Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:42

Тадбиркор депутат Расул Кушербаевга қарши кўрсатма беришга мажбурланганини иддао қилмоқда


Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев
Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев

24 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят Оққўрғон туман суди судьяси Жаҳонгир Саидов раислигида ўтаётган маҳкамада судланувчи Жавоҳир Зокиржонов дастлабки тергов жараёнида Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевга қарши кўрсатма беришга мажбурлангани хусусида баёнот берди.

Судланувчининг адвокати Умид Давлатовнинг фикрича, унинг мижозига нисбатан Тошкент вилоят прокуратураси жиддий процессуал қонунбузарликларга йўл қўйган.

Тошкент вилоят прокуратурасидан бу иддаолар юзасидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Зокиржоновнинг иддаосича, Тошкент вилоят прокуратураси томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, агар у Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевга қарши кўрсатма берса, яъни унинг бизнеси аслида депутатга тегишли эканини тан олса, жавобгарликдан қутулиши мумкинлигини таъкидлашган.

“Менга қамалган кунимдан бошлаб доимий равишда Кушербаевга қарши кўрсатма берасан дейишди. Аввал илтимос, сўнг босимлар қилишди. Мен бошқарадиган карьернинг асл хўжайини депутат эканини, унинг фойдасини ҳам у олиб туришини ёзиб берасан, дейишди. Аслида мени шунинг учун қамашган”, деди Жавоҳир Зокиржонов.

272593/2020-2-сонли жиноят иши материалларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг “а” банди билан айбланаётган “Qo’sh yo’goch oltin fayzli baliqlari” МЧЖ собиқ раҳбари Жавоҳир Зокиржонов Чирчиқ дарёси ҳавзасидаги карьердан қонунга хилоф равишда қум ва шағал сотганликда айбланмоқда.

Тошкент вилоят прокуратураси томонидан шу йилнинг 24 январида қамоққа олинган Жавоҳир Зокиржонов олиб борилаётгоан суд жараёнлари даврида ўзига нисбатан босим ўтказган ва зўраки иқрорликлар талаб қилган тергов органи ходимларини ва депутатни судда сўроқ қилишни талаб қилмоқда.

Судланувчининг адвокати Умид Давлатовнинг фикрича, унинг мижозига нисбатан Тошкент вилоят прокуратураси жиддий процессуал қонунбузарликларга йўл қўйган. Дастлабки терговлар даврида ундан парламент вакилига қарши кўрсатмалар олишга ҳаракат қилинган.

“Жавоҳирнинг иши бўйича юзлаб шикоятлар киритганмиз. Фойдаси бўлмаган. Унга ҳаводан олиб ёзилган айблов хулосаси адолатли судда чок-чокидан сўкилиб бормоқда. Талон-торож қилинди дейилган қум ва шағал “Обод қишлоқ” дастури доирасида Янгийўл тумани маҳаллаларига ишлатилгани маълум бўлди. Бу борада туман ҳокими ўринбосарлари судда кўрсатма беришди”, - деди Умид Давлатов Озодлик билан суҳбатда.

Тошкент вилоят Оққўрғон тумани судининг Зокиржонов иши бўйича навбатдаги мажлиси 27 августга белгиланди.

Зокиржонов иши юзасидан Тошкент вилоят прокуратурасидан ҳамда Оққўрғон туман судидан муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Бош прокуратура гумондор ва депутатга босим иддаоларини рад қилганди

Шу йилнинг 25 майида Расул Кушербаевга нисбатан босимлар туфайли ижтимоий тармоқларда билдирилган хавотирлар юзасидан Ўзбекистон Репсубликаси Бош прокуратураси баёнот эълон қилган.

Унда депутатнинг сиёсий фаоллиги туфайли босим ўтказилганлиги ҳақидаги гап-сўзлар юзасидан Бош прокуратурада депутатнинг бевосита иштирокида ўрганиш ўтказилгани айтилган.

“Расул Кушербоев билан Бош прокуратурада ўтказилган суҳбатда баён этилган ҳар бир маълумот марказий маҳкаманинг ўзида ишга алоқадор шахсларни жалб қилган ҳолда, тегишли ҳужжатларни кўздан кечириш йўли билан тўлиқ текширилди. Ўрганиш натижаларига кўра, депутат Расул Кушербоевга прокуратура органлари томонидан бирон босим ёки тазйиқ ўтказилганлигини тасдиқловчи объектив далиллар аниқланмади.

Жумладан, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан Янгийўл туманидаги “Қўш-ёғоч олтин файз балиқлари” МЧЖга ажратилган балиқчилик ҳавзасидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳолати юзасидан ўтказилган текшириш ҳужжатлари чора кўриш учун прокуратура органларига тақдим этилган.

Мазкур ҳужжатлар асосида 24.01.2020 йилда ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Янгийўл тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ўтказилган...

Бош прокуратура ижтимоий тармоқларда тарқатилган бу уйдирмаларни аҳоли орасида обрў қозонган жамоатчилик вакиллари номидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб, тергов натижасига таъсир ўтказишга ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончсизлик уйғотишга қаратилган уриниш деб баҳолайди” дейилган Бош прокуратура баёнотида.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят, Оққўрғон туман судида кўрилаётган жиноят иши айнан Бош прокуратура тилга олган жиноят ишидир.

Расул Кушербаев ўз овозига эга кам сонли депутатлардан бири

Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари универститетиннгг халқаро журналистика факультети битирувчиси бўлган 33 яшар Расул Кушербаев мамлакат Парламентидаги кам сонли фаоли депутатлардан биридир.

Парламентдаги Ўзбекистон Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партияси фракцияси аъзоси бўлган Расул Кушербаев мамлакатдаги автосаноат монополияси ва унинг атрофидаги муаммолар, ички ишлар тизимларидаги қонунсизлик ва бошқа ижтимоий муаммолар важидан жамоатчиликка таниқлидир.

Интернет тармоғининг GOOGLE тизими “Расул Кушербаев” жумласи сўрови талабига кўра, 0,35 сонияда 269 000 та натижани қайд этди.

Озодлик кун давомида Расул Кушербоевнинг ўзи билан боҳланишга уринди, бироқ депутат телефонини очмади.

XS
SM
MD
LG