Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2020, Тошкент вақти: 20:23

Беларусда намойишлар давом этмоқда, қўлга олинган намойишчилар қўйиб юборилди


Минск трактор заводи ишчилари иш ташлади. 2020, 14 август.

Беларусь пойтахти Минск ва бошқа қатор шаҳарларда 13 августга ўтар кечаси ҳам ўн минглаб киши норозилик намойишларига чиқди. Расмийлар тангликни юмшатиш илинжида кечга яқин ҳибсга олинган мингга яқин намойишчини қўйиб юборди. Ички ишлар вазирлиги эса айримларга қарши ошиқча куч қўлланилгани учун узр сўради.

Ички ишлар вазири Юрий Караев тасодифий одамлар жароҳат олгани учун узр сўраб, масъулиятни ўз бўйнига олишини билдирди.

Беларусь миллий кенгаши раиси Наталья Кочанова президент Александр Лукашенко намойишчиларни ҳибсга олиш жараёнини зудлик билан кўриб чиқишга чақирганини айтди.

- Жанг қилмоқчи эмасмиз, бизга уруш керак эмас. Бугун кечга қадар минг киши рухсат берилмаган тадбирларда қатнашмаслик мажбурияти билан озодликка чиқарилди, - деди Кочанова.

Беларусь полицияси намойишчиларни аёвсиз калтаклади, айрим ҳолатларда намойишчиларга ўқотар қуролдан ўт очилди. Натижада юзлаб намойишчи жароҳатланди, камида икки киши нобуд бўлди.

Айни дамда 6 мингга яқин намойишчи ҳибсда қолмоқда. Бир неча нашр ҳибсда намойишчиларни полиция калтаклагани ва таҳқирлагани ҳақида хабар қилди.

Бу орада зўравонликни тўхтатиш учун Беларусь ҳукуматига халқаро босим кучаймоқда. 13 август куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бир гуруҳ мутахассиси Беларусь полицияси кўрган чораларни қоралаб билдирув эълон қилди.

Эстония, Латвия, Литва ва Польша етакчилари «Беларусдаги бўҳронга тинч ечим топиш учун» яраштирувчи вазифасини ўташ таклифи билан қўшма билдирув эълон қилди.

Билдирув Беларусда «миллий мулофот» олиб бориш мумкин бўлган форумни тузишга чақирди.

Беларусь бўйлаб айрим ҳукуматга тегишли завод ва фабрикалар ишчилари иш ташлашди.

13 август куни бир гуруҳ аёл Минскда ёнма-ён туриб, «бирдамлик занжирини» тузди. Тинч намойишларда иштирок этаётганлар олдидан автомобилда ўтган ҳайдовчилар эса бирдамлик изҳор қилиш учун сигнал чалишди.

Беларусь давлат филармониясининг бир гуруҳ мусиқачиси филармония олдида «Овозимни ўғирлашди» ёзуви билан намойишга чиқишди.

Беларусдаги IT ширкатларининг 700 дан ошиқ етакчиси қўшма мактуб ёзиб, ҳукуматни зўравонликни тўхтатишга ҳамда «очиқ ва адолатли» президент сайловини ўтказишга чақирди.

Беларусь журналистлари бирлашмаси 23 нафар журналист ҳибсда қолаётганини билдирди. Бирлашмага кўра, сайлов ортидан умумий ҳисобда 68 нафар матбуот ходими қўлга олинган.

Беларус тергов изоляторларидаги калтаклаш ва ҳақорат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:59 0:00

11 августдан бери Беларусь давлат телеканалининг бир неча ходими намойишчиларни қўллашини изҳор қилиб, истеъфога чиқди.

Айрим полиция ходимлари ҳамда Беларуснинг ОМОН хавфсизлик кучлари аъзолари ижтимоий тармоқларда тинч намойишчиларга қарши кескин куч қўлланилганини қоралаб, иш формаларини улоқтиришди ёки ёқиб юборишди.

Мингдан ошиқ олим ва тадқиқотчи ҳукуматга очиқ хат йўллаб, намойишчиларга қарши куч ишлатишни бас қилишга ҳамда қўлга олинган барча намойишчини қўйиб юборишга чақирди.

Маҳаллий матбуот нашрларига кўра, мамлакат шарқидаги Бобруйск шаҳри қамоқхонасида маҳбуслар исён кўтарган. Маҳаллий аҳоли 13 август куни қамоқхонага Ички ишлар вазирлиги қўшинлари олиб келинганини сўзлаб берди.

Беларусда амалдаги президент Лукашенко президент сайлови ғолиби бўлгани эълон қилингани ортидан 9 августда бошланиб кетган эди.

Сайловда Лукашенконинг асосий рақиби бўлган номзод Светлана Тихановская овоз бериш натижаларини тан олмади. Тихановскаяни Беларусни тарк этди ва айни пайтда Литвада қолмоқда.

13 август куни Ички ишлар вазирлиги билдирув эълон қилиб, «мамлакат бўйлаб тартибсизликлар ўз кучини йўқотганини, аммо ҳуқуқ-тартибот органларига қарши агрессия ҳануз кучли» эканлигини билдирди.

Вазирликка кўра, намойишлар бошланганидан бери 103 нафар полиция ходими жароҳатланган, уларнинг 28 нафари шифохонага ётқизилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG