Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 07:34

Устидан депутатлар Президентга арз қилган Хўжаобод ҳокими ўрнига ҳоким тайинланди. Асакага ҳам


Андижон вилояти Хўжаобод туман ҳокими Отабек Расулов туман депутатлари томонидан жиддий қонунбузарликларда айбланган эди.
Андижон вилояти Хўжаобод туман ҳокими Отабек Расулов туман депутатлари томонидан жиддий қонунбузарликларда айбланган эди.

9 сентябрь куни Андижон вилоят Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Зоҳиджон Зокиржонович Аҳмадалиев туман ҳокими этиб тайинланди.

Шу куни вилоятнинг Асака туман ҳокими лавозимига Мансурбек Мамасидиқович Алиханов тайинланди.

Озодлик суҳбатлашган бир неча мулозим жорий йилнинг 4 сентябрида 2018 йилдан буён Хўжаобод туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Отабек Расулов ва Асака туман ҳокими Иномжон Мамадалиевларнинг Бош прокуратура ишчи гуруҳи хулосалари ортидан ишдан четлатилгани ҳақида маълум қилган эди.

Озодлик суҳбатлашган ва бир биридан мустақил икки мулозимнинг якдил фикрига кўра¸ Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Асака туманлари ҳокимлари “ишда йўл қўйган камчиликлари” боис вазифасидан озод қилинган.

Расман эълон қилинмаган бу маълумотни Озодликка тақдим қилган мулозимларга кўра¸ Андижон вилоятида Бош прокуратура ишчи гуруҳи "ҳокимлик тизимидаги иқтисодий жиноятлар ва бюджет камомади сабабларини ўрганмоқда".

"Ҳоким дастидан дод!"

Эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган Хўжаобод туман ҳокими Отабек Расулов, Озодликдаги маълумотларга қараганда, вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг оилавий яқинларидан биридир.

Жорий йилнинг 24 августида Озодлик Халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгашининг 7 депутати туман ҳокими Отабек Расулов “ва унинг атрофига уюшган ғаламислар томонидан содир этилаëтган жиноий ҳатти-ҳаракатлар”ни тўхтатишни сўраб Ўзбекистон президентига расман мурожаат қилгани ҳақида маълумот берган эди.

Депутатларнинг Президентга хати нусхаси Бош вазир¸ Бош прокурор¸ Сенат¸ ДХХ¸ Ҳисоб палатаси¸ Солиқ қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раисларига ҳам юборилгани айтилган.

Мактубда “ўнлаб гектар суғориладиган экин ерлари ва боғларни ноқонуний равишда уй-жой қуриш учун пуллаш¸ камбағалларга қурилган уйларнинг 80 фоизини ўз қариндош ва танишларига бериш¸ туман марказидаги қиммат ерларни очиқ савдога қўймасдан ўз қариндошларига расмийлаштириш ва бу ишларда минглаб доллар пора олиш” иддаолари бор.

Погонли ҳоким

9 сентябрь куни Асака туман ҳокими лавозимига тайинланган 36 яшар Мансурбек Алиханов Жалақудуқ туман Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган. Майор унвонига эга.

Майор Мансурбек Алиханов янги лавозимда Иномжон Мамадалиев ўрнида иш бошламоқда. Иномжон Мамадалиев 2020 йилнинг мартида Эркинжон Якубов ўрнига Асака тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

Андижон мулозимлари устида қора булутлар?

Озодлик суҳбатлашган бир биридан мустақил мулозимлар иддаосига кўра¸ ўтган ҳафта охирида хокимлик тизимида Бош прокуратура ишчи гуруҳи иқтисодий жиноятлар¸ ноқонуний ер сотиш ва бюджет камомади борасида текшириш ўтказган.

Бу текшириш тугамасидан туриб ижтимоий тармоқларда “вилоят ҳокимининг ишдан олингани” ҳақида "хабар"лар тарқалди. Андижонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Саиджахон Зайнобиддинов жорий йилнинг 6 сентябрида “Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдурахмоновнинг ишдан олингани” ҳақида хабар берган бўлса, 7 сентябрга келиб “бу хабарнинг нотўғри” эканлигини айтиб узр сўради.

Андижон вилоят ҳокими Абдураҳмоновнинг жорий йилнинг 17 август куни пандемия чекловларига қарамасдан қизига дабдабали туғилган кун ташкил қилиб бергани тармоқ ва ижтимоий медиада жиддий танқидга учраган эди.

4 сентябрь куни Озодликка “вилоят ҳокимлиги ходимларидан 20 кишининг жумадан шанбага ўтар кечаси бошларига қоп кийдириб махсус кучлар олиб кетгани. Улар жорий ҳокимга қарши кўрсатма бергани” ҳақида иддаоли маълумот келган эди. Иддаога кўра¸ “Текшириш асносида Асака туман ҳокими ишдан олинган” (Бу гапдан 5 кун ўтиб бу маълумот расман тасдиғини топди)

Озодликка юборилган хабар
Озодликка юборилган хабар

Президент админстрациясига яқин мулозим эса, 7 сентябрда Озодликка Андижон вилоятида уч туман ҳокими ишдан олинганини билдирган эди. (Бу хабар ҳам 2 кун ўтиб қисман тасдиқланди)

Распублика “Маҳалла” жамғармасида ишлайдиган мулозим ҳам бу маълумотни тасдиқлаганди:

“Жалақудуқ¸Хўжаобод ва Асака туманлари хокимлари ўтган ҳафта охирида ишдан олингани рост. Вилоят Махалла фондининг рахбари хам аризасига биноан ишдан кетди”.

Озодлик мухбири 7 сентябрда бу маълумот бўйича Андижон вилоят ҳокимлигига телефон қилган, ўзини умумий бўлим ходими деб таништирган мулозим бу маълумотни тасдиқламаган, лекин инкор ҳам қилмаган эди.

Мирзиëев ҳокимлари

Президент Мирзиëевнинг“ҳоким менинг вакилим¸ унга текканнинг погонини ўзим юлиб ташлайман” деган баëнотидан сўнг¸ Озодликка келаëтган маълумотларга қараганда¸ ҳокимлар қонундан устун турувчи тоифага айланган.

Ҳокимлар бедодлиги ҳақидаги кўпайиб кетган танқидлар фонида жорий йил февралида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева¸ ҳокимларнинг вакиллик органлари устидаги ҳукмронлигига барҳам бериш лозимлигини айтган эди.

XS
SM
MD
LG