Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2020, Тошкент вақти: 00:26

Эксклюзив: Помпео АҚШ Беларус халқи учун “яхши натижани таъминлаш” чорасини кўришини ваъда қилди (ВИДЕО)


АҚШ давлат котиби Майк Помпео Беларусда бўлиб ўтган мунозарали президент сайлови ҳамда унинг ортидан бошланган тинч намойишларга қарши ҳукумат чоралари ҳақида сўзлар экан, «Беларусь халқи учун яхши натижани хоҳлаймиз ва шунга яраша чора кўрамиз», деди.

12 август куни Чехия пойтахти Прагада «Озодлик»ка интервью берган Помпео Беларусдаги «зўравонликни ва унинг оқибатларини, тинч намойишчиларга қарши кўрилаётган номақбул чораларни кузатяпмиз», деди.

9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловида амалдаги президент Александр Лукашенко ғолиб бўлгани эълон қилингани ортидан бошланган намойишлар уч кун тинчимади. Полиция намойишчиларга қарши кескин куч ишлатиб, минглаб одамни қўлга олди.

Помпео АҚШ ҳали қандай йўл тутиш ҳақида якуний қарорга келмаганини, қандай чора кўришни Европадаги ҳамкорлари билан биргаликда ҳал қилишини таъкидлади.

Сайловнинг АҚШ ва Беларусь муносабатларига таъсири ҳақидаги саволга жавобан котиб:

- Ўйлаб кўришимиз керак бўлади ... Сайлов бизни жуда хавотирга солди, эркинроқ ёки адолатлироқ ўтмаганидан чуқур афсусдамиз, - деди.

Европага беш кунлик хизмат сафари билан келган Помпео бошқа масалалар ҳақида ҳам, шу жумладан, Россия Толибонга Афғонистондаги АҚШ аскарларига ҳужум эвазига мукофот ваъда қилгани ҳақидаги иддаолар, Вашингтоннинг Эронга қурол-аслаҳа сотишни ман этувчи БМТ эмбаргосини узайтириш режаси ҳамда АҚШда намойишчиларга қарши куч қўлланилгани Вашингтоннинг хориждаги обрўсига қандай таъсир ўтказгани каби масалаларга тўхталиб ўтди.

Помпео АҚШ разведкаси билан боғлиқ масалаларни ҳеч қачон шарҳламаслигини айтиб, Россия ҳарбий разведкаси Толибон жангариларига Афғонистондаги халқаро коалиция ҳарбийларини ўлдириш учун пул мукофотлари таклиф қилгани ҳақидаги миш-мишлар ҳақида сўзлашдан бош тортди.

- Агар руслар америкаликларни ёки бошқа ғарбликларни ўлдириш учун бирор тарафга пул таклиф қилаётган бўлса, бу уларга қимматга тушади, - деди котиб.

АҚШнинг Эронга қарши қурол-аслаҳа эмбаргосини узайтириш уринишларига айрим Европа давлатлари қаршилик қилиши мумкинлиги ҳақида Помпео «бирор Европа давлати Эрон қуролга эга бўлишини қўллаши мантиққа тўғри келмайди», деди.

Жорий ҳафтада АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашига Эронга қурол сотишга қўйилган эмбарго муддатини узайтириш таклифини киритиши кутилмоқда.

Вашингтонга кўра, агар Хавфсизлик кенгаши амалдаги эмбарго октябрь ойида ўз якунига етганидан кейин Эрон қурол-аслаҳа харид қилишига ва сотишига тўсқинлик қилмаса, Эронга қарши барча БМТ резолюцияси қайта жорий қилинади.

БМТ резолюцияларини қайта тиклаш механизми 2015 йилда дунёнинг қудратли давлатлари ва Эрон ўртасида Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувда белгиланган.

Помпеодан Вашингтон таклифини Россия ва Хитой вето қилиши ҳақида сўралганда:

- Таклифни қайтарамиз. 2231 (-сонли резолюция) га биноан шундай қилишга ҳақлимиз, - деди.

БМТнинг 2231-сонли резолюцияси Эрон билан имзоланган келишувни қўллайди. Аммо 2018 йилда АҚШ Эрон билан имзоланган келишувдан чиқиб, мамлакатга қарши иқтисодий санкцияларни жорий қилди.

Помпео, шунингдек, Россия расмийлари мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган хорижий матбуот нашрларига ўтказаётган босим ҳақида ҳам сўзлади.

Котиб 10 август куни билдирув эълон қилиб, «Озодлик радиоси» ва «Америка овози» Россияда аллақачон йирик чекловларга дучор бўлаётганини, «Роскомнадзор»нинг барча хориж нашрларини «хориж агентлари» ўлароқ рўйхатдан ўтишга мажбурловчи қарори Вашингтонни чуқурга хавотирга солганини айтган.

«Озодлик» қароргоҳи жойлашган Прагада сўзлаган Помпео:

- Уларга ҳақиқий босим ўтказиб, энг тўғри йўл матбуот эркинлигини таъминлаш эканлигига ишонтира оламиз, деб ўйлайман, - деди.

Помпео АҚШда ижтимоий тенгсизликка қарши ўтказилган норозилик намойишларига қарши кўрилган чоралар Вашингтоннинг хориждаги обрўсига путур етказгани ҳамда Вашингтоннинг авторитар тузумларни қоралашига асос бўлувчи ахлоқий обрўсини заифлаштиргани ҳақидаги саволни «ҳақоратомуз» дея таърифлади.

Котиб АҚШ ва авторитар тузумлар ўртасида жуда катта фарқ бор эканлигини айтиб:

- Бизда қонун устуворлиги, матбуот эркинлиги бор. Ўша одамларнинг ҳар бири тегишли суд жараёнидан ўтади. Бизда тинч намойишлар содир бўлаётганида намойишчиларга ўз фикрлари ва ўйларини изҳор қилишлари учун муҳит яратамиз. Буни авторитар тузумда нима содир бўлиши билан солиштиринг. Бизни улар билан солиштиришни бошлаш учун, бизнинг полициямиз, ҳуқуқ-тартибот идораларимиз Америка бўйлаб қилаётган ажойиб иш Американинг ахлоқий обрўсига қандайдир соя солиши… Очиғи, бу саволни мен тушунарсиз ва ҳақоратомиз деб кўраман, - деди котиб.

XS
SM
MD
LG