Линклар

Шошилинч хабар
07 октябр 2024, Тошкент вақти: 06:35

Тошкент туманидаги мактабларда ҳижобли ва намозхон ўқувчилар рўйхати тузилмоқда


Ўзбекистоннинг бошқа туман ва шаҳар мактабларида ҳам динга мойил ўқувчилар рўйхати тузилгани ҳақида Озодлик хабар берганди.
Ўзбекистоннинг бошқа туман ва шаҳар мактабларида ҳам динга мойил ўқувчилар рўйхати тузилгани ҳақида Озодлик хабар берганди.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги ўрта мактабларда ўқитувчилар ҳижоб ўрайдиган, жума намозига борадиган ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари рўйхатини тузишга вазифалантирилган.

Нусхаси Озодликка етиб келган ва ўқитувчилар тўлдириши керак бўлган сўровномада мактабда ўқийдиган рўмолли қизлар ва жума намозига борадиган ўғил болалар, уларнинг ота-оналари исм-фамилиялари, уй манзиллари, ота-оналарининг иш жойи ҳақида маълумот сўралган.

Шунингдек, "ота-онаси чет элга кетган ўқувчилар" ёки "диний экстремистик оқимга мойиллиги бор ота-оналар" учун ҳам сўровномада алоҳида катаклар ажратилган.

Тошкент туманидаги 12-сон мактабнинг исми очиқланмаслигини сўраган ўқитувчиси Озодлик билан суҳбатда рўйхат яширинча тузилаётгани, маълумотларни ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига билдирмасдан йиғиб, туман ҳокимлигига 2 октябр кунига қадар бериш топширилганини айтди.

Тошкент туманидаги 12 -сон мактаб ўқитувчиларига тўлдириш талаб қилинган сўровнома.
Тошкент туманидаги 12 -сон мактаб ўқитувчиларига тўлдириш талаб қилинган сўровнома.

Озодлик Тошкент туманидаги бир неча мактаб билан боғланди. Мактаб масъуллари рўйхат шаҳар ҳокимияти буйруғи билан тузилаётганини айтишди.

Мактабларда ўқувчилар рўйхатга олинаётганидан хабар топган ота-оналар бу ҳолатни диний қараш учун таъқиб сифатида талқин этмоқда.

“Мақсад нима? Диний қараши учун ўқувчиларни таъқиб қилишми? Виждон эркинлиги тўғрисидаги қонун қаерда қолди?”, - дейди Тошкент туманилик ота-оналардан бири.

Расмийлар эса ўқувчиларнинг турли рўйхатларга киритилишидан хавотирга ўрин йўқ, демоқда.

Тошкент тумани ҳокимлигининг ёшлар сиёсати ва маърифий ишлар бўйича бўлими масъули тузилаётган рўйхатлар борасида Озодликка бундай деди:

- Буни хавотирли жойи йўқ. Рўйхат фақат намоз ўқиши ёки рўмол ўрашига қараб тузилаётгани йўқ. Ижтимоий ҳимояга мухтожми? Кам таъминланганми? Ота-онаси борми ёки ажрашганми? Бундан мақсад уларнинг тарбиясини мактаб, маҳалла ва ота-оналар ҳамкорлигида самарали ташкил этиш. Қолаверса, уларнинг турли ноқонуний диний экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетишлари олдини олиш, - дейди Тошкент тумани ҳокимлигининг исми очиқланмаслигини сўраган масъули.

Бундай рўйхатлар Ўзбекистоннинг бошқа туман ва шаҳар мактабларида ҳам тузилгани ҳақида Озодлик аввал хабар берганди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь куни 4437- сони билан расмийлаштирилган махфий қарори асосида бутун мамлакат бўйлаб янги махсус рўйхатлар тузилмоқда.

Бундай рўйхатларни тузиш тўғрисида Озодлик ихтиëридаги маҳфий ҳужжатга илова қилинган “Йўл харитаси”да аниқ топшириқлар берилган.

Озодликка турли шаҳар ва туманлардан келаëтган хабарлар эса бу топшириқ бажарилаётганини билвосита тасдиқламоқда.

Ўзбекистонлик блогер Аббос Асад диний қарашига қараб рўйхатга олишлар мамлакат Конституциясига зид эканини айтади:

-Одамни диний қарашига қараб ажратиш бу Конституцияга, қолаверса Диний эркинликлар ҳақидаги қонунга зид. Бу рўмол ўрар экан, буниси соқол қўйган, у жума намозига борар экан, деб рўйхатлар тузиш нотўғи. Бу билан болаларимизни ажратиб қўяяпмиз. Уларни ажратиб, қайтанга, экстрим йўлларга киритиб қўймаймизми? , - дейди Аббос Асад.

Ўзбекистон ҳукумат доираларида диний радикализм белгиси сифатида кўриладиган ҳижобда юриш жамоат жойларида, жумладан, мактаб ва олий таълим муассасаларида тақиқланган.

Икки йил аввал Ўзбекистондаги барча мактабларда ягона форма жорий қилинган эди.

XS
SM
MD
LG