Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:02

Пахтага сафарбарлик: ФВВ ва банк ходимлари ҳам мажбурий теримга юборилмоқда


Бу йилги пахта терими коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келмоқда.
Бу йилги пахта терими коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келмоқда.

Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида пахта теримига старт берилганига 10 кундан ошди.

Ҳукумат бу йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги, теримга асосан “темир дафтар”даги оилалар, ишсизлар ва аёллар жалб қилинишини ваъда қилган эса-да айрим вилоятларда бюджет ташкилотлари ишчи-ходимлари пахтага мажбуран сафарбар этилаётгани тўғрисида хабарлар келмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлимлари ходимларининг хабар қилишича, улардан "ўз хоҳиши билан пахтага чиқиши" ҳақида мажбурий тилхатлар олинган, пахтага боришни хоҳламаганларга ўрнига ёнидан пул тўлаб теримчи топиш тайинланган.

Банк ходимлари, хусусий ширкатлардан ҳам пахтага одам чиқариш қаттиқ талаб қилинаяпти. Хусусан, Сирдарё вилоят Оқ олтин туманидаги "Халқ банки" "Ҳамкорбанк", "Савдогарбанк" бўлимлари ходимларига ҳам пахта терими учун ўз ўрнига одам ёллаш буюрилган.

14 сентябрь куни Андижон вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларига Қашқадарёга пахта теримига сафарбар қилинишлари ҳақида маълум қилингани тўғрисида Озодликка шу бошқарма ходими хабар қилди.

Ишдан ҳайдалишидан қўрқиб исми очиқланишини истамаган ФВБ ходимининг айтишича, ўзи ва ҳамкасбларидан "пахтага ихтиёрий равишда чиқаётгани" борасида мажбурий равишда тилхатлар олинган:

“Ўз хоҳишим билан пахта теримига чиқаман” деб мажбурий ариза ёздириб олишди”. Пахта мавсуми тугагунга қадар Қашқадарёга олиб кетишар экан. Пахтага боришни хоҳламасанг ўрнингга одам топ, дейишди. 2 ярим миллион ойлик олсак қандай қилиб оиламизни ризқини қирқиб, одамни пахтага жўнатамиз. мардикор бозорда 300 долларга пахтага борар экан, бунга бизни қурбимиз етмайди".

Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги Фавқулодда вазиятлар бошқармаларида ҳам ходимлар "кўнгилли" пахтага сафарбар этилаётгани тўғрисида хабарлар бор.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси Озодликка ходимлардан мажбурий ариза ёздириб олинганидан хабарсиз экани, аммо ҳар бир вилоятдаги Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 140 нафардан ходим пахтага "кўнгилли" жалб қилинишини айтди.

"Ҳар бир вилоятдаги бошқармадан 140 нафардан, Тошкентдаги вазирлик марказий идорасидан ҳам ходимлар боради. Ўз хоҳиши билан боради, ҳеч ким мажбурламайди", - деди ФВВнинг исми очиқланмаслигини истаган мулозими.

Банк ходимларига ҳам теримчи топиш буюрилди

Бошқа давлат бюджетидан молияланадиган идора-ташкилотлар ходимлари, банк ходимлари, хусусий ширкатлардан ҳам пахтага одам чиқариш қаттиқ талаб қилинаяпти.

Сирдарё вилояти Оқ олтин туманидаги "Халқ банки" бўлими ходими сўзларига кўра, агар пахта йиғим-теримига чиқмаса ёки ўрнига одам олиб чиқмаса ишидан ажралиши ҳақида огоҳлантирилган.

"Халқ банки ходимлари номидан мурожаат қилмоқдамиз. Бизда пахта бошланди. Бир гуруҳ ходимлар далада. Ё пахта тер, ё ўрнингга одам топ ё ишдан кетавер деган шарт қўйиляпти”, деди ишдан ҳайдалиш хавфи боис исмини очиқламасликни сўраган - "Халқ банки" ходими.

Сирдарёдаги "Ҳамкорбанк", "Савдогарбанк" ходимлари ҳам пахтага чиқмаса, ишдан ҳайдалиш билан таҳдидлар бўлаётгани ҳақда Озодликка айтишди.

Банк ходимларининг бу иддаолари юзасидан Озодлик шу банкларнинг марказий идораларидан изоҳ ололмади.

Кун давомида банкларнинг сайтида келтирилган телефон рақамларига тушиб бўлмади.

Ҳар кило терилган пахта учун 1000 сўм

Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятидан келаётган хабарларга кўра, пул ишлаш илинжида болалик аёллар ҳам теримга чиққан.

Бу ҳақда Озодликка Жиззахнинг Зарбдор туманидан бўлган Ёшлар иттифоқи фаоли Гулсанам Ашурова айтди:

"Эмизикли болаларини далага олиб чиқиб, пахта теряпти. Менимча буни назоратга олмоқ керак, ҳозир килосига 1000 сўмдан, деб эълон қилган, аёлларимиз болаларини уйда қолдириб, эмизиклиларини далага олиб чиқиб пахта теряпти. Бу мутлақо нотўғри, болали аёллар уйда ўтириши керак".

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов 5 сентябрь куни Тошкентда ўтказилган матбуот ануманида бу йил пахта теримига асосан “темир дафтар”даги оилалар, ишсизлар ва аёллар жалб қилинишини маълум қилган эди.

Ҳар бир теримчига биринчи теримда ҳар кило терилган пахта учун 1000 сўм, иккинчи теримда 1400 сўмдан берилиши ваъда қилинган.

Вазир ўринбосарига кўра, яхши теримчи кунига 100-120 минг сўм атрофида даромад қилиши мумкин.

"Теримчи билан шартнома тузилади. Шартнома имзоланишдан олдин фуқаро қанча муддат теримда қатнашишини ўзи белгилайди. Хоҳласа, бир ой ёки ўн кун. 2020 йилги мавсумда терилган бир килограмм пахта нархи биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи теримда эса 1400 сўм этиб белгиланди", деб айтган эди Умрзоқов.

Пахта ва пандемия

Бу йилги пахта терими коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келмоқда.

Фаоллар агар ҳашарчилар бир жойда оммавий ётиб туриладиган антисанитария ҳолатидаги баракларга сафарбар этиладиган бўлса, бунинг оқибати аянчли бўлишидан огоҳлантиришмоқда.

"Ҳозирги пандемия яна бир муаммони пайдо қиляпти. Биринчидан, мажбурий меҳнат, иккинчидан коронавирус хавфи. Баракларда юз-икки юз одам бир жойда яшайди, бунинг устига антисантиария шароитида. Бунинг оқибати ҳозирги пандемия пайти қандай бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас,", - дейди Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмийлари эса мамлакатнинг бир ҳудудидан бошқасига жалб қилинган теримчиларнинг юзтасига битта ҳамшира бириктирилиши, теримчилар учун махсус тиббий кўрикдан ўтиш хоналари ташкил этилиши ва далаларда тепловизорлар қўйилиши ҳақида айтишган.

Бундан ташқари, расмийларига кўра, теримчилар тўлиқ тоза ичимлик суви, антисептиклар, юз ниқоблари билан таъминланади, юз ниқоблари ҳар икки соатда алмаштириб турилади.

Ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимоячилари¸ бизнес ва инвестиция гуруҳларидан тузилган Cotton Campaign коалицияси 2010 йили болалар ва мажбурий меҳнат эвазига терилган ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган ва бу бойкотга умумий капитали 1 триллион долларга тенг бўлган Nike, Zara, GAP, C&A, Levi's, H&M, UNIQLO каби етакчи кийим-кечак ва тўқимачилик ширкатлари қўшилган эди.

​Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларининг ихтиёрига зид равишда 2019 йилда ҳам пахтага мажбурлангани ҳақида Озодлик хабар берган.

XS
SM
MD
LG