Линклар

Шошилинч хабар
04 декабр 2020, Тошкент вақти: 17:04

Пандемия авжида СЭСнинг минглаб ходими ишдан бўшатилишини кутмоқда


Санитария-эпидеомиология осойишталик агентлиги ходими - июль, 2020 йил

Ўзбекистонда Cанитария-эпидемиология хизматининг 20 мингдан ортиқ ходими ишдан бўшатилиши ҳақидаги огоҳлантирув ижросини кутмоқда.

Шу йилнинг 25 июлида президент Мирзиёев 15 мингдан ортиқ ходими бўлган Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (СЭОА) ҳамда 4 ярим мингдан ортиқ ходими бўлган Санитария-эпидемиология назорати (СЭН) давлат инспекциясини тугатиш ҳақидаги фармонни имзолаганди.

(СЭС - Санитария-эпидемиология хизмати бу икки тузилма учун масъул давлат бошқарув органи ҳисобланади - таҳр.)

Бири Соғлиқни сақлаш вазирлиги, яна бири Вазирлар Маҳкамаси қошида бўлган ушбу икки ташкилот ходимларининг янги (эски) Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати таркибида иш бошлаши айтилган, бироқ бу ташкилотга 17554 та штат берилган, холос.

Озодлик суҳбатлашган соҳа мутахассислари, шу тариқа бир йилда иккинчи марта қайта ташкил этилаётган тузилманинг жами 12 мингга яқин ходими айни пандемия кучайган бир паллада ишидан айрилгани, уларнинг аксарияти хорижга ишга кетаётганини айтмоқда.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг марказий аппаратида ишлайдиган масъул шу йилнинг 18 августида ишдан бўшаши ҳақида огоҳлантирув хати олганини айтади.

“Исталган вақтда ишдан бўшашим мумкинлиги ҳақида 18 август куни огоҳлантирув хати беришган менга. 1 сентябрдан янги Санитария-эпидемиология хизмати (СЭХ) иш бошлайди, дейишганди. Мана октябрь келдиям шу масала ҳавода осилиб турибди. Минглаб ходим югуриб юрибди, қисқартиришга мен тушиб қолмай, деб. Лекин марказий аппаратда, бошқармалардаги кўпчилик ходимлар ишдан бўшаб ҳам кетди”.

Унинг айтишича, СЭОА тизимида 17 мингдан ортиқ ходим бор, СЭН давлат инспекцияси тизимида эса, 4 ярим минг атрофида.

“Янги хизматда катта штат қисқариши бўлмайди, дейишган. Лекин, президент фармонни имзолаганидан бери икки ярим ойча вақт ўтди, ҳалиям янги хизмат учун штат жадвали тасдиқланмади”, - деди СЕОА тузилмасининг исмини ошкор этмасликни сўраган масъул ходими.

СЭС ходимлари Телергам гуруҳларида тарқалган, янги тузилма иш штатига оид ҳужжат қораламаси (қоралама 8 октябрь куни Озодликка келиб тушди)
СЭС ходимлари Телергам гуруҳларида тарқалган, янги тузилма иш штатига оид ҳужжат қораламаси (қоралама 8 октябрь куни Озодликка келиб тушди)

Хоразм вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази таркибидаги бўлимлардан бирининг ходими ҳам август ойида огоҳлантирилгани, янги тузилмага ишга ўтказилишини кутаётганини айтди.

“Икки ой огоҳлантирув муддати ўтиши керак экан, қонунчилик бўйича. 15 октябргача кутасизлар, кейин ҳал бўлади дейишган, кутяпмиз. Куни кеча Баҳодир Юсупалиев расман тасдиқланди, балки энди бир ўзгариш бўлиб қолар. Мен 20 йилдан бери шу соҳадаман, санитар врачман. Бўшатишмас, деб умид қиляпман”, - деди хоразмлик мутахассис.

Шу йилнинг 25 июлида президент Ш. Мирзиёев «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги янги фармонни имзолаган.

Фармонда Санитария-эпидемиология хизмати (СЭХ) ташкил қилиниши, СЭОА ва СЕН давлат инспекцияси тугатилиши айтилган.

СЭС ходимлари Телергам гуруҳларида тарқалган, янги тузилма иш штатига оид ҳужжат қораламаси (қоралама 8 октябрь куни Озодликка келиб тушди)
СЭС ходимлари Телергам гуруҳларида тарқалган, янги тузилма иш штатига оид ҳужжат қораламаси (қоралама 8 октябрь куни Озодликка келиб тушди)

Ваҳоланки, СЭХ тизими аввал мавжуд эди ва 2019 йилнинг сентябрида президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан иккига бўлинган эди.

Хоразмлик врачга кўра, икки ташкилот ходимлари ўтган 9 ой давомида бир ишни бажариб келган.

“Масалан, давлат ташкилотлари, мактаблар ёки боғчага СЭОА дан борган ходим санитарияни текшириб кўрсатма берарди. Кейин СЭНдан одам бориб, яна текшириб жарима бериб келарди. Битта ишни қилиб келдик шу пайтгача. Бу давлат бюджети учун катта ҳаражат бўлди аслида, иккисини бирлаштиргани тўғри бўлди, чунки ажратгани аслида нотўғри бўлган”, - дейди шифокор.

СЕОА агентлигидаги масъул ходим эса, пандемия пайтида нотўғри бўлинган бу икки структура иши буткул издан чиққани, натижада соҳанинг анчагина мутахассиси ишини ташлаб кетганини айтади.

“Жуда кўп рус тилида иш юрита оладиган, 15 йилдан ортиқ тажрибаси бўлган эпидемиолог, эпидемиолог врач ёрдамчиси, врач дезинфекционист, паразитолог, энтомолог, химик, биолог, инженер, радиолог, токсиколог, бактериолог, иммунолог – шунақа мутахассисларимиз Россия, Қозоғистонга кетиб қолишди. Пандемия бошланганидан кейин бўлимлар, соҳалар, 10 дан ортиқ лаборатория иши фалаж бўлиб қолди. Чунки лаборантларнинг кўпчилиги Вирусология институти ва клиникасига ишга ўтиб кетишди, ҳамма Ковид билан овора”.

Бу ходим, Санитария хизмати 9 ой аввал иккига бўлинган кезда соҳадаги минглаб ўрта ва кичик тиббий ходимлар штати ҳам қисқартириб юборилганини эслатди.

Натижада, шу йилнинг март ойидан бошланган пандемия пайтида, СЭОА ҳудудий бўлинмаларида оддий дезинфекторлар ҳам топилмай қолди.

“Ажратилганда агентликка 17000, инспекцияга 4000 штат берилган. 7000 одам ишдан бўшатилган. Бир йил ичида иккита реформа, икки марта қисқартириш ва умумий ҳисобда-12 минг мутахассис кўчада. Ҳозир оддий дезинфектор ҳам мутахассис бўлиб қолди. Карантин пайтида 25 мингдан ортиқ соҳа бўйича билимсиз, тажрибасиз одамлар Меҳнат биржасидан жалб қилиниб, уларга миллардлаб пул тўланди. Аввал парчалаш, яна қўшиш, пандемия даврида 10 минглаб тайер кадрни кўчага олиб чиқиб қўйиш, ғирт саводсиз шахсларга соҳани беришнинг оқибатларини тушунмайдими булар?!”? дейди СЭОА марказий тузилмасидаги масъул ходим.

Эпидемиолог врачларга кўра, ҳозир COVID-19 дан бошқа юқумли касалликлар билан боғлиқ вазият "ўта аянчли".

"Қизамиқ, ОИТС, қутуриш, гепатитлар, қоқшол ва бошқа инфекциялар билан ишлаш, календар эмлаш соҳалари бутунлай издан чиққан ҳозир. Овқатдан заҳарланиш, гуруҳли касалланиш, шифохона ичи инфекцияларни гапирмасам ҳам бўлади. Марказий аппаратда эпидемиология соҳасини биладиган мутахассис кадр 2-3 нафаргина. Янги раҳбар ССВдан келди, ўзининг командаси билан. Алоқа вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, ССВда ишлаган травматолог, педиатр, бухгалтер, кассир – кадрлар ҳужжатини кўтаришса, кўришади. Энг қизиғи, хизматни барбод қилиб, яна ўз ҳолига қайтиши, ўртада тизим бутунлай издан чиқиши, кадрлар кетиши, умуман бу хаосга сабабчилар жазо олармикин? Чунки жабрини одамлар тортяпти ҳозир!”, дейди асли касби эпидемиолог бўлган СЭОА масъули.

Озодлик ўтган йили санитария соҳасининг 10 мингдан ортиқ ходими ишдан бўшатилгани, бу ташкилотга берилаётан маблағ ҳам кесилганини ёритганди.

2019 йил 1 январида бошланган қисқартириш жараёни 2020 йилнинг 1 январида якунига етган.

Соҳада ишлаган кўплаб ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, санитар врач ёрдамчиси ва лаборантлар ишсиз қолганликларидан арз қилиб, видеомурожаатлар йўллашган.

Озодлик тизимдаги аҳволни яқиндан кузатишда давом этади.

Агар сиз соҳа мутахассиси бўлсангиз ёки тизимдаги ўзгаришлар сизга таъсир кўрсатган бўлса, биз билан боғланинг.

Мессенжер ва имейл
+420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

ozodcomments@gmail.com

uzbekweb@rferl.org

skype: OzodSkype; OzodOvoz; OzodlikOnline

XS
SM
MD
LG