Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:43

Қуръони Карим маъноларини ўзбек тилига ўгирган шайх Алоуддин Мансур Тошкентда дафн этилди (ВИДЕО)


Muslim.uz
Muslim.uz


Марказий Осиёдаги таниқли ислом олимларидан, Қуръони Карим маъноларини ўзбек тилига ўгирган шайх Алоуддин Мансур 13 октябрь куни 68 ёшида вафот этди.

Алоуддин Мансур 14 октябр куни Тошкентдаги "Шайх Зайниддин" қабристонига дафн этилди.

Қуръони Карим маъноларини ўзбек тилига ўгирган шайх Алоуддин Мансур Тошкентда дафн этилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:45 0:00

Тошкентда оламдан ўтган уламонинг вафотига нима сабаб бўлгани маълум эмас.

Алоуддин Мансур 1952 йилнинг 1 майида қорасувлик диндор савдогар Холмансур Рустамбой ўғли хонадонида таваллуд топган.

Шогирдларига кўра, 7-8 ёшларидан Ислом асосларини ўрганишни бошлаган Алоуддин Мансур Марказий Осиёнинг турли шаҳарларида яшаган ва ўша даврнинг кўзга кўринган уламоларидан таҳсил олган.

Алоуддин Мансур Қуръон ва ҳадис илми билан бир қаторда тафсир, фиқҳ, тарих, фасоҳа ва балоғани, сарфу наҳвни (араб тили грамматикаси) ҳамда Ислом адабиётининг билимдони сифатида билинади.

Алоуддин Мансур номи ўзбек ўқувчилари ва кенг жамоатчилигига Қуръони Карим маъноларининг замонавий ўзбек тилидаги илк таржимаси асносида танилди.

"Шарқ юлдузи" журналининг 1991-1992 йил сонларида узлуксиз босилган таржима кейинчалик "Чўлпон" ва Ғафур Ғулом нашриётларида миллионлаб нусхада чоп этилди.

Қирғизистонлик уламо Ўзбекистондаги диний доиралар билан бирга, адабий давраларнинг ҳам фаол аъзоси бўлгани маълум.

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Алоуддин Мансур унинг ўзи бундан 7 йил аввал амалга оширган ва ҳануз чоп этилишига расмий рухсат берилмаган Қуръони Карим маъноларининг назмий таржимасига юқори баҳо берганини айтган.

Шайх Алоуддин Мансур миллий ва диний уйғониш даври сифатида эсланадиган 1990 - йилларда Муҳаммад Солиҳ, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Мурод Муҳаммад Дўст, Эмин Усмон, Эркин Аъзам, Миразиз Аъзам, Аҳмад Аъзам, Иброҳим Ҳаққул ва бошқалардан ташкил топган ижодий давранинг пешқадамларидан бири бўлгани айтилади.

Қуръони Карим маъноларининг айнан Алоуддин Мансур томонидан амалга оширилган таржимаси дунё юзини кўришида ўша йилларда фаол бўлган Ёзувчилар уюшмаси, ижодий интеллигенциянинг ҳиссаси катта бўлгани ҳам қайд этилади.

Алоуддин Мансурнинг Ғаззолийнинг "Иҳёул-улумид-дин" ва Шубровийнинг "Унвонул-баён" асаридан қилган таржималари мухлислари ва китобхонлар орасида машҳур.

1994 йилда қурилган Қорасув шаҳридаги "Имом Бухорий" жомеъ масжиди халқ тилида “Алоуддин Мансур масжиди” номи билан танилган. Мазкур жомеъдаги илм мажлисларида олим томонидан даставвал "Саҳиҳи Бухорий" ҳадислар тўплами тўла шарҳ этилган, сўнгра 15 йил мобайнида “Қуръони карим” тафсири етказилган.

Алоуддин Мансур 2000 йили Қорасувда ташкил этилган "Муқаддас Қуръонни ўрганиш илмий маркази"нинг мудири ҳам бўлган.

1998 йилда шайх Алоуддин Мансурнинг "Имоми Аъзам - буюк имомимиз" китоби дунё юзини кўрган, кейинчалик бу китоб қирғиз ва рус тилларига таржима қилинган.

1999 йилда унинг ташаббуси билан "Қуръони Карим" маънолари қирғиз тилига таржима қилиниб, чоп этилган.

Уламо "Қуръони Карим" маъноларининг туркман, қозоқ, уйғур ва рус тилидаги таржималарига ҳам бош-қош бўлган.

2000 йил майида Алоуддин Мансурга Қирғизистонда "фахрий профессор" унвони берилган.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси шайх Алоуддин Мансурнинг вафоти муносабати билан таъзия эълон қилди.

Таъзияда "Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари Қуръони карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлашдек улкан вазифани шараф билан адо этган эдилар", дейилади.

Яқинларининг Озодликка тасдиқлашича, Алоуддин Мансурнинг жанозаси 14 октябрь куни бомдод намозидан кейин Тошкентнинг Кўкча масжидида ўқилади.

XS
SM
MD
LG