Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2020, Тошкент вақти: 11:49

Вабо пайтидаги байрам? Андижон ҳокими кенжа қизининг туғилган кунига дабдабали зиëфат уюштирди (ВИДЕО)


Давлат мулозими сифатидаги ойлиги 200 доллардан ошмайдиган ҳоким қизининг туғилган куни¸ уни бевосита кузатган андижонликларга кўра¸ бир неча ўн минг доллардан ошган.

16 август куни Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов кенжа қизининг 19 ëшга кириши муносабати билан зиëфат уюштирди.

Кўринишидан ҳокимнинг шахсий ҳовлисидаги бассейн бўйида кундуз бошланиб¸ тунга қадар давом этган тадбирни Тошкентдан махсус чақиртирилган Муниса Ризаева ва бошқа санъаткорлар ўтказди.

Озодликка тақдим этилган фотосуратлардан¸ карантин қоидалари юмшаши билан ўтказилган бу тадбирда хизмат кўрсатувчилар сонининг ўзи 30 дан ошгани кўрилади.

Вабо пайтидаги байрам? Андижон вилоят ҳокими кенжа қизига дабдабали туғилган кун зиëфати уюштирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:13 0:00

Андижондаги хусусий бу тадбир ҳақида Муниса Ризаева ўз Instagram саҳифасида сурат ва видеоларни улашди.

Уларнинг бирида Ризаева “Андижонга кириб келаëтганини кўрсатса¸ бошқасида тадбирга тайëргарлик кўраëтганини билдирди.

Ижтимоий тармоқда тарқаган сурат ва видеоларга қараганда¸ зиëфат сўнгида Шуҳрат Абдураҳмонов қизига Gentra русумидаги янги автомобиль совға қилган.

“Ўзавтосаноат”нинг Андижон салонларида савдога қўйилган Gentra нархи 138 миллион (13 минг АҚШ доллари)гача боради.

Молия вазирлигининг 2019 йилги хабарига кўра¸ Ўзбекистонда депутат ва сенатор – 1 млн 560 минг 413 сўм (150 АҚШ доллари атрофида)¸ вилоят ҳокими – 1 млн 899 минг 783 сўм (190 долларга яқин) ойлик олади.

2013 йилдан бери Андижон вилоятига ҳокимлик қилаëтган Шуҳрат Абдураҳмоновнинг бизнес билан шуғулланиши ҳақида очиқ маълумот йўқ.

Маҳаллий матбуотга кўра¸ Муниса Ризаева Ўзбекистондаги “қиммат” хонандалардан бири ва унинг шахсий тўй-маъракани ўтказиб бериш нархи 4-5 минг долларгача боради.

“Вилоят отаси” уюштирган зиëфатга муносабат

Озодликка ҳоким қизининг туғилган куни зиëфати ҳақида фикр билдирган оддий андижонликлар¸ буни "вабо пайтидаги байрам"га қиëслади.

Бугун Андижон вилояти ҳокимининг кичик қизи Қизлархон Абдураҳмонованининг туғилган куни бўлди. 30 кишидан кўп одам айтилган зиëфатни Муниса Ризаева ўтказди. Шундай карантин замонда халқ қийналаëтган бир вақтда шунақа катта туғилган кун қилиш шартмиди? Халқ қийналиб¸ ҳатто озиқ-овқат топа олмайëткан бир вақтда вилоятнинг отаси ҳисобланган бу одамнинг бундай кўп сонли одамни тўплаб¸ қизига туғилган кун қилиши кунини зўрға кўраëтган халқни ўкситмайдими? Нозу нематларга тўла дастурхонни кўриб, уйида ҳатто қора қозони қайнамаëтган одамлар хаëлингизга келади. Карантин қоидалари тўлалигича бузиб ўтказилган бу туғилган кун жуда кўпчиликни ўкситти».

Пандемияга қадар президент Шавкат Мирзиëев келтирган рақамга кўра¸ 2020 йил январига қадар мамлакат аҳолисининг 4 миллионга яқини камбағалликда кун кечираëтган эди.

Ўзбекистонда март ойидан бошлаб коронавирус пандемияси тарқашини жиловлаш учун киритилган карантин чекловлари оқибатида мамлакатдаги камбағаллар сони кескин ошиб бормоқда.

Пандемия даврида иши ва даромад манбаидан ажраган юз минглаб оилалар тирикчилик учун ҳукумат томонидан берилаëтган озиқ овқат ва моддий ëрдамга муҳтож бўлиб қолган.

Жорий йилнинг май ойида президент Мирзиëев Абдураҳмоновга Андижондаги 41 минг оилани камбағалликдан чиқариш ҳақида топшириқ берган.

Президентнинг 30 июль кунги фармони билан 15 августга қадар камбағаллар темир дафтарига киритилган 1 миллион 700 минг одамга 220 минг сўмдан бир марталик моддий ëрдам берилди.

Андижон ҳокимининг «саховатпеша»лиги манбаси мавҳум қолмоқда

Андижон вилоятига 7 йилдан бери ҳокимлик қилаëтган Шуҳрат Абдураҳмонов Ўзбекистонда шов-шувли ҳатти-ҳаракатлари¸ хусусан¸ манбаи очиқланмаган саховатпешалиги билан танилган давлат мулозимларидан бири.

20 июль куни Шуҳрат Абдураҳмоновнинг коронавирус муаммосига бағишлаб ўтказилган матбуот брифингига борган журналистларга 5 миллион сўмдан "ҳоким ҳадяси" тарқатилди.

Бундан олдин ҳам Шуҳрат Абдураҳмоновнинг футболчи, теримчи¸ шоир ва раққосаларга пул ва машиналар совға қилгани акс этган видеолар тарқаган эди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бундай совғалар учун пул кимдан¸ қаердан олиняпти, деган саволни ўртага ташлаб келади.

Ҳоким Абдураҳмонов эса бу саволларга "бераётган бўлсам халқимга беряпман", дея жавоб қилган.

Ўтган йил 25 ноябрь куни вилоятлик спортчиларни тақдирлаш маросимида Андижон вилоят ҳокими: "Кимлардир муҳокама қилиб кўряпти буни ҳам ҳоким қатдан оберяпти, нима оберяпти. Мен бераётган бўлсам, халқимга беряпман. Ўзим емаяпман, шу халқимга беряпман мен", деган эди.

Ҳозирга қадар бюджетдан камтар ойлик оладиган давлат мулозими саналган ҳоким бундай совғалар манбасини очиқламаган.

Ўзбекистонда давлат мулозимларидан ўз даромади ва унинг манбасини жамоатчиликка очиқлашни талаб қилувчи қонун ҳозирга қадар қабул қилинмаган.

XS
SM
MD
LG