Линклар

Шошилинч хабар
14 июн 2021, Тошкент вақти: 13:16

Ўзбекистон хабарлари

“Адолат” социал-демократик партияси вакиллари ўзларига янги раис сайлашди

“Адолат” СДП Сиёсий кенгашининг янги раиси Баҳром Абдуҳалимов (adolat.uz фотоси).

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгашининг 23 октябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари бешинчи пленумида партияга янги раис сайланган. Бу ҳақда партия матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Пленумда “Адолат” партияси Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаров Олий Мажлис Сенати аъзоси ҳамда қўмита раиси этиб тайинлангани муносабати билан уни ўз аризасига мувофиқ равишда лавозимидан озод этиш масаласи кўриб чиқилган.

Шундан сўнг "Адолат" СДП раиси лавозимига Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов сайланган.

Кун янгиликлари

Мирзиёев ҳафтанинг иккинчи ярмида Андижонга боради

Шу йилнинг 17-18 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи режаланган. Бу ҳақда, маҳаллий матбуотнинг ёзишича, президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 14 июнь куни ўтказилган брифингда маълум қилган.

Мулозимга кўра, Ш. Мирзиёевнинг ҳафталик кун тартибидан 14 июнь куни соғлиқни сақлаш соҳасига оид масалалар ва таклифлар ҳамда Тошкент вилоятининг Татаристон билан ҳамкорлиги юзасидан бўйича ўтказилган тақдимотда иштирок этиш, 15 июнь куни олий таълим ва жорий йилга ОТМга қабул бўйича йиғилиш ўтказиш, яна шу куни БАА келажак ишлари бўйича вазири Ал-Гергави билан учрашиш, 16 июнь куни Татаристон президенти Рустам Минниханов билан мулоқот қилиш кабилар ҳам ўрин олган.

Ўзбекистондан Грецияга чартер рейслари йўлга қўйилади

Ўзбекистонлик расмийлар июнь ойи бошида грециялик масъуллар билан туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда икки мамлакат ўртасида чартер рейсларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишган. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, 2-4 июн кунлари хизмат сафари билан Грециянинг Афина шаҳрида бўл Туризм ва спорт вазирлиги масъуллари Греция туризм вазири Харис Теохарис ва вазир ўринбосари Софиа Зачараки билан учрашув ўтказганлар. Учрашувда туризм соҳасида ҳамкорлик ва чартер рейсларни йўлга қўйишдан ташқари таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Самарқанддаги “Ипак йўли” халқаро туризм университети билан ўзаро тажриба, мутахассислар ва адабиётлар алмашувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси вакиллари Греция Маданият ва спорт вазири ўринбосари Лефтерис Авгенакис билан икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида тузилган 2006-2009-йилларда таълим, фан ва маданият соҳаларида ҳамкорлик дастурини қайта имзолаш, мазкур соҳаларда ходимлар тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилганлар.

Афинага ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси томонидан Греция Савдо-саноат палатаси, Греция сайёҳлик ва туристик агентликлар ассоциацияси, Греция-Евроосиё Иттифоқи, Греция меҳмонхоналари кенгаши, “Aegean Airlines” авиакомпанияси, “KAD 12 Sports Tips” каби ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари юзасидан музокаралар ўтказилган.

Сирдарё ҳокимлиги ярим-яланғоч раққосаларга пул қистирган мулозимлар видеоси юзасидан изоҳ берди

Иллюстратив сурат

Сирдарё вилоят ҳокимлиги Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари ва давлат ташкилотлари раҳбарларининг ресторанда ярим-яланғоч раққосаларга пул қистираётгани акс этган видеолавҳа юзасидан ўз расмий муносабатини билдирди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати қайдича, мазкур ҳодиса ўтган йилнинг октябрь ойида “Евро Азия” ресторанида рўй берган.

Мулозимларнинг туман ҳокими ўринбосари (ўша вақтда туман ҳокими ёрдамчиси), туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, “Сувоқова” давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари бўлган.

“Мазкур шахслар ўтирган хонага ресторанда хизмат кўрсатаётган “Шоу балет” раққоса қизлари кириб келган. Раққосаларнинг кутилмаганда кириб келиши уларга маъқул келмаган. Шу сабабли раққосаларга пул берилган ва хонани тарк этиши сўралган. Натижада видеодаги ҳолат юзага келган”, дея билдирган Сирдарё вилоят ҳокимлиги.

Видео давра иштирокчиларидан бири томонидан олингани ва у ерда ўтирган мулозимлар юзида қимтиниш ифодаси кўринмаганидан ҳокимлик изоҳи у қадар ишончли кўринмайди.

Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан ресторан маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилгани, масъул ходимларга жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилган ҳолда давлат хизматчиси сифатида намуна кўрсатишлари лозимлиги эслатиб ўтилгани, ҳамда лавозимдан озод этиш каби қатъий чора қўлланилиши белгиланганини қайд этган. Бироқ хабарномада қайси мулозимга қандай жазо қўлланилгани очиқланмаган.

Мобил алоқа абонентлари сони қарийб 27 миллион нафарга етди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда мобил алоқа тизимига уланган абонентлар сони, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 26 миллион 953,5 минг нафарга етган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,8 фоизга ёки 2 миллион 636,8 минг нафарга кўпдир.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда шу кунда аҳолининг мобил алоқа билан таъминланганлиги ҳар 100 киши ҳисобига 72 бирликни ташкил этмоқда.

Айни пайтда қўмита 2021 йилнинг январь-апрель ойларида мамлакатга хориждан қиймати 45,4 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 628,9 минг дона мобил телефон олиб кирилганини маълум қилган. Бу эса 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 400 минг донага кўпдир.

Ўзбекистонга бу йил импорт қилинган мобил телефонларнинг учдан икки қисми (422,1 минг дона) Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Сергелида кузатилаётган бадбўй ҳид юзасидан 22 нафар масъулга нисбатан иш очилди

Иллюстратив сурат

Сергели туманида кузатилаётган бадбўй ҳид бўйича 22 нафар мансабдорга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий ишлар қўзғатилган. Бу ҳақда Оқова сув тозалаш иншоотлари хизмат кўрсатадиган ифлослантирувчи ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов маълум қилган.

Мулозимга кўра, тумандаги бадбўй ҳидни бартараф қилиш мақсадида “Тошкент шаҳар сув таъминот” МЧЖ тақдим қилган потенциал хавфли корхоналар рўйхати бўйича Бектемир ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларига техник сувларни ташловчи корхоналарда текширувлар президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бизнес-омбудсман рухсатига асосан ўтказилган. Текширув натижаларига кўра, мансабдорларга қарши маъмурий иш очилган.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, корхоналарда локал оқова тозалаш тизимини ишга тушириш, уларни таъмирлаш ва самарали ишлашини таъминлаш юзасидан қисқа муддатда бажарилиши лозим бўлган мажбурий кўрсатмалар берилган.

“Бектемир туманида жойлашган 9 та корхона томонидан берилган мажбурий кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли давлат экологик экспертизасининг белгиланган муддатдан олдин амал қилишини тўхтатиш ва шаҳар канализация тармоғидан узиш мақсадида Тошкент шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси киритилди. Салар оқова сув тозалаш иншоотига ишлаб чиқариш оқова сувларини ташловчи 18 та корхонадан 11 тасида текширишлар амалга оширилди.
Меъёр даражасида тозаланмаган оқова ташлаётган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди”, деган Ф. Деҳқонов.

Сергелида ёқимсиз ҳид тарқалиши масаласи юзасидан ўтган ой Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳам текширув ўтказган эди.

Коронавирусдан яна уч бемор вафот этди. Вирусга чалинганлар сони 103,5 мингдан ошди

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3386 нафар бемор даволанмоқда.

Ўзбекистонда 12 июнь куни коронавирусга чалинган беморлардан яна уч нафари вафот этди. Бу билан ўлганлар сони 708 нафарга етди.

12 июнь куни Ўзбекистонда яна 304 кишида коронавирус аниқланди. Улардан 127 нафари Тошкент шаҳрида, 59 нафари Тошкент вилоятида, 29 нафари Самарқанд вилоятида, 19 нафари Қашқадарё вилоятида, 18 нафари Сурхондарё вилоятида, 13 нафари Жиззах вилоятида, 12 нафари Фарғона вилоятида қайд этилган. Қолган вилоятларда коронавирус аниқланганлар сони 10 нафардан кам.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 12 июн ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганларнинг жами сони 103510 нафарни ташкил этмоқда. Касалликдан соғайганлар жами 99416 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3386 нафар бемор даволанмоқда.

Нукус шаҳрида икки қаватли Neo ресторанида газ портлаши оқибатида ёнғин юз берди.

Ўзбекистондаги ёнғинлардан бири.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, портлаш ресторанннинг 2-қаватидаги ошхонада 12 июнь куни эрталаб соат 6 ларда бўлган.

Воқеа жойига Қорақалпоғистон Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Нукус ФВБдан 2 та ёнғиндан қутқариш экипажи етиб келган.

Хабарларда айтилишича, портлаш оқибатида иморат зарарланган. Ҳодисада жароҳат олганлар ва вафот этганлар йўқ. Портлаш вақтида ресторан биносида фақат қоровул бўлган. Унга жароҳат етмаган.

“Айни вақтда суриштирув ишлари олиб борилиб, етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда”,-дейилади хабарда.

Ўзбекистонда Туркиядан келган фуқаролар учун карантинда бўлиш тартиби бекор қилинди

Ўзбекистонда Туркиядан келаётган фуқаролар учун карантинда бўлиш тартиби бекор қилинди.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.

Сўнгги 14 кун давомида Туркияда бўлган ва ушбу мамлакат орқали Ўзбекистонга кириб келган Ўзбекистон фуқаролари уй ёки меҳмонхонада карантинда бўлиши шарт эмас энди, дейилади хабарда.

Ўзбекистонга келиш учун авиақатновга рўйхатдан ўтишдан олдин сўнгги 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда коронавирус инфекциясига фақат ПЗР орқали текширилиб, манфий кўрсаткичга эга деб топилган маълумотномани тақдим этиш талаби сақланиб қолади.

Шунингдек, Туркияга туристик саёҳатлар учун мўлжалланган чартер авиақатновлар жорий йилнинг 5 июнидан бошлаб босқичма-босқич тикланиши кўзда тутилмоқда.

11 июнь куни Туркиядан Урганчга илк парвоз амалга оширилган эди.

Хоразм вилояти Транспорт бошқармаси ушбу йўналишдаги парвозлар ҳафтанинг ҳар жума куни амалга оширилишини хабар қилган.

Тошкент метросида яна поезд тўхтаб қолди, бу сафар "шубҳали буюм топилган"

"Ўзбекистон темир йўллари" ширкати Тошкент метрополитенининг "Космонавтлар" бекатида поезддан йўловчилар тушириб юборилгани тасвирланган видео юзасидан изоҳ берди.

Ширкатга кўра, 11 июнь куни соат 11:50 да 38-йўналишда ҳаракатланаётган поезднинг 3-вагонида шубҳали нарса қолдириб кетилган ва бу ҳақда поезд машинистига хабар берилган.

Ички ишлар вазирлиги ва Тошкент метрополитени ўртасидаги ўзаро келишилган йўриқномага кўра, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар "Космонавтлар" бекатида поезддан туширилган.

Сўнгги вақтларда Тошкент метрополитенида поездларнинг тўхтаб қолиши ва йўловчиларнинг тушириб юборилиши тез-тез юз бермоқда.

13 май куни "Амир Темур хиёбони" бекатида барча йўловчилар тушириб юборилганди.

7 май куни соат 21:10 дан 22:00 гача Тошкент метрополитени Ҳалқа йўлининг 7-бекатида электр энергияси ўчиб қолганди.

Ўзбек сенаторлари авиачипталар нархи юзасидан МҚҚҚга сўров юборди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати мамлакатда авиачипталар нархининг ҳаддан зиёд юқорилиги юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисига сенатор сўрови юборилганини маълум қилди.

Бунга авиачипталар нархлари ҳаддан зиёд қимматлиги ва фуқароларнинг эътирозлари сабаб бўлган.

Сенат қўмитаси маълумотига кўра, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан Тошкент-Москва бир томонлама йўналишда чипталар “багажсиз эконом” синфида 131 евродан 211 еврогача, “эконом” синфида 145 евродан 335 еврогача, “бизнес” синфида 642 евродан 862 еврогача этиб белгиланган.

“Тошкент-Урганч (учиш вақти 1 соат 15 минут) йўналиш бўйича “багажсиз эконом” синфидаги чипта нархи ўртача 41 евро этиб белгиланган. Ҳудди шу хизмат Россияда (Санкт-Петербург-Москва – йўналиши 1 соат 30 минут) ўртача 27 еврони ташкил этади. Бундан кўриш мумкинки, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан парвоз учун белгиланган нарх 56 фоизга қиммат. “Uzbekistan Airways” АЖнинг ушбу йўналиш бўйича “эконом” синфидаги авиачипта нархи Қозоғистондаги авиакомпаниядаги нархлардан 40 фоизга, Туркиядаги авиакомпания нархларидан эса 146 фоиз қиммат эканлиги аниқланди” – дейилади Сенат билдирувида.

“Uzbekistan Airways” АЖ нархлари хорижий авиакомпанияларнинг нархларидан ўртача 36 фоиздан 148 фоизгача юқори бўлган.

“Uzbekistan Airways” АЖ чипталар қимматлиги керосин нархларининг қиммат экани билан изоҳлаган.

"Авиачипталар нархининг 30-40 фоизи керосин билан боғлиқ. Бизда у етарлича бўлмагани учун хориждан қиммат нархларда сотиб олинади. Чет элдан келган самолётларга керосиннинг бир тоннаси бир минг икки юз доллардан сотилар эди. Бугунги кунда янги тизимга кўра “UzbekistanAirways” компанияси ўзи учун керосинни сотиб олмоқда. Чет эл авиакомпаниялари учун эса янги нарх белгиланди, 890 доллар атрофида. Бу хорижликлар учун маъқул бўлмоқда", - деган ширкатнинг ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Улуғбек Бектошев.

Ҳозирда Ўзбекистоннинг 11та халқаро аэропортларида импорт қилинган керосин сотилаётгани қайд этилмоқда.

Улуғбек Бектошевнинг фикрича, авиачипталарни арзонлаштириш учун ҳаво кодексига ўзгартириш киритиш керак. Хусусан, юки бўлмаган ва овқатланмайдиган йўловчилар учун 20 фоиз паст нарх шакллантириш мумкин.

"UzAuto Motors" Тожикистонда автомобилларни йиғишни йўлга қўймоқчи

Ўзбекистон Тожикистонда "UzAuto Motors" автомобиль заводи бўлимини очиш бўйича битимни Тожикистоннинг "Алюминсўхтмон" ва "Автосаноат Инвест" ширкатлари билан имзолаган.

Бу ҳақда "Ўзавтосаноат" матбуот хизмати хабар берди.

"Ушбу лойиҳа Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабирнинг 2021 йил 21 апрелда Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувлар доирасида амалга оширилади", дейилган "Ўзавтосаноат" сайтида.

Бу ҳақдаги келишувга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга сафар қилаётган бир пайтда эришилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун 2021 йил 5-7 май кунлари "Ўзавтосаноат" АЖ ишчи гуруҳи Тожикистонга ташриф борган, шерик "Алюминсўхтмон" компаниясининг ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганмоқда.

Дастлабки босқичда лойиҳанинг ишлаб чиқариш қуввати 10 000та автомобилни ташкил этади, келгусида 35 000 донага етказиш режалаштирилган.

Ҳукумат биноси олдида норозилик тадбири ўтказган аёллар ишини прокуратура ўз назоратига олди

Иллюстратив сурат

Самарқанд вилоят прокуратураси 7 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг Тошкентдаги биноси олдида ўзларининг жарбрланувчи деб эътироф этилмагани туфайли намойиш ўтказган Д.С., А.А. ва Г.А. ишини ўз назоратига олган.

Вилоят прокуратураси маълумотига кўра, шу йилнинг 24 майида Пастдарғом туманидаги “Пастдарғом мева-сабзавот” МЧЖ автотураргоҳи ҳудудида жойлашган фуқаро Ш.У.га тегишли бўлган енгил конструкцияли савдо дўконлари ва унга яқин масофада жойлашган полиз экинлари сотишга мўлжалланган павильонларда ёнғин рўй берган.

Воқеа жойи кўздан кечирилганида 120 квадрат метр майдондаги жами 8 та савдо дўкони, 90 квадрат метр майдондаги 5 дона енгил конструкцияли павильон ва ичидаги маҳсулотлар тўлиқ ёниб кетганлиги аниқланган.

Шу куни Пастдарғом туман прокуратураси томонидан ҳолат бўйича ЖКнинг 173-моддаси 1-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Тергов жараёнида фуқаролар Д.С., А.А., Г.А. ва бошқалар ҳолат юзасидан батафсил сўроқ қилиниб, 6 нафар фуқаро жиноят иши юзасидан жабрланувчи сифатида эътироф этилган.

“Жабрланувчилар томонидан кўрсатилган барча важлар тергов давомида ҳар томонлама ўрганиб чиқилиши таъминланади”, дейилган прокуратура хабарномасида.

Бош прокуратура икки йилда ҳокимлар томонидан 120 минг гектар ер ноқонуний бериб юборилганини аниқлади

Ўзбекистонда ўтган икки йил ичида 120 минг гектардан зиёд ер талон-тарож бўлган ёки ҳокимлар томонидан мақсадсиз бериб юборилган. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Шавкатжон Раҳимов 10 июнь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Мулозимга кўра, икки йилда прокурорлар томонидан 7500 дан ортиқ ерга оид қарорларни бекор қилиш бўйича протест киритилган.

“Маъмурий судлар томонидан ерга оид туман ҳокимларнинг 2500 дан ортиқ қарори бекор қилинган. Ерга оид қонунчилик бўйича 588 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, деган Ш. Раҳимов.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев томонидан ер муносабатлари - ерни тақсимлаш, сотиш ва ижарага бериш тартибини ўзгартиришга оид фармонни имзоланганди.

Ўзбекистонда ер муносабатлари йиллардан буён муаммоли қолаётганини урғулаган айрим экспертлар Озодлик билан суҳбатда президентнинг бу фармонини амалдаги вазиятни янада чигаллаштириши, ерни сотиб пул қилаётган амалдорлар ишини эса аксинча соддалаштириши мумкин бўлган “зиддиятли” фармон, деб баҳолаган.

Душанбедаги концерт олдидан Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевга орден тақди

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Ш. Мирзиёев ва Э. Раҳмон (president.uz фотоси)

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 10 июнь куни расмий ташриф билан Душанбега борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали “Зарринтож” ордени билан тақдирлади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур мукофот Ш. Мирзиёевга “икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги улкан хизматлари учун” берилган.

Орден тақиш бўйича тантанали маросим Душанбедаги “Кўҳи Борбад” санъат саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокидаги концерт аввалида бўлиб ўтган.

Ш. Мирзиёев маросимда қилган чиқишида ушбу мукофот катта ҳурмат ва ишонч ифодаси, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар эътирофи эканини таъкидлаган.

Сўнгра Ўзбекистон президенти икки мамлакат санъат усталарининг бу каби концертлари халқлар ўртасидаги абадий ва самимий дўстликни ифодаловчи яхши анъанага айлангани, санъат халқларни яқинлаштиришда муҳим ўрин тутишини урғулаган.

“Инсонга турли чегаралар ўрнатиш хос бўлса, санъат чегара билмайди, унинг буюк вазифаси – одамларни бирлаштириш. Меҳр-оқибатли бўлиш, тинч-тотув яшаш халқларимизнинг азалий орзуси ва самимий интилишидир. Биз ҳам, икки давлат раҳбарлари – ўртамиздаги чегаралар бизни ажратишга эмас, фақат бирлаштиришига хизмат қилиши учун бундан буён ҳам ҳаракат қиламиз”, деган Ш. Мирзиёев.

Шундан кейин Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтган.

Президент Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали таклифига биноан 10 июнь куни Душанбега йўл олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Пайшанба куни икки президент Самарқанд вилояти ва Хатлон вилоятида барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросимида қатнашишган.

Ташриф доирасида икки мамлакат расмийлари ўртасида 36 та ҳужжат имзоланган.

11 июнь куни Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмон ҳамроҳлигида Тожикистоннинг Сўғд вилоятига бориши кутилмоқда.

Тошкент билан Душанбе ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов даврида совуқлашган эди. 2016 йили Ўзбекистонда ҳокимият тепасига Мирзиёев келиши билан икки давлат ўртасидаги иқтисодий-сиёсий ва маданий алоқалар тиклана бошлаган.

МБ асосий фоиз ставкасини яна 14 фоиз даражасида қолдиришга қарор қилди

Ўзбекистон Марказий банки биноси

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви жорий йилнинг 10 июнь куни асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мазкур қарор базавий инфляция даражаси пасаювчи трендга ўтган бўлса-да, айрим товар гуруҳлари бўйича нархлар ўсиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолаётгани, Ўзбекистонда иқтисодий ва инвестицион фаолликнинг юқори суръатда тикланаётгани шароитида йил якунига қадар инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш ва иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш вазифалари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

МБ қайдича, жорий йилнинг май ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, апрель (10,7 фоиз) ойига нисбатан бироз тезлашган. Бунда озиқ-овқат товарлари гуруҳида нархлар ўсишининг апрель ойидаги 13,6 фоиздан 14,4 фоизгача тезлашиши инфляцияни оширувчи асосий омиллардан бўлган.

Регулятор 2021 йилнинг январь-май ойларида экспортдан тушумлар ҳажми (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) 3,9 миллиард долларни ташкил этиб, 2020 йил шу давридаги кўрсаткичдан (2,5 миллиард доллар) 1,5 баробарга, 2019 йилдаги кўрсаткичдан (2,8 миллиард доллар) 39 фоизга юқори бўлганига эътибор қаратган.

Айни пайтда Ўзбекистонга кириб келган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган 5 ой ичида 2,6 миллиард долларни ташкил этгани, бу 2020 йилнинг шу даврига (1,8 миллиард доллар) нисбатан 43 фоизга, 2019 йилнинг шу даврига (2 миллиард доллар) нисбатан эса 30 фоизга кўплиги билдирилган. Бу эса, МБнинг урғулашича, аҳолининг истеъмол ва инвестицион фаоллигини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб хизмат қиляпти.

Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 2020 йил сентябрь ойида асосий ставкани 1 фоизга пасайтириб, йиллик 14 фоиз даражасида белгилаган, ўтган йилнинг октябрь ва декабрь ойларида, шунингдек, 2021 йил 21 январи, 11 марти ва 22 апрелида бу кўрсаткични ўзгаришсиз қолдирганди.

МБ бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича галдаги йиғилиши 2021 йил 22 июлига белгиланган.

Ўзбекистонда 24 та туман ва шаҳар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади

Ўзбекистонда 24 та туман ва шаҳар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиб, уларда “кичик саноат зоналари” ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг 9 июнда қабул қилинган “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилди.

Адлия вазирлиги ўз расмий хабарида фармонга қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириладиган туманлар ва шаҳарлар рўйхатини келтирган.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 июлдан қурилиш материалларни ишлаб чиқараётганларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар компенсацияланади.

Бундан ташқари миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда, чет эл валютасидаги кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда, синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун компенсациялар берилади.

Зўрлашда айбланган хонанда Жасур Умиров қамоқдан озод этилди

Жасур Умиров 2 февраль куни Каттақўрғон шаҳар суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланиб 5 йилга қамалган хонада Жасур Умировнинг жазо чораси ўзгартирилди ва у қамоқдан озод этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизматига ва Жазони ўташ бош бошқармасига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Билдирилишича, Олий суд кассация инстанцияси 8 июнь куни Жасур Умировнинг жазо чорасини енгиллаштирган ва унга нисбатан чиқарилган қамоқ жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган. Бунга жабрланувчи ва унинг қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги сабаб сифатида келтирилган.

Жасур Умиров номусга тегишда айбланиб, жорий йил 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Кейинроқ, жабрланувчи Шаҳзода Мўминова ўзининг дастлабки кўрсатмаларини ўзгартирган ва суддан Умировни оқлашни сўраган эди.

Ш.Мўминовага кўра, йигит унга уйланиш ниятида эканини айтган ва ўртада кечган барча ишлар унинг хоҳиши билан бўлган.

Ўзбек ва Тожик президентлари Хатлонда касалхона, Самарқандда мактаб очилишида рамзий иштирок этди

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари рамзий тугмани босмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега расмий ташрифи доирасида кенгайтирилган таркибдаги музокаралар якунлангач, Самарқанд вилояти ва Хатлон вилоятида барпо этилган ижтимоий объектларнинг расман очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, уларнинг фаолиятига старт бердилар.

“Хатлон вилоятининг Кўбодиён туманидаги тиббиёт мажмуа Ўзбекистон томонидан қурилган. Ушбу 250 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона йилига 75 минг нафар беморга хизмат кўрсатиш имкониятига эга”, -дейилади расмий хабарда.

Мажмуада жарроҳлик, урология, кўз хасталиклари, интенсив даволаш ва реанимация, педиатрия, травматология, гинекология, ҳомиладорлик патологияси, туғруқдан кейинги тикланиш ва терапия бўлинмалари мавжуд.

Мажмуа таркибидаги поликлиника бир сменада 300 нафар ва бир йилда 219 минг нафардан зиёд беморга хизмат кўрсатишга мўлжалланган.

Тожикистон томонидан Самарқанд вилоятининг Ургут туманида умумтаълим мактаби барпо этилган. У 640 нафар ўқувчига мўлжалланган.

Мактабнинг уч қаватли биносида 26 та синф, спорт зали, фаоллар зали, ошхона, кутубхона, меҳнат дарслари ва ихтисослаштирилган машғулотлар учун синфлар мавжуд. Ўқув маскани компьютер техникаси ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган.

Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятида мактаб қуради

Боткенда Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик фестивали тез-тез ўтказилиб турилади.

Ўзбекистон Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Самарқандек қишлоғидаги интернатнинг ўрнига янги мактаб биносини қуриб беради. Бу ҳақда Боткен вилоят ҳокимлиги 9 июнь куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, қирғиз ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Абикерим Алимбаев Фарғона вилоят ҳокими Ҳайрулло Бозоров билан учрашган. Учрашувда Самарқандек қишлоғига Ўзбекистон мактаб қуриб бериши келишилган.

Ўзбекистон 2017 йил октябрида Ўш шаҳрида Алишер Навоий номидаги 18-сонли янги замонавий мактаб-гимназия биносини қуришни бошлаб, уни 2018 йил 1 сентябрда фойдаланишга топширган эди.

Мактабда 26 катта ва 22 кичик иншоот мавжуд. Оммавий тадбирлар учун 150 ўринли маданият зали бор. Шунингдек мактаб биноси 190 ўринли ошхона, 56 компьютер, 33 телевизор, 4 экранли проектор билан таъминланган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Қирғизистон ҳудудида коронавирусга қарши енгил конструкцияли иккита касалхонани ҳам қурган.

Ўзбекистонда коронавирус аниқланганлар сони бўйича Тошкентдан кейин Қашқадарё олдинга чиқди

9 июнда яна 243 кишида коронавирус аниқланди.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 9 июнь куни 102 605 кишига етди. 9 июнда яна 243 кишида коронавирус аниқланди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 108 нафари Тошкент шаҳрида, 33 нафари Тошкент вилоятида, 27 нафари Қашқадарё вилоятида аниқланди. Шу кунгача коронавируснинг янги ҳолатлари аниқланиши бўйича 3-ўринда бораётган Самарқанд 4-ўринга кўчди. Самарқандда 9 июнь куни 25 кишида коронавирус топилди.

Касалликдан соғайганлар жами 98592 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3311 нафар бемор даволанмоқда.

9 июнь куни коронавирусга чалинган 1 нафар бемор вафот этди. Бу билан касалликдан вафот этганлар сони расман 702 нафарни ташкил қилди.

ОТБ Ўзбекистонда аниқ фанларни ривожлантириш учун $100 млн ажратади

Халқ таълими вазирлиги ва Осиё тараққиёт банки ўртасида 100 миллион АҚШ долларлик лойиҳани амалга ошириш тўғрисида меморандум имзоланди.

ХТБ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур лойиҳа мактабларнинг 7–11-синфларида STEM йўналишида таълимни ривожлантиришга қаратилган.

STEM (Science, Technology, Engineering, Mathematics) табиий фанлар ва муҳандислик предметларини ягона тизимга бирлаштирувчи таълим модели бўлиб ҳисобланади.

Лойиҳа доирасида STEM фанлари бўйича ўқув дастурлари ва дарсликларнинг амалдаги стандартларини сақлаб қолиш ва такомиллаштириш, ўқитувчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, мактаблар учун зарур жиҳозларни сотиб олиш, мактаб биноларини таъмирлаш ва таълим технологияларини ривожлантириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, лойиҳа Ўзбекистондаги мактабларда ўқувчилар билимини баҳолаш тизимини такомиллаштиришни ҳам назарда тутади.

Тошкентга Россия ва Хитойдан яна вакциналар келтирилди

Ўзбекистонга Россиядан "Спутник V" вакцинаси 2-компонентидан 70 минг доза олиб келинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, вакцина Тошкентга 10 июнга ўтар кечаси келтирилган.

Шу йил 1 июнида "Спутник V" вакцинаси 1-компонентидан Ўзбекистонга 70 минг доза олиб келинганди.

Ундан аввал, аниқроғи апрель ойида "Спутник V"дан 100 минг доза келтирилган бўлиб, бундан 50 минг дозаси 1-компонент, қолган 50 минг дозаси эса 2-компонент вакцина бўлган.

Бундан ташқари, 10 июнь куни Ўзбекистонга Хитойдан 1 миллион доза ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси олиб келинган. Мазкур вакцинадан март ва апрель ойларида 1 миллион дозадан, май ойида эса 1,5 миллион доза олиб келингани ҳақида аввалроқ хабар қилган эдик.

Ўзбекистонда эмлов жараёнини ўтказиш учун олдинроқ AstraZeneca вакцинасидан ҳам 660 минг доза келтирилган. Шу тариқа Ўзбекистонда вакцина захираси 5,4 миллион дозага етган. ССВ маълумотига кўра, бу захирадан шу кунгача 2,4 миллион дозадан ортиғи эмлов жараёнида қўлланилган.

Мирзиёев Тожикистонга йўл олди, уни кутиб олиш учун Душанбеда қатор кўчалар тўсилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни расмий ташриф билан Тожикистонга жўнаб кетди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан ўтказиладиган олий даражадаги музокараларда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилиниши режаланган.

Президентлар музокаралар чоғида халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашишади.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг қўшма баёноти, Ўзбекистон-Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш, саноат ва янги технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб оладиган 30 дан зиёд ҳужжат қабул қилиниши кўзда тутилган.

Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари арафасида Душанбеда қатор кўчалар ёпилгани маълум бўлди. “Азия-Плюс” агентлигининг Душанбе шаҳар ДАИси маълумотига таянган ҳолда тарқатган хабарига кўра, 10 июнь куни эрталабки соат 9:00 дан 12:00 гача Аҳмад Дониш кўчасининг аэропортдан Айний кўчасигача бўлган участкаси ёпиб қўйилади. Рудакий шоҳкўчаси ҳам ҳаракат учун тўлалигича ёпилади. Шунингдек, Варзобга олиб борадиган М34 трассасида ҳам ҳаракат чекланади.

“Ўзбекистон овози” муҳаррири Сафар Остонов коронавирусга чалингани ортидан вафот этди

“Ўзбекистон овози" газетаси бош муҳаррири, Қонунчилик палатаси депутати Сафар Остонов 72 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Олий Мажлис қуйи палатасининг матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Kun.uz нашри ўз манбасидан олинган маълумотга таянган ҳолда С. Остонов шу йил апрель-май ойларида коронавирусга чалиниб, шифохонада даволаниб чиққани, унинг ўлимига ўша касаллик асоратлари сабаб бўлгани тахмин қилинаётганини ёзган.

С. Остонов 1948 йилнинг 13 ноябрида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида туғилган. 1972 йили у ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган.

Университетдан кейин қатор газеталарда фаолият юритган С. Остонов 1996-2002 йилларда президент девонида етакчи консультант, бош консультант вазифаларида ишлаган. 1999 йилда унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони берилган.

2002 йилдан бери С. Остонов “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарининг бош муҳаррири сифатида фаолият юритиб келган.

Журналист 2019 йилги парламент сайловида Халқ демократик партиясидан Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланганди.

Сафар Остонов сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовни мақтаган, унга мухолиф сиёсатчиларни эса кескин танқид қилган чиқишлари билан жамоатчилик эътиборини ўзига тортган эди.

Қорақалпоғистонда уч ўсмир дохил тўрт кишини тупроқ босиб қолди

Иллюстратив сурат

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида сув қувурини қазиётган тўрт кишини тупроқ босиб қолди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси маълумотига кўра, ҳодиса 9 июнь куни “Суўенли” ОФЙ ҳудудининг чўл қумлик қисмида содир бўлган.

Тупроқ ўпирилиб босиб қолиши натижасида 1990 йилда туғилган С.У., 2006 йилда туғилган С.К. ҳамда 2007 йилда туғилган С.М. воқеа жойида вафот этган, 2004 йилда туғилган Д.М. эса тупроқ остидан чиқариб олиниб, туман касалхонасига ётқизилган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани прокуратураси терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб боряпти.

Прокуратура расмийлари текширув натижаси бўйича қўшимча маълумот беришни ваъда қилганлар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG