Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:54

19 йил жазо ўтаган Рустам Усмонов Олий судга бир неча бор шикоят қилганини билдирди


Рустам Усмонов
Рустам Усмонов

“Шу пайтгача Олий судга қилган мурожаатларим ҳисобга олинмабдими? Ўнлаб шикоятлар ёзганман. Ўша шикоятларимда ҳамма гап ёзилган. Олий суд шикоятларимни Андижон вилоятига жўнатяпти. Лекин масала ечилмаяпти”, деди Рустам Усмонов Озодликка 19 декабрь куни.

Озодлик таниқли тадбиркор, 90- йиллар бошида Ўзбекистонда таъсис этилган илк хусусий банк эгаси, кейинроқ озодликдан маҳрум этилиб, қарийб 20 йил жазо муддатини ўтаб чиққан Рустам Усмонов билан унинг иши бўйича Олий суд эълон қилган баёнот муносабати билан боғланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати 18 декабрда ўзининг Телеграм каналида эълон қилган баёнотда бундай дейилган:

“Р. Усманов Олий судга назорат тартибида шикоят килган тақдирда унга оид иш ўрганилиб, у томонидан келтирилган важлар атрофлича муҳокама қилинади ҳамда якуни бўйича тегишли қарор чиқарилади”.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг Рустам Усмоновга жавоби
Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг Рустам Усмоновга жавоби

Олий суднинг бу баёноти Рустам Усмоновнинг Телеграм каналида эълон қилган видеомурожаатига жавобдир.

Олий суд баёнотида Рустам Усмонов Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг 1998 йил 19 октябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) 3-қисми “а” банди, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми “а” банди билан Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) асосан 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судлангани айтилган.

Баёнотда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 1999 йил 8 февралдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилиб, Р. Усмановнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” бандидан Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 149-моддаси 2-қисмига, 209-моддаси 1-қисмидан Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 155-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилиниб, Жиноят кодексининг (эски таҳрирдаги) 28-моддаси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан 3 йил мансабдорлик лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, мол-мулки мусодара қилинган ҳолда, 14 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган ва ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилгани эслатилган.

Баёнотда айтилишича, Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман судининг 2012 йил 1 февралдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) 2-қисми билан Жиноят кодексининг 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) га асосан 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Рустам Усмонов 2017 йил 7 февраль куни жазо муддати тугаши билан жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган.

Олий суд ўз баёнотида Жиноят-процессуал кодексининг 510-моддаси (ҳукм ва ажрим (қарор) устидан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга бўлган шахслар) да, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари устидан ушбу Кодекснинг 498-моддаси (ҳукм ва ажрим устидан кассация тартибида шикоят бериш ва протест билдириш ҳуқуқига эга бўлган шахслар) да кўрсатилган шахслар назорат тартибида шикоят беришлари мумкинлиги белгиланганини билдирган.

Олий суд матбуот хизматнинг билдиришича, фуқаро Р. Усманов ўзига нисбатан чиқарилган суд қарорларига нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 498, 510-моддаларида белгиланган тартибга риоя этган ҳолда, Олий судга назорат тартибида шикоят билан мурожаат қилмаган.

Рустам Усмонов ўзига нисбатан чиқарилган суд ҳукмларини бекор қилиш ҳамда реабилитация қилиш талаби билан бундан 10 кун олдин очлик эълон қилишини билдирган эди.

Рустам Усмонов 19 декабрда Озодликка бундай деди:

"Олий суд менинг айбдор эканлигимни исботлаб бериши керак. Менинг устимдан чиқарилган ҳукм ЖПКнинг 487-6 ва 487-10- моддаларига зид".

Усмоновнинг айтишича, унинг устидан ҳукм чиқарилган судда у охирги сўз айтиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ва бу ишни судья онгли равишда қилган, шунингдек, судья суд баённомасини имзоламаган.

Рустам Усмоновнинг 19 декабрда Озодликка билдиришича, у 8 декабрда бошлаган очлик акциясини ҳануз тўхтатгани йўқ. “Сув ичяпман, холос”, деди тадбиркор.

XS
SM
MD
LG