Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:22

Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги давлат котиби Раҳим Ражабов оламдан ўтди


Раҳим Ражабов (Озодлик архивидан)
Раҳим Ражабов (Озодлик архивидан)

27 сентябрь куни таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистоннинг илк ва сўнгги давлат котиби Раҳим Ражабов 83 ёшида оламдан ўтди.

Озодликка марҳумнинг яқинлари берган хабарга кўра, унинг ўлимига ўткир буйрак етишмовчилиги ва жигар хасталиги сабаб бўлган.

Ражабов 27 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15.00 да Тошкентда тупроққа берилиши кутилмоқда.

Давлат арбобининг вафоти ҳақида Ўзбекистондаги қатор нашрлар ва Телеграм тармоғидаги блогерлар ҳам, марҳумнинг яқинларига таяниб, хабар тарқатди.

Таниқли публицист Шароф Убайдуллаевга кўра, Раҳим Ражабов яқинда “Нуроний” жамғармаси Жамоатчилик кенгаши раиси лавозимига сайланган, аммо ҳали ишлашга улгурмаган эди.

Ражабов расмий матбуотга берган сўнгги интервьюларидан бирида ҳукумат ва давлат эътиборидан четда қолгани, ҳатто қонунан унга тегишли бўлган пенсия тўлови ҳамда ижтимоий таъминотда ҳам муаммолари борлигини айтган эди.

“1997 йилда ишдан кетдим. Бирор одам “Раҳим ака, бормисиз, соғмисиз” дея ҳол-аҳвол сўрагани йўқ. Мана шу турган уйимизнинг ерини ҳам зилзиладан кейин олганман. Кейинчалик ҳатто бирорта квартира ёки дачаям олганим йўқ. Йўқса, “Алгоритм” заводининг 80 минг ишчиси учун квартиралар қурганмиз. На бирор фирма очибман, на бир заводга эгалик қилдим. Ижтимоий таъминот бўлимида ҳам, пенсия жамғармасида ҳам, касаба уюшмасида ҳам инсоф йўқ экан. Оладиган пенсиям – оддий “рядовой” ички ишлар ходиминикидан ҳам кам, бирор санаторийга йўлланмаям беришмади ҳатто. Ана шулардан хафа бўлиб, эзилиб ўтираман...” деган эди Раҳим Ражабов ЎзАга берган интервьюсида.

Раҳим Ражабов 1992 йилда президент Ислом Каримов томонидан мамлакатда вице-президентлик лавозими ўрнига жорий этилган давлат котиби лавозимини бошқарган.

1992 йилнинг декабрида лавозим тугатилиши муносабати билан бош вазир ўринбосари этиб тайинланган.

Ражабов Раҳим Ражабович 1937 йилда Бухоро вилоятида хизматчи оиласида туғилган. Тошкент шаҳридаги Ўрта Осиё политехника институтини тамомлаган (1960).

"Узбексельмаш" ва Тошкент экскаватор заводида раҳбар лавозимларида ишлаган, собиқ СССРнинг биринчи компьютери ишлаб чиқарилган "Алгоритм" заводини лойиҳалаш ва қурилиш ишларига бошчилик қилган ва заводни бошқарган.

XS
SM
MD
LG