Линклар

Шошилинч хабар
23 июн 2021, Тошкент вақти: 06:48

Ўзбекистон хабарлари

Қурилиш ширкати Ёшлар Иттифоқини иш ҳақини бермаганликда айбламоқда

Жиззах шаҳрида Ёшлар инновацион марказини қурган қурувчи ширкат Ёшлар иттифоқини 9 млрд сўмлик ҳақини бир ярим йилдан буён бермай келаётганликда айбламоқда.

Жиззах вилояти марказидаги Ёшлар марказини қуриш ва реконструкция қилиш билан "Jizzax Real qurilish ta’mir" МЧЖ шуғулланган.

Бино бир йил олдин қуриб-битказилиб, фойдаланишга топширилганди.

Объектнинг жами қиймати 14 млрд 343 млн сўмни ташкил этади. Кун.уз нашри хабарига кўра, ушбу сумманинг 5 млрд 446 млн сўми қурувчи тадбиркорга тўлаб берилган холос. Қарийб 9 млрд сўмни буюртмачи бермаган.

Ёшлар иттифоқи нега пул тўланмаганини изоҳламаяпти. Ўзбекистонда қурилиш ширкатлари давлат идоралари буюртмасини бажариб бўлгач пулини ололмаслиги сўнгги йилларда кўп учрамоқда.

Сардоба сув омборидаги сув тошқини оқибатларини тиклашга сафарбар этилган қурувчилар ойлаб пулини ололмаётганликлари ҳақида Озодлик хабар берган.

Кун янгиликлари

COVID-19 чекловлари: Транспортга ниқобсиз чиқиш, оромгоҳларга ПЗР-тестсиз кириш тақиқланди

Ўзбекистонда бундан буён йўналишли автобус ҳайдовчилари (кондукторлари) ва метро кузатувчилари ниқобсиз бўлган шахсларни транспорт воситалари салонига чиқармаслик чораларини кўриши лозим. Бунга оид қарор Республика махсус комиссияси томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ва бошқа қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига биноан қабул қилинган.

Қарорга мувофиқ, мунтазам равишда микрофон орқали шахсларни масъулиятни ошириш бўйича тушунтириш ишларини олиб борилиши, жамоат транспортларининг охирги бекатида дезинфекция-тозалаш ишларини амалга оширилиши зарурлиги кўзда тутилган.

Айни пайтда мутасаддиларга темир йўл вокзаллари ва аэропортларда санитария-эпидемилогия талабларига амал қилинишини қатъий назоратга олиш, жумладан дезинфекция ва тозалаш тадбирларини мунтазам равишда йўлга қўйилишини таъминлаш вазифаси юкланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Республика махсус комиссияси қарори билан, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, энди Ўзбекистонда алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар фуқароларни санаторий, пансионат ва болалар оромгоҳларига қабул қилишдан олдин охирги 72 соат давомида топширилган ПЗР (полимер занжирли реакция) таҳлили талаб этилиши тартиби жорий этилади.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар аввалги декадага нисбатан икки баробар (ўртача 200 тадан 400 тага) ортгани кузатилмоқда.

Аввалроқ Озодлик Республика махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистонда коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланувчилар рўйхати кенгайтирилгани, эндиликда ёши 50 дан ошганлар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари коронавирусга қарши бепул эмланиши мумкинлиги ҳақида хабар қилган.

Прокуратура олтин қазувчилар ҳалок бўлгани тўғрисидаги Озодлик хабарини тасдиқлади

Ноқонуний олтин қазувчилар ўта хавфли ибтидоий усулларидан фойдаланади.

Навоий вилоят прокуратураси 22 июнь куни Хатирчи туманидаги Олтинсой тоғ тизимларида очиқ ҳолатда ташлаб кетилган ташландиқ конда олтин қазиётган 4 кончи ҳалок бўлгани ҳақида Озодликда 19 июнь куни эълон қилинган маълумотни тасдиқлади.

Прокуратуранинг билдиришича, 12 июнь куни Хатирчи туманида яшовчи 7 киши Олтинсойдаги ташландиқ конда “электродвижок”дан чиққан ёқилғи тутунидан заҳарланган. Оқибатда кончилардан 4 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 3 нафари касалхонага ётқизилган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Хатирчи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”,-дейилади билдирувда

Озодлик радиоси сайтида 19 июнь куни эълон қилинган мақолада бу биринчи ҳолат эмаслиги, бундан аввал ҳам ташландиқ конларда олтин қазиш билан шуғулланган шахслар ҳалок бўлгани, ички ишлар органлари эса бу каби воқеаларнинг олдини олиш ўрнига эътиборсизлик қилаётгани ҳақида айтилган.

Навоий вилоят прокуратураси Озодлик радиосида кўтарилган бу муаммолар юзасидан муносабат билдирмади.

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони камида 720 кишига етди

21 июнь куни 400 кишида вирус аниқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 21 июнь куни Ўзбекистонда коронавирусдан яна икки бемор вафот этди ва бу билан вирус қурбонлари сони камида 720 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йилнинг 22 сентябридан бери вафот этганларнинг қайси ҳудуддан экани, қаерда даволангани, уларнинг ёши тўғрисидаги маълумотларни бермай келмоқда.

Шунингдек, ўтган йилнинг сентябрида коронавирус ҳолати бўйича кундалик жадвалдан вафот этганлар сони ва уларнинг вилоятлар кесимидаги кўрсаткичи тўғрисидаги маълумотлар ҳам олиб ташланган.

Вазирликнинг билдиришича, 21 июнь куни 400 кишида вирус аниқланди. Бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 106847 нафарни ташкил этмоқда.

Касалликдан соғайганлар жами 102546 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3581 нафар бемор даволанмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда биологик қурол ишлаб чиқарилаётганини рад этди

Иллюстратив сурат.

Ташқи ишлар вазирлиги 22 июнь куни айрим оммавий ахборот воситаларида “Ўзбекистондаги мавжуд лабораторияларнинг гўёки биологик қурол ишлаб чиқаришга мўлжалланганлиги тўғрисида тарқалаётган маълумотлар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслиги” тўғрисида баёнот берди.

“Шуни таъкидлаш керакки, ушбу лабораториялар фақат диагностик тадқиқотлар ўтказиш ва тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжалланган”,-дейилади баёнотда.

Вазирликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Бактериологик ва токсик қурол-яроғларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенция иштирокчиси сифатида биологик қурол-яроқларни ишлаб чиқариш ва тўплашнинг тақиқланишини таъминлайди.

“Ўзбекистонга нисбатан билдирилган ҳар қандай асоссиз баёнотлар икки томонлама муносабатларда муайян кескинликни келтириб чиқаради ва, энг муҳими, ўзаро ишончга асосланган давлатлараро мулоқотга зарар етказади, деб ҳисоблаймиз”,-дейилади баёнотда.

Бундан аввалроқ Россия томонидан назорат қилинадиган “Sputnik Ўзбекистон” нашрига берган интервьюсида Россия Давлат думаси депутати Геннадий Онишенко Ўзбекистонда “Пентагон назорати остидаги илмий лабораториялар” мавжудлиги ва уларда биологик қурол ишлаб чиқарилаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Kun.uz диний мақолалар чоп этгани ортидан жаримага тортилди

Иллюстратив сурат.

Kun.uz раҳбари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддасида (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баробари (12 млн 250 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

Kun.uz нашрининг билдиришича, маҳкама 21 июнь куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида ўтказилган. Судда таъкидланишича, Ички ишлар вазирлиги терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси томонидан ўтказилган интернет-мониторингда Kun.uz сайтида диний мақолалар Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 январдаги 10-сонли қарорига зид равишда диншунослик экспертизасидан ўтказилмасдан туриб чоп этилгани аниқланган.

Мазкур мақолалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитага экспертиза ўтказиш учун юборилган. Экспертиза мақолаларда ноқонуний ҳолатлар мавжуд эмаслигини тасдиқлаган.

Лекин мақолалар диний экспертизадан ўтказилмай туриб эълон қилингани қонунбузарлик деб топилган ва суд нашр раҳбарини жаримага тортган.

Ёдгор Обид немис шоирларига бериладиган нуфузли мукофот соҳиби бўлди

1992 йилда Ўзбекистонда қамалиш ва ўлим таҳдиди остида ватанини тарк этган ва Австрияда сиёсий бошпана топган Ёдгор Обид ўзбекистонлик сиёсий муҳожирлар орасида ёши энг улуғи.

Муҳожирликда яшовчи ўзбекистонлик шоир ва ҳуқуқ фаоли Ёдгор Обид Австриянинг нуфузли Ингеборг Бахман адабий мукофотига сазовор бўлди. Ингеборг Бахман номидаги мукофот 1977 йилдан бери жаҳондаги немис тилли муаллифларга берилади.

Ўзбек шоирининг мазкур мукофотга лойиқ топилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда шоирнинг дўстлари маълум қилди. Ёдгор Обиднинг ўзи айни пайтда касалхонада даволанмоқда.

Ёдгор Обид бундан 30 йил аввал адабий ижоди ва ҳуқуқбонлик фаолияти ортидан Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган ва Австриядан бошпана топган.

У ўз шеърларини ўзбек тилида ёзишда давом этмоқда. Унинг шеърлари кўплаб тилларга, жуимладан, немис тилига таржима қилинган.

Ёдгор Обид 1997 йилда Human Rights Watch халқаро мукофотига ҳам сазовор бўлган эди.

Ёдгор Обид 1940 йилда Тошкент да туғилган. Москвадаги Адабиёт институтида ўқиган. Унинг биринчи китоби "Оққуш эртаги" номи билан 1973 йилда чоп этилган.

Эллик ёшдан ошганлар ва ОТМ ўқитувчилари коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланади

Ўзбекистонда коронавирусга қарши давлат ҳисобидан эмланувчилар рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда ёши 50 дан ошганлар ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари коронавирусга қарши бепул эмланиши мумкин. Бу ҳақдаги қарор, ССВ қайдича, Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.

Махсус комиссиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида куни кеча ўтказилган навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинган.

Йиғилишда аввало касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари назоратини олиб бориш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилган.

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар аввалги декадага нисбатан икки баробар (200 тадан 400 тага) ортгани кузатилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 21 июнь ҳолатига кўра мамлакат бўйлаб коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 106 минг 847 нафарга етгани, ўтган кеча-кундузда 395 нафар киши коронавирусга чалинганини маълум қилган.

Сенатнинг галдаги ялпи мажлисида диний эркинликка оид қонун муҳокама қилинади

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 25 июнь куни чақирилади. Бунга оид қарор Сенат кенгашининг 21 июнь куни бўлиб ўтган мажлисида қабул қилинган, дея маълумот тарқатди юқори палата матбуот хизмати.

Қайд этилишича, видеоконференцалоқа тарзида жума куни ўтказижак галдаги ялпи мажлисда дастлаб Сенатнинг давлат органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, унинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилади.

Шундан сўнг мажлисда “Расмий статистика тўғрисида”ги, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги, “Судлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилиниши назарда тутилган.

Ялпи мажлис чоғида Тошкент вилоятининг Оққўрғон, Оҳангарон, Бекобод, Бўстонлиқ, Бўка, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Қибрай, Паркент, Пискент, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари ва Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Янгийўл, Бекобод шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ҳам режаланган.

Шунингдек, 25 июнь куни сенаторлар томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларда назарда тутилган инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларга кўмаклашиш мақсадига эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ва бошқа масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Россиянинг “Газпром”идан табиий газ сотиб ола бошлади

Россиянинг “Газпром” ширкатига газ сотган Ўзбекистон эндиликда сотувчидан харидорга айланди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги газ сотувчи концерн ҳисоботидаги маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳисоботга мувофиқ, 2018 йили Ўзбекистон “Газпром”га 3,8 миллиард куб метр газ сотган, 2019 йили бу миқдор 4,9 миллиард куб метргача оширилган, 2020 йилдан газ сотишни тўхтатган. 2021 йилнинг илк чорагида Ўзбекистондан “Газпром”га газ сотилмаган.

Билъакс, “Газпром” 2020 йилдан эътиборан Ўзбекистонга туркман газини сота бошлаган, ўтган йили мамлакатга 0,9 миллиард куб метр, 2021 йилнинг биринчи чорагида эса 1,5 миллиард куб метр газ етказиб берилган.

“Газпром экспорт” МЧЖ бош директори Елена Бурмистрова буни Ўзбекистон ичида табиий газга бўлган эҳтиёж ошгани билан изоҳлаган.

Асадов президент сайловига номзодлар кейинги ой охиридан кўрсатила бошлашини билдирди

Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Шерзод Асадов

Ўзбекистонда президент сайлови бўйича сайловолди жараёнига июль ойи охиридан старт берилади. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 21 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган брифингда билдирган.

“Америка овози” радиоси мухбирига саволига жавоб бера туриб, Ш. Асадов президент сайловида қайси номзод ва қачон илгари сурилиши кейинги ой охиригача кутилиши лозимлигини қайд этган ва “бу ҳар бир номзоднинг, ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқи” эканини таъкидлаган.

Мулозимга кўра, Ўзбекистонда президент сайлови жараёнини ташкил этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

“Биз Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси миссиясини бир неча бор қабул қилдик ва тайёрланиш жараёнини энг олди жаҳон стандартлари, хусусан, ЕХҲТ стандартлари бўйича олиб боришга тайёрмиз”, деган президентнинг матбуот котиби.

Сайловолди жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўринлари жуда муҳим бўлишини урғулаган Ш. Асадов ўзбек расмийлари барча ОАВдан, хусусан, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган чет эл ОАВдан объективлик-холисликни кутишини айтган.

Унга кўра, аккредитациядан ўтган барча хорижий оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонга келиб, сайловолди жараёнини бемалол ёритиши мумкин.

COVID-19 тарқалишига қарши тадбир ўлароқ ўзбек-афғон чегараси вақтинча ёпилмоқда

Ўзбек-афғон чегарасидаги Ҳайратон кўприги

Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганлигини инобатга олган ҳолда ўзбек-афғон давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақдаги қарор Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра қабул қилинган.

ССВ қайдича, мазкур қарорга мувофиқ Афғонистон фуқароларига ҳам туристик визалар беришни ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.

Айни пайтда “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали қуйидаги тоифадаги фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади:

  • дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалар ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига;
  • халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга;
  • ўз юртига қайтаётган ўзбекистонлик ва афғонистонликларга.

Қарор билан “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан ўтказиш пунктида фаолият юритаётган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда, уларни Ўзбекистон ҳудудига киритиш кўзда тутилган.

Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган Ўзбекистон фуқаролари эса тегишли ҳудудда жойлашган махсус клиникаларга даволаш учун юборилади, коронавирусга чалинганликда гумонланган чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.

Туркистондан Тошкентга илк парвоз амалга оширилди

Туркистон – Тошкент – Туркистон йўналишидаги авиақатновлар Air Astana ширкати таркибига кирувчи Fly Arystan авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан Тошкентга 21 июнь куни илк парвоз амалга оширилди.

Қозоғистоннинг Fly Arystan авиакомпаниясига қарашли самолёт Тошкент халқаро аэропортига илк 180 йўловчини олиб келди.

Ширкатнинг билдиришича, ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари Туркистон-Тошкент-Туркистон йўналишидаги рейс Airbus A320 самолётида амалга оширилади. Бир томонга энг арзон чипта нархи 870 минг сўм экани, парвоз 50 дақиқа давом этиши айтилди.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги 2 июнь куни Самарқанд ва Олмаота шаҳарлари ҳамда Тошкент ва Туркистон шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинганини билдирган эди.

Аввалроқ Озодлик март ойидан Қозоғистоннинг SCAT авиаширкати Ақтау – Урганч – Ақтау йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйгани ҳақида хабар қилганди.

Ўзбекистон Халқаро молия корпорацияси билан кимё саноатига оид битимни имзолади

Халқаро молия корпорацияси Жаҳон банки гуруҳига мансуб.

Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси билан Ўзбекистон ҳукумати кимё саноатига сармоя киритишга оид битимни имзолади. Бу ҳақда 21 июнь куни Молия вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, кимё саноатига киритиладиган сармоя эскирган ишлаб чиқариш тизимини модернизациялаш, кимёвий маҳсулотларни ва ўғитларни тақсимлаш, сармояларни рағбатлантириш, рақобатбардош соҳани яратиш, юқолри малакали ишчилар учун иш ўринларини кўпайтириш каби ислоҳотларни амалга оширишга сарфланади.

Молия вазирлиги Халқаро молия корпорацияси киритмоқчи бўлган сармоя миқдорини ошкор этмаган.

Расмий хабарларда билдирилишича, 2021 йилнинг 1 май ҳолатига кўра, Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонга киритган сармоя миқдори 160 миллион доллардан ошган.

Россия 12 ой ичида Ўзбекистонда Lada ва Renault йиғишни йўлга қўймоқчи

Россиянинг "Автоваз" ширкати 12 ой ичида Ўзбекистонда Lada ва Renault автомобилларини йиғишни йўлга қўяди. ТАССнинг 21 июнда билдиришича, бу ҳақда ширкат президенти Николай Мор маълум қилди.

Айни пайтда Мор UzAuto фаолият юритаётгани ортидан Ўзбекистонда Россия автомобиллари бозори “унча катта бўлмаган ҳолда қолаверади”.

"Автоваз" 2020 йилда Lada автомашиналари экспорти ҳажми ни 2019 йилдагига нисбатан 19 фоизга қисқартиришга мажбур бўлганди. 2019 йилда мазкур русмули автомашинадан 41 мингтаси экспорт қилинганди. Россияда ҳам "Автоваз" машиналари савдоси 5 фоизга камайган.

2020 йилнинг охирларида президент Шавкат Мирзиёев 2021—2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини тасдиқлаган эди. Мазкур дастурга асосан Жиззахда LADA ва Renault автомобилларини йиғишни ташкил этиш режалаштирилган.

Отабек Сатторийнинг апелляция суди 29 июнь куни ўтказилади

Отабек Сатторий судда айбловни тан олган эмас.

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийга нисбатан чиқарилган ҳукм устидан апелляция шикояти Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди томонидан 29 июнь куни соат 11:00 да кўрила бошланади.

Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, маҳкама Сурхондарё вилоят суди биносида ўтказилади.

Шу йилнинг 10 май куни Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди 40 ёшли Отабек Сатторийни Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “а”, “г” бандлари (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш) ва 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги товламачилик) да айбдор деб топган ва олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Отабек Сатторий судда айбловни тан олган эмас.

Human Rights Watch, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотлар Сатторийга чиқарилган ҳукмни Ўзбекистонда сўз эркинлигига берилган зарба ва маҳкама хатоси, деб атаган.

YouTube порталидаги “Халқ фикри” видеоблогида танқидий чиқишлари билан танилган Отабек Сатторий шу йилнинг 30 январида Термиздаги уйидан фуқаро кийимидаги ходимлар томонидан олиб кетилганди.

Адлия вазирлиги “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясини рўйхатдан ўтказишни рад этди

Термиз университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойи шу йилнинг 8 мартида бўлиб ўтган.

“Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясини рўйхатдан ўтказиш учун имзолар етарли эмас, шунинг учун мазкур партияни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Расман билдирилишича, партия вазирликка тақдим этган ҳужжатлар икки марта ўрганиб чиқилди ва “Сиёсий партиялар тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар талабларига риоя қилинмагани аниқланди.

Вазирликнинг таъкидлашича, партияни рўйхатдан олиш учун 20 минг имзо керак бўлади, аммо “Ҳақиқат ва тараққиёт” фақат 9 873 та имзо йиққан.

“Юқорида кўрсатилган имзолар партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилганлиги сабабли, имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида бугунги кунга қадар вазирликка жами 2 292 та мурожаат келиб тушди. Шунга кўра, “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди”,-дейилади хабарда.

Озодлик 20 июнь куни “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясининг 10дан ортиқ аъзо ва тарафдорлари ИИВга сўроққа чақирилгани ҳақида мақола эълон қилган.

Бундан аввалроқ партия асосчиси Хидирназар Аллақулов бир неча марта номаълум аёллар ва ҳукуматпараст блогерлар таҳдидига учраган эди.

ОАВ: Кегайли туманида ишсизлик нафақасини ололмаган фуқаролар йўл тўсди

Норозилик ифодаси ўлароқ йўл тўсган қорақалпоғистонликларга тез орада нафақаси тўлаб берилгани айтилмоқда

Қорақалпоғистоннинг Кегайли туманида ишсизлик нафақасини ололмаган фуқаролар йўлни тўсиб қўйган.

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг туман расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг ҳисобида маблағ бўлмаганлиги боис 2021 йилда ишсизлик нафақасини олаётган фуқароларнинг апрель-май ойлари учун бериладиган нафақа пуллари кечиккан. Шу сабабли 20 киши норозилик намойиши уюштирган.

Хабарда мазкур муаммо тегишли масъуллар томонидан бартараф қилиниб, жами 218 фуқаронинг умумий 120 миллион 330 минг сўм миқдоридаги ишсизлик нафақаси Кегайли тумани Халқ банки томонидан тўлаб берилгани қайд этилган.

Аввалроқ Озодлик Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрида нафақаси кечикканидан норози бўлган фуқаролар гуруҳи А. Дўсназаров кўчасида йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар қилганди.

Ёш томошабинларга “номаъқул саҳналар”ни намойиш этган “Ақлвой” масъулларига танбеҳ берилди

Кичик ёшдаги болаларга “номаъқул бўлган саҳналар”ни намойиш этган “Ақлвой” телеканали ижодкорлари керакли танбеҳни олган. Бу ҳақда телеканал маъмурияти маълумот тарқатди.

“Улар яна бир бор Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлигига зиён етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш” тўғрисидаги қонун талаблари билан таништириб чиқилди ва ушбу қонун бузилиш ҳолатларида интизомий жазо қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди. Шунингдек, контент назорати кучайтирилиши учун қўшимча ходим ишга олинади”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ “Ақлвой” телеканали орқали намойиш этилган “Шахризода. Айтилмаган ҳикоялар” ва “Арт-Одиссей” мультсериалларидаги иккита лавҳа ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилган. Тармоқ фойдаланувчилари мазкур мультфильмлардаги яланғоч аёллар сурати ва ўпишиш саҳналари кўрсатилгани юзасидан ўз норозиликларини изҳор қилганлар.

Бу таъна-дашномлар ортидан “Ақлвой” телеканали мутасаддилари “келажакда юқоридаги каби хатоларга йўл қўйилмаслик учун” дубляж билан шуғулланаётган компаниялар билан қўшимча келишувлар амалга оширилганини маълум қилган.

“Энди уларга маънавиятимизга зид бўлган лавҳалар ҳақида маълумот бериб туриш мажбурияти топширилади”, дейилган “Ақлвой” хабарномасида.

Тошкент метрополитенида носозлик важидан яна йўловчилар поезддан тушириб юборилди

Тошкент метрополитенининг “Олмазор” бекатида 20 июнь оқшомида барча йўловчилар поезддан тушириб юборилган.

Метрополитен маъмурияти маълумотига кўра, ҳодиса кеча соат 22:10 да содир бўлган.

Қайд этилишича, Чилонзор йўналишининг “Олмазор” бекатидан “Бекат-1” томон ҳаракат бошлаган машинист поездда носозликни аниқланган.

“Йўловчиларни ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар “Олмазор” бекатида туширилган. Носозликни аниқлаш мақсадида ҳаракат таркибидаги поезд электродепога жўнатилган”, дейилган хабарномада метрополитен маъмурияти келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган.

Сўнгги вақтларда Тошкент метрополитенида поездларнинг тўхтаб қолиши ва йўловчиларнинг тушириб юборилиши тез-тез кузатилмоқда.

Шу йилнинг 11 июнь куни поезд вагонида шубҳали нарса топилгани ортидан йўловчилар "Космонавтлар" бекатида поезддан тушириб юборилган.

24 май куни эса “Ҳамид Олимжон” бекатида ҳайдовчи носозлик аниқланиши муносабати билан поездни тўхтатган ва йўловчиларни туширган. Йўловчилар ортдан келаётган поездга чиқиб, ўз йўлларида давом этганлар.

13 май куни "Амир Темур хиёбони" бекатида барча йўловчилар тушириб юборилганди.

7 май куни соат 21:10 дан 22:00 гача Тошкент метрополитени Ҳалқа йўлининг 7-бекатида электр энергияси ўчиб қолганди.

Тошкентда Таэквондо терма жамоасининг собиқ бош мураббийи чавақлаб кетилди

Ўзбекистон пойтахтида мамлакат Таэквондо терма жамоасининг собиқ бош мураббийи, жанубий кореялик К.Ж.Й. ўз юртдоши томонидан чавақланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

Қайд этилишича, шу йилнинг 15 июнь куни Чилонзор туманида маст аҳволда бўлган 44 ёшли жанубий кореялик К.Д. ўзаро жанжал чоғида 39 ёшли К.Ж.Й.ни пичоқлаб қўйган.

Жабрланувчи касалхонага етказилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, эртасига жон таслим қилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи ҳибсга олингани, ҳодиса юзасидан дастлабки тергов жараёни давом этаётгани айтилмоқда.

Мирзиёев Раисийни Эрондаги президент сайловида ғалаба қозонгани билан қутлади

Иброҳим Раисий

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Иброҳим Раисийни Эрон Ислом Республикаси президенти этиб сайлангани билан табриклаган. Бу ҳақда президентнинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Қайд этилишича, Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик Ўзбекистон ва Эрон халқларининг манфаатлари йўлида янада ривожланишига ишонч билдирган.

Эрон расмийлари мамлакатда 18 июнь куни бўлиб ўтган президент сайловида консерватив позициядаги 60 ёшли Иброҳим Раисий ғалаба қозонганини эълон қилишган. У 1988 йилда минглаган сиёсий маҳбусни ўлим жазосига ҳукм қилган суд жараёнларига раислик қилган. Ҳуқуқ фаоллари Раисийни инсониятга қарши жиноятларда айблаб келади.

Аввалроқ Озодлик Раисийни сайловдаги ғалабаси билан биринчилардан бўлиб Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон табриклагани ҳақида хабар қилганди.

Андижонда президент ташрифи арафасида экилган дарахтлар кўчириб олиб кетилаётгани рад этилди

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига 17−18 июнь кунлари борган эди.

Андижон вилояти ҳокимлиги президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи муносабати билан экилган дарахтлар президент кетганидан сўнг қайта кўчириб олинаётгани тўғрисида “ижтимоий тармоқларда тарқалган видео”га муносабат билдирди.

Расман маълум қилинишича, видеода акс этган ҳолат шаҳар ободонлаштириш бўлими ободонлаштириш ишлари олиб бораётган пайтда тасвирга олинган.

“Ободонлаштириш ишлари олиб бориш жараёнида гулларга шикаст етмаслиги учун улар тасвирда акс этган автомашина ёрдамида соя-салқин жойга бир оз муддатга кўчириб турилган. Йўлнинг 50 метр узунликдаги қисмида олиб борилган бу тадбир давомида, экологлар тавсиясига кўра, қайта ўтқазилган кўчатларнинг янада ўсиб ривожланиши учун зарур агротехник шарт-шароит яратилган”,-дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимлиги вақтинча кўчирилган бута ва гуллар қайта ўз ўрнига қайта ўтқазилганини таъкидлаган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда "Анжанда буни: "Иш битди, эшак сувдан ўтди," дейишади." Сарлавҳали видео тарқатилган эди. Видеода президент ташрифи арафасида йўл четига экилган манзарали дарахтлар ва гуллар қайта кўчириб кетилаётгани иддао қилинган.

Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига 17−18 июнь кунлари борган эди.

Абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди

Рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилади.

Адлия вазирлиги 2021/2022 ўқув йили учун ОТМнинг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошлангани ҳақида хабар берди.

Рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилади.

Абитуриентлар онлайн рўйхатдан ўтиш учун телефон рақамини авторизациядан ўтказиб, паспорт маълумотлари, доимий яшаш манзили ва тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотларни киритиши, имтиёзлари мавжуд бўлса, уларни текширишлари, чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини киритиши керак.

Таълим йўналишларини эса 2021-2022-ўқув йили учун ОТМга ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари белгиланиб, тиллар кесимида тасдиқланганидан сўнг танлаш мумкин бўлади.

Абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) давом этади ҳамда улар ушбу муддатга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари, чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўладиган бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин.

Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланади

Иллюстратив сурат.

1968 йилда ташкил этилиб 1997 йилгача ўтказилиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев махсус қарорни имзолагани тўғрисида Кинематография агентлиги 19 июнь куни маълум қилди.

“Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорга асосан 1997 йилгача Осиё, Африка ва Лотин Америкаси халқаро кинофестивали деб номланган Тошкент кинофестивали номи эндиликда “Ипак йўли дурдонаси”, деб ўзгартирилади.

Мазкур кинофестивал Кинематография агентлиги томонидан 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 28-сентябрь – 3-октябрь кунлари ўтказилади.

Кинофестиваль жорий йилда “Тинчлик, тараққиёт ва маърифат” шиори остида ўтказилади. Унга хориждан жами 355 нафар иштирокчи, шу жумладан, 55 нафар таниқли киноюлдузлар таклиф этилади.

Коронавирусга янги чалинганлар сони бўйича Сурхондарё Тошкентдан кейинги иккинчи ўринда

Сўнгги бир сутка ичида яна 415 кишида коронавирус анқиланган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 19 июнь ҳолатига кўра, 106025 кишига етди. Сўнгги бир сутка ичида яна 415 кишида коронавирус анқиланган.

Янги касалланиш ҳолатларининг 182 нафари Тошкент шаҳрида, 74 нафари Сурхондарё вилоятида, 35 нафари Самарқанд вилоятида, 30 нафари Тошкент вилоятида қайд этилди.

Бундан ташқари Бухорода 18, Жиззахда 16, Фарғонада 14, Хоразмда 11 бемор аниқланди. Қолган вилоятларнинг ҳар бирида янги аниқланган беморлар сони 10 кишидан оз.

Касалликдан соғайганлар жами 101692 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Шу кунгача коронавирусдан ўлганлар сони расман камида 718 кишига етди. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3615 нафар бемор даволанмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG