Линклар

Шошилинч хабар
22 октябр 2020, Тошкент вақти: 15:09

Каменск-Шахтинск вокзалида вафот этган муҳожир жасади Ўзбекистонга олиб кетилди


Чодир-шаҳарчадаги ўзбек муҳожирлари йўллар очилишини кутмоқда

Ростов вилоятида 19 сентябрь куни ўзбекистонликларни олиб келиш учун юборилган поездга чиқаётган 33 ёшли Рамиз Ж., вафот этди. Самарқандлик муҳожир жасади 23 сентябр куни Ўзбекистонга олиб кетилди.

Шифокорлар унинг ўлимига коронавирус эмас, балки олдин қурилишда олган жароҳати сабаб бўлганини таъкидламоқда.

1987 йил 13 сентябрда Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида туғилган Рамиз Ж. 2020 йилнинг 19 сентябр куни Ростов вилояти Каменск-Шахтинск шаҳри яқинида ўзбекистонлик муҳожирлар учун ташкил қилинган чодир-шаҳарчада вафот этган.

Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаментининг билдиришича, “Лихая” станцияси олд томонидаги майдонда ўзини ёмон ҳис қила бошлаган ва тез тиббий ёрдам етиб келгунича ҳаётдан кўз юмган.

- Унинг аҳволи поездга минаётганида бирдан ёмонлашди ва у шу ердаёқ вафот этди. Чақиртирилган “тез ёрдам” унинг ўлимини қайд этди, жасадни ўликхонага олиб кетди. 23 сентябр куни унинг амакиси жасадни кейинги рейсда Ўзбекистонга олиб кетди, дея хабар қилди “Интерфакс” нашрига Ўзбекистоннинг Ростовдаги консули Рустам Қўрғонбоев.

33 яшар ўзбек мигрантининг ўлими борасида Каменск-Шахтинск шаҳри Лиховской микрорайони маъмурияти раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Срибний бундай изоҳ берди:

- Унинг аҳволи вокзал майдонидаёқ ёмонлашди. Ёнимизда бўлган қутқарувчилар уни жонлантиришга уриниб кўришди. 23 сентябр куни унинг жасади отаси билан бирга Ўзбекистонга учоқда жўнатилди, деди маъмурият раҳбари журналистлар олдида қилган чиқишида.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Рамиз Ж. Ростов вилояти Каменск-Шахтинск шаҳрида муҳожирлар учун ташкил қилинган чодир шаҳарчада яшамагани ҳақида махсус хабар тарқатди.

У Санкт-Петербург шаҳридан Каменск-Шахтинскка 14 сентябрда етиб келган ва соғлиги ёмонлашгани сабабли шаҳар касалхонасига ётқизилган.

19 сентябрь куни у касалхонадан поездга чиқарилиш учун “Лихая” станциясига олиб борилган.

Расмий маълумотда таъкидланишича, "фуқаронинг коронавирус билан касаллангани тасдиқланмаган. Марҳумнинг жасади чартер рейс орқали Ўзбекистонга жўнатилган”.

Озодлик аниқлашича, Рамиз Ж.нинг жасади Каменск-Шахтинск Марказий шаҳар шифохонасида тиббий экспертизадан ўтказилган.

Шифокорлар унда бир томонлама пневмония ҳамда қон-томир касалликлари бўлганини аниқлашган.

33 яшар муҳожир Каменск-Шахтинскка Ўзбекистонга поездга чипта олгани сабабли келиб қолгани ҳам маълум бўлди.

Исмини ошкор қилишни истамаган врач Озодлик билан суҳбатда Рамиз Санкт-Петербургда қурилишда ишлагани ва қўлидан жароҳат олиб, уйга даволанишга кетмоқчи бўлганини айтди. Врачнинг сўзларига кўра, бу жароҳат муҳожир танасида томир тромбозини келтириб чиқарган ва у йиринглашга олиб келган.

Врач ўзбек мигранти худди шу симптомлар билан Шахтинскдаги касалхонада 5 кун даволанганини билдирди.

Бироқ шифокор дастлабки экспертиза хулосаларига қарамасдан, ўзбек муҳожирининг ўлими юзасидан расмий ташҳисни суд-тиббий экспертиза тайинлаши мумкинлигини билдирди. У ҳозирча расман Рамиз Ж.нинг "ўлими сабаблари номаълум қолган", дея изоҳланишини ҳам қўшимча қилди.

Минглаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари чегара ёпилганидан кейин Россияда қолиб кетди
Минглаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари чегара ёпилганидан кейин Россияда қолиб кетди

21 сентябр куни “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси Новосибирск, Ростов-Дон ва Самарадан 2538 ўзбекистонликни олиб келганини хабар қилган эди.

Ўзбекистон Бош консуллигига кўра, ҳозирда Каменск-Шахтинск муҳожирлар вақтинчалик лагерида 600 яқин одам қолган.

Улар ҳам 25 сентябр кунги рейсда поездда Волгограддан Ўзбекистонга олиб келиниши кутилмоқда.

Озодлик Россиянинг Самара, Ростов ва Новосибирск вилоятларида коронавирус пандемияси туфайли киритилган чекловлар боис ватанига қайтолмаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари лагерлари борасида хабар ва лавҳаларни бериб келмоқда.

XS
SM
MD
LG