Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2020, Тошкент вақти: 03:14

Ўзбекистон хабарлари

Хитойдан келаётган йиллик инвестиция ҳажмини $5 млрдга етказиш масаласи муҳокама қилинди

Келажак 5 йил ичида Хитойдан Ўзбекистонга олиб кирилаётган йиллик инвестициялар ҳажмини 5 миллиард долларга, Корея Республикасидан эса 1 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда куни кеча инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосарлари А.Воитов ва Л.Кудратов раҳбарлигида Хитой ва Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича белгиланган вазифалар ижросига бағишланиб ўтказилган муҳокамада айтилган.

Тадбир чоғида 2025 йилга бориб Ўзбекистондан Хитойга амалга ошириладиган йиллик экспорт ҳажми камида 3 млрд долларни, Корея Республикасига эса камида 800 млн долларни ташкил этиши кераклиги урғуланган.

Видеоконференция шаклида ўтказилган муҳокамада вазирликлар, идоралар ва тармоқ бирлашмаларининг биринчи шахслари иштирок этган.

Унда хитойлик ва кореялик ҳамкорлар билан амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш ва уларни амалга ошириш таҳлил қилинган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, муҳокама чоғида ҳозирги вақтда амалга ошириш жадвалидан ортда қолаётган бир қатор лойиҳалар кўриб чиқилган ҳамда муаммоларни бартараф этишнинг аниқ муддатлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига шахсий жавобгарлик белгиланган ҳолда мавжуд масалаларни ҳал қилиш алгоритмлари ишлаб чиқилган.

Видеоконференция якунида мутасадди раҳбарларга барча қўшма лойиҳаларни ўрганиш, уларни жадал, сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга қаратилган янгиланган “Йўл хариталари”ни тайёрлаш, шунингдек, келгуси йил учун янги истиқболли дастурлар ишлаб чиқиш бўйича қўшимча манзилли топшириқлар берилган.

Кун янгиликлари

Афғонистонлик талабаларни Ўзбекистонда ўқитиш бўйича меморандум имзоланди

Афғонистонлик толибалар

Афғонистон ҳукумати делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида 20 ноябрь куни икки давлат Олий таълим вазирликлари ўртасида афғон талабаларини Ўзбекистонга таълим олиш учун юбориш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтган. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, имзоланган ҳужжатда ҳар икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан ўқув материаллари билан алмашиш, таълим тадбирларида икки давлат мутахассисларининг ўзаро иштирокини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик қилиш ҳамда илмий журналларда мақолаларни биргаликда тайёрлаш шартлари ва тартиби белгиланган.

Айни пайтда Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида афғонистонликларни ўқитиш маркази фаолият юритмоқда. 2018-2019 ўқув йили давомида марказда 96 нафар талаба “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича таҳсил олиб, барчаси Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети бакалаври даражасига эга бўлишган.

Бугунги кунда марказда 172 нафар афғонистонлик талаба таҳсил олмоқда. Улардан 119 нафари “Ўзбек тили ва адабиёти” йўналиши бўйича, 35 нафари “Ерусти транспорт тизимлари ва уларнинг эксплуатацияси” йўналиши бўйича, 18 нафар эса “Акушерлик, гинекология ва ҳамширалик иши” йўналиши бўйича ўқияпти.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, шу йил декабрида Европа Иттифоқи молиявий кўмаги асосида Афғонистондан яна 10 нафар талабанинг қишлоқ хўжалиги йўналишида таҳсил олиш учун Ўзбекистонга келиши режаланган.

Кейинги йил баҳоридан рақамли маркировкасиз алкоголь ва тамаки маҳсулотлари Ўзбекистонга киритилмайди

2021 йил 1 мартидан рақамли маркировка қилинмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланади. Бу ҳақда Вазирлар маҳкамасининг шу йил 20 ноябридаги 737-сонли қарорида қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотларни маркировкалаш тартиби жорий этилган санадан бошлаб 12 ой ўтгандан кейин Ўзбекистон ҳудудида маркировкасиз сотиш тақиқланади.

Қарор билан 2020 йил 1 декабригача “Asl belgisi” маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими жорий қилинади.

Қайд этилишича, идентификация воситалари ёрдамида рақамли маркировка қилиниши лозим бўлган маҳсулотлар айланмаси тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашни автоматлаштириш “Asl belgisi” МАТнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

АҚШ долларининг расмий курси беш ҳафтадан бери ошиб бормоқда

Ўзбекистон Марказий банки жорий йил 24 ноябридан валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

МБ маълумотига кўра, сешанбадан АҚШ долларининг расмий курси ўтган ҳафтага нисбатан 23 сўм 93 тийинга кўтарилиб, 10 минг 414 сўм 86 тийинни ташкил этади (ўтган ҳафта доллар курси 12 сўм 5 тийинга юқорилаб, 10 минг 390 сўм 93 тийин бўлган эди). Бу АҚШ доллари расмий курсининг Ўзбекистонда кетма-кетига бешинчи марта ошишидир.

Қайд этиш лозимки, долларнинг расмий курси илк бор 10 минг 400 сўмдан қимматламоқда.

Евронинг расмий курси эса олдинги курсга нисбатан 50 сўм 18 тийинга ошиб, 12 минг 344 сўм 73 тийинга тенг бўлади (ўтган ҳафта евро курси 27 сўм 26 тийинга пасайиб, 12 минг 294 сўм 55 тийин бўлган).

Валюта қийматини белгилаш чоғида Марказий банк мазкур валюталарни ушбу қийматда сотиш ёки сотиб олиш мажбуриятини зиммасига олмаган.

Тошкентда шаҳарлараро автобус қатнови қайта тикланади

“Тошкент” автовокзалидан шаҳарлараро автобус қатнови 24 ноябрдан қайта тикланади. Бу ҳақда автовокзал матбуот хизмати ўз телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Маълум қилинишича, сешанба куни “Тошкент” автовокзалидан 17 шаҳарга автобуслар йўл олади. Чипталар нархи 24 минг сўмдан 120 минг сўмгача белгиланган.

Пойтахт Тошкент билан Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ўртасида автобус қатнови ноқулай об-ҳаво шароити туфайли 19 ноябрдан тўхтатиб қўйилганди. Аввалроқ “Ўзгидромет” бир неча кун оралиғида айрим жойларда музламалар кузатилиши, ҳатто кўчки тушиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Шикоятлар ортидан “Ўзгидромет” ходимлари ойлиги икки баравар ошириладиган бўлди

Газ ва электр таъминотида узилишлар кузатилаётган шу кунларда об-ҳаво шароитига оид ҳар қанақа маълумот ўзбекистонликлар учун муҳим бўлиб турибди.

Кейинги йил бошидан Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ходимларининг ойлик маоши икки баравар оширилади. Бу ҳақда мамлакат президентининг томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айтилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзгидромет ҳузуридаги “Метеоинфосистем” ахборот-техник бошқармаси негизида “Гидрометеорологияда ахборот технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси (Метеоинфоком) ташкил этилади.

Қарорда қайд этилишича, 2021 йил 1 январидан Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларининг лавозим маошларини ҳисоблашда Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядлари учун белгиланган тариф коэффициенти икки баравар оширилган ҳолда қўлланилади.

Ўзгидромет ва Метеоинфоком ходимларига соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун қуйидаги миқдорда ойлик устама ҳақ тўланади [белгиланган устамаларни ҳисобга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда]:

2 йилдан 5 йилгача — 0,2; 5 йилдан 10 йилгача — 0,3; 10 йилдан 15 йилгача — 0,4; 15 йилдан 20 йилгача — 0,5; 20 йилдан 25 йилгача — 0,6; 25 йилдан ортиқ — 0,7.

Ўзгидромет мутасаддилари маош камлиги туфайли малакали ходимлар ишдан бўшаб кетаётганидан шикоят қилгани ҳақида Озодлик жорий ой бошида хабар қилганди.

Хизмат мутасаддилари маълумотига кўра, бугунги кунда Ўзгидромет ходимларининг ўртача иш ҳақи 1,3 млн сўм, ҳудудий бошқармаларда 1,2 млн сўм, туман ва шаҳарлардаги кузатув бўлинмаларда 800 минг сўмни ташкил этади. Бу эса республикадаги ўртача кўрсаткичдан деярли икки баравар кам.

Мазкур шикоят ортидан президент Шавкат Мирзиёев гидрометеорология хизмати фаолиятини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказган. Мазкур йиғилишда соҳа ходимларининг ойлик маошини ошириш ва узоқ муддатли хизмат учун устама тўлаш тизимини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилган эди.

Жаҳон банки дастури доирасида Орол денгизи минтақасидаги ерни қайта тиклаш лойиҳаси эълон қилинди

Орол денгизининг бугунги ҳолати.

Жаҳон банки раҳбарлигида амалга оширилаётган Марказий Осиё сув-энергетика дастури доирасида Орол денгизи минтақасидаги ерни қайта тиклаш бўйича илғор технологиялар халқаро танлови эълон қилинди.

Расман билдирилишича, мазкур лойиҳа Жаҳон банки, Европа Иттифоқи, Швейцария ва Британия ҳукуматлари томонидан молиялаштирилади ҳамда Қозоғистон-Германия университети, Глобал ландшафт форуми ва Plug and Play томонидан амалга оширилади.

Танловда иштирок этиш учун олимлардан ва мутахассислардан аризалар қабул қилиш жараёни бошланди.

Жаҳон банкининг бу борадаги расмий билдирувида “Орол денгизи 30 йил давомида сув ресурсларидан турли экинлар, жумладан, пахта ва гуруч етиштириш учун фойдаланилгани натижасида деярли йўқ бўлиб кетгани” айтилади.

Орол денгизи қуриши оқибатида Ўзбекистонда ва Қозоғистонда чўлланиш ва ерларнинг таназзули кучайиб бормоқда.

“Марказий Осиё сув-энергетика дастури доирасида эълон қилинган танлов Орол денгизи минтақасидаги маҳаллий экотизимларга салбий таъсирни юмшатиш учун фойдаланиладиган илғор инновацион ечимларни жалб қилишга ёрдам беради. Шунингдек, танловда минтақа ерларини барқарор иқтисодий ривожлантириш учун зарур бўлган ечимларга эътибор қаратилади”,-дейилади хабарда.

Андижон вилоят ҳокимининиг аудиоси монтаж экани иддао қилинди. Уни тарқатганлар қидирилмоқда

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ижтимоий тармоқларда тарқатилган ҳақоратли сўзлар ишлатилган аудиоси монтаж эканини вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати расмий баёнотда маълум қилди.

Баёнотда таъкидланишича, мазкур аудиоёзувлар 2 йил муқаддам ёзиб олинган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган. Матбуот хизматининг иддао қилишича: “Бир гуруҳ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан аудиоёзувлар ижтимоий тармоқлардан кўчириб олиниб, ғаразли мақсадда ҳайп” қилинмоқда.

“Соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда тарқалган аудиоёзувларни ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида шу маълум бўлдики, аудиоёзувлар “алоҳида мутахассислар” ёрдамида турли хил аудиоёзувлардан кесиб олиб, монтаж қилинганлиги маълум бўлди”,- дейилади расмий баёнотда (Расмий баёнотдан иқтибос ҳеч қандай таҳрирсиз, стилистик, орфографик тузатишларсиз кўчирилди-муҳаррир).

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг иддао қилишича, бундан мақсад “Андижон вилояти ҳокимига нисбатан ахборий ҳужумлар уюштириш”, вилоятда бўлаётган ўзгаришларга нисбатан “холисона фикр билдираётган журналистлар ҳамда фуқароларнинг муносабатларини бошқа тарафга йўналтириш, вилоят ҳокими ҳамда тадбиркорлар ўртасида сунъий тўсиқларни юзага келтириш”дан иборатдир.

“Ушбу аудиоёзувларни кенг оммага тарқатиш ортида шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш учун кўзда тутилган жазо чоралари кучайтирилганлигини инобатга олган ҳолда мазкур ҳолатлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан дастлабки суриштирув ишлари амалга оширилмоқда”,-дейилади расмий баёнотда.

International Job Organization хусусий бандлик агентлиги директори иши судга оширилди

International Job Organization офиси. ИИВ Тергов департаменти фотосурати.

International Job Organization хусусий бандлик агентлиги раҳбари устидан суд бошланди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судига таянган ҳолда Kun.uz хабар берди.

Мазкур иш доирасида 2620 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган. Уларга етказилган зарар 18,5 миллиард сўмга яқин. Дастлабки тергов даврида бу зарарнинг 591 миллион сўмигина қопланган.

5 август куни ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти International Job Organization агентлиги раҳбари –1993 йилда Қирғизистонда туғилган, айни пайтда эса фуқаролиги бўлмаган Шерзод Абдураҳмонов қамоққа олингани ҳақида билдирганди.

“Агентлик раҳбари одамларни Кореяга ва Европага ишга жўнатишни ваъда қилган. Агентликнинг барча вилоятларда ўз бўлимлари бўлган. Фуқароларнинг ҳар биридан 45 миллион сўмдан олган агентлик раҳбари ўз ваъдасини бажармаган”,-деб билдирган Тергов департаменти.

2019-2020 йиллар давомида Озодлик радиоси қатор хусусий бандлик агентликлари ўзбекистонликларни алдагани тўғрисидаги мақолаларни эълон қилган. Бунинг ортидан уларнинг айримлари фаолияти тўхтатилган, айримларига нисбатан эса жиноят ишлари очилган.

Ўқувчиларни совуқда юпун кийимда байроқ хилпиратишга олиб чиққанлар ишдан олинди

Бу воқеа Андижондаги 43-мактабда юз бергани билдирилмоқда. Блогер Нозим Сафарининг телеграм каналидан олинган сурат.

Андижон шаҳрида совуқда ўқувчиларни юпун кийимда байроқ хилпиратишга олиб чиққан 43-умумтаълим мактабининг директори ва директор ўринбосари ишдан олинди. Бу ҳақда Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси 23 ноябрь куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича мазкур ҳолат юзасидан ташкил этилган ишчи гуруҳи мазкур ҳолат 19 ноябрь куни “Янги Ўзбекистон - Янгича дунёқараш” шиори остида ўтказилган тадбир пайтида кузатилганини аниқлаган.

Ишчи гуруҳ болалар суратга олиш вақтида 2-3 дақиқагина ташқарида бўлишганини, сўнг устозлари томонидан танаффус вақти тугамасдан синф хоналарига кирганларини билдирган.

Расмий баёнотда айтилишича, она-оналар мактаб ва ўқитувчиларга бу масалада ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини айтишган.

Шунга қарамай 43-умумтаълим мактабининг директори ва директор ўринбосари ишдан олинган.

22 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Aндижон шаҳридаги 43-мактаб ўқувчилари юпун кийинган ҳолда байроқ кўтариб маҳаллий амалдорларни кутиб олаётгани акс этган фотосурат тарқалган эди. Фотосуратда иссиқ кийимдаги бир эркак ва бир аёлни кўриш мумкин.

"Кўча жуда совуқ. Энди тасаввур қилинг шу изғиринда курткасиз, ёш болага қанчалик совуқ. Шу тарғиботингизни иссиқроқ кунларга қолдирсангиз бўларди. Одамни қадри бўлмаса ҳам болаларни қадрлайлик", — деб ёзди блогер Нозим Сафари.

“Газета.uz”нинг ёзишича, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати вазир Шерзод Шерматов илгари барча мактаб директорлари ва ҳудудий халқ таълими бўлимлари раҳбарларини бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида қатъий огоҳлантирганини билдирган.

Аммо вазирлик огоҳлантирилганига қарамай, бундай ҳолатга йўл қўйган расмийларга нисбатан қандай чора кўрилиши ҳақида билдирмади.

Электр таъминотидаги узилишлар ортидан фермерлар ўн минглаб доллар зарар кўрмоқда

Энергетика вазирлиги электр қувватига талабнинг ошгани таъминотдаги узилишларнинг асосий сабаби эканини билдирган.

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида электр таъминотида уч кун узилиш бўлгани ортидан тадбиркорнинг 6000 товуғи ўлди. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эса фермер бир кунда 35 минг доллар зарар кўрди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда блогерлар маълум қилди.

Яккабоғлик блогер Камил Фахрутдиновниниг билдиришича, туманда 18 ноябрдан 20 ноябргача чироқ бўлмаган. Бунинг оқибатида тадбиркор Абдунаби Ғиёсовнинг 5200та товуғи ўлиб қолган.

Тадбиркор “Дарё” нашрига 22 ноябрга келиб, ўлган товуқлари сони 6 мингтага етганини айтди.

Блогер Ҳусан Комилжонов тадбиркор вазирликка мурожаат қилганидан сўнг унга электр токи берилганини ва туманда электр энергияга киритилган чеклов камайганини билдирган.

«Troll.uz» Telegram-каналининг хабар беришича, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида чироқ ўчиши ортидан иссиқхоналардан биридаги сабзавотлар нобуд бўлди. Фермер кўрган зарарнинг тахминий миқдори 35 минг долларни ташкил қилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги туғруқхонада ҳам электр таъминотида узилишлар бўлгани ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан танқид қилинган.

Энергетика вазирлиги ҳавонинг совиб кетиши натижасида электр қувватига талабнинг ошганини ва айни мана шу ҳолат энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби эканини билдирган.

Аҳолидан "истеъмол саватчаси"ни шакллантириш бўйича сўровда қатнашиш сўралди

Сабзавотлар растаси, Тошкентдаги бозорлардан бири.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси "истеъмол саватчаси" кўламини аниқлаш учун сўров эълон қилди.

Сўровда иштирокчилардан нон, гўшт, сабзавот, мева ва бошқа маҳсулотларни бир кун, уч кун ёки бир ҳафта ичида қанчадан истеъмол қилиши сўралган.

Бундан ташқари, бошқа зарур истеъмол моллари бўйича эҳтиёжни аниқлаш учун саволлар берилган.

19 ноябрь куни эълон қилинган сўровдан йиғилган маълумотлар миллий «истеъмол саватчаси» лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олиниши айтилган.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Ўзбекистонда "истеъмол саватчаси" ҳажмини аниқлаш бўйича методология ишлаб чиқилганини 2019 йилнинг декабрида маълум қилган эди.

Ўшанда саватчага тахминан 50 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти киритилиши айтилган, хизмат турлари келтирилмаган эди. Қиёс учун АҚШда 300, Буюк Британияда 350, Германияда эса 470 турдаги маҳсулот ва хизмат киритилган.

"Истеъмол саватчаси" - муайян вақт давомида (ой, йил) бир инсон ёки оила истеъмол қиладиган зарурий маҳсулотлар, товарлар ва хизматлар жамланмасининг энг кам миқдорини белгилайди.

Вазирлик: бандлик агентлигига четга жўнатган мижозларидан хизмат ҳақи олиш тақиқланди

Хусусий бандлик агентлигидан ҳаққини талаб қилаётган ўзбекистонликлар, 17 сентябрь, 2020

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, хусусий бандлик агентликларига хорижга ишга жўнатаётган мижозларидан хизмат ҳақи олишни тақиқлади.

Ташқи миграция масалаларига бағишланган Сенат махсус қўмитаси йиғилишида вазирнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов эндиликда хусусий бандлик агентликлари ишлайдиган янги тартиб ҳақида маълумот берди.

Йиғилишда вазир ўринбосари "Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини маълум қилди.

Ўзгаришларга биноан, хусусий бандлик агентликлари томонидан хорижга ишга жўнатаётган шахслардан бевосита хизмат ҳақи ундирилмайди, аксинча, агентликларга бу ҳақни хориждаги иш берувчи тўлаб бериши лозим бўлади.

"Масалан, хусусий бандлик агентликлари фуқаролардан хорижда ишга жойлаштиргани учун пул олиш тақиқланди. Улар фақат консултация хизматини кўрсатгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварида (тахминан 223 минг сўм – таҳр.) ҳақ олиши мумкин", деб изоҳ берди мулозим Kun.uz нашрига.

Расмийга кўра, хорижга ишга жойлаш бўйича тегишли лицензияни қўлга киритиш учун агентликлар 185 минг АҚШ доллари миқдорида захира пулини кўрсатиши лозим. Муқаддам бу сумма 50 минг АҚШ долларини ташкил қилган.

Бундан ташқари, ҳар бир ўзбекистонлик билан агентлик тузган шартнома вазирликнинг ахборот тизимида ҳисобга қўйилиши айтилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сўнгги 18 ой ичида лицензияси бекор қилинган хусусий бандлик агентликлари сони 50 тага етгани тўғрисида хабар берган.

Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил 15 октябрда рухсат берилган эди.

Ўшандан бери ўзбекистонликларни хорижда ишга жойлаштириш ваъдасини бериб, улардан йиғилган миллиард сўмлаб маблағларни ўзлаштириб юборгани ортидан қатор агентликларга нисбатан жиноят ишлари очилган, уларнинг раҳбарлари турли муддатларга қамалган.

Электр таъминоти бўйича Ўзбекистон-Афғонистон келишуви тафсилотлари маълум бўлди

Ўзбекистон Афғонистонга 10 йил давомида электр энергияси етказиб бериш бўйича эришилган битим доирасида Сурхон-Пол-Хомри электр узатиш линиясини қуриш ишлари бошланган.

Бу ҳақда афғон расмийлари Тренд нашрига маълум қилган.

Афғон расмийларига кўра, дастлабки икки йил давомида Ўзбекистондан Афғонистонга 4, 25 миллиард кВт / соат электр энергиясини етказиб бериш ва кейинги 8 йил давомида 6 миллиард кВт / соат электр энергиясини етказиб бериш режалаштирилган.

Сурхон-Пол-Хомри электр узатиш линияси 260 километрни ташкил этади, унинг 45 километри Ўзбекистон ҳудудидан, 215 километри Афғонистон ҳудудидан ўтади.

Электр тармоқларини қуриш тўғрисидаги битим 2017 йил декабр ойида Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган эди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 150 миллион долларни ташкил этади, шундан 118 миллион доллари Афғонистон томонидан, 32 миллион доллари эса Ўзбекистон томонидан йўналтирилади.

Ўзбекистондаги инқироз

Афғонистон билан электр энергияси етказиб бериш бўйича эришилган битим тафсилотлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетган ва мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишлар кўпайган пайтда окшор қилинмоқда.

20 ноябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги таъминотдаги узилишларга совуқ об-ҳаво туфайли электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши сабаб бўлганини айтган.

Вазирликка кўра, қисқа муддатли узилишлар тизимдаги катта аварияларнинг олдини олишга имкон беради.

Вазирлик, шунингдек, "электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолаётганлиги"ни айтган.

Ўзбекистон расмийлари ўтган йилларда ҳам шу каби изоҳларни беришган, аммо ҳукумат доиралари ва парламентда энергетика инқирозининг асл сабаблари ҳамда уларни ҳал қилиш юзасидан муҳокамалар йўқ.

Аҳолини газ ва электр билан таъминлаш масаласи Олий Мажлис палаталарининг 20 ноябрь куни ўтган қўшма мажлисида ҳам муҳокама қилинган, аммо Сенат бу масалада Энергетика вазирлиги ва бошқа масъул идораларга сўров йўллаш ҳақидаги қарор билан чекланган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Комилов Вашингтонда музокаралар ўтказди

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео шу йил феврал ойида Тошкентга борганида ўзбекистонлик ҳамкасби Комилов билан учрашган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 20 ноябр куни Вашингтонда АҚШ-Ўзбекистон сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги раундида қатнашган.

АҚШ делегациясига Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон бошчилик қилган.

Мулоқот якуни бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда айтилишича, томонлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида стратегик шерикликни ривожлантириш зарурлигини қайд этганлар.

Қўшма Штатлар ўз навбатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлигини таъминлаш, мажбурий меҳнатга қарши кураш, матбуот эркинлиги, таълим ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирган.

"Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоясини яхшилаш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, Ўзбекистоннинг 2021−2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини мамнуният билан қабул қилади", дейилган Вашингтондаги учрашув бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда.

2019 йилда АҚШнинг Ўзбекистонга ёрдам дастури деярли 100 миллион долларга ўсди, бу 2016 йилга нисбатан 10 баравар кўпдир.

Қўшма Штатлар ёшларнинг етакчилик қобилиятини кучайтириш, инглиз тили ўқитишни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги, АҚШнинг "Тинчлик корпуси" кўнгиллиларининг Ўзбекистонга кириши учун йўл очилиши зарурлигини ҳам билдирган.

Қўшма баёнотда, шунингдек, Америка Қўшма Штатлари сиёсий, иқтисодий, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, маданий ва бошқа соҳаларда алоқаларни қўллаб-қувватлаши, Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклаши ҳам таъкидланган.

Вашингтондаги мулоқот чоғида томонлар халқаро терроризм, экстремизм, одам савдоси ва трансмиллий жиноятчилик жиддий таҳдид эканини таъкидлаб, минтақавий хавфсизликни таъминлаш учун яқин ҳамкорлик муҳимлигини қайд этишган.

Қўшма Штатлар бу йил трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши ташаббусларни дастаклаш учун 9 миллион доллардан ортиқ молиявий ёрдам кўрсатмоқчи эканлигини маълум қилган.

Фарғонада "электр узилишига йўл қўйган" мансабдорларга иш қўзғатилди

Фарғона вилоят прокуратураси 3 соатдан 28 соатгача электр узилишлари кузатилаётган ҳудудларда электр тармоқлари мансабдорларига нисбатан маъмурий иш қўзғатганини маълум қилди.

Прокуратура билдирувига кўра, сўнгги уч кун давомида Қува туманида 3 соатдан 28 соатгача, Қўштепада кунига 3−7 соатгача, Фурқатда 9 соатгача, Марғилон шаҳар, Бешариқ, Тошлоқ, Ўзбекистон, Олтиариқ ва Ёзёвонда 4 соатгача, Бағдод 3 соатгача, Риштон, Бувайда ва Данғарада 5 соатгача, Учкўприкда 2 соатгача узилишлар кузатилган.

"Ушбу ҳолатлар юзасидан вилоят, туман ва шаҳар электр тармоқлари корхоналари мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 198-моддаси 1-қисмида (ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик) ифодаланган ҳуқуқбузарлик аломатлари билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди", - дейилади Фарғона прокуратураси билдирувида.

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати пасайиши билан электр таъминотида узилишлар ҳар йили рўй беради.

Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби ҳавонинг совиб кетиши натижасида электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши эканлигини маълум қилган.

Россия Миграция агентлиги расмийлари Тошкентда ўз марказини очиш масаласини муҳокама қилган

Тошкентда очилажак марказ Россияда ишламоқчи бўлган фуқароларга патент олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашади.

Россиянинг "Кўп функцияли миграция маркази" раҳбари Сергей Балдин Тошкентда ўзбек расмийлари билан Ўзбекистонда ваколатхона очиш масалаларини муҳокама қилган.

Бу ҳақда Россия Ташқи миграция агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Тошкентда ташриф доирасида Сергей Балдин, унинг ўринбосарлари Олег Нуждин ва Ирина Ермилова, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги масъул ходимлари билан биргаликда Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономаркази фаолияти билан танишган.

Россия вакиллари Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти билан ҳам учрашиб, Агентлик биносида "Миграция маркази" давлат бюджет ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш ва қуйидаги фаолият билан шуғулланиши бўйича музокаралар ўтказган.

Ушбу марказ Россияда ишламоқчи бўлган фуқароларга патент олиш учун ҳужжатларни расмийлаштиришда кўмаклашади.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва иш берувчилар ўртасида ҳамкорликни ўрнатишда оператор вазифасини бажаради.

Ҳозирги кунда Россияда ишлаётган ўзбек муҳожир ишчилар сони бир неча миллионни ташкил этиши айтилади.

Наманганда шифокорлар уйма-уй юришга мажбурланаётганига расмий изоҳ берилди 

Наманган вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Чуст туманида шифокорлар бемор қабул қилиш ўрнига уйма-уй юришга мажбурланаётганига изоҳ берди.

Бошқарма президент фармон ва кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида оилавий шифокор тиббиёт бригадалари ўзларига бириктирилган ҳудудларда иш олиб бораётганини маълум қилган.

"Оилалар ва фуқаролар кесимида “Тиббий харита” шакллантириш, туман тиббиёт бирлашмаси билан биргаликда аҳолини хатловдан ўтказиш жараёни кетяпти. Бу вазифага барча патронаж ҳамширалари ҳам жалб қилинган", - Соғлиқни сақлаш бошқармаси баёнотида.

19 ноябр куни Озодлик сўнгги икки ҳафтадан буён поликлиника врачлари уйма-уй юришга мажбурланаётгани ҳақда хабар берганди.

Врачлардан бири, жумладан, бундай деган:

“Врачларнинг ишга келмасдан уйма-уй юриши аҳолида норозилик уйғотмоқда. Врач қабулига келган беморлар норози. Участка врачи ишга кунора келади. Ишга келмаган куни врач уйма-уй, хонадонма- хонадон касал бўлмаса ҳам киради. Бунақа бўлмағур сиёсатдан поликлиника врачлари обрўси қоладими?! Бу тизимда онгсизликнинг чегараси борми?!” .

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябрда ўтказган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш тизимига оид бошқа масалар қатори қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилинган эди.

Содиқ Сафоев Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши масаласи ҳамон очиқ қолаётганини қайд этди

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев

Ўзбекистоннинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига (ЕОИИ) кириши унинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишидан кўра кўпроқ баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда, шунинг учун ҳам бу масала очиқ қоляпти. Бу ҳақда, Газета.uz нашри хабарига кўра, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 17 ноябрь куни Вашингтондаги Атлантика кенгашида қилган чиқишида билдирган.

ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун устувор мақсад бўлиб ҳисобланади ва биз мазкур ташкилотга қўшилишга ҳозирлик кўришдаги улкан ёрдами учун АҚШдан миннатдормиз. Ўтган ҳафтада Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов ва АҚШ савдо вазири Уилбур Росс (видеоконференция шаклида) жуда муваффақиятли музокара ўтказдилар. Биз яна бир бор АҚШ Ўзбекистонни дастаклаётганига ишонч ҳосил қилдик”, деган Содиқ Сафоев.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари мамлакатдаги қатор экспертлар ЖСТга аъзо бўлинса, Ўзбекистондаги корхоналар глобал рақобатга дош бера олмай қолиши мумкинлигидан хавотирда эканини эътироф этган.

Айни пайтда у аҳоли орасида кўпчилик, ҳукумат ва парламент ЖСТга қўшилиш бўйича консенсусга келганини қўшимча қилган.

ЕОИИ хусусида гапирар экан, Содиқ Сафоев бу борада жамоатчилик ичида кўплаб ихтилофли фикрлар мавжудлигини қайд этган.

ЕОИИга қўшилиш-қўшилмаслик борасида қарашлар турлича, бироқ Евросиё Иқтисодий Иттифоқига муҳтамал аъзоликни кўриб чиқишга ундаган уч асосий омил бор. Биринчидан, республиканинг миллионлаган фуқароси ЕОИИ мамлакатларида ишлайди. Бу биз учун, фуқароларимиз учун, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва пул топишда яхши имкониятлар яратиш учун жуда муҳим. Иккинчидан, география. Асосий бозорларимиз учун бизга янги транспорт йўналишлари зарур. Бу ташкилотга қўшилсак, имтиёзлар тизимига ҳам эга бўламиз, бу эса экспорт ва импорт учун транспорт харажатларини озайтиради. Учинчидан, Ўзбекистон ўз молларини экспорт қиладиган жойлар ЕОИИга аъзо мамлакатлар бўлиб ҳисобланади”, деган Содиқ Сафоев.

Сенаторга кўра, Тошкент ЕОИИга қўшилиш билан боғлиқ ҳолатларни баҳолаш учун ҳадаф гуруҳини шакллантирган ҳамда ҳозирда мазкур ташкилотга қўшилиш Ўзбекистоннинг ташқи савдо сиёсатидаги мустақиллигига путур етказиш-етказмаслиги масаласи ўрганилмоқда.

Шулардан хулоса қилган ҳолда, ЕОИИга аъзо бўлиш-бўлмаслик масаласини ҳукумат ва парламент ҳал қилишини қайд этган Сафоев бунинг “ҳамон очиқ қолаётган масала” эканини урғулаган.

Шу йил май ойида сенаторлар Ўзбекистоннинг ЕОИИга “кузатувчи давлат” сифатида киришини маъқуллаган эдилар. Маълумотларга кўра, 100 сенатордан 91 нафари қатнашган овоз беришда 71 сенатор Ўзбекистоннинг ЕОИИга “кузатувчи давлат” сифатида киришини ёқлаган, 16 нафари қарши чиққан, тўрт нафари эса бетараф қолган.

Аввалроқ Озодлик 15-22 ноябрь кунлари ўзбекистонлик расмийлар (улар орасида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам бор) АҚШда бўлиб, америкалик масъуллар билан музокаралар ўтказиши ҳақида хабар қилгандик.

АҚШ сафари: А.Комилов З. Халилзод билан Афғонистондаги тинчлик музокараларини муҳокама қилди

АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ сафарида унга ҳамроҳлик қилаётган ўзбек расмийлари 19 ноябрь куни Вашингтонда Қўшма Штатларнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод билан учрашган. Бу ҳақда америкалик дипломат Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан Вашингтонда кўришишдан жуда мамнун бўлдим. Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ҳамда элчи Жавлон Ваҳобов билан биргаликда биз Афғонистон бўйича тинчлик музокараларининг ҳозирги ҳолати ҳамда зўравонлик кўламининг зудлик билан камайтириш муҳимлигини муҳокама қилдик”, деб ёзган Халилзод.

Америкалик дипломатга кўра, томонлар Афғонистондаги тинчлик жараёнига кўмаклашишда минтақанинг роли ҳақида ҳам сўзлашишган.

Биз минтақавий инвестиция жамғармаси тузилиши ҳамда алоқаларни йўлга қўйиш, савдо-сотиқ ва тараққиёт соҳаларидаги ташаббусларни муҳокама қилиш учун Қўшма Штатлар, Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон вакиллари иштирокида юқори даражада учрашув ўтказилиши ҳақида тез орада эълон қилинишини сабрсизлик билан кутяпмиз”, дея хулоса қилган Залмай Халилзод.

Шу йил 29 февралида Қатар пойтахти Доҳада АҚШ расмийлари ва “Толибон” ҳаракати вакиллари ўртасидан тинчлик битими имзоланган. Ҳужжатга мувофиқ, Қўшма Штатлар ва иттифоқчилари 14 ой ичида Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак. Ўз навбатида Толибон, келишувга тўлиқ амал қилган ҳолда, Афғонистонда экстремизм уруғи сочилишига йўл қўймасликни зиммасига олган.

Қўшма Штатлар 2001 йил 11 сентябрида АҚШга қарши содир этилган террор ҳужумлари ортидан Афғонистонга қўшин киритган эди.

Тўрақўрғон ИЭСда рўй берган авария ортидан наманганликлар электрсиз қолди

Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган иссиқлик электр станцияси фавқулодда ўчиши натижасида Ўзбекистон Республикаси энерготизимида 750 мВт қувват йўқотилган.

Бунинг натижасида, “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти матбуот хизмати маълумотига кўра, вилоятнинг кўплаб ҳудудида электр энергиясида узилиш содир бўлган.

Наманган ҲЭТК оператив диспетчерлик хизмати бошлиғи Муҳаммадали Ирисқуловга кўра, авария 20 ноябрь куни маҳаллий вақт билан 15:45 да юз берган. Мулозим ИЭСдаги икки агрегат тўхтатгани ортидан Наманган вилоятининг 27 та 110 кВтли тармоғи фавқулодда ўчиб қолганини қайд этган.

Шундан сўнг Россия билан Ўзбекистон энерготизимини боғловчи 500 кВтли 530-линия ҳам 1500-1700 мВт қувват билан ишлаб турган вақтда зўриқиш натижасида энергия тизимидан узилди. Фавқулодда ўчиш сабаблари мутахассислар томонидан ўрганилмоқда. Ҳозирда Наманган вилоятида тахминан 200-250 мВт атрофида қувват йўқотилган”, деган мулозим авария бартараф этилиши билан аҳоли яна тўла электр билан таъминланишини қўшимча қилган.

Айни пайтда М. Ирисқулов авария ортидан Наманганда қанча хонадон ва ташкилот электрсиз қолгани ҳамда авария оқибатларини бартараф қилиш учун қанча вақт керак бўлишига аниқлик киритмади.

Ҳодиса ҳаво ҳарорати кескин пасайган ва мамлакат бўйлаб, жумладан, Наманган вилоятида электр таъминотида узилишлар кўпайган бир пайтда юз бермоқда.

19 ноябрь куни Озодлик бир кун аввал Чортоқ шаҳрида 25 яшар ногирон йигит ис газидан вафот этгани ҳақида хабар қилган эди. Яқинлари фожиага электрдаги уўилишлар сабаб бўлганини айтишган.

20 ноябрь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги таъминотдаги узилишларга совуқ об-ҳаво туфайли электр энергияси истеъмолининг кескин ортиши сабаб бўлганини айтган.

Вазирликка кўра, қисқа муддатли узилишлар тизимдаги катта аварияларнинг олдини олишга имкон беради.

Вазирлик, шунингдек, "электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши кузатилган пайтда ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги энергия балансини таъминлаш жуда қийин вазифа бўлиб қолаётганлиги"ни айтган.

Ўзбекистон расмийлари ўтган йилларда ҳам шу каби изоҳларни беришган, аммо ҳукумат доиралари ва парламентда энергетика инқирозининг асл сабаблари ва уларни ҳал қилиш юзасидан муҳокамалар йўқ.

Аҳолини газ ва электр билан таъминлаш масаласи Олий Мажлис палаталарининг 20 ноябрь куни очилган қўшма мажлисида ҳам муҳокама қилинган, аммо Сенат бу масалада Энергетика вазирлиги ва бошқа масъул идораларга сўров йўллаш ҳақидаги қарор билан чекланган.

“Ўзсувтаъминот” йил бошидан бери Тошкентда канализацияга 292 тонна чиқинди оқизилганини очиқлади

Иллюстратив сурат

Жорий йил бошидан буён Тошкент шаҳрида оқова сувдан махсус мосламалар орқали ушлаб қолинган маиший (аҳоли томонидан канализацияга ташлаб юборилаётган озиқ-овқат қолдиқлари, елим идишлар, кийим-кечаклар, болалар тагликлари ва ҳ.) ва саноат чиқиндилари (ишлаб чиқариш корхоналари томонидан канализацияга ташланаётган тўқимачилик қолдиқлари, кушхона чиқиндилари кабилар) ҳажми 292 тоннага етган. Бу ҳақда "Ўзсувтаъминот" акциядорлик жамияти ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Ташкилот қайдича, 2019 йилда бу кўрсаткич 164 тоннани ташкил қилган. Бундан келиб чиқадики, канализацияга ташланаётган маиший ва саноат чиқиндиларининг ҳажми ўтган йилдагига қараганда қарийб икки баробар ошган.

“Канализация тизимидаги бузилишларнинг аксарияти (…) унитаз ёки канализация қудуғига маиший ва саноат чиқиндилари ташланиши оқибатида содир бўлади. Коллекторлар ичи тиқилиб, оқова сув тизимида авариялар юзага келади. Бу ҳудудларнинг эпидемиологик ҳолати ёмонлашиши, атроф-муҳит ифлосланишига олиб келади. Демак, канализация тизимининг барқарор ишлашида истеъмолчининг ҳиссаси катта, у канализациядан фойдаланиш қоидаларини билиши ва унга риоя этиши лозим”, дейилади “Ўзсувтаъминот” хабарномасида.

Ташкилот бугунги кунда ўз ходимлари томонидан айни йўналишда тарғибот ишлари бошлаб юборилгани, канализациядан тўғри фойдаланиш бўйича қўлланмалар тарқатилаётгани ҳақида билдирган ҳамда истеъмолчиларга канализация қудуғи ёки унитазга қувур йўлини тўсиши ва емириши мумкин бўлган ашёларни ташлаш тақиқланишини эслатган.

Сенат раиси масъулларни ҳар ой камида бир марта матбуот анжумани ўтказиб туришга чақирди

Сенат раиси Танзила Норбоева

Ҳар бир тармоқ, ҳар бир маҳаллий ҳокимият ҳар ойда камида бир марта матбуот анжумани ўтказиб туриши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева 20 ноябрь куни ўтказилаётган Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида билдирди.

Унга кўра, мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар, ижобий натижалар, шу билан биргаликда, газ-электр таъминоти каби муаммоли масалалар тўғрисида ҳам тегишли тармоқ раҳбарлари (вазирлар, ҳокимлар) бир ойда бир марта оммавий ахборот воситалари орқали халқ олдига чиқиб, матбуот анжумани ва брифингларни ўтказиб туриши мажбурий бўлиши керак.

“Шундагина биз асоссиз, ноўрин, нохолис танқидлар, ёлғон хабарлардан қутуламиз. Биз ахборотларни ўзимиз берадиган бўлсак, одамлар ўткинчи гапларга ишонмай қўяди, бизга (яъни давлат идоралари раҳбарлари ва масъулларга) ишонади шунда. Сиз чиқмаганингиздан кейин, кабинетда бекиниб ўтириб олганингиздан кейин – журналистлардан қўрқсангиз, “блогерлар ёзаверади” десангиз, унда албатта улар у ер-бу ердан эшитган гапларини ўзлари тушунган ҳолда интернетга чиқарворишяпти. Шунинг учун одамларимизда норозилик кўпайиб кетяпти”, деди жумладан Т. Норбоева.

Очиқ мулоқот бугунги кунда жуда долзарб эканини таъкидлаган Сенат раиси жойларидаги мутасаддилар бу масалани жиддий ўрганиб чиқиши лозимлигини қайд этди.

Клара Жалилова вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Клара Жалилова 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ахборот хизмати 20 ноябрь куни хабар берди.

1937 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган Клара Жалилова санъатдаги фаолиятини қўшиқчиликдан бошлаган.

1958 йилда суратга олинган “Мафтунингман” фильмидаги Юлдузхон образи актрисага катта машҳурлик келтирди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:48 0:00
Бевосита линк

Клара Жалилова “Келинлар қўзғолони”, “Чинор тагидаги дуэл”, “Темир хотин”, “Темир эркак”, “Ниқоб” каби фильмларда ўзга хос ролларни ижро этган.

Клара Жалилова “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. Ўзбекистон радиосининг "Олтин фонди"да Клара Жалилованинг турли тилларда ижро этган 130та қўшиғи сақланади.

Клара Жалилованинг ҳаёт йўли ва ижоди тўғрисидаги 2009 йилда Озодлик радиосида эфирга узатилган дастурдан санъаткор ҳаëт ва ижодига оид батафсил маълумотлар ўрин олган.

Ўзбекистон илк бор халқаро молия бозорига сўмда суверен облигацияларни жойлаштирди

Миллий валютадаги суверен облигациялар ҳажми 2 триллионн сўмни ташкил қилади. Молия вазирлиги фотосурати.

Ўзбекистон тарихда илк бор халқаро молия бозорларида миллий валютада суверен облигацияларни жойлаштирди. Молия вазири Тимур Ишметовнинг 20 ноябрда билдиришича, 2 триллион сўм ҳажмидаги суверен облигациялар Лондон фонд биржасида жойлаштирилди.

Молия вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, инвесторлар таклифларига биноан 750 млн АҚШ доллари миқдоридаги суверен халқаро облигацияларни 2 траншда — 10 йиллик муддат билан АҚШ долларида ва 3 йиллик муддат билан ўзбек сўмида — чиқариш ва Лондон фонд биржасида жойлаштириш бўйича бошланғич фоиз ставкалар, мос равишда, 4.25% атрофида ва 15.25% атрофида белгиланди.

“Халқаро облигацияларнинг миллий валютада чиқарилиши валюта хатарларини камайтиришга хизмат қилиш билан бирга келажакда ички молия бозорига, жумладан давлат ғазначилик облигациялари бозорига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун замин яратади”,-дейилади хабарда.
.

Ўзбекистон биринчи марта Бутунжаҳон бола кунини нишонламоқда. Шаҳарлар кўк тусга кирди

БМТ 1954 йилги резолюциясида барча мамлакатларга 20 ноябрни Бутунжаҳон бола куни сифатида нишонлашни тавсия этган.

Ўзбекистон шаҳарларидаги тарихий ва замонавий бинолар 20 ноябрь – Бутунжаҳон бола куни муносабати билан кўк рангда ёритилади. Бундан мақсад – жамоатчилик эътиборини бола ҳуқуқлари масаласига қаратишдир. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Билдирилишича, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги замонавий ва тарихий бинолар 19 ноябрь соат 18дан бошлаб кўк рангда ёритила бошланди.

Ўзбекистон Жаҳон болалар кунини биринчи марта нишонламоқда. Жорий йилги Бутунжаҳон бола кунида «Дунёни кўк рангга бўяш» акцияси ўтказилмоқда. Ўзбекистон ҳам бу акцияга қўшилган.

Мазкур акциядан мақсад жамоатчилик эътиборини болалар ҳуқуқларини таъминлашнинг долзарб масалаларига қаратишдир.

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, 19 ноябрь куни Бутунжаҳон бола куни муносабати билан Тошкентда БМТ ваколатхонаси ва президентнинг рафиқаси Зироат Мирзиёева раҳбарлигидаги «Замин» фонди халқаро веб-форум ўтказди. Форумда пандемия даврида болалар таълими муаммолари муҳокама қилинди. Тадбирда Зироат Мирзиёева ҳам иштирок этди.

БМТ 1954 йилги резолюциясида барча мамлакатларга 20 ноябрни Бутунжаҳон бола куни сифатида нишонлашни тавсия этган.

Шунингдек, 20 ноябрь санасида 1959 йилда "Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Декларация", 1989 йилда "Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция" қабул қилинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG