Линклар

Шошилинч хабар
01 август 2021, Тошкент вақти: 22:10

Маиший зўравонлик: Бойсунда пичоқлаб ўлдирилган 33 яшар аёлнинг эри қамоққа олинди


Пичоқлаб ўлдирилган Зарифа Қурбонқулова

Сурхондарё вилояти Бойсун туман прокуратураси шу йил 7 ноябрь куни пичоқлаб ўлдирилган 33 яшар Зарифа Қурбонқулованинг ўлими юзасидан жиноят иши очди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси ( «Қасддан одам ўлдириш») бўйича айбланаётган марҳуманинг эри Х.А га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Қотилликда гумон қилинган бошқа ака-укаларга (уларнинг сони тергов манфаатларида эълон қилинмаяпти - таҳр.) тилхат эҳтиëт чораси қўлланган.

Озодлик танишиб чиққан жиноят иши ҳужжатларида ëзилишича, Бойсун тумани Ўрта Мачай маҳалласида яшаб келган Зарифа Қурбонқулова пичоқлаб ўлдирилишидан аввал ака-укалар тарафидан дўппосланган.

Жиноят ишига аëлнинг пичоқлар зарби акс этган жасади суратлари илова қилинган.

Озодлик мухбири танишган суратларда аëлнинг тишлари уриб синдирилгани акс этган.

Жиноят ишини Бойсун туман прокуратураси терговчиси Фаҳриддан Оллоëров олиб бормоқда.

Сурхондарë вилоят прокуратураси вакилининг Озодликка айтишича¸ қотиллик маиший зўравонлик оқибатида амалга оширилган.

Марҳуманинг 13 яшар қизи ҳозир акаси Йўлчи Қурбонқулов уйида яшамоқда. Марҳума яқинларига кўра, эри калтаклаши оқибатида тўрт марта боласи ўлик туғилган.

Зарифа Қурбонқулованинг ўлимида айбланаëтган эрининг яқинлари ва адвокати Озодлик мухбирига ҳодиса юзасидан изоҳ бермаслигини билдирди.

Зўравонликлар занжири

Марҳуманинг акаси Йўлчи Қурбонқуловнинг Озодликка айтишича¸ синглиси бундан бир йил олдин тоғасининг қизи эри тарафидан калтакланганида, у қизни "золим эр қўлидан қутқаргани" сабаб эри билан келишмаган.

Тоға қизини урган эрнинг оғайнилари унинг эридан эр-хотин ўртасига тушган Зарифанинг жазоланишини талаб қилишган.

“У калтак еган қиз эридан ажрашиб кетди, аммо уни ҳимоя қилгани учун синглим доимий зулм остида қолди. 13 йил турмуш давомида кўрмаган хўрлиги қолмади синглимни. Кейинги бир йил ичида эса, эри уни бир неча марта ўласи қилиб калтаклади. Мана энди оғайнилари билан ваҳшийларча пичоқлаб ташлади. Бир фарзанди етим қолди.”

“Қотиллик сабаби хиëнат эмас”

Тергов мулозимларига кўра, жиноят иши ҳужжатларида қотиллик маиший зўравонлик ортидан амалга оширилгани айтилади. Ҳужжатларда хотин ëки эрнинг хиëнати билан боғлиқ версия ëки эпизод кўриб чиқилмаяпти. Озодлик кўрган ҳужжатларда бундан бир йил олдин марҳума Зарифа Қурбонқулова зўравонлик нишони бўлган аëлни (Озодликда тўла исм шарифи бор) қутқарган. Пировардида, бу аëл эридан ажрашган. Яқинларига кўра, бу аëлнинг эри билан марҳума Зарифа Қурбонқулованинг эри қариндош бўлган.

Марҳума Зарифа Қурбонқулованинг яқинлари, хусусан, акаси Йўлчи Қурбонқуловга кўра¸ айнан шу воқеадан кейин оиладаги келишмовчилик кучайган:

“Олдинам нуқул урарди. Бу калтаклар оқибатида синглимнинг боласи ўлик туғилди. Қорнига тепган экан. Боласи турмайдиган бўлиб қолди. Тўрт боласи ўлик туғилди. Шуниям юзига солиб, урган. Энди бундан бир йил олдин эрини қариндошини хотинини оилавий зулмдан қутқарганидан кейин синглимни ҳаëти дўзахга айланди. Ўша қотиллик бўлганидан бир неча соат олдин кечки соат 10 :30 ларгача марҳума синглим ва куёвим дадамларнинг уйида меҳмончиликда бўлган. 10 яримларда уйига кетишган. Синглимни 7-синфда ўқийдиган қизи дадамнинг уйида қолган. Икки яримларда ҳамсоялар бизга хабар килди, синглингни эри пичоқлаб қўйди, деб. Борсак, куëв қочиб кетибди. Орган ходимлари текшириб турган экан.”

Суҳбатдош синглисининг оилавий зўравонлик қурбони бўлгани ва ҳар куни эри калтаклагани ҳақида Ўрта Мачай МФЙ ва хотин-қизлар бўйича маъсулларга ариза билан бир неча марта мурожаат қилган, аммо бу аризалар эътиборсиз қолдирилган.

Озодликда бу ариза нусхалари бор.

Йўлчи Қурбонқуловнинг афсус билан айтишича¸ синглисиниг зўравон эр қўлида эканини ҳамма билган:

“Ўрта Мачай маҳалласи ходимларининг ўз вазифасига лоқайдлиги, нотинч оилалар мурожаати билан қизиқмаслиги оқибатида яқин икки йил ичида шунга ўхшаш кўплаб ҳолатлар юз берди Сўнгги бир ой ичида эса, Ўрта Мачай ҳудудида иккита қотиллик содир этилди. Синглим ўлдирилган пайтда мен маҳалла фаолларига, сизлар марҳуманинг мурожаатларини вақтида текширмадиларинг, десам, воқеани ёп, синглинг ўлган бўлса, мен кечаси қоровуллик қилмайман, деб бақирди. Хотин-қизлар қўмитаси раиси Рахимова Мохирага ва опам Қурбонқулова Зебога ҳам ёриб ташлайман, деб пўписа қилди”.

Озодлик билан суҳбатда Ўрта Мачай МФЙ раиси ва фаоллари 7 ноябрь куни эри томонидан ўлдирилгани айтилаётган Зарифа Қурбонқулованинг мунтазам зўравонликдан азият чекиб келганини тасдиқлашди.

Фаоллар бу зўравонликнинг олдини олиш учун ҳаракатлари бесамар кетганидан афсус билдиришди.

Сурат баъзи кишиларнинг таъбини хира қилиши мумкин.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, пандемия даврида дунё бўйлаб маиший зўравонлик ҳоллари кўпайган
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, пандемия даврида дунё бўйлаб маиший зўравонлик ҳоллари кўпайган
Сурат таъбни хира қилиши мумкин – Кўрсатиш учун тугмани босинг
Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, пандемия даврида дунё бўйлаб маиший зўравонлик ҳоллари кўпайган

"Аëлларни зўравон эрлардан ҳимоя қилинг!"

Синглиси ўлдирилган Йўлчи Қурбонқулов эса, Озодлик билан суҳбатда "ошкора қотиллик юз беришининг олдини ололмаган" маҳаллий мулозимларга ҳам чора кўрилишини талаб қилди.

“Майли, синглим ўлди кетди. Лекин бошқа аëллар эрим урди, деб ариза кўтариб борса, амалдорлар тескари қарашмоқда. Уларнинг ҳам ўлишини кутяптими булар?”, - дейди суҳбатдош.

Бойсундаги қотиллик қўшни вилоят Самарқанддаги эр ўз хотинига памперс едиргани боис иши судда кўрилаëтган ҳафтада юз берди. Ўтган хафта Олий мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Ўзбекистондаги оилавий зўравонликка ўтган 30 йил мобайнида гендер тенглиги таъминланмагани сабаб, деб айтган эди.

"Ўша пайтлар шунақа давр эди. Мен у даврни ёмонламоқчи эмасман, лекин у даврда ҳам ўзига хос ишлар бўлган. Бироқ, ўша даврда бу нарсалар гапирилмас эди. Биз хотин-қизлар ва эркаклар тенглиги масаласига яхши ёндоша олмас эдик. Халқаро рейтингларда ҳам баҳоларимиз жуда паст даражада эди. Гендер тенглик кўрсаткичларини халқаро ташкилотларга тақдим этиб боришимиз керак эди, лекин ўз вақтида тақдим қилмасдик. Чунки бу иборани ўзини тан олмас эдик, бошида. Шунинг учун биз кўрсаткичларни айтмаганимиз туфайли, халқаро рейтингларда давлатимиз қайд этилмас эди», — дея таъкидлаган эди раис.

Синглиси оилавий зўравонлик қурбони бўлган Йўлчи Қурбонқулов эса, муаммо "золим эр билан мазлум хотинни уларнинг истагига қарши мажбуран яраштирадиган ҳокимият тизимлари, айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинларида".

Пандемия: Ишсизлик ва асабий муҳит

Сурхондарë вилоят прокуратураси ходими Озодлик билан суҳбатда пандемия давридаги ишсизлик ва "асабий муҳит" боис жиноятлар сони кўпайганини айтади.

Сўнгги пайтларда Сурхондарë ва Қашқадарë вилоятларида юз бераëтган жиноятлар ижтимоий тармоқни ларзага солди.

Ўтган ой бошида Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида 66 ёшли чол ва унинг 62 ёшли кампири ўлдирилиб, ёқиб юборилди.

10 октябрь куни эса, “Сирдарётумангаз” ходимини газдан қарздор мижоз пичоқлаб ўлдирди.

Бундан олдин Наманган шаҳридаги «Сардоба» бозорида эр ўз шаърий никоҳида бўлган хотинини жанжал вақтида ҳамманинг кўзи ўнгида пичоқлаганди.

Жорий йил июн ойида эса, Наманганлик эркак хотини ва уч қизини болта билан чопиб, сўнгра ўзини ёқиб юборгани хабар қилинди. Ҳодисада унинг хотини ва беш ойлик қизчаси ўлган.

Ўзбекистонда 2020 йилнинг дастлабки 5 ойида 17 271 та жиноят қайд этилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 100 тага (41,9 фоизга) кўп демакдир.

Бу ҳақда шу йил 29 июнида "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Бош прокуратурага таяниб хабар тарқатган.

Хабарда айтилишича, жумладан, безорилик ҳолатлари сони 2,5 баробарга, фирибгарлик ва порахўрлик билан боғлиқ жиноятлар эса 2 баробарга ошган.

Босқинчилик ва ўғрилик жиноятлари ҳам кўпайгани айтилади.

XS
SM
MD
LG