Линклар

Шошилинч хабар
01 октябр 2020, Тошкент вақти: 21:22

Тўй индустрияси банкротлик ëқасида. Бизнес эгалари тўйларни яна тўйхоналарда ўтказишга рухсат берилишини сўрамоқда


Тўйхона эгалари меҳмонлар иситмасини ўлчаб¸ тўй давомида санитария-гигиена ва ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига амал қилинадиган тўйлар ўтказишга тайëрлигини таъкидламоқда.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси “аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш” мақсадида жорий йилнинг 23 мартидан бошлаб барча кўнгилочар объектларни ëпишга қарор қилган эди.

Бу тақиқ 1 июндан 10 июлга қадар “яшил” ҳудудларда қисман бекор қилиниб¸ 15 августдан 30 кишилик тўйлар ўтказилишига рухсат берилганига қарамай¸ фақат оилавий тадбирлар¸ асосан никоҳ тўйлари ўтказишга мўлжалланган тўйхоналар ëпиқлигича қолмоқда.

Бундай тақиқ ортидан¸ Озодликка мурожаат қилаëтган тадбиркорларга кўра¸ минглаб одамни иш билан таъминлаб келган мамлакатдаги тўй индустрияси синишга юз тутган.

Озодлик орқали ҳукуматга мурожаат қилган бу бизнес эгалари фикрича¸ эпидемия туфайли тўйхоналардан хонадонларга қайтган ва эндиликда ресторанларга ҳам кўчган тўйларда аслида юзлаб одам қатнашмоқда, санитария назоратисиз ўтказилаëтган бу маросимлар вирус ўчоғи бўлиб қолмоқда.

Улар иддаосича¸ ҳукумат тўхтамаëтган тўйларни тўйхоналарга қайтариш орқали бу тадбирларнинг белгиланган санитария-эпидемиологик стандартлар асосида ўтказилиши ва шу орқали инфекция тарқалишини назоратга олиши мумкин.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Ахборот хизмати Озодликнинг бу эътироз ва таклифларга муносабат сўраб қилган оғзаки ва ëзма мурожаатига 15 сентябрь куни жавоб қайтармади.

Тўйхона эгалари: Карантин фақат тўйхонагами?

Республика махсус комиссияси қарори билан 5 сентябрдан қатор карантин чекловлари юмшатилганига қарамай¸ тўйхоналар фаолиятига ўрнатилган тақиқ кучда қолди.

Озодликка мурожаат қилган Ўзбекистоннинг турли шаҳар ва туманларидаги тўйхона эгалари¸ ҳукуматнинг бу қарори тўй мавсумида бизнесни сал жонлантиришга бўлган сўнгги умидни ҳам чиппакка чиқарганини айтади.

«Мен Наманган вилоятида тўйхона ташкил этганман. Сезонга қараб¸ кунига 7 тадан 15 тагача одам ишларди. Қарийб 6 ойдан бери фаолият кўрсатмаяпмиз. Оилада 7 кишимиз. Бир ўғлим контрактга ўқийди. Оилам 6 ойдан бери даромадсиз қолди. Март, апрель ойларига тўй ўтказиш учун 30 дан ошиқ тўйларга гаров пули олганман. Ҳозирги кунда гаров пулларини сўраб келиб жанжал қилишяпти. Бу пулларни 6 ой ичида 7 кишилик оилам билан еб тугатиб бўлдик. Қайтарадиган ҳолдамасман. Тўйхона эгалари ва ишчиларининг фарзандлари контракт пулларини бу йил қайси даромади ҳисобига тўлайди? Бизни ëпиб қўйганлар¸ бу жиҳатларни ўйлаб кўрганми?

Тошкентдаги пандемиягача бозори чаққон бўлган тўйхоналардан бири иш бошқарувчиси ҳам бу соҳада ишлаëтган тадбиркор ва хизматчилар аҳволининг “жуда оғирлиги”ни айтади.

“Карантингача ëз-куз мавсумида ҳар кун тўй-ҳашам ўтказганмиз. 25 та одам мунтазам ишларди. Олти ойдан бери ҳамма ишсиз. Ҳаммамизга қийин – тўйхона эгаси банкдан кредит олган. Яқинда унинг фоиз ва асосий қисмини қайтариши керак бўлади. Карантингача қанча тўйга закалат олиб¸ уни инкассация қилганмиз¸ ундан солиқ тўлаганмиз. Бу пулларни қандай қайтарамиз¸ бу ҳам очиқ савол. Айниқса¸ идиш-товоқ ювадиган¸ фаррош аëлларимизга жуда оғир бўлди. Кўпчилиги¸ ëлғиз оналар. Улар ойликдан ташқари¸ тўйдан қолган нон ва овқат билан рўзғор тебратиб келган. Олти ойдан бери на ойлик¸ на ош-овқати бор. Биз ҳам қийналаëтган халқнинг бир қисмимиз¸ наҳотки ҳукумат бизга ўгай кўз билан қарашда давом этади?

Ҳовлидаги тўйлар инфекция ўчоғига айланган....

Ўзбекистондаги каттаю кичик тўйхоналар фаолияти ҳукумат махсус қарори билан 23 мартдан тақиқланганига қарамай¸ хонадонларда тўйлар тўхтаган эмас.

1 июндан 10 июлгача яшил ҳудудларда¸оралиқ тақиқдан сўнг¸15 августдан бутун мамлакат ҳудудида “оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш”га рухсат берилди.

Озодлик гаплашган тўйхона эгалари¸ бундай чекловга қарамай¸ мамлакатнинг аксар ҳудудида меҳмонлар сони бир неча юз кишига етадиган тўйлар давом этаëтганини айтади.

Одамлар карантинда тўй қилишга ҳам мослашиб олди. Икки-уч кун обедгаям¸ кечқурунгаям 30-40 кишидан чақиради. Бир кунда чақирилаëтганлар сони 200 кишидан ошяпти. Тўй эгаларидан биттаси касалланган бўлса¸ ҳаммасига юқди дегани бу! Уйларда бўлаётган 30 кишилик тўйларда меҳмонлар сони 200 тадан ошиб кетмоқда. Бу ерда на санитария¸ на гигиена қоидаларини биров назорат қилаëтгани йўқку! Бунинг ўрнига тепада ўтирган ақллилар¸ назоратни кучайтириб¸ тўйхоналарда 100 кишилик тўйга рухсат бергани ҳамма учун фойдали эмасми? Уйдаги 30 кишилик тўйлардан 100 кишилик тўйхонадаги тўйлар хавфсизроқ эмасми?" дейди наманганлик тўйхона эгаси.

Тошкентдаги тўйхона иш бошқарувчиси ҳам¸ ҳовлиларда бўлаëтган тўйларнинг ҳам тўй эгалари¸ ҳам жамиятга қимматга тушаëтганини айтади.

Тўйлар тўхтаб қолмади. Фақат улар санитария-гигиена назоратидан четда ўтяпти. Масалан¸ тўйхонада битта қошиқ тушса¸ уни дарров янгисига алмаштириб берамиз. Ҳар битта одамнинг прибори¸ стакани тез-тез алмашади. Тўйхонадачи, ким бунақа сервис қилади? Ҳовлисида тўй қилаëтганлар бир кишилик приборни 100 минг сўмдан ижарага оляпти. Бу 30 кишига 3 миллион фақат тарелка-қошиққа кетди¸ дегани. Бировининг стаканидан иккинчиси ичиб ўтирипти¸ бу дегани вирус бемалол тарқаяпти дегани. Халқниям¸ тадбиркорниям қийнамасдан¸ тўйхоналарни очса¸ биз меҳмонларнинг иситмасини ўлчаб¸ қўлини дезинфекция қилиб киритсак¸ столлар орасини очиб¸ масофа сақланишига қарасак¸ ҳаммага яхшимасми? Кичик ҳовлиларда ўтаëтган тўйларда ҳеч қанақа масофа сақланаëтгани йўқку!

Озодлик гаплашган яна бир тўйхона бизнесига алоқадор тадбиркор¸ тўйхоналарнинг тақиқланиши кундалик ҳаëтда давом этаëтган бошқа тадбирлар олдида “абсурд” эканини айтади.

“Тўйхонага рухсат йўқ, лекин ҳар куни 200 кишини мажлислар залида тўплаб соатлаб селектор қилишга рухсат бор! Хоразм ҳокими тўй қилаëтганларни террорчи деганини эшитдик¸ ҳокимлар¸ эрталабдан кечқурунгача юзлаб одамни тўплаб мажлис қилаëтган бошқа амалдорларнинг ўзи ким унда? Мана пахта мавсуми бошланди¸ ўнлаб одам битта ëпиқ хонада ëтиб-туради¸ буниям тақиқласин унда! Бу парадокслар тугармикан Ўзбекистонда?”

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов 7 сентябрь куни ўтказган селектор йиғилишида ҳовлиларда ўтаëтган тўйларни кескин танқид қилган эди.

Тўйхонамас¸ ҳозир полний одамларни қиришга қаратилган нарса бўляпти. Тўй деб туриб¸ одамларни чақириб¸ касаллик тарқатиб¸ аниқли одамларни олиб бориб касалликни юқиштириш бу. Қасддан ахир бу жамиятимизга зарар келтиряпти бу. Террористдан беш баттар ëмон бу! Террорист бориб бир нарсани портлатса¸ тўрт одам ўлади¸ уч одам ўлади. Бу бориб туриб 100 одамни чақириб туриб¸ зарар тарқатиб касаллантириб турган одам террористдан баттар бу”¸ деган эди Хоразм вилояти ҳокими 200 киши битта залда тўпланган мажлисда.

Тўйхона ëпиқ¸ лекин солиғи очиқ...

Озодликка мурожаат қилган айрим тўйхона эгалари¸ олти ойдан бери даромадсиз ўтирган бир пайтда¸ солиқ идоралари ер ва мулк солиғи тўлашни талаб қила бошлагани “дард устига чипқон” бўлганини айтади.

Тўйхона кадастр ҳужжати жисмоний шахсга қилинганлиги учун мулк ва ер солиғидан енгиллик берилмади. Октябрь ойига 8 млн мулк ва ер солиғи тўлашимиз керак. Давлат томонидан тўхтатилган тўйхоналар фойдалана олмаган мулки ва ери учун солиқларини қайси даромад эвазига тўласин?Шу саволларга жавоб берадиган ва жавоб беришга қизиқаётган мутасаддилар бормикан Ўзбекистонда?»

Тўйхона эгалари¸ ҳукумат 23 мартдан киритган карантин чекловлари ортидан фаолияти тўхтаган бошқа тадбиркорлар каби¸ йил охиригача даромад солиғидан озод қилинган. Айни пайтда¸ жисмоний шахс сифатида фаолият юрғизувчи тадбиркорлар ер ва мулк солиғидан озод қилинган эмас.

Айрим тўйхона эгаларининг бу эътирозига жавоб берган Ўзбекистон Солиқ қўмитаси мулозимларидан бири¸ ҳукумат махсус қарор чиқармаса¸ бундай тадбиркорларнинг ер ва мулк солиғини тўлаши шарт эканини билдирди.

«Юридик шахслар номида бўлган нотурар объектлар учун ер-мулк солиғида йил охиригача имтиёз берилган. Жисмоний шахсларнинг номидаги нотурар объектлар учун имтиёз берилмаган. Солиқчиликда тўйхона деган алоҳида категория йўқ».

Солиқ тизимининг Озодлик боғланган бошқа бир ходими¸ айни кунларда тўйхона эгаси бўлган жисмоний шахслардан ер ва мулк солиғини ундириш бўйича босим кучайганини билдирди.

«Бугун ҳам ходимлар 100 фоиз ишга жалб қилинди ер ва мулк солиқларини ундиришга. Тўлолмайдиган тадбиркорларни жаримага тортиш режа-графиги ишлаб чиқилган. Иложи йўқ¸ пул ундирмаса ҳар куни эрталаб қўмита селектор қилиб шарманда қилади. Пул олиб келмасанг ишдан кетасан¸ деб дағдаға қилишади. Бу тадбиркорларнинг кўп норозиликларига сабаб бўляпти. Пандемия даврида буларга енгиллик бериш керак¸ акс ҳолда даромад қилмагани устига жаримага ҳам тортилса¸ кўпчилиги синадику!”¸ дейди водийлик солиқ инспекцияси ходими.

Озодлик гаплашган солиқ тизими мутахассислари¸ тўйхоналар фаолиятининг тақиқланиб¸ тўйларнинг хусусий ҳовлиларга кўчирилганининг солиқ тушумига таъсири анчагача сезилишини таъкидлади.

Тўйхона эгалари сўрови кўриб чиқиладими?

Ўзбекистондаги тўй индустрияси маркази саналган тўйхона эгаларининг ҳукумат тақиқига билдираëтган эътироз ва сўровларига муносабат сўраб¸ Озодлик Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Ахборот хизматига мурожаат қилди.

Хизмат мулозими телефон суҳбатида саволларни ëзма жўнатишни сўрагани ортидан карантин чекловларини белгилашда асосий роль ўйнови бу хизмат мулозимига Озодлик ўз саволларини ëзма шаклда жўнатди.

Бир соат ичида жавоб берилиши ваъда қилинган бу саволларга 15 сентябрь Тошкент вақти билан кечки соат 7 га қадар жавоб берилмади.

Айни пайтда бу эътирозларга мазкур тизимнинг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис шахси очиқланмаслигини истаган мутахассиси муносабат билдирди.

"Ҳовлилардаги тўйлар¸ аксинча¸ коронавируснинг янаям тарқалишига сабаб бўлмоқда¸ деб ҳисоблайман. Чунки хонадонда бўлса кўпроқ мулоқотда бўлишади, яъни тўйлар чўзилади вақти ва одамлар ҳам кўпроқ келади. Бу билан демоқчиманки, тўйларнинг хонадонларда бўлиши вирусни камайишига хизмат қилгани йўқ¸ аксинча кўпайиб бормоқда. Битта тўйга борганлардан анализ олиб текширилса¸ ярмидан кўпида вирус тасдиқланяпти. Тўйларни тўхтата олмасак¸ уларнинг қаттиқ санитария стандартлари асосида ўтишини йўлга қўйишимиз керак. Буни ҳар битта ҳовлида қилишнинг иложи йўқ¸ ҳар битта тўйга санитар назоратчиси қўëлмайсизку! Шу маънода¸ тўйхоналарни аниқ талаблар билан қайта очиш сўровида мантиқ бор. Тадбиркор ҳам жарима ва ëпилишдан қўрқиб¸ бу талабларга риоя қилади¸"деди Озодлик гаплашган санитария-эпидемиология тизими мутахассиси.

Тўй индустрияси кўпдан танқид нишонида

Ўзбекистонда тўй-ҳашам индустрияси пандемияга қадар сердаромад бизнес бўлиб келган. Бу индустрия совчилик хизматидан то тўйдан кейинги ҳар хил маросимларни ўтказиб беришгача ихтисослашган тармоқланган хизматга айланган эди.

Йиллик айланмаси ўнлаб миллион долларда чамаланган бу бизнесни жиловлаш уринишлари¸ хусусан¸ президент Мирзиëевнинг дабдабали тўйлар учун жарима жорий қилиш таклифлари пандемияга қадар самара бермай келди.

Бу индустрия фаолиятининг карантин чекловлари билан фалажлангани¸ айрим ўзбекистонликлар томонидан олқишланмоқда¸ бу чекловларни пандемиядан сўнг ҳам давом эттириш таклифлари билдирилмоқда.

Хусусан¸ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев маҳаллий матбуотда қилган чиқишида¸ бу индустриянинг “хуфëна иқтисод” билан чатишиб кетганини таъкидлади ва ўзбекистонликларни бу индустриянинг турли “алдовлари”га учмасликка чақирди.

Пандемиядан кейин енгилликлар берилганида, «тўй-ҳашамлар индустрияси» дабдабали маросимлар ўтказиш бўйича агрессив тарғиботини бошлайди ва турли янги «хизматлар» таклиф қилиб, ҳавасманд ёшлар, соддароқ ота-оналарни харажат ботқоғига тортади. Фарзанди бахтини ўйлайдиган оиладан ҳар хил баҳоналар билан пул шилишнинг пайига тушади”¸ деб ëзди депутат.

Ўз чиқишида ХДП вакили¸ пандемия ортидан ëпилган “улкан тўйхоналар негизида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатувчи марказлар, педагог кадрларни касбга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари, ёшларнинг маданий ҳордиқ чиқариш масканлари, фуқаролар ва жамият учун ҳақиқатда фойдали бўлган ижтимоий-маданий муассасаларни юзага келтириш керак”лигини таклиф қилди.

XS
SM
MD
LG