Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:29

Яккабоғда уч бола отаси, онаси ва МИБ ўртасида сарсон бўлмоқда. МИБ уларни мажбурлаб 2 марта онасига олиб берди (ВИДЕО)


Яккабоғ тумани МИБ биносида 8 сентябрь куни тасвирга туширилган видеодан олинган сурат: 3 бола суд қарори билан ота қарамоғидан онасига берилмоқда.
Яккабоғ тумани МИБ биносида 8 сентябрь куни тасвирга туширилган видеодан олинган сурат: 3 бола суд қарори билан ота қарамоғидан онасига берилмоқда.

Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман Мажбурий ижроси бюроси (МИБ) ходимлари вояга етмаган уч болани уларнинг ихтиёрига қарши икки марта отасидан онасига олиб берди.

Бу икки жараён акс этган видеода уч боланинг руҳий босим ва жисмоний куч қўлланиб, томонлардан бирига олиб берилаётгани акс этган.

МИБ раҳбарияти Яккабоғдаги ҳолатда мажбурий ижро ходимлари ҳаракати болаларга руҳий зарба бўлганини тан олди, аммо улар суд қарорини бажаришга мажбурлигини таъкидлади.

Болалар яшайдиган маҳалла раиси, Яккабоғ туман Васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари, бундай ҳолатларда МИБ томонидан суднинг "адолатсиз қарори" ижросини кечиктириш ёки тўхтатиш механизми йўқлигини, шу боис, низоли оилаларда талаш бўлаётган болалар одатда мутлақо ҳимоясиз қолиб кетаётганини айтишди.

Видеоёзув

Яккабоғ туман Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан 3 вояга етмаган боланинг зўрлик билан онасига олиб берилаётгани акс этган видео Озодликка туманинг Қорасув қишлоғидаги яшайдиган 33 яшар Зоир Мирзаев – болаларнинг отасидан 16 сентябрь куни келди.

Видеода ушбу ҳолат акс этган:

Уввос солиб йиғлаётган 3 бола кекса аёлнинг пинжига суқилиб олган, уларни икки эркак ва бир аёл кекса аёлнинг қўлидан мажбурлаб олишга уринади.

Бу ҳолатни бир эркак киши кадр ортида туриб тасвирга олади. Кекса аёл ва кадр ортидаги эркак: “Болаларни мажбурламаймиз, деб сўз бергандингиз. Нега мажбурлаб, олиб бераяпсиз? Мажбурламанг, болаларни мажбурламанг!” деб такрор-такрор айтади.

Болалар эса кекса аёл ва видеони олаётган эркакка қараб: “Бизни олиб кетишмасин!” деб йиғлайди. Икки эркак ва бир аёл эса: “Биз суднинг ҳукмини бажаришга мажбурмиз, ишимизни бажаришимизга тўсқинлик қилманглар, илтимос!” дея такрорлайди.

Бу даҳанаки тортишувлар бирпасда бақир-чақирга айланади ва оқибатда 3 боладан кичигини қарши тарафдаги бир аёл куч билан тортиб олиб, кўтариб олиб кетади.

Болалардан каттаси эса бақириб йиғлаганича видеони олаётган эркак томонга қочиб келади, ўртанчаси суд ҳукмини бажаришга мажбурлигини айтган эркакнинг қўлида қолиб кетади.

Яккабоғ МИБ уч болани бўзлатиб, отадан онага олиб бермоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:04 0:00

Озодликка бу видеони тақдим қилган З. Мирзаевнинг айтишича, видеони тасвирга олган эркак унинг акаси, болаларни пинжида сақлаган кекса аёл эса онаси – болаларнинг бувисидир. Болаларни олишга уринган икки эркак ва бир аёл МИБ ходимларидир.

Озодлик билан суҳбатда Мирзаев, видеода акс этган ҳодиса 8 сентябрь куни МИБ биносида бўлганини айтди. Мирзаевнинг айтишича, ҳодиса пайтда у МИБ биносида бўлмаган, Тошкентда сафарда бўлган.

Айтишича, болалар МИБ биносидан олиб чиқилиб, суд ҳужжатларида кўрсатилган эмас, балки Тошкентдаги бошқа бир манзилга олиб кетилган ва яқинлари хабар бергач, у ўша куниёқ болаларини қидириб топиб, Яккабоғга олиб қайтган.

Суд ҳукми

Мажбурий ижро бюроси ходимлари, З. Мирзаевнинг Озодликка айтишича, 8 сентябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг шу йил 19 майда чиқарилган ҳукмини бажарган.

Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг шу йил 19 майда чиқарилган ҳукмидан нусха.
Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг шу йил 19 майда чиқарилган ҳукмидан нусха.

Ушбу ҳукмда ота-она оилавий келишмовчилик ортидан 2018 йилда ажрашгани ва 3 бола - Тўрақулов Асилбек Зоир ўғли, Тўрақулова Азиза Зоир қизи, Тўрақулов Асадбек Зоир ўғлини онаси Муҳаббат Файзиевада қолдиришга қарор қилингани айтилган.

Зоир Мирзаевнинг иддао қилишича, болаларнинг учаласи ҳам отаси билан қолишни истайди ва хотини билан ажрашганидан кейин – 2018 йилнинг декабридан бери у билан бирга яшамоқда.

Отанинг иддаоси

Озодлик билан суҳбатда З. Мирзаев МИБ ижрочилари туман суди қарори билан болаларни икки бора онасига олиб беришгани, иккала гал ҳам у болаларни қайтариб олиб келганини айтди:

“Агар болаларим ўзлари рози бўлиб, онам билан яшайман, деса мен қаршилик қилмасдим, лекин булар кетишни ҳоҳламаяпти. Суднинг ҳукми билан уларни мажбурлаб, йиғлатиб, икки марта онасига олиб беришди. Биринчи сафар, мен уларни Тошкентдаги битта ижара уйдан топиб, қайтариб олиб келдим. Иккинчисида менинг йўқлигимда келиб: “Агар болалар онасига кетишни истамаса, битта далолатнома қилиб, қайтариб уйига олиб келамиз”, деб МИБга олиб кетишган ва у ерда ўша видеодаги аҳвол бўлган. Мен болаларимнинг руҳий аҳволидан хавотирдаман. Болаларни бунақа мажбурлашга уларнинг ҳаққи борми?!”.

Озодлик болаларнинг онаси - Муҳаббат Файзиева билан боғлана олмади. Аммо, фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судининг шу йил 19 майда чиқарилган ҳукмида онанинг фарзандларини олишга даъвогарлиги, уларни таъминлашга қурби етиши қайд этилган.

МИБ изоҳи

Озодлик Яккабоғ туман Мажбурий ижроси бюроси ҳамда Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилоят бошқармасидан 8 сентябрь кунги ҳолат юзасидан бирор расмий изоҳ ололмади. Ҳар икки идора кун давомида қилинган телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Аммо Қашқадарё вилоят МИ бошқармаси мулозимининг исми айтилмаслик шарти билан Озодликка норасмий айтишича, Яккабоғ туманидаги воқеа бюрода анча шов-шув бўлган.

Мулозимга кўра, бунақа ҳолатлар МИБ тажрибасида бўлиб туради ва бу ҳолатларда ходимлар, болаларга нисбатан куч қўлламаслиги керак, улар билан суҳбатлашиб, тушунтиришга уриниши керак. Аммо, болалар тушунса-тушунмаса, суд қарори ижросини таъминлаши шарт:

"Улар суднинг қарорини бажаришга мажбур. Уларда болалар норози бўлса, ижрони тўхтатиш ваколати йўқ. Лекин, боланинг руҳий ҳолатини инобатга олиб, тушунтириш берилиши мумкин, лекин ижрони тўхтатолмайди. Сиз айтган ҳолатда, улар болаларни ҳолатини инобатга ололмаган. Ўша ерда болаларни бир нима қилиб тинчлантириб, розилиги билан олиб бериши керак эди", деди бу манба.

Мажбурий ижро бюросининг марказий идорасида телефон гўшагини кўтарган ходим, қарийб айни маълумотни такрорлади.

"Суд қарорининг қонунийлигига Мажбурий ижро баҳо бермайди. Суд қарорида болани олиб бериш ёзилган бўлса, бу бажарилади. Лекин, алоҳида ҳолатларда бюронинг 1107 ишонч телефонига мурожаат қилишса, ҳолат кўриб чиқилади. Яккабоғдаги ҳолат бўйича саволлар бўлса, мурожаат қилишсин кўриб чиқамиз", деди МИБ ходими.

Маҳалла органи аралашуви

Бу оила яшаган ҳудуд – Яккабоғ туман, Қорасув қишлоғидаги Сандал маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Ражабов, вояга етмаган 3 бола, ажрашиб кетган эр-хотин ва МИБ ижрочилари орасида 3 ойдан бери сарсон бўлаётганини тасдиқлади.

Маҳалла раисига кўра, шахсан ўзи бир неча бор низолашаётган томонлар ва болалар билан суҳбатлашган, болаларнинг йиғи-сиғи, бақир-чақир ичида онасига олиб берилаётганига гувоҳ бўлган.

Маҳалла раисига кўра, бундай ҳолатларда маҳалла органи ҳолат қайд этилган далолатномани тузиши ва сўраган органларга тақдим этиши мумкин, холос.

Яъни, Маҳалла органи ҳам болаларнинг зўрлик билан ота ёки онага олиб берилишини тўхтата олмайди:

“Суд болаларни онасига беришга қарор чиқарган. Мажбурий ижро эса буни бажаришга мажбур. Болаларни кўриб, тўғриси менинг жуда раҳмим келади. Отамизда қоламиз, дейшади. Чунки, шу ерда туғилишган, мактабга боришади. Биз фақат далолатнома тузиб, болаларнинг гапини қайд этганмиз. Ҳозир энди шу далолатномалар билан бирор чорасини топишга ҳаракат қилаяпмиз”.

“Васийлик ва ҳомийлик” органи ваколати

З. Мирзаев Озодликка тақдим қилган ҳужжатга кўра, болаларни отасида қолдириш ҳақида Яккабоғ тумани Халқ таълими бўлими қошидаги Васийлик ва ҳомийлик органи ҳам хулоса берган.

Васийлик ва ҳомийлик органи берган хулоса нусхаси.
Васийлик ва ҳомийлик органи берган хулоса нусхаси.

Орган бош мутахассиси Элбек Чоршанбиев, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, Яккабоғ туманлараро суди қарори ва Яккабоғ туман МИБнинг қарорни ижро қилиш жараёнида болаларнинг ҳуқуқлари бузилганини таъкидлади.

Чоршанбиевга кўра, низолашаётган томонлар ўртасидаги болаларнинг ҳуқуқий ҳимоясига масъул бўлган Васийлик ва ҳомийлик органи хулосаси суд жараёнида инобатга олинмаган.

Э. Чоршанбиев, вояга етмаган уч боланинг тақдиридан хавотирда экани ва уларнинг ота-она ва МИБ, суд органлари орасидаги сарсончилигини тўхтатиш учун прокуратурага ҳам мурожаат қилганини билдирди.

Унинг айтишича, бу сўров ортидан Яккабоғ тумани прокурори ёрдамчиси, 3-даражали юрист ҳам болалар фикри ҳамда ажрашган ота-оналар шароитини ўрганиб, уларни ихтиёрига зид равишда онасига олиб бермаслик ҳақида хулоса берган.

Бу хулоса нусхаси ҳам Озодликка тақдим қилинди. Аммо, Васийлик ва ҳомийлик органи бош мутахассиси Э. Чоршанбиев ҳамда Сандал маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ш. Ражабовларнинг даъво қилишича, бу хулосаларнинг ҳеч бири судда инобатга олинмаган.

Озодлик фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судидан бу ҳолат бўйича расмий изоҳ ололмади.

XS
SM
MD
LG