Линклар

Шошилинч хабар
27 октябр 2020, Тошкент вақти: 09:50

Ёзувчи ва собиқ сиёсий маҳкум Мамадали Маҳмудов вафот этди


Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) - Index on Censorship

Таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов (адабий тахаллуси – Эврил Турон) 16 октябрь куни 79 ёшида Тошкентдаги шифохонада оламдан ўтди.

Яқинларига кўра, 14 октябрь куни юрак хуружи кечирган ёзувчи “Жуковский” номи билан билинган Республика клиник шифохонасига ётқизилганди.

Айрим хабарларга кўра, у инсульт ва зотилжамга ҳам чалинган.

Ёзувчи ва собиқ сиёсий маҳкум Мамадали Маҳмудов вафот этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:21 0:00

Ҳаммаслакларининг айтишича, таниқли адиб охирги бир ойда Дўрмондаги Ёзувчилар боғида ижод қилган ва бир вақтнинг ўзида муолажа олаётганди.

Шоира ва фаол Дилором Исҳованинг Озодликка айтишича, ёзувчининг иккита романи нашрга топширилган ва дунё юзини кўриш арафасида эди.

Мамадали Маҳмудов Ўзбекистонда сиёсий қарашлари учун энг узоқ вақт қамоқда ўтирган ёзувчи.

У 2013 йил апрелида озод этилгунига қадар 14 йил умрини қамоқда ўтказди.

Озодлик фильми: Ўлмас Ғоялар ёхуд Эврил Турон қисмати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:28 0:00

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгач, матбуотда Мамадали Маҳмудовнинг ўзи ва асарларига қўйилган тақиқ бекор қилинганига қарамасдан, унга нисбатан, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари “сиёсий важлар билан чиқарилгани”ни айтган айбловлар расман олиб ташланмади.

Мамадали Маҳмудовнинг ўзи 2018 йилда Мирзиёев ҳукумати ундан барча тақиқларни олиб ташлагани ва Тошкентнинг Юнусобод туманидан уй ажратганини айтганди.

Мамадали Маҳмудов 1940 йил 12 декабрида Жиззах вилоятининг Фориш тумани Боғдон қишлоғида туғилган.

Ўзининг таржимаи ҳолида ёзишича, отаси Маҳмуд Аҳмад ўғли Тоғ бегиси 1943 йилда урушга кетиб, бедарак кетган, шўроларга қарши қуролли курашда иштирок этган, бобоси Аҳмад Бек эса, 1936 йилда осиб ўлдирилган.

"Ўлмас қоялар"дан "Туманли кунлар"гача

Мамадали Маҳмудов совет даврида ўзбек адиблари орасида биринчилардан бўлиб “босмачилар ҳаракати” номи берилган миллий-озодлик кураши мавзусини қаламга олган эди.

У 1981 йилда "Шарқ Юлдузи" журналида чоп этилган "Ўлмас қоялар" романи учун совет КГБ си томонидан таъқиб қилинди.

Романнинг биринчи қисми чоп этилиши ортидан адиб Ёзувчилар уюшмасидаги маслаҳатчилик лавозимидан олинади.

У Москвадан келган КГБ ходими томонидан сўроқ қилинганини айтган.

Романнинг яширин йўл билан олиб чиқилган қўлёзма нусҳаси Германияда чоп этилганидан сўнг, адибга босимлар янада кучаяди.

Мамадали Маҳмудовнинг ўзи уни ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов “қамоқдан асраб қолгани” ҳақида ёзган эди.

Асар тўлалигича фақат мустақилликдан сўнг, 1991 йилда китоб ҳолида дунё юзини кўрди.

Мамадали Маҳмудов Ўзбекистон мустақиллиги арафаси ва мустақилликнинг илк йилларида бир муддат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби ва Маданият Жамғармаси раиси лавозимларида ишлайди.

Таниқли ёзувчи ва арбоб 1994 йил 3 март куни мухолифатдаги "Эрк" партияси билан алоқалари учун ҳибсга олинди ва расман “давлат мулкини ўзлаштириш” айбдор, деб топилиб, 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.

1996 йил 6 август куни авф қўлланиб, муддатидан олдин озод қилинган Мамадали Маҳмудов 1999 йил 16 февралдаги Тошкент портлашлари ортидан қайта ҳибса олинади.

Бир неча "Эрк" фаоллари билан бирга портлашларга алоқадорликда айбланган Мамадали Маҳмудов маҳкама жараёнида ўзига қўйилган айбларни рад этган ва шафқатсиз қийноқларга тутилганини айтганди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари, матбуот ва ёзувчилар ташкилотлари Каримов ҳукуматининг Мамадали Маҳмудовни қамоққа ташлаш қарорини қоралади ва уни озод этишга чақириб келди.

2018 йил ноябрида Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тиклангунига қадар адибнинг асарларига Ўзбекистонда норасмий тақиқ қўйилганди.

2019 йилда унинг қамоқда ёзган икки романи бирин-кетин “Шарқ юлдузи” ва “Жаҳон адабиёти” журналларида чоп этилди.

“Ойнур” ва “Туманли кунлар” романлари адибнинг 1992 йилдан кейин Ўзбекистонда дунё юзини кўрган илк асарлари эди.

2016 йилда Мамадали Маҳмудов Лондондаги "Цензура индекси"(Index on censorship) халқаро ташкилотининг йиллик мукофоти билан тақдирланди.

XS
SM
MD
LG