Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:06

Ўзбекистон маданий мерос обидаларидан буткул маҳрум бўлиши мумкин


Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимояси ҳудудида камида икки бино бузиб ташланган
Самарқанднинг ЮНЕСКО ҳимояси ҳудудида камида икки бино бузиб ташланган

“Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раҳбари Амирқул Карим Озодлик билан суҳбатда 12000 деб рўйхатга олинган маданий мерос объектларидан ҳозирги кунда 9000 га яқини қолганидан ташвиш билдирди.

Суҳбатдошга кўра¸ Яккабоғ марказидаги қадимий «Чашма бўйи», «Сандалтепа», «Киндиктепа,» каби ўнлаб тепаликлар вайрон этилиб, ғишт заводлари учун хом-ашё, тадбиркор учун иншооот қурилиши, фермерлар учун экин майдонларига айлантирилмоқда.

Ўзбекистон маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова 22 сентябрь куни «Ўзбекистон 24» каналига интервьюсида «агар обидаларни бузиб ташлаш тенденцияси давом этса, Ўзбекистон маданий мерос обидаларидан бутунлай маҳрум бўлади», деб айтди.

Оқилова хоним ушбу кўрсатувда Самарқанд марказидаги ЮНЕСКО ҳимоясига олинган уйнинг бузиб ташланганлигини танқид қилиб , «тарихий бинони бузган айбдорларга албатта чора кўрилади» дея таъкидлади.

Камола Оқилова
Камола Оқилова

Бундан олдин Маданият вазирлиги Бош прокуратурага мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳар ҳокимияти Амир Темур кўчаси, 14-уй бузилиши бўйича тушунтириш беришини талаб қилган эди.

Аммо бино бузилишидан олдин Оқилова хонимнинг ўзи "бинонинг тарихий қиймати йўқ" деган ҳужжатга имзо қўйган.

Амир Темур кўчасидаги бинонинг "тарихий қийматга эга эмаслиги" ҳақида Камола Оқилова имзолаган ҳужжат
Амир Темур кўчасидаги бинонинг "тарихий қийматга эга эмаслиги" ҳақида Камола Оқилова имзолаган ҳужжат

Самарқанд шаҳар, Амир Темур кўчаси, 14-уйда жойлашган бино 11 сентябрь куни шаҳар Ободонлаштириш корхонаси ва Мажбурий ижро бюро ходимлари томонидан бузиб ташланган эди.

Бу бино 2010 йилгача тарихий архитектура ёдгорлиги сифатида давлат ҳимоясида бўлган, аммо Маданият ва спорт вазирлигининг 2008 йилдаги қарори билан обидалар рўйхатидан чиқарилганди. Қарор нусҳаси Озодликда бор. Қарорда нега обида рўйхатдан чиқарилганига доир ҳеч қандай асос кўрсатилмаган.

Бинони рўйхатдан чиқариш ҳақидаги 2008 йилги қарорга вазирлик мулозими имзо чеккан
Бинони рўйхатдан чиқариш ҳақидаги 2008 йилги қарорга вазирлик мулозими имзо чеккан

Озодлик мухбири Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро мутасаддилар билан суҳбат асносида Амир Темур кўчаси 13 уй бузилишига Маданият вазирлиги изн берганлигини аниқлади.

Озодликда нусҳаси бўлган ҳужжатларда айнан Маданият вазирлиги мулозимлари «бинонинг тарихий аҳамияти йўқлиги» ва бузиш ишлари Вазирлар Маҳкамасиниг 911-сонли қарорига биноан олиб борилаëтгани таъкидланган. Ҳужжатлардан бирида Маданий мерос департаменти Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қиличев ўз раҳбари¸ Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Оқиловага Амир Темур кўчасидаги уй масаласида расмий сўров йўллаганини кўриш мумкин.

Ҳужжатда Қиличев «Амир Темур кўчасидаги уйни бузиш ëки бузмаслик ҳақида узил-кесил қарорга келишингизни сўраймиз", дейилган.

Бу сўровга 2019 йилнинг 15 октябрида Маданият вазири ўринбосари ва Маданий мерос департаменти раиси Камола Оқилова раислигида ўтказилган Маданий мерос департаментининг 4/1 рақамли баëни асосида, Оқилова имзоси билан жавоб берилган.

4/1 рақамли баëнга кўра, “Амир Темур кўчасидаги 14-уй “тарихий қийматга эга эмас” деб топилган¸ дейилади расмий жавобда.

Камола Оқилова имзоси қўйилган ва уй эгасини тамсил қулувчи фаол Абдужабборовга юборилган яна бир мактубда ҳам “Амир Темур кўчасидаги 14 уй маданий мерос эмаслиги” таъкидланади.

Вазирлик ҳужжати
Вазирлик ҳужжати

Маданий мерос департаменти бош инспектори Ф. Довлатов имзо қўйган ва Маданий мерос департаменти Самарқанд вилоят бошқармасоига юборилган расмий мактубда эса, “Бинонинг тарихий аҳамият йўқлиги боис уни бузиш (снос) департамент ваколатида эмаслиги” таъкидланади.

Озодлик суҳбатлашган Самарқанд вилояти ҳокимлиги мутахассиси¸ “бинони бузиш қарор қилинган йиғилишда Маданий мерос департаменти вакили Шуҳрат Қиличев иштирок этиб, қарорга эътироз билдирмаганини таъкидлади. Озодликда Қиличев имзо қўйган баëннома нусҳаси бор.

Мулозим Озодликка тақдим қилган ҳужжат баёнининг 45 бандида “Самарқанд шаҳар ҳокими, шаҳар 1-сектор раҳбари (Б.Облақулов) Самарқанд шаҳридаги Самарқанд Давлат тиббиёт институтига қурилаётган янги бино ёнидаги бузилишга тушган объектни қонунчиликда белгиланган тартибда бузилишини таъминласин" дея қайд этилган.

Бузишни бевосита амалга оширган МИБ мулозими Озодлик билан суҳбатда “бузишдан олдин бино олдида турган Маданият вазирлиги вакилидан яна бир бор бузишга қарши эмасмисиз?” деб сўралганини айтди.

“Хозир ҳокимият ва МИБ обидалар бузғунчиси, деган мазмунда қоралаш кетмоқда. Мана, видеони кўринг. МИБ вакили Маданий мерос департаментининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қиличевдан бинони бузма десанг бузмаймиз, деб яна бир бор сўрайди. Қиличев эса, индамай турди. Сукут, бу - розилик аломати. Бино бузилаëтган пайтда Қиличев бемалол кузатиб турди ва ҳеч қандай эътироз билдирмади”, деди МИБ вакили.

Маданий мерос департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қиличев
Маданий мерос департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қиличев

“Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси раҳбари Амирқул Карим Озодлик билан суҳбатда Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бошқармаси фаолиятини танқид қилди.

“Энг ёмони, бу ҳолга ҳокимият органлари, соҳа масъуллари обидалар вайрон қилинишига бепарво қараб турибдилар.”

(Амирқул Карим билан суҳбат асосида Қашқадарëдаги қадимий обидалар вайрон қилинганига оид мақола хозирланмоқда-таҳр.)

"Жиноий сукут"

Ўзбекистонлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда Амир Темур кўчасидаги 14-уй Маданият вазирлиги мулозимининг "жиноий сукути" фонида бузилганига эътобор қаратди.

Санъатшунос ҳодисани ёзувчи Габриел Гарсиа Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси”даги манзарага қиёслайди.

"Ўхшаш манзара. Икки йилдан бери бу уй ҳақида матбуотда ҳам, ижтимоий тармоқда ҳам ёзилади. Вазирлик билан ëзишмалар ҳам бор. Уй устида экскаватор чанг солиб турганини вазирлик жуда яхши билиб турган".

Унинг айтишича, бинони бузиб, ўрнига Тиббиëт институти ëтоқхонаси қуриш бўйича мажлисларда Маданият вазирлиги вакили мунтазам қатнашган.

"Уй эгасини тамсил қилган фаол Махсуд Абдужабборов ўнлаб марта вазирликка сўров юборган. Вазирлик бир хилда “уйнинг тарихий қиймати йўқ” деб ëзиб бераверган. Вазирлик вакили Қиличев эса, ҳокимият йиғилишида қатнашиб, уй бузилишига расман розилик берган. Энди мана уй бузилганидан кейин Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова Ўзбекистон 24 каналига чиқиб “тарихий бино” эди, демоқда", дейди у.

Санъатшунос "нега тарихий бино бўлса¸ бузилишидан олдин тарихий қиймати йўқ, деб ëзиб бердингиз, Камола Болтабоевна? Сиз раҳбар лавозимида ишлайдиган Маданият вазирлиги обидаларни ўзи бузишга изн бериб, кейин додлайдиган ташкилотми?", дея вазирлик мутасаддисига хитоб қилади.

Озодлик санъатшуноснинг ушбу саволини Ўзбекистон маданият вазирлиги матбуот хизматига йўллади. Матбуот хизмати вакили бу саволга жавобан "Маданий мерос департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қилчев вазифасидан озод қилинганлигини билдирди.

Ўзбекистон маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Сундар Қорабоев Озодлик билан суҳбатда тарихий бинонинг бузилишига Маданият вазирлиги илмий кенгаши сабабчи бўлганини айтади.

"Айнан бу кенгашнинг суст ва қарорсизлиги оқибатида тарихий бино ҳамманинг кўз ўнгида безбетларча бузилди. Вазирлик айбни ўзидан излаши лозим", - деди Қорабоев.

Ўзбекистон маданият вазирлиги расмий сайтида эса, биз жавобини излаган саволлар турганлигини кўрдик.

Жавоби ичида бўлган саволлар

“Маданият вазирлиги Самарқанд шаҳар ҳокимиятидан Амир Темур кўчаси, 14-уй бузилиши бўйича тушунтириш беришларини талаб қилади. (Вазирлик ўзидан сўраса бўларди - таҳр.)

Маданий мерос департаменти экспертлари томонидан ушбу объект 2010 йилда маданий мерос объекти рўйхатидан чиқарилган бўлса ҳам у тарихий қурилиш иншоотнинг бир қисми ҳисобланар эди. Нега Маданият вазирлиги Амир Темур кўчаси, 14-уй объектининг бузилиши, шунингдек, у ердаги бузилишлар ҳақидаги суд қароридан хабардор қилинмади?

(Бино эгасини тамсил қилган Махсут Абдужабборов ва Департаментнинг Самарқанддаги вакили Қиличев бу ҳақда бир неча бор вазирликка ëзган-таҳр.)

Маданият вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига 1990-2000-йилларда тарихий объектларни қайси сабабларга биноан рўйхатдан чиқарилгани бўйича қуйидаги сўровнома асосида текширув ўтказилишини сўраб, мурожаат қилди:

  • Объектлар нега рўйхатдан чиқарилди?
  • Ушбу хулосалар ким томонидан қабул қилинган? (Озодликда Маданият вазирлиги илмий кенгаши мажлисининг баëн нусҳаси бор. Хулосани Маданият вазирлиги Маданий Мерос департаменти илмий кенгаши қабул қилган-таҳр.)
  • Хулосалар Маданият вазирлиги ва вилоят ҳокимиятининг қайси раҳбари томонидан тасдиқланган? ( Хулосага Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова имзо чеккан-таҳр.)
  • Рўйхатдан чиқарилган бошқа объектларнинг тақдири нима бўлган? (Бузиб ташланган- Озодликда Юнеско ҳимоясидаги камида икки бинонинг Самарқандда бузиб ташлангани ҳақида ҳужжатлар бор-таҳр.)
  • Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси томонидан Маданий мерос департаментининг барча вилоятдаги инспекциялари фаолияти, шу жумладан, Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармасининг фаолияти ҳам ўрганилиб, маданий мерос сақланилишига нисбатан бир қанча қонунбузарликлар аниқланди. ( Бу қонунбузарликлар ҳақида Озодлик қатор мақолалар эълон қилган-таҳр.)

Маданият вазирлиги ушбу қонунбузарликлар учун барча айбдорлар ва Самарқанд вилояти Маданий мерос бўлимидаги алоқадор шахсларнинг мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланишини билдиради.

Самарқанд вилояти Маданий мерос бошқармаси раҳбари бино бузиб бўлингач, Департаментга хабар берган. (Нотўғри. Қиличевнинг Камола Оқиловага ëзган сўрови Озодликда бор. Бино бузилаëтгани ҳақида бузилишидан анча олдин Озодлик мақола ëзган. Вазирлик матбуот хизматига саволлар юборган. Бундан ташқари, фаоллар ҳам вазирликка хат ëзган-таҳр.)

Маданият вазирлиги агар тарихий объектнинг бузилиши Маданият вазирлиги розилигисиз Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилган бўлса, у ҳолда, бузилишга оид масъулиятни шаҳар ҳокимлиги ўз зиммасига олиши керак, демоқда.

Шунингдек, вазирлик бунга алоқадор шахслар амалга оширган ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун қонунда белгиланган тартибда жазоланиши шартлигида айтган. ( Лекин бино қайта тикланадими?-таҳр.)

Самарқанддаги "Ишратхона " обидаси
Самарқанддаги "Ишратхона " обидаси

Озодлик тарихий обидаларнинг вайрон этилишига доир ўз суриштирувини давом эттиради.

XS
SM
MD
LG