Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2020, Тошкент вақти: 06:16

“Ўзэкспомарказ”даги COVID-марказда шифокорлар иш ташламоқчи эканини билдирди (AUDIO)


Коронавирусга шубҳа қилинган беморлар учун 500 ўринли стационар июль охирида Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмаги билан "Ўзэкспомарказ” павильонида очилган эди.

5 сентябрда Тошкентнинг Юнусобод туманидаги “Ўзэкспомарказ”да жойлашган коронавирусга чалинган беморларини тақсимлаш марказида ишлаётган ўнлаб шифокор ва ҳамширалар иштирокида ўтган йиғилишда шифокорлар август ўрталаридан икки сменада кунига 12 соатдан ишлаганликлари, аммо шунга яраша маош олмаганликларини арз қилди.

Шифокорларнинг биридан Озодликка келган аудиода йиғилиш жараёни акс этган бўлиб, унда шифокорлар, агар уларнинг муаммолари ҳал қилинмаса, иш ташлашлари мумкинлигини билдиради.

Коронавирусга шубҳа қилинган беморлар учун 500 ўринли стационар "Ўзэкспомарказ” павильонида июль охирида Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўмаги билан очилган эди.

Ҳокимлик ишга қабул қилинган шифокорларга 15 миллион сўм ойлик ҳар куни бўлиб-бўлиб бериб борилишини ваъда қилган.

Марказнинг кадрлар бўлими ходими Озодликка ойликлар шифокорларга тўлиқ берилишини ваъда қилди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:12 0:00
Бевосита линк

Исми ошкор этилишини истамаган жиззахлик шифокорнинг Озодликка айтишича, 5 сентябрь кунги йиғилишда ўнлаб шифокор ва марказ кадрлар бўлими бошлиғи қатнашган:

- Ҳамма норози. Иш ташлаймиз, дейишяпти. Рўзғорга ёрдам бўлсин, деб хавфли бўлса ҳам катта ойликка рози бўлиб келганмиз. Поликлиникада ойига 1 миллион сўм берса, бу ерда икки ҳафтада 15 баравар кўп пул ишлаш мумкин, деб келганмиз. Бизни Алоқа институтининг ётоқхонасига жойлашди. Иш соати аниқ белгиланмаган шартномани имзолатишди. Кунига 12 соатдан байрам кунлари ҳам ишладик. 15 кун шу тартибда ишлайсизлар, 15 кун дам оласизлар, ойлик ҳар куни берилади, деб шундай ишлашга бизни кўндиришганди. 5 сентябрь куни ҳаммани йиғиб, дабдурустдан бир ойлик иш режимига ўтганимизни айтишди. Ўн кун кунига қийналиб 4 соатдан ортиқча ишлаганимиз ҳисобланмас экан. Шунга 100 фоиз ҳамма норози. Иш ташлаймиз дейишди.

5 сентябрь куни тақсимлаш марказидаги йиғилишдан ёзиб олинган ва Озодликка сиздирилган аудиода баъзи шифокорлар, маошлари тўлиқ ҳисоблаб берилмаса, иш ташлаш билан таҳдид қилишади.

"Шу пайтгача ишлаган пулимизни беринг, ҳозироқ ҳаммамиз кетамиз ишдан", деб арз қилади шифокорлардан бири.

Кадрлар бўлими ходими эса "иш шароитидан норози бўлаётганлар бўлса бугуноқ ариза ёзиб ишдан кетишлари мумкин", дейди.

"12 соат тик оёқда"

Тошкентлик исми очиқланишини истамаган бошқа бир шифокор ҳам “Ўзэкспомарказ”даги стационарда 25 августдан ҳар куни беморларни тўғридан-тўғри даволашда иштирок этганини гапирар экан бундай деди:

- Яқинда ТошМИни тугатдим. Асосан ёшларни олишаётган экан, ота-онам қаршилигига қарамай, шу ерга ишга кирдим. Кунига икки-уч соат ухлаймиз холос. 12 соат тик оёқда хизмат қиламиз. Беморлар жуда кўп. Уларнинг барчаси оғир, мунтазам парваришга муҳтож. Ҳарорати кўтарилиши, сатурацияси ўзгариши мумкин. Бу пайтда доим устида туриш керак. Биз шифокорлик касби ҳаққи-ҳурмати ҳаётимизни тикиб, шундай шароитда ишлашга рози бўляпмиз. Чунки ойликни тўлиқ бермаса беморларда айб йўқ-ку!? Шунинг учунгина ишлаяпман. Кўпчилик иш ташлаймиз, деб туришганди.

Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 115-моддасига кўра, ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса, 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 21 июль куни ўз расмий сайтида “Ўзэкспомарказ”да жойлашган коронавирусга чалинган беморларни тақсимлаш марказига малакали шифокорлар ва ҳамширалар ишга олинишини эълон қилганди.

500 ўринли стационарда ишлашни хоҳлаган врачларга 15 миллион сўм, ҳамшираларга 10 миллион сўм, кичик тиббиёт ходимлари, санитарларга 5 миллион сўмдан ойлик маош ваъда қилинганди.

Ишга олинган шифокорлар бепул овқат, турар жой билан таъминланиши, иш ҳақи ҳар куни бериб борилиши айтилганди.

Бироқ шифокорлар ўн кун давомида ҳаётини хатарга қўйиб, коронавирус юққанларни даволаш ишларида бевосита иштирок этганларига қарамай, уларга бор йўғи икки марта маош берилганини айтишди:

- 10 кун ишлаган бўлсак, 500 минг сўмдан икки марта пул беришди. 10 кун 12 соатдан ишлаган бўлсак, ортиқча ишлаган 40 иш соати ҳисобга олинмаган, кунига 8 соатдан ҳисоблашяпти, - дейди жиззахлик шифокор.

Тақсимлаш марказининг Озодлик боғланган кадрлар бўлими ходими ойликлар шифокорларга тўлиқ берилишини ваъда қилди:

- Ишга олинганларида улар 12 соатлаб ишлашга рози бўлган. Шунда ҳам 12 соатнинг 4 соати дам олиш учун, деб белгиланган. Бепул овқат бериляпти. Автобусларда олиб борилади, олиб келинади. Шароитлар яхши. 10-15 миллион сўм ойлик қаерда бор?! Ойликлар берилади, ҳеч ким уриб қолмайди, шу йиғилишда ҳаммаси айтилди уларга.

Президент рағбатлантириш пуллари берилмаяпти

Бундан олдин Ўзбекистондаги бошқа баъзи касалхоналарда шифокорлар коронавирусга чалинганларни тўғридан-тўғри даволашда иштирок этганларга ваъда қилинган президент рағбатлантириш пуллари берилмаётгани ҳақда арз қилишганди.

Ўзбекистон президентининг 26 мартда имзоланган 4652-сонли қарорида коронавирус беморлари билан мулоқотга киришадиган, улар жойлаштирилган объектларда ҳамда инфекцияни аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларига ҳар 14 кунлик меҳнати учун 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмга қадар рағбатлантириш пуллари берилиши кўзда тутилган.

Жиззах шаҳар ҳамда Наманганнинг Чортоқ тумани тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими ходимлари 6 сентябрь куни Озодликка мурожаат қилиб, президент ваъда қилган рағбат пулларини олмаганликларини айтишган.

- Ҳар куни маскада ёпиқ карантинда ишлаймиз. Бунинг учун ҳали бир тийин қўшимча пул олганимиз йўқ, - дейди чортоқлик шифокор.

Жиззах шаҳар Юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси ҳам: "Биз 25, 15, 10 миллион сўм сўраётганимиз йўқ.(Аслида шуни сўрашга ҳақлимиз Covid 19). Ҳеч бўлмаса президент ваъда қилган рағбат пулини беришсин!", деб ёзди Озодликка.

Озодлик нега хавфли коронавирус юқтириб олган беморларнинг соғлиги учун ўз ҳаётини хатарга қўйган шифокорларга ваъда қилинган рағбат пуллари берилмаётгани юзасидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидан изоҳ ололмади.

Вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаевнинг қўл телефонига кун давомида тушиб бўлмади.

XS
SM
MD
LG