Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2020, Тошкент вақти: 05:40

Муҳтож оилаларни “Темир дафтар”дан мажбуран чиқариш бошланди


"Темир дафтар"дан ўчирилганлар қора қозонини қандай қайнатишни билмай боши қотяпти.

Ўзбекистон бўйлаб моддий ëрдамга муҳтож оилалар киритилган “Темир дафтар” рўйхатидагиларни қисқартириш кампанияси бошланди.

Озодликка бўлган мурожаатларда муҳтож оилалар “Темир дафтар”дан чиқаришни сўраб, ариза ёзишга мажбурланаётганидан шикоят қилишди.

Маҳалла вазирлиги мулозими "Темир дафтар"дан чиқиш учун мажбуран ариза олиш ҳолатларида маҳалла раисларини айблади.

“Темир дафтар”дан мажбуран чиқарилганлар шикояти

Қашкадарё вилояти, Ғузор шаҳри, Хўжагузар маҳалласида яшовчи Мейлиевлар оиласи муҳтожлиги сабаб “Темир дафтар”га киритилиб, моддий ëрдам олаётганди.

Бироқ оила бекаси 43 яшар Ойдин Мейлиева (Абирова)нинг Озодликка айтишича, бир ҳафта аввал “Темир дафтар”дан чиқаришни сўраб ариза ёзишга мажбур қилишган:

“Икки боламизга мактаб учун 500 минг сўмдан берамиз деб чақиришди. 1 миллион сўм бергач, “ариза ёзиб кетасизлар” дейишди. “Темир дафтар”дан чиқаришларингизни сўрайман. Аҳволим яхшиланди деб ёзиб беринглар” деди. Пул олишга борганларнинг ҳаммасидан ариза олишди. Аризани бир-биримизникидан кўчириб ёздик. Мен “Иш билан таъминлангандан кейин чиқарилиши керакку”, дегандим, “Иш бўлса, чақирамиз”, деди. Кейин майли деб, ёзиб бериб, қўл қўйиб қайтдик”.

Эр-хотин Мейлиевларнинг иккаласи ҳам ишсизлар рўйхатида бўлиб, уларнинг вояга етмаган икки фарзанди бор.

Оила бошлиғи 57 яшар Мажит Мейлиев Озодлик билан суҳбатда “Темир дафтар”дан чиқаришларидан норози эканлигини айтди:

“Хотиним ёзиб келган аризани қайтариб олиш учун кўп ҳаракат қилдим. Лекин қайтариб беришмади. Булар президентнинг камбағаллар сонини қисқартиш талабини шу йўл билан бажаришмоқда. “Фалон одамни камбағалликдан чиқардик”, деб ҳисобот учун қилишяпти бу ишларни. Мен соғлигим сабаб оғир ишга ҳам ярамайман. Хотиним мактабда фаррошлик қилиб топган пулига тирикчилик қилардик. Пандемия сабаб хотиним ҳам ишсиз қолди”.

Мейлиевнинг қўшниларидан бири аноним қолиш шарти билан айтишича, унинг оиласини ҳам мажбуран “Темир дафтар”дан чиқаришган:

“Икки фарзандимиз бор. Учинчи боламга ҳомиладорман. Эрим бозорда ишларди, пандемия деб ишсиз қолди, ҳозир кўчама-кўча юриб, картошка -пиёз сотиб, зўрға ейдиган нонимизни топяпти. “Темир дафтар”дан мажбуран чиқариб ташлашди. Буёғига қандай кун кўришимизни ҳам билмаймиз”.

МФЙ раиси: Аризани ўз хоҳиши билан ёзишди

Хўжагузар маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зафар Ўлжаев Озодлик билан суҳбатда “Темир дафтар”дан чиқариш борасида ариза олинганини тасдиқлади, бироқ бу фуқароларнинг ўз хоҳиши билан амалга оширилганини таъкидлади:

“Ўз хоҳиши билан ёзяпти. Ҳеч кимни мажбурламадик. Одамлар “раҳмат президентимизга” деб ёзяпти. Давлатимизга, сектор бошлиғимизга, маҳаллага ҳам раҳмат деяпти, вилоят ҳокимига, туман ҳокимига раҳмат деяпти. “Мана карантин ҳам очилди. Энди ҳаммамиз ишимизни қилсак бўлади. Моддий аҳволимизни ўнглашга ёрдам берди, раҳмат” деб ўз ихтиёри билан ёзишди аризаларни”.

“Темир дафтар”га киритилганлар жами сони 97 нафар эканини айтган Зафар Ўлжаев, улардан неча нафари рўйхатдан чиқиш ҳақида ариза ёзганини очиқламади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:19 0:00
Бевосита линк

Мамлакат бўйлаб

Озодлик 25 сентябрь куни мамлакатнинг турли ҳудудларидаги маҳалла йиғинлари билан боғланиб, “Темир дафтар”дан чиқариш оммавий равишда бўлаётганини аниқлади.

Жумладан, Тошкент шаҳри, Сергели туманидаги Чоштепа маҳалласида “Темир дафтар”даги 136 оиладан 45таси рўйхатдан чиқариш ҳақида ариза ёзган.

Шайхонтоҳур туманидаги Сузук ота маҳалласида эса “Темир дафтар”даги 62 оиладан 29таси худди шундай ариза ёзган.

“Темир дафтар”дан ўчириш ҳақида ариза ёзган тошкентликлар ҳам аризани ўз хоҳишига зид ёзганини айтиб, бунга норозилик билдирди.

“Боқувчимизни йўқотганмиз. Уч болам бор. Ўзим пандемиядан аввал ишлардим. Ҳозир ишсизман. Карантин пайти берилган ёрдам эвазига кун кўрдик. Буёғига болаларимни қандай боқишни билмай бошим қотган”, деди исмини очиқламасликни сўраган тошкентлик аёл.

Чилонзор туманидаги Ботирма маҳалласи фаолларидан бири “Темир дафтар”дан чиқарилганлар томонидан норозиликлар бўлаётганини тасдиқлади.

“Норозилик битта бизнинг маҳаллада эмас, ҳамма маҳаллада бўляпти. Одамларни тинчлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Уларни ҳам тушуниш керак. Кўпчилик бу ковид балоси сабаб ишини йўқотди. Лекин биз ҳам буйруқни бажарувчимиз. Маҳалла раисимизга ҳам боғлиқ эмас бу. Ҳаммасини сектор бошлиқлари ҳал қилади. Биз аризаларни секторга жўнатамиз. Улар аризаларни ўрганиб, жавоб беришади”.

Мулозим: Маҳалла раислари айбдор

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими "Темир дафтар"дан чиқиш учун мажбуран ариза олиш ҳолатлари бўлаётганини инкор қилмади.

"Ҳеч ким ҳеч кимни мажбурлашга ҳаққи йўқ. Маҳалла йиғинларига карантин тугагандан кейин одамларни иш топишга тарғибот қилиш айтилди. Фақат тарғибот-ташвиқот қилиш. Агар иш топса, вазияти ўнгланса, рўйхатдан чиқарилади. Айрим маҳалла раислари очко олиш учун ўз фуқароларини мажбурлаш ҳолатлари бўлаётгани бор гап. Фақат бу оммавий эмас, айрим жойлардагина бор бу. Хабарингиз бор, "Темир дафтар"дагилар учун ажратилган пулларни ўзлаштирган нопок маҳалла раислари ҳам топилди. Кимки, ноқонуний ҳаракат қилса, жазосини оляпти", деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган вазирлик мулозими.

Ўзбекистонда коронавирус карантини ўрнатилиши ортидан, ҳукумат пандемия даврида даромадини йўқотиб, оғир иқтисодий аҳволда қолган оилаларни “Темир дафтар” рўйхатига киритди.

Ушбу рўйхатга кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ёлғиз кексалар, доимий ишсизлар, карантин туфайли ишсиз қолганлар ва пандемия сабабли хориждан қайтиб ишсиз ўтирганлар каби жами 7 тоифа киритилди.

Карантин пайти “Темир дафтар”га киритилганларга мўлжалланган моддий ёрдамларни тарқатиш жараёнида кўплаб жанжаллар ва эътирозлар кузатилди.

Аҳоли шикоятлари кўпайгани ортидан, Бош прокуратура ва ИИВ “Темир дафтар” устидан назорат кучайтирилганини билдирди.

Дастлаб “Темир дафтар” ибораси 3 июнь куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида тилга олинди.

Мирзиёев ушбу дафтарга киритилганларга нафақат моддий ёрдам берилиши, балки “Темир дафтар”га тушган оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини жорий йилда иш билан таъминлаб, шу орқали уларни муҳтожликдан чиқариш лозимлигини таъкидлаган.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG