Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2022, Тошкент вақти: 04:55

Ўзбекистон хабарлари

Меҳнат вазирлиги: Уч вилоятдаги пахта теримига қарийб 77 минг нафар ишсиз жалб этилади

Ўзбекистоннинг уч вилоятидаги пахта теримига 76,8 минг ишсиз жалб қилиниши кўзда тутилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, терим пайтида, хусусан, Сирдарё вилоятига банд бўлмаган аҳолидан 36 минг, Жиззах вилоятига 30 минг, Қашқадарё вилоятига 10,8 минг кишини жалб қилиш режаланмоқда.

Ушбу вилоятларда бутун мамлакатда коронавирус пандемияси шароитида риоя қилинаётган санитария меъёрлари ва гигиена талабларини ҳисобга олган ҳолда теримчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади”, дейилади хабарномада.

Вазирлик теримчилар учун ишдан ташқари вақтларда маданий ҳордиқ чиқариш, кунига 3 маҳал овқатланишни ташкил этилишини ваъда қилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг шу йил 8 сентябридаги қарорига мувофиқ, бу мавсумда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта учун биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўм тўланиши лозим. Айни пайтда пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперативларга терилган пахта учун юқоридаги нархлардан кам бўлмаган даражада мустақил равишда ҳақ белгилаш ҳуқуқи берилган.

Кун янгиликлари

Фан олимпиадаси ғолиби унга берилган ноутбукни ўқитувчилар тортиб олганини айтди

uzbekistan - schools reopen amid pandemic

Наманганда математика фани бўйича мамлакат миқёсида ўтказилган олимпиадада ғолиб бўлган ўқувчи унга берилган ноутбукни ўқитувчилар тортиб олганини айтиб чиқди.

Наманган вилояти Норин туманидаги 1-мактаб ўқувчиси Муроджон Эргашалиев видемурожаатида даъво қилишича, ноутбукни мактаб ўқитувчилари ‘бу мукофот сеники эмас, чунки сени номингдан биз ишлаганмиз, биз меҳнат қилганмиз’" дея олиб қўйган.

Ўқувчининг бу ҳақдаги видеомурожаати тармоқларда тарқалгач ўқувчига ноутбук шу куни берилган.

Мактаб раҳбариятига кўра, ўқувчи тушунмасдан ижтимоий тармоқлар орқали видео мурожаат қилган.

Мактаб маъмуриятининг иддао қилишича, ноутбук 24 январь кунги эрталабки сафланишда барча ўқувчилар орасида тантали равишда топширилиши режалаштирилган бўлган.

Ўқувчига Халқ таълими вазирлиги томонидан замонавий ноутбук ҳамда Фахрий ёрлиқ 22 январь куни ота-онаси ва тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида топширилган.

Аввалроқ Нуробод туманининг 41-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторов "Бир миллион ўзбек дастурчилари" лойиҳасининг вилоят босқичида 1-ўринни олишига қарамай, унга 3-даражали диплом ҳамда ишлатилган, эски ноутбук совға қилинган ҳақида Озодлик хабар берганди.

Ҳокимлик "Мирзиёев дастурчисини" чув туширишга уринди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:45 0:00

Нуробод тумани ҳокимининг фармойиши билан мазкур ҳолатда масъулиятсизликка йўл қўйган ҳоким ўринбосарига ҳафсан берилди, кейинроқ ишдан бўшатилди.

Ўқувчига берилган эски ноутбук янгисига алмаштириб берилди.

Антикоррупция агентлиги “Sevimli” атрофидаги манфаатлар тўқнашувини ўрганмоқда

Кинематография агентлиги матбуот котиби Нозим Сафари Sevimli телеканалида намойиш этилган "Сабрия" ва "Дайди қизнинг дафтари" сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини Озодликка айтганди. 

Ўзбекистоннинг Антикоррупция агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Sevimli телеканали раҳбарияти афилланганлигини текширмоқда.

Агентликнинг билдиришича, манфаатлар тўқнашуви ва фильмларни яратиш учун субсидиялар ажратишда эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича суриштирув бошланган.

"Газета.uz" нашрининг Антикоррупция агентлиги матбуот котиби Дурдона Очиловага таяниб хабар беришича, "манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги, давлат харидлари, шунингдек, субсидиялар ажратишда эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича" ўрганиш ва суриштирувлар олиб борилмоқда.

Пайшанба куни Sevimli телеканали таъсисчиларининг қарори билан телеканал бош директори вазифасини бажарувчи Абдувоҳид Хўжаев ва бош муҳаррир Қаҳрамон Сайдалиев эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ўзи эса телеканал кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб сайланди.

Бу ҳолат телеканал давлат буюртмаси асосида фильмлар суратга олишида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар янграган.

Сабаби Sevimli телеканали таъсисчилари Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қизи ва ўғли (Амира Рашидова — 20%, Абдуллажон Абдухолиқов — 10%) ҳисобланади.

Аввалроқ, Кинематография агентлиги матбуот котиби Нозим Сафари Sevimli телеканалида намойиш этилган "Сабрия" ва "Дайди қизнинг дафтари" сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини Озодликка айтганди.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларида ҳам таълим онлайнга ўтказилди

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ортидан Олий таълим вазирлиги ҳам 24 январь кунидан таълим муассасаларида ўқишлар масофадан олиб борилиши ҳақида расман маълум қилди.

Мамлакатда коронавирус билан боғлиқ кунлик рақамлар ортиши ортидан вазирлик шундай қарорга келган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 21 январь куни 1390 кишида коронавирус аниқланган.

"Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифига асосан коронавирус инфекциясининг янги штамми болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиши юқорилигини эътиборга олган ҳолда барча олий (давлат, нодавлат, хусусий ҳамда хорижий филиаллар) ва профессионал таълим муассасалари, академик лицейларда (барча таълим шакллари ва турлари бўйича) жорий йилнинг 24 январидан бошлаб, бир ой муддат давомида таълим олиш тизими масофавий (онлайн) шаклда олиб борилади", - дейилади Олий таълим вазирлиги баёнотида.

Бу йил олий ўқув юртларида қишки таътил 24 январга узайтирилган. Талабаларга авиа ва темир йўл чипталари олишда чегирмалар ваъда қилинган эди.

Қўшимча қилинишича, темир йўл чипталари учун 50 фоиз чегирмалар сақлаб қолинади ва 24 февралга қадар авиа ва темир йўл чипталари бепул тарзда бошқа муддатга алмаштириб берилади.

"Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, сиздан йўл чипталарини алмаштиришни бир ойлик муддат давомида қайтиш санаси аниқ бўлгандан кейин шошмасдан амалга оширишингизни сўраймиз!" дейилади вазирлик баёнотида.

Бундан олдинроқ Халқ таълими вазирлиги 24 январдан бошлаб мактаблар бир ой давомида онлайн шаклда фаолият олиб боришини маълум қилганди.

Ўзбекистонда коронавирус бўйича антирекорд қайд этилди, 4 бемор вафот этди

Ўзбекистонда қаторасига тўртинчи кун коронавирус юқтирганлар сони бўйича антирекорд қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, мамлакатда 21 январь куни — суткада 1390 кишида коронавирус аниқланган.

Шундай қилиб, мамлакатда пандемия бошидан бери коронавирусга чалингани расман тасдиқланганлар сони 212 289 нафарга етди, деб хабар берди вазирлик.

Матахассислар касалланганларнинг асл сони расмий рақамларда анчайин кўп бўлишини айтишади. Шу ой бошида Ўзбекистонда коронавируснинг тез тарқалувчи омикрон штамми аниқланган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Касалликдан вафот этганлар сони 1536 нафарни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, ўтган бир сутка ичида 289 нафар кишида пневмония аниқланган.

ИИББ Тошкентда ўқ узилгани билан боғлиқ ҳодисага изоҳ берди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳар ИИББ таниқли блоггер Никита Макаренконинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида ўқ отилганига доир видео лавҳаси юзасидан изоҳ берди.

Маълум бўлишича, 20 январь куни пойтахтнинг Феруза массивида 32 яшар З.С. аввал ҳаракатланаётган ВАЗ-2199 автомобили ғилдиракларини тепган, сўнг унга пневмотик қуролдан ўқ узган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, мазкур ҳолат 37 яшар Г.А. га нисбатан рашк оқибатида содир этилган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида шов-шув бўлган видео лавҳада кўк костюмдаги шахснинг ғазабнок ҳолатда автомобилни тепгани ва сўнг унга ўқ узгани кўринади.

“Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда” дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарномасида.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарларидан бири ишдан олинди

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов лавозимидан четлатилди. Унинг истеъфоси билан боғлиқ тафсилотлар очиқланмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати Озодликнинг бу борадаги саволини изоҳсиз қолдирди.

Япониянинг Нагоя университети битирувчиси бўлган 41 яшар Абдулла Азизов Даниядаги Орхус университетида магистирлик даражасини олган. Сўнг Европадаги "Маэрск А/С", "ДОНГ Energy А/С", "Carлсберг А/С", "Имплемент консалтинг group", "Vestaс А/С" ҳамда "Данфосс"си сингари ширкатларда фаолият олиб борган.

2019 йилда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланган Азизов бир йиллик солиқчилик амалиётидан сўнг Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари этиб тайинланганди. Эндиликда унинг қандай лавозимни эгаллашига оид маълумотлар йўқ.

“O`zbekiston 24” телеканали хабарига кўра, шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Беҳзод Мусаев бошчилигидаги янги раҳбарияти мамлакат бўйлаб тиббий муассасалар ҳолатини кўздан кечириш, аҳоли репродуктив саломатлиги билан боғлиқ вазиятни ўрганиш мақсадида вилоятларга сафар қилган.

Мирзиёев давлатга қарашли 23 та корхона акцияларини сотиш ҳақида топшириқ берди

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев масъулларга мамлакатдаги 23 та акциядорлик жамияти акцияларини бирламчи сотиш орқали фонд бозорига чиқариш ҳақида кўрсатма берди. Мазкур топшириқ, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 20 январь куни Ш. Мирзиёев раислигида давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида берилган.

Хабарномада президент айнан қайси корхоналарни назарда тутганига аниқлик киритилган эмас. Бироқ видеоселекторда “Фарғонаазот”, “Бектемир спирт заводи”, “Қўқон биокимё”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Кварц”, Hyatt сингари йирик мажмуаларга салоҳиятли инвесторларни жалб қилиш муҳимлиги урғуланган.

Шунингдек, йиғилиш чоғида, президент топшириғи билан ўтказилган хатлов натижаларига кўра, тармоқ ва ҳудудларда самарасиз ишлатилаётган 2 мингта объект борлиги аниқлангани, нефть-газ тармоғида 210 та, алоқа соҳаси корхоналарида 152 та, давлат тижорат банкларида 114 та, кимё тармоғида 44 та, энергетикада 28 та сотиладиган бино борлиги, вилоят ҳокимликлари балансида ҳам 170 га яқин бўш объект йиллар давомида сотилмай тургани айтилган.

Ш. Мирзиёев ҳудудий объектлар ва ноқишлоқ ерларни хусусийлаштириш орқали йил якунигача жами 8 триллион сўмдан зиёд тушумни таъминлаш мумкинлигини таъкидлаган. Шунингдек, у масъуллар олдига бугунгача савдога қўйилган 33 мингта ер участкасини мулк ҳуқуқи асосида сотиш, шунингдек, 1 июлга қадар яна 25 мингта майдонни аукционга чиқариш вазифасини қўйган.

Президент йўл, транспорт, нефт-газ, энергетика, автомобилсозлик тармоқларига қарашли 266 та корхонани алоҳида ёндашув асосида савдога чиқариш кераклиги айтган.

“Ҳали кўплаб тармоқ раҳбарлари тизимидаги носоҳавий корхоналарни самарасиз ишлатмоқда. Йирик тармоқларда 480 та корхонадаги давлат улушини тўлиқ хусусий секторга бериш мумкин”, деган Ш. Мирзиёев бош вазир А. Ариповга “Ўзавтосаноат”, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзбекнефтегаз”, “Ҳудудий электр тармоқлари” каби тармоқлардаги тегишли объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни хусусийлаштириш бўйича таклиф киритиш вазифасини топширган.

Президент Ш. Мирзиёев ўтган йил баҳорида “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган, мазкур ҳужжатга илова ўлароқ 2021—2023 йиллар мобайнида акциялари биржага чиқарилажак 15 та йирик ширкат рўйхати тасдиқланган эди.

ССВ: Коронавирусга чалинганлар сони 210 минг нафардан, қурбонлар сони 1530 нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2022 йил 20 январь ҳолатига кўра, 210 минг 899 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, пайшанба куни мамлакатнинг барча ҳудудларида жами 1321 кишининг коронавирус юқтириб олгани аниқланган. Бу эса пандемия бошидан бери мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича янги аксилрекорд қайд этилганини англатади.

Вирус юқтириб олиш бўйича кундалик кўрсаткичнинг шиддат билан ошиб бораётгани Ўзбекистонга Omicron штаммининг кириб келиши билан боғланмоқда.

Кеча мамлакат бўйлаб 466 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 201 минг 712 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 532 нафарга етганини қўшимча қилган.

Икки йилдан сўнг Ўзбекистонда 200 минг сўмлик купюра муомалага чиқарилади

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов

Ўзбекистон Марказий банки 2024 йилдан эътиборан 200 минг сўмлик купюра чиқаришни режалаяпти. Бу ҳақда, маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, МБ раиси Мамаризо Нурмуродов 20 январь куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида билдирган.

“Биз 2024 йилда 200 минг сўмлик чиқаришни режалаштирганмиз. Шу билан бирга, муомаладаги нақд пулни оптималлаштириш жараёнини ҳам амалга оширяпмиз”, дея иқтибос келтирган М. Нурмуродов сўзларидан “Дарё” нашри.

Мулозим келажакда 1000 сўмлик банкнотлардан воз кечилиб, унинг ўрнига шу қийматдаги танга чиқарилишини ҳам қўшимча қилган.

МБ қайдича, Ўзбекистонда ўтган йилларда муомаладаги нақд пуллар таркибида асосан йирик номиналдаги банкнотлар салмоғининг ошиши ҳисобига банкнотлар умумий сони сезиларли даражада камайган.

“2021 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида уларнинг сўмдаги миқдори бўйича 100 000 сўмлик банкнотлар улуши – 27,3 фоиздан 34,8 фоизга етган бўлса, 50 000 сўмликнинг улуши – 38,8 фоиздан 34,2 фоизга, 10 000 сўмликнинг улуши – 15,7 фоиздан 14,5 фоизга, 5 000 сўмлик – 16,1 фоиздан 12,7 фоизга, 1 000 сўмгача – 2,1 фоиздан 1,4 фоизга тушди. Шунингдек, 2 000 сўмлик (0,3 фоиз) ва 20 000 сўмлик (2,1 фоиз) намунадаги банкнотлар муомалага киритилди”, дейилган Марказий банк ҳисоботида.

Қишки таътилдан сўнг ўқувчилар ва талабалар бир ой давомида онлайн таълим олади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда қишки таътил кунлари тугайдиган 24 январдан бошлаб барча мактаблар (шу жумладан президент мактаблари), лицейлар, олий ва профессионал таълим муассасаларида таълим жараёни бир ой давомида “онлайн” шаклда олиб борилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги, Президент таълим муассасалари агентлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизматлари маълумот тарқатишди.

Мазкур қарор коронавирус янги штаммининг болалар ва ёшлар ўртасида тарқалиши хавфини олдини олиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг таклифларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилингани айтилмоқда.

ХТВ қайдича, масофавий шаклда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун дарслар МТРК телеканаллари ҳамда “Онлайн мактаб” телеграм канали орқали бериб борилади, дарслар жадвали эса кунлик равишда “Онлайн мактаб” телеграм канали орқали эълон қилиб борилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эса талабалар учун темирйўл чипталари тариф қисмидан 50 фоиз миқдорида чегирмаларини сақлаб қолиш ҳамда 2022 йил 24 февралига қадар авиа ва темирйўл чипталарини бепул тарзда бошқа муддатга алмаштириб берилишини билдирган.

Аввалроқ ҳар икки вазирлик Ўзбекистондаги мактаблар ва ОТМларда қишки таътил 24 январгача давом этиши ҳақида эълон қилган эдилар.

Президент Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан берди

Президент Шавкат Мирзиёев 20 январда ўтган видеоселекторда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга давлат активларини хусусийлаштиришни суст даражада олиб бораётгани учун ҳайфсан берди. Бу ҳақда президент матбуот колтиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Президентнинг айтишича, мазкур вилоятларда давлат активларини хусусийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар суръати қониқарсиздир. Вилоят ҳокимликлари балансида йиллар давомида 170 га яқин бўш объектлар сотилмасдан турибди.

Видеоселектор давомида хусусийлаштиришни ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун Давлат активлари агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари ҳамда “Ўзагросервис” жамияти раиси Р. Хайитов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентини қўллаб-қувватлашини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 январда қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди Мирзиёевнинг матбуот хизмати.

Мулоқотда “Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, товар айирбошлаш ортаётгани ва кооперация алоқалари кучайиб бораётгани, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди”.

Президент Мирзиёев Қозоғистон Президенти томонидан мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни коронавирусга қарши эмлашга рухсат берилди

АҚШ хасталикларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун Pfizer/BioNTech вакцинасидан фойдаланишни расман маъқуллаган.

Ўзбекистонда коронавируснинг “омикрон” штамми кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида COVID-19га қарши 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни ота-оналар ёки васийларнинг розилиги асосида "Pfizer" вакцинаси билан ихтиёрийлик асосида эмлашга рухсат берилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабековнинг 20 январда маълум қилишича, 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни эмлашга “халқаро ва республика даражасидаги экспертлар тавсиялари ҳамда аҳоли мурожаатларини инобатга оли6” рухсат берилган.

"Pfizer" вакцинаси билан 12 ёш ва ундан катта бўлган аҳолига 0,3 мл эмлаш дозалари ишлатилган бўлса, 5 - 11 ёшдаги болаларни эмлаш учун 0,1 мл доза қўлланилади.

2021 йилнинг 28 сентябрида Ўзбекистон Бош давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан, Ўзбекистонда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида 12 ёшдан катта болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлаш бошланган эди.

2021 йил ноябрида АҚШнинг хасталикларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун коронавирусга қарши Pfizer/BioNTech вакцинасидан фойдаланишни расман маъқуллаган.

Самарқанд шаҳри таркибида туманлар ташкил этилиши тўғрисидаги қарор муҳокамага қўйилди

Самарқанд манзараси.

Самарқанд шаҳри таркибида Қорасув, Суғдиёна, Сиёб, Боғишамол ва Мароқанд туманлари ташкил этилади. Бу борадаги Сенат қарори 9 январь куни умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Қарор лойиҳасида таъкидланишича, Оқдарё, Пастдарғом, Самарқанд, Тойлоқ туманлари маъмурий-ҳудудий чегаралари ҳам ўзгартирилади. Бундан ташқари Самарқанд тумани тугатилади.

Ҳужжатга мувофиқ, Оқдарё туманидан 1 654 гектар, Самарқанд туманидан 12 975 гектар, Пастдарғом туманидан 1 245 гектар, Тойлоқ туманидан 1 269 гектар ер Самарқанд шаҳри таркибига қўшилади.

Самарқанд шаҳридан 528 гектар, Самарқанд туманидан 1370 гектар ер Пастдарғом тумани таркибига киритилади. Тойлоқ туманига Самарқанд тумани ҳудудидан 29 283 гектар ер ўтказилади.

Мирзиёевнинг қизи танқид қилган сериални кўрсатган “Севимли” телеканали раҳбарлари ишдан олинди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева.

“Севимли” телеканали таъсисчиларининг 20 январда ўтган йиғилишида “Севимли” телеканали директори А. Хўжаев ва бош муҳаррир Қ. Сайдалиев ишдан бўшатилди.

“Darakchi.uz”нинг хабар беришича, таъсисчилар йиғилишга Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам таклиф қилинган. Йиғилишда Фирдавс Абдухолиқов “жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда” “Севимли” телеканали Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи сифатида сайланган.

Шу кунгача Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бош директори лавозимида ишлаб келаётган Жалолиддин Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланди.

“Севимли” телеканали “Сабрия” сериалини эфирга узатгани ортидан ижтимоий тармоқларда кескин танқидларга учраган эди. Жумладан, президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева мазкур сериални “аёлларга нисбатан мислсиз нафрат рамзи” ўлароқ сифатлаб, танқид қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG