Линклар

Шошилинч хабар
23 сентябр 2020, Тошкент вақти: 04:42

Одам савдосида айбланган собиқ фаолнинг Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилингани айтилмоқда


Сурхондарёлик собиқ фаол Хуррам Бердиев (ўнгда) ўғли Шоҳжаҳон Ҳасанов билан, январь, 2020

Сўнгги 10 йил давомида Қозоғистонда яшаб юрган сурхондарёлик собиқ мухолифат фаоли Хуррам Бердиевнинг 17 август куни Ўзбекистонга экстрадиция қилингани айтилмоқда.

Оиласи ва Қозоғистондаги яқинларидан олинган маълумотга кўра, у шу йилнинг 8 февралида, Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари сўрови асосида Чимкентда ушланган ва ҳибсда сақланаётган эди.

Хуррам Бердиев одам савдосида айбланган яна икки ҳуқуқ фаоли иши доирасида 2014 йилда Тошкент томонидан қидирувга берилганди.

Қозоғистон ҳуқуқ тизимлари Бердиевнинг экстрадициясига оид оиласи берган маълумот юзасидан Озодлик юборган саволларга ҳозирча жавоб бермади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари ҳам бу борада бирор изоҳ бергани йўқ.

Хуррам Бердиевнинг 21 яшар ўғли Шоҳжаҳон Ҳасанов Озодликка 7 ойдан бери ҳибсда сақланган отасининг 17 август куни Ўзбекистонга экстрадиция қилингани ҳақида адвокатларидан эшитганини айтди.

“Адвокати WhatsApp орқали хабар қилди. Ўзбекистонга олиб кетишди, деди. Ҳозир отам қаерда сақланаётганини билмаймиз”.

Хуррам Бердиев адвокати Озодликка экстрадиция тафсилотлари ҳақида маълумот беришни истамади.

Сайрамдаги яқинларидан бири ҳам, Бердиевнинг 17 август куни экстрадиция қилингани ҳақида Чимкент шаҳар ИИВ бўлинмасидан маълумот олганини айтди, аммо шахсини очиқламасликни сўради.

Сайрам туман суди ҳукмидан нусха, 11 февраль, 2020
Сайрам туман суди ҳукмидан нусха, 11 февраль, 2020
Сайрам туман суди ҳукмидан нусха, 11 февраль, 2020
Сайрам туман суди ҳукмидан нусха, 11 февраль, 2020

Сайрам туман суди судьяси имзолаган қарорда ëзилишича¸ Бердиев Шайҳонтоҳур туман судининг 2014 йилнинг 21 январидаги қарорига асосан, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 135-моддаси, 3-қисми, “г” банди билан одам савдосида айбланиб, қидирувга берилган.

Суд қарорида¸ Бердиев 2020 йилнинг 8 февралида қўлга олинганида унинг МДҲ давлатлараро қидирувга берилгани маълум бўлган.

Шунингдек, қарорда Бердиевнинг Қозоғистон фуқаролиги ёки қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилмагани қайд этилган.

Сайрам туман суди судьяси халқаро келишувлар доирасида экстрадиция масаласи ҳал бўлгунига қадар Бердиевни 40 сутка - 2020 йилнинг 19 мартига қадар ҳибсда сақлашга қарор қилган.

Оиласидан олинган маълумотга кўра, Бердиев айтилган муддатгача Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг Чимкент шаҳридаги 167/11 сонли муассасасида ҳибсда сақланган. Аммо ҳукмда белгиланган муддатда озод этилмаган.

Қозоғистондаги яқинларига кўра, уларга экстрадиция муддати ҳар икки давлатда карантин эълон қилингани боис, кечикаётгани айтилган.

Озодлик Хуррам Бердиевнинг ҳибсга олиниши ҳамда экстрадицияси ҳақида Чимкент шаҳар ИИБ ҳамда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидан изоҳ олишга уринди, ҳозирча муваффақ бўлмади. Айни пайтда, Озодликнинг Қозоғистондаги мухбири Бош прокуратурага йўлланган мактубга жавоб кутмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистондаги ҳуқуқ тартибот идораларидан ҳам ҳозирча бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Бердиев билан шу йилнинг апрелида Чимкентдаги ҳисбхонада кўришганини айтган ўғли Шоҳжаҳон Ҳасановга кўра, Ўзбекистон томони “одам савдоси”да айблаб, қидирувга берганидан Бердиевнинг хабари бўлган.

“Фахриддин Тиллаев ва яна бир киши билан бирга айблашмоқчи бўлганидан отамнинг хабари бор эди. У икки киши Ўзбекистонда бўлгани учун қамашди, отам Қозоғистонда қолаётган эди. Отамнинг одам сотмаган, унақа гап бўлиши мумкин эмас. Отам Ўзбекистондан келган ишчилардан 2-3та бригада тузиб, қурилишда прораблик қиларди. 10 йилдан бери шу ишни қиларди отам”.

1961 йилда Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманида туғилган Хуррам Бердиев Она тили ва адабиёти фани ўқитувчисидир. Унинг 5 фарзанди бор.

“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Отаеванинг хабар қилишича, 2014 йилнинг 6 мартида икки ҳуқуқ фаоли – Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовлар устидан Шайхонтоҳур туман Жиноят ишлари судида ўтган маҳкамада Хуррам Бердиев ҳам айни иш доирасида “одам савдоси”да айблангани айтилган.

Ўша маҳкамада иштирок этган ўзбекистонлик фаол – “Эрк” мухолиф партияси аъзоси Дилором Исоқова айбловни “уйдирма” деб баҳолайди:

- Мен ўша маҳкамада қаташганман. Ўша маҳкамада Х. Бердиевнинг ҳам номи тилга олинган эди. Айбловни очиқ-ошкор уйдирма, деб ҳисоблайман. Қулликда сақландик, сотилдик, деб даъво қилган одамлар ўша муддатда Ўзбекистондаги яқинларига пул жўнатишган, телефонда гаплашиб туришган. Бунинг исботи тариқасида Қозоғистондаги пул жўнатиш хизматлари, телефон компанияларидан олинган ҳужжатлар тақдим қилинган. Аммо, шунга қарамай, Ф. Тиллаев ва Н. Жуманиёзовлар қамалиб кетди. Бердиев эса шундан бери Қозоғистондан келолмай юрганди. У аслида 1990-1993 йилларда “Эрк” партиясининг Тошкентдаги идораси ишлаб турган йилларда, унинг фаол аъзоларидан бири бўлган, дейди Дилором Исҳоқова.

Қуйида Исҳоқова билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:55 0:00
Бевосита линк

Айни жиноят иши доирасида, Хуррам Бердиев билан бирга, “одам савдо”сида айбланган икки фаол - Фахриддин Тиллаев ва Нуриддин Жуманиёзовлар 2014 йилнинг 6 март куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туман жиноят ишлари бўйича суди ҳукмига кўра, қамалган.

Ўшанда Фахриддин Тиллаев 10 йилу 8 ойга, Нуриддин Жуманиёзов эса 8 йилу 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳар икки фаол судда айбловни тан олмаган.

Нуриддин Жуманиёзов 2016 йилнинг 31 декабрида 68 ёшида, соғлиги ўта оғирлиги боис, қамоқда вафот этган.

Фахриддин Тиллаев эса 2018 йилнинг 12 майида муддатидан аввал озодликка чиқарилган. У қамоқда оғир қийноқларга солингани ҳақида Озодликка сўзлаб берган эди.

XS
SM
MD
LG