумбиянинг Богота шаҳрида ўтган ЮНЕСКО номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида қабул қилинган.

Булоқбошида авария. Уч киши ҳалок бўлди, битта уй бузилди (ФОТО)

Булоқбошидаги ҳалокат жойи. ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати фотоси.

Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида юк автомашинаси бошқарувни йўқотиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, жорий йилнинг 28 сентябрь куни соат 17:20 ларда Булоқбоши туманидаги Саноат маҳалла фуқаролар йиғинига фарашли “Газстрой” кўчасида "VOLVO" русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб қўйган.

Бунинг оқибатида автомашина йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, йўл чсетидаги турар-жой биноларидан бирига урилган.

Бунлан ташқари уйнинг атрофида ўйнаб юрган, вояга етмаган Қ.Н. ва Б.А.ларни уриб юборган. Натижада, 28 ёшли ҳайдовчи Ш.Л. воқеа жойида, икки қизалоқ - 3 ёшдаги Қ.Н., ва 10 ёшдаги Б.А., шифохонада вафот этган.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, ҳайдовчи Қирғизистон фуқароси бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мактабларнинг 76 фоиздан кўпроғи тўлақонли фаолиятини тиклади

Ўзбекистондаги мактаблардан бири.

Халқ таълими вазирлигининг маълум қилишича, 28 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда мавжуд бўлган ўн мингга яқин мактабнинг 7620таси (76, 3 фоиз) тўлақонли равишда фаолият юрита бошлади.

Аввалроқ вазирлик мактабларнинг анъанавий шаклда очилиши тўғрисидаги қарорлар ҳар бир мактаб бўйича фақатгина Маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан қабул қилиниши ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонда навбатдаги ўқув йили 14 сентябрдан бошланган. Ўшанда Халқ таълими вазирлиги мамлакатдаги 10 мингга яқин мактабдан 2635тасида ўқиш анъанавий тарзда бошланганини маълум қилганди.

21 сентябрда эса 4379та (43,9 фоиз) мактаб фаолиятини тиклагани билдирилганди.

Мактаб фаолияти тикланмаган ўқувчиларнинг таълим олиши «Онлайн-мактаб» лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали таъминланмоқда.

Коронавирусдан вафот этганлар сони 460дан ошди

28 сентябрь куни мамлакатда 477 ҳолатда касаллик қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 29 сентябрь куни сўнгги бир сутка ичида коронавирусдан яна икки бемор вафот этганини билдирди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 461 кишига етди.

Вазирликнинг маълум қилишича, 28 сентябрь куни мамлакатда 477 ҳолатда касаллик қайд этилди, 501 нафар бемор тузалди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 55 878 нафар бемордан 52 466 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 951 нафар бемордан 670 нафари оғир, 272 нафари эса ўта оғир аҳволда.

ОТБ Ўзбекистон энергетика секторини мустаҳкамлаш учун 200 миллион доллар қарз беради

Осиё тараққиёт банки 28 сентябрь куни Ўзбекистондаги энергетика соҳасини мустаҳкамлаш учун 200 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз ажратиш қарорига келди. Бу ҳақда ОТБ сайтида ёйинланган хабарномада айтилган.

Энергетика соҳасини ислоҳ қилиш дастури адолатли ва шаффоф рақобат ҳамда истеъмолчиларни ҳимоялашни таъминлаш учун сектор устидан назорат ўрнатишни таъминлаши иддао қилинмоқда.

Лойиҳа Франция тараққиёт агентлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган. Мазкур агентлик 169 миллион доллар миқдорида молия тақдим этади.

“Ўзбекистондаги энергетика соҳасида биринчи бўлган бу қарз мураккаб ислоҳотларни дастаклаш ва хусусий инвестицияларни чуқурлаштириш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш билан бир қаторда дастур ҳукуматнинг иш ўринлари яратиш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича якуний мақсадларига дастаклайди. Экологик жиҳатдан тоза энергияга ўтиш замонавий ва ишончли энергетика инфратузилмасини ривожланишини жадаллаштиришга қаратилган ислоҳотлар марказида бўлади”, деган ОТБнинг энергетика бўйича мутахассиси Сёнг Дак Ким.

Банк хабарномасида Ўзбекистон тўлиқ электрификация қилингани, аммо электр узатиш тизимидаги ўтказиш имконияти камлиги ҳамда электр ишлиб чиқариш ва тақсимлаш бўйича активларнинг эскиргани туфайли хизмат сифати пастлигию ишончли эмаслиги айтилади.

К. Алламжонов ўзбек матбуоти яқин-яқингача фақат И. Каримов учун хизмат қилганини эътироф этди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов.

Ўзбекистонда матбуот фақат битта инсон учун, ўша пайтдаги давлат раҳбарининг кўнгли учун хизмат қилган. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов 28 сентябрь куни Халқаро ахборотдан эркин умумфойдаланиш куни муносабати билан ўтказилган халқаро онлайн-конференцияда билдирди.

Ўзбекистонда ахборотдан эркин фойдаланиш имконияти яқин-яқингача аянчли аҳволда бўлган. 2016 йилга қадар ўзбек журналистикаси “кома” ҳолатига тушиб қолган эди. Ўлиб-ўлмаган, яшаб-яшаб кетмаган. Телевидениеда фақат бачкана мақтовлар, газеталарда фақат “жаннатдан хабарлар” ёритилар эди.

Бу ҳозир кулгилидир, лекин, афсуски, ҳолат худди шундай бўлган. Давлат аҳолига керак бўлган маълумотни эмас, балки ўзи тўғри деб билган маълумотларни тарқатиш билан шуғулланган. Бутун матбуот фақат битта инсон учун, ўша пайтдаги давлат раҳбарининг кўнгли учун хизмат қилган”, дея иқтибос келтирди К. Алламжонов сўзларидан Кун.уз нашри.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раисига кўра, И. Каримов вафотигача Ўзбекистон матбуотида одамлар ташвишлари ва муаммолари деярли ёритилмаган, журналистларнинг дардини фақат аноним шаклда бирор ижтимоий тармоқда қолдиришдан бошқа иложи бўлмаган.

Ўз сўзи давомида К. Алламжонов ўтган тўрт йил мобайнида мамлакатда матбуот сезиларли даражада эркинлашгани, журналистлар мамлакатнинг реал ижтимоий-сиёсий ҳаётидан олинган воқеаларни бемалол ёритадиган бўлганини қайд этган.

Нотиқ ҳукуматни танқид қилгани учун илгари тақиқ остида бўлган кўплаб хорижий сайтлар блокдан олинганини ҳам қўшимча қилган. Дарҳақиқат, ўтган йили Ўзбекистонда "Би-Би-Си" Ўзбек хизмати, "Америка овози", "Centre1", "Ferghana Agency", "AsiaTerra" ва бошқа хорижий янгилик сайтлари блокланмай қўйган, аммо "Озодлик" радиоси ва бошқа мустақил нашрларга ҳамон тўсиқ қўйилмоқда.

Мирзиёев Ш. Ғаниевни бош вазир ўринбосари лавозимига тасдиқлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали 28 сентябрь куни маълумот тарқатди.

Аввалроқ Ш. Ғаниев бош вазир муовини лавозимига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан тасдиқлагани ҳақида хабар қилган эдик.

2012 йилдан бери Фарғона вилоятини бошқарган ва ўтган йиллар давомида матбуотнинг диққат марказида бўлиб келган Шуҳрат Ғаниев шу йил 20 сентябрь куни 56 ёшида вафот этган Ўктам Барноевнинг ўрнини эгаллади.

Ш. Мирзиёевнинг шу йил 24 сентябрида имзолаган икки фармони билан Хайрулло Бозоров Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб, Шавкат Абдураззоқов эса Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

ЕИ COVID-19 га қарши кураш учун Ўзбекистонга 2 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратди

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда COVID-19 га қарши курашда самарали, тезкор ва мувофиқлаштирилган чоралар кўрилишини дастаклашга қаратилган лойиҳа учун 2 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан амалга ошириладиган лойиҳа, биринчи галда, тиббий муассасаларида беморлар билан бевосита алоқада бўлган тиббиёт ходимларининг индивидуал ҳимоя воситалари билан таъминланишига қаратилган”, дейилади ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси баёнотида.

Қайд этилишича, ЖССТ томонидан тавсия қилинган индивидуал ҳимоя воситаларини тиббиёт ходимлари учун сотиб олиб бериш коронавирус инфекцияси ёйилиш кўламини камайтириш учун катта аҳамиятга эга.

ЕИ вакилларига кўра, ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари учун етарли даражада юқори сифатли ҳимоя воситалари сотиб олиниши ортидан лойиҳа кейинги икки йил мобайнида инфекция юқишининг олдини олиш ҳамда инфекцион назорат соҳасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг мустаҳкамланишига кўмаклашади.

Душанбега борган ўзбек делегацияси қўшнилар билан чегара масаласини муҳокама қилади

Ўзбекистон бош вазири А. Арипов тожикистонлик ҳамкасби Қ.Расулзода билан (архив сурати).

Ўзбекистон ва Тожикистон коронавирус пандемияси туфайли икки давлат ўртасида баҳорда ёпилган чегараларни очиш, Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновни тиклаш масалаларини муҳокама қилади. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Ўзбекистондан ҳукумат делегацияси 28 сентябрь куни Душанбега етиб борган. Бу ўзбек расмийларининг коронавирус пандемияси даврида Тожикистонга қилган илк ташрифидир.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон делегацияси раҳбари – бош вазир Абдулла Арипов Душанбега 29 сентябрь куни етиб боради ва еттинчи ҳукуматлараро комиссия ишида иштирок этади. Ўзбек делегацияси ичида мамлакатнинг қарийб барча вазирлари ўрин олгани айтилмоқда. Улар билан бирга Ўзбекистондан кўплаб тадбиркорлар ҳам ташриф буюради – 29 сентябрь куни Душанбеда Тожикистон-Ўзбекистон бизнес форуми ўтказилиши кутилмоқда.

Музокаралар чоғида делегациялар икки давлат ўртасидаги чегараларни очиш ва Тошкент билан Душанбе ўртасидаги авиақатновларни тиклаш масалаларини муҳокама қиладилар. Қўшни давлатлар ўртасидаги чегаралар пандемия важидан 16 мартдан бери ёпиқ турибди. Шунингдек, кун тартибида иқтисодиёт, молия, энергетика, маданият, таълим, транспорт, савдо-cотиқ, туризм, саноат ва илм-фан соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларида ҳам бор.

Озодликнинг тожик хизмати манбасига кўра, сешанба куни Абдулла Арипов Душанбеда “Артель-Авесто” тожик-ўзбек қўшма корхонасининг очилиш маросимида иштирок этади. Қўшма корхона Artel бренди остида маиший техника буюмларини ишлаб чиқариб, Тожикистон бозорида сота бошлайди.

27 сентябрь куни Тожикистоннинг Сўғд вилояти Спитамен туманида Ўзбекистон ҳисобидан қурилган ва жиҳозланган янги умумтаълим мактабини фойдаланишга топшириш маросими ўтказилган. Унда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов иштирок этган. Мактаб қурилишига оид келишувга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Тожикистонга қилган давлат сафари чоғида эришилганди.

Ўзбек делегацияси Тожикистонга давлат раҳбари сайлови арафасида сафар қилмоқда. Тожикистонда президент сайлови 2020 йилнинг 11 октябрига белгиланган. Бу сайловга мамлакатнинг амалдаги президенти Эмомали Раҳмон бешинчи марта ўз номзодини қўйган. У Тожикистонни 26 йилдан буён (1994 йилдан бери) бошқариб келмоқда.

Доллар озгина қимматлади, евро ва рубль арзонлади

Ўзбекистон Марказий банки хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги курсларини эълон қилди. Мазкур алмашинув курслари 29 сентябрдан кучга киради.

Марказий банк 29 сентябрдан бошлаб 1 АҚШ доллари 10 321 сўм 21 тийин бўлишини билдирди. Бу ўтган ҳафтадаги курсдан 5 сўм 59 тийинга қимматдир.

1 евро эса 207,03 сўмга арзонлади ва унинг қиймати 12 003 сўм 57 тийин бўлади.

Шунингдек, 1 рубль қадри ҳам 4 сўм 21 тийнга тушиб кетди. Жорий ҳафтада 1 рубль қиймати 132 сўм 07 тийинга тенг бўлди.

Ўтган ҳафтада доллар 20 сўмга қимматлаган ва 1 доллар қиймати 10 315 сўмни ташкил қилган эди.

Ўзбекистонга қайта олмай Самарада тўпланиб қолган барча ўзбекистонликлар ватанига олиб келинди

Самарадаги чодир шаҳарчада яшаган ўзбек муҳожирлари.

“Ўзбекистон темир йўллари” махсус поезди 27 сентябрь куни Россиянинг Самара вилояти Кинель аҳоли пунктида тўпланиб қолган ўзбекистонликларнинг охирги қисмини ватанига олиб кетди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Самара вилоят ҳукуматига таянган ҳолда хабар берди.

Агентликнинг билдиришича, 27 сентябрь куни 300 нафар муҳожир Тошкентга қайтиб кетди. Айни пайтда ўзбекистонлик муҳожирлар учун ташкил этилган Кинелдаги чодир шаҳарчасида ҳеч ким қолмаган ва лагердаги барча чодирлар йиғиштирилмоқда.

Коронавирус пандемияси бошланганидан кейин Россиядаги муҳожирларнинг кўпи ишсиз ва пулсиз қолган, шу важдан улар ватанларига қайтишга қарор қилишган. Аммо чегаралар ёпиқлиги сабаб, улар чегараолди ҳудудларида тўпланиб қолишган.

Биргина сентябрь ойида Самара вилоятидан самолёт ва поездларда 6 мингдан ортиқ ўзбекистонлик юртига жўнатилган.

Май ойидан бери Самара вилоятидан Ўзбекистонга 10 мингга яқин ўзбекистонлик қайтарилган.

Қимматбаҳо ёмби ва тангаларни Ўзбекистондан чекловларсиз олиб чиқиб кетишга рухсат берилди

Президент қарорида ёмби ва тангаларни чекловсиз олиб чиқиб кетиш мумкинлиги қайд этилди.

Бундан буён жисмоний шахслар Ўзбекистондан қимматбаҳо ёмбилар ва тангаларни мамлакат ташқарисига чекловларсиз олиб чиқиши мумкин. Адлия вазирлигининг 27 сентябрда билдиришича, бу борада “Қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, жисмоний шахслар қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбилар ва Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини республика ҳудудидан ташқарига божхона декларациясини тўлдирган ҳолда чекловларсиз олиб чиқиши мумкин.

Ёмбилар ва тангаларни хорижга олиб чиқиб кетиш учун Марказий банк, Молия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитасининг тегишли сертификатлар мавжуд бўлиши лозим.

Бундан ташқари ёмби ёки танга миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрдан ошган тақдирда, мажбурий равишда божхона декларацияси тўлдирилиши шарт бўлади.

Фармонда, шунингдек, Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги тугатилиб, Марказий банкда Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати ташкил этилиши назарда тутилган.

Ҳукумат коронавирусга қарши курашаётган шифокорларга ҳақ тўлаш тўғрисида қарор қабул қилди

24 сентябрда қабул қилинган қарорга асосан врачларга 25 миллион сўмдан берилади.

Коронавирусга қарши курашаётган ўзбекистонлик врачларга 20 августдан 20 сентябргача бўлган муддат учун бир ойлик иш ҳақи тўлаб берилади. Бу ҳақда Вазирлар Махкамаси “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тадбирларига ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

24 сентябрда қабул қилинган мазкур қарорга асосан врачларга ва врач-лаборантларга 25 миллион сўмдан, бошқарув ва ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга 15 миллион сўмдан, провизор-фармацевт ходимларга 10 миллион сўмдан, дезинфектор ва кичик тиббиёт ходимларига 8 миллион сўмдан, бошқа ходимларга 5 миллион сўмдан махсус тўлов (солиқлардан ташқари) белгиланди.

Шунингдек, анестезиолог-реаниматолог врачларга ҳам махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари ҳисоб-китоб қилинади ва тўлаб берилади.

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар жойлаштирилган стационар даволаш муассасалари рахбарлари ва бевосита даволаш ишлари билан шуғулланувчи унинг ўринбосарларига врачлар учун белгиланган махсус тўлов, яъни 25 миллион сўм миқдоридаги тўлов татбиқ этилади.

Коронавирусдан вафот этганлар сони 459 кишига етди

27 сентябрь куни мамлакатда 448 ҳолатда касаллик қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 28 сентябрда билдиришича, сўнгги бир сутка ичида , 5 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони расман 459 нафарга етди.

Вазирлик ўтган ҳафтадан бери вафот этганларнинг ёши, жинси ва қайси ҳудуддан экани тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилмаяпти. Шунингдек ўлим ҳолатларининг вилоятлар кесимидаги кўрсаткичи ҳам жамоатчиликдан сир тутилмоқда.

Вазирликнинг таъкидлашича, 27 сентябрь куни мамлакатда 448 ҳолатда касаллик қайд этилди, 507 нафар бемор тузалди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 55 401 нафар бемордан 51 965 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 94 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 977 нафар бемордан 725 нафари оғир, 299 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG